17:41 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда наша: Анъана. Бизнес. Жиноят

12.02.2013 18:02 msk

Ўқувчи мактуби

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон матбуотида Конституция куни (8 декабрь) муносабати билан эълон қилинган амнистия сийқаси чиққан воқеа сифатида ёритиладиган бўлиб қолди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари фармон матнини чоп этиш билан чекланиб қолаяптилар, жаҳон ОАВ эса кўплаб мухолифатчилар ва мустақил журналистларнинг панжара ортида қолиб кетаётганларини албатта эслаб ўтадилар. Турмада ўтирган маҳбусларнинг қариндошлари учун бу албатта қувончли хушхабар, аммо маҳкумга нисбатан амнистия актини қўллаш учун унинг оиласи колония маъмуриятининг кўплаб мутасаддиларига “пора” беришларига тўғри келади. Маҳаллий ва халқаро матбуоти амнистия ҳақида унутаёзай деган бир паллада, январнинг ўрталарига келиб жазони ўтаб бўлганлар уйларига қайтишни бошлайдилар.

Мана, мен яшайдиган Тошкент маҳаллаларидан бирида ҳам наркотикларни истеъмол қилгани ва сақлагани учун қамалган қўшним – ёш йигит турмадан қайтиб келди. Маҳалладагиларнинг ҳаммаси Азизнинг (ҳозир уни шундай атаб турайлик) бангфурушлик билан шуғулланганини биларди, қамалишидан олдин унинг номига бойваччани қўшиб айтадиган бўлиб қолгандилар.

Ўша куни кечқурун Азиз атрофига бир неча қўшниларини тўплаб зонадаги ҳаёт ҳақида сўзлай берди. Атрофга эса нашанинг болаликдан таниш ифори тарқала бошлади.

Томорқадаги наша кўчати

Ўзбекистонликларнинг деярли ҳаммаси, айниқса маҳаллада ўсиб катта бўлганлар нашанинг ҳидини ҳам, таъмини ҳам яхши биладилар. Кўпчилик наша чекишнинг на Худо ва на милициянинг олдида айбли ери йўқ, деб ҳисоблайди. Азизми, нима бўпти? Бир оз омади келмади йигитнинг, бундан кейин сал эҳтиёткор бўлиш керак энди. Наша сотган, чекишни ўргатган ёмон дейишади-ю, ўзбекчилик қилиб юз-хотир қилишади. Ҳар ҳолда, наша – героин эмас.

Туркистонда азалдан бангихоналар бўлган, кимдир наша чеккан бўлса, бошқаси кўкнори эзиб ичган. Айтгандек, халқ орасида кўкнор ҳозир ҳам кўкйўталга, ичкетарга яхши дори сифатида истеъмол қилиб келинади.

Шўролар даврида ҳам қишлоқ жойларида томорқанинг пана ерларида дори учун кўкнори, наша етиштириб келишган ва буни аҳоли жиноят санамаган. Баъзида истеъмол учун оз миқдорда ҳам банг моддаларини сотиб олганлар мажбуран даволаниш учун наркология диспансерларига ётқизилган, аммо бундай ишлар асосан шаҳарларда содир бўларди.

Бугунги кунга келиб қишлоқ жойларида аҳвол деярли ўзгармаган. Фарқи шундаки, наша экадиганлар камайган, аммо экиладиган кўчатларнинг сони аввалгига қараганда кўпайган. Яъни, ўзи учун ва сўраб келадиганлар учун экиладиган бўлди.

Бангфурушлик илгари қандай даромад келтирган бўлса, бугун ҳам шундай. Бугунги кунда битта гугурт қутисидаги 5 грамм нашанинг чакана нархи 50 долларгача етмоқда. Ўзини нашафурушликка ураётган ёшларнинг сони кундан-кунга кўпаймоқда. Чакана савдо 100 дан 300 фоизгача соф фойда келтирар экан, билакдаги кучни ёки мияни ишлатишга на ҳожат? Ёшлар иложи борича қисқа муддат ичида катта пул ишлаб олишга қизиқадилар, шунинг учун уларни бу хатарли ишга ёллаш осон кечаяпти. Бу бангфурушлар қўлга тушиб қамалганларида эса, “мен ҳеч кимни сотганим йўқ”, дея ғурурланадилар ҳам.

Аммо эркинликда ҳаёт ўз маромида ўтиб бораверади, ҳеч ким сафдан чиқиб кетган “жанггари”ни эслаб ўтирмайди. Зонага келган ёш йигитча эса бу ердаги маҳкумларнинг деярли ЯРМИ айнан наркотиклар учун қамалганини кўради. Камдан-кам одамлар наркотик сотгани учун қўлга тушади, асосан сақлаш ва истеъмол қилиш учун қамаляптилар. Наркотикларнинг сотуви айби билан 25 йилга қамалиш мумкин, сақлаш ва истеъмол қилиш учун муддат катта эмас. Ҳар йили эълон қилинаётган амнистиялар тўхтамаса, 10 йилга озодликдан маҳрум этилганлар 3 йилдан сўнг уйига қайтиши мумкин. Аммо судья ҳукм ўқиганида, ишлаб топилган пуллар ва кайф-сафо унутилади, олдинда эса бир неча йил давом этадиган панжара ортидаги ҳаёт. Кўпчилик бу ерда танланган йўлнинг тўғрилигига шубҳа билан қарай бошлашлари эҳтимол.

