03:54 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Даниялик журналист Майкл Андерсен: “Каримов ҳақида қандай яхши сўзларни айтиш мумкин? Мен унинг бор-йўғи иккита фарзанди борлигига хурсандман...”

03.02.2013 19:33 msk

Мария Яновская

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 30 январь куни 75 ёшга кирди. Шу куни мамлакатни 1989 йилдан бери бошқариб келаётган инсон шарафига кўплаб илиқ ва аччиқ сўзлар айтилди, қолипдаги табриклар янгради. “Фарғона.Ру” фурсатдан фойдаланиб даниялик журналист Майкл Андерсендан Ўзбекистон президентини юбилей билан табриклашни илтимос қилди. Майкл Андерсен узоқ йиллар давомида Тошкентда яшаган, ўн йилдан зиёд вақт давомида Марказий Осиё муаммолари билан шуғулланганди, ўтган йили эса у 2005 йил Адижон воқеаларига бағишланган 80 дақиқалик “Ўзбекистонда қирғин” дея аталувчи фильмни чиқарди. Журналист бошқарган гуруҳ ушбу фильмни яратиш устида етти йил меҳнат қилди, юздан зиёд гувоҳларни сўроққа тутди, нодир ҳужжатларни қўлга киритди. Рус, ўзбек инглиз тилидаги фильм трейлерлари интернетда жойлаштирилди, бугунги кунда улар томошабинлар томонидан 103 минг маротабадан зиёд кўрилди.

- Майкл, илтимос, Ислом Абдуғаниевични юбилей билан табриклаб қўйсангчи.

- Каримов президент сифатида ўзи бошқараётган мамлакатда сиёсат билан қизиқмайдиган одамларнинг кўплигига қувониши керак, деб ўйлайман. У “мамлакатда аслида нималар содир бўлаяпти, 2005 йилда Андижонда нима бўлган ўзи?” деган савол билан қизиқувчи одамлар камдан-кам учрайди, деб ўйласа керак.

Мен бўлсам бундай одамларнинг кўплигини исботлай оламан: бизнинг роликларни юз мингдан зиёд одамлар кўрди ва улар асосан ўзбеклардир. Ўзбекистонда одамлар “ота”нинг туғилган кунини бизнинг роликларни кўриш билан нишонлаяптилар. Шу бугуннинг ўзида эрталабдан бери яна уч минг киши сайтимизга кириб фильмларни томоша қилди. Каримов мамлакатда шунча ақлли ва фаол инсонлар борлигидан қувониши керак.

Майкл Андерсеннинг “Ўзбекистонда қирғин” фильмининг сайти
Бироқ ўйлаб қаралса, бу ҳолат Каримовни қувонтириши борасида мен қаттиқ шубҳаланаман. Менимча, у фаол, ақлли ва маълумотли инсонларни мутлақо севмайди. Аксинча, унинг яккаҳокимлик давридаги сиёсатига назар ташласак, Каримовнинг мақсади – таълим соғлиқни сақлаш тизимини вайрон қилиш, йўқ қилиш, нафақат сўз эркинлигини, балки инсонларнинг эркин фикрлашга бўлган ҳуқуқларини ҳам топташдан иборатлигини кўрамиз.

- Фильмни асосан ўзбеклар кўраётганини қаердан билдинг?

- Яхши савол. Агар сиз видеони “You tube” сайтига жойлайдиган бўлсангиз, унинг неча марта кўрилгани ҳақидаги статистикасини ҳам кўра оласиз. Роликларимиз тармоқда пайдо бўлиши билан уларни шу заҳотиёқ Ўзбекистонда блокировка қилиб қўйдилар. Бироқ интернетнинг фаол фойдаланувчилари уларни Малазия ва Қозоғистонда жойлашган прокси-серверлар орқали кўраяптилар. Ўзбекча трейлерни 15 мингга яқин одам кўрган, рус тилидаги вариантини деярли 60 минг киши кўрди (тахминимизча, буларни Россияда ишлаб-яшаётган ёш, фаол ва маълумотли ўзбеклар кўрган). Шунингдек, 30 мингга яқин киши (европалик журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилар ва сиёсатчилар) инглиз тилида кўрдилар

- Фақат трейлерлар кўрилаяптими? 80 дақиқали фильм тармоққа қўйилмаганми?

- Ҳа, ҳозирча трейлерлар. Фильмни ҳозирча тармоққа қўймадик, тез кунларда уни Ғарбдаги бир неча телеканаллар орқали намойиш этилиши кутилмоқда, шунингдек, мен бу фильмни кинофестивалларда намойиш этиб келаяпман. Бундан ташқари, биз Европа мамлакатларининг парламентларида турли учрашувлар давомида ушбу фильм намойишини ташкил этаяпмиз. Мақсад – Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеларга эътиборни жалб этиш. Айни пайтда биз фильмни рус ва ўзбек тилларига таржима қилишга маблағ излаяпмиз, фильм томошабинларда катта қизиқиш уйғотаётганига ишончимиз комил.

Ҳозир биз таржима қилишни бошладик, фильмга овоз берадиган актерлар гуруҳи танлан бўлдик. Шу йилнинг ёзда, Андижон воқеаларининг 8 йил тўладиган кунга келиб бу ишни ниҳоясига етказишга улгурамиз, деб умид қилаяпмиз. Ўшанда фильмни тўла ҳолатда Интернет тармоғида бепул кўриш мумкин бўлади.