Масаланинг баҳоси

Кайф қилишнинг янги усулини татиб кўришга қасд қилган ёш йигитлар бунақа бангфурушларга мижоз бўлиб қолганларидан сўнг қай аҳволга тушиб қолаяптилар? Эркак жинсига мансуб бўлган республика аҳолисининг ярмидан кўпи наша чекишини ҳисобга оладиган бўлсак (бу каби статистик маълумотни чўпчак деб ҳисоблайман.- таржимон изоҳи), уни қаердан топиш жуда ҳам катта муаммо эмас. Вақти-вақти билан кимдир наша сотиб олаётган пайтда милициянинг қўлига тушиб туради, аммо масалани жойида ҳал этиш қийин иш эмас. Ҳамма гап чўнтакдаги пулнинг миқдорига, бақувват қариндош-уруғ ва таниш-билишларга ҳамда наркотикларга қарши кураш бўлимининг ходимлари билан аввалги учрашувлардан ортирилган бой тажрибага бориб тақалади.

Муаммони жойида ҳал қилишнинг баҳоси 500 доллар атрофида. Лекин бу баҳо бир неча минг долларгача кўтарилиб кетиши ёки аксинча, 200 долларгача камайиши ҳам мумкин. Вазият турлича бўлиши мумкин, кўпинча бангфурушлар погонли ҳомийларининг назорати остида ишлайдилар.

Баъзан наркотикларга қарши кураш бўлимида иш кўрсаткичларини кўтариш зарурияти туғилади: бошлиқлар ходимларини эзишга бошлайдилар, улар эса дўппининг ўрнига каллаларни кесиб келишга ҳам тайёр. Натижада... бир вақтнинг ўзида нашаванд йигитлардан бир нечаси қўлга тушади. Улар билан ўтадиган “мулоқот” ёки “музокара” дея аталувчи жараён чоғида кимнинг қанча пул эвазига уйга қайтиши-ю, кимнинг иши судга оширилиши маълум бўлади. Бахтимизга, бунақа ҳолатлар 1990-йилларга нисбатан анча камайган бўлса ҳам, етарлигидан ошиқча.

Балоғатга етмаганлар

Наша чекадиганларнинг сони нега кўпайиб бораяпти? Нашанинг кайфи алкогол ичимликлардан олинадиган кайфдан анча фарқ қилади. Алкогол ичган одамдан бадбўй ҳид таралади, атрофдагилар сезади. Алкоголдан кайф бўлган балоғатга етмаган болалар дарҳол кўзга ташланадилар. Наша чеккани юзига қараб билиш осон эмас. Ҳамма ота-она ҳам ўспиринда наша чекканнинг аломатини сезавермайди. Ота-оналар боласининг банги бўлиб қолганини йиллар давомида сезмай қолиши мумкин.

Ўспирин дўстлари билан нашани чекиб оладида, ўзича катталарни алдадим деб ўйлай бошлайди. Ароқ ичганлар машина минадиган бўлсалар, тез ҳайдаш иштиёқида ёнадилар, жанжал қўзғашга уринадилар. Пиёнисталарнинг жанжаллари ҳеч кимни ажаблантирмайди. Наша чекиб олган кимса эса 60 километр тезликдан ҳам қўрқиб қолади: унга машина ҳудди соатига 200 километр тезликда кетаётгандек туюлади. Нашани чекиб олиб машина ҳайдаш мумкин, иш жойида ўтириш мумкин, ҳеч сезмайди ҳам.

Афсуски, Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун наркотикларни аниқлаш бўйича экспресс-тестлар йўқ. Агар бу тест қўлланганида, ҳайдовчилар орасида гиёҳвандларнинг сони кескин пасайган бўларди. Ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлиш, катта жарималар тўлашдан ҳайиқишлар ўз ишини қилди: сўнгги пайтларда маст ҳолда машина бошқариш ҳолатлари деярли қолмади.

Шу нарсани нашага нисбатан қўлланганида ҳам яхши самара берган бўларди. Нашавандлар сони кундан-кунга кўтарилмоқда, неша чекадиганларнинг ёши эса пасаймоқда. Атрофингдагилар чекаётганда бу иллатдан қутилиш осон иш эмас.

Бунга қарши курашнинг ягона самарали йўли – жаримага тортиш. Агар балоғатга етмаган наркоман учун ота-она катта миқдорда жарима тўласа, уйда бола устидан назорат мутлақо бошқача бўларди. Балки ёшларнинг ўзлари ҳам наркотикларга бошқача назар билан қараган бўлармидилар.

Наша чеккаётганларга панжа ортидан қараш (ахир ота-боболаримиз ҳам чекканку), пировардида ёмон оқибатларга олиб келаяпти. Наша чекадиганларнинг бир қисми оғирроқ наркотикларга, мисол учун, кейинги пайтда ўзбек жамиятида кенг тарқала бошлаётган героинга ўта бошлаяпти. Мамлакатнинг келажагини ўйлаши керак бўлган жамият ушбу муаммони ҳал қилиш учун кескин чораларни кўриши, бу офатга қарши барча жабҳаларда кураш олиб бориши лозим.

Хотима ўрнида

Американинг баъзи штатларида марихуанани истеъмол қилишга қонун билан рухсат берилган. Америка расмийлари аҳоли учун малол келмайдиган миқдорда жарима жорий қилиб, бюджетга пул тушира бошладилар. Кўринишидан, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларни таҳлил этиб, давлат наша кашандаларига қарши натижа бермаётган курашга полициянинг вақтини сарфламай, бу ишдан пул ишлаб олган афзал, дея қарор қилганга ўхшайди. Аммо бу Америка ва у ерда ҳар бир ишга ёндашув Ўзбекистондан анча фарқ қилади...

“Фарғона” халқар о ахборот агентлиги