Майкл Андерсеннинг “Ўзбекистонда қирғин” фильмининг рус тилидаги трейлери

- Европанинг қайси мамлакатларида фильмни кўриб бўлдилар?

- Лондон, Брюссель, Дания, Испанияда. Апрель-май ойигача биз филмни Европанинг барча мамлакатларида кўрсатиб бўламиз, деб ўйлайман. Бизни Украина, Польша, Швеция, Норвегия, Франция, Чехия, Германия парламентларига таклиф этдилар. Филм намойиши одатда Ўзбекистонда бугунги кунда бўлаётган ишлар мавзуси бўйича муҳокама ва мунозаралар билан бирга ўтади. Бу мавзуга қизиқиш катта. Муҳокамада маҳаллий журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, нодавлат ташкилотлари ходимлари, сиёсатчилар иштирок этаяпти. Қизиғи шундаки, сиёсатчилар ҳам Ўзбекистонда бўлаётган ишлар бундай бўлиши мумкин эмаслигини тушуниб етаяптилар. Ачинарлиги эса, президентнинг қизи Гулнора Каримованинг ҳатти-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистондаги ишларга қизиқиш кундан-кунга кучайиб бормоқда: у Депардьени, Стингни мамлакатга таклиф этаяпти, одамлар эса “бизнинг юлдузларимиз диктаторнинг қизи олдида нима қилаяпти?”, “Нима бўлаяпти ўзи?”дея ўйлана бошлаяптилар.

- Майкл, Каримовнинг юбилейига қайтайлик. Сен Тошкентда яшагансан, ўн йилдан зиёд вақт давомида Марказий Осиё муаммолари билан шуғуллангансан, энди бўлса, мана етти йил давомида Андижон ҳақидаги филм устида ишладинг. Марҳамат қилиб айтчи, Каримов ҳукмдорлик қилган давр мобайнида Ўзбекистонда қандай яхши ишлар амалга оширилди?

- Бир неча оммавий ахборот воситалари ҳам шу бугун мендан шу ҳақда сўрадилар. Ўйлаб кўрсам, Каримовнинг бор-йўғи иккита фарзанди борлиги жуда яхши экан. Одатда, диктаторларнинг болалари кўп бўлади, мисол учун Имомали Раҳмоннинг тўққизта боласи бор. Агар Каримовнинг болалари кўпроқ бўлганида, мамлакатда коррупция бундан-да кучайган, ўғирликлар янада кўпроқ бўлармиди...

“Бирор нарса ўзгариши учун, одамлар ҳақиқатни билишлари керак”

“Ўзбекистонда қирғин” фильмининг релизида айтилишича, “Асосий мақсадимиз – филмни Ўзбекистон халқига етказиш. Шунинг учун биз уни интернетда бепул жойлаштирамиз. Аммо фильмни ўзбек ва рус тилига таржима қилиш учун пул керак: таржима, дубляж, қайта таҳрирга бир неча минг евро кетади. Молиявий ёрдам олиш учун потенциал донорларга ҳам Марказий Осиёда, ҳам Ўзбекистонда сиёсий фильмарга жиддий қизиқиш борлигини намойиш эта олишимиз зарур. Филмни 100.000 дан зиёд одамлар кўриб чиққани, уни қўллаш тўғрисида 1200 дан зиёд электрон мактубларнинг олингани одамларнинг ҳақиқатни билишга қизиқаётганини намойиш этмоқда”.

Бизнинг фильм қаҳрамонлари – воқеа шоҳидлари, ҳуқуқ ҳимоячилар, журналистлар, мухолифатчилар. Улар ўз ҳаётларини хатарга қўйиб бўлса ҳам бизга 2005 йилдаги қирғин ва бугунги Ўзбекистон ҳаёти тўғрисидаги ҳақиқатни сўзлаб бердилар.

Аҳвол ўзгариши учун одамлар ҳақиқатни билишлари керак. Араб баҳори интернетнинг одамларни ўз-ўзларини уюштиришда қандай рол ўйнай олишини кўрсатиб қўйди. Бизнинг фильм Ўзбекистонда қандай қизиқиш уйғотагани эса интернет пировардида мустабид режимдан кучлироқ бўлиб чиқажагини кўрсатмоқда.

Ўзбек халқининг биз ўз фильмимизда қўяётган саволларимизга берилажак жавобларни билишга ҳақи бор, мен ғарб сиёсатчиларидан бу саволларга жавоб берилишини талаб қиламан:

- Европа иттифоқи ва АҚШ Каримов билан музокараларда нега “Андижон” сўзини эсламай қўйдилар?

- ЕИ ва АҚШ ушбу қирғиннинг мустақил халқаро текширувини талаб қилишни нега тўхтатдилар?

- Ўзбекистон махсус хизматлари собиқ СССР майдонида ва ҳатто Европада ҳам ўзбек мухолифатчиларига, диний лидерлари ва қочоқларга қарши ов уюштиргани учун ЕИ ва АҚШ Каримовни нега танқид этмаяпти?

- ЕИ ва АҚШ сиёсий лидерлари Ўзбекистоннинг шавқатсиз режимини қўллагани учун нега Депардье, Стинг ва Рональду каби юлдузларни қораламайдилар?

- Ғарб сиёсатчилари нега ўзларининг Каримов режимини қўллаётганларини намойиш этаяптилар? Каримов ва Ҳиллари Клинтоннинг бирга жилмайиб расмга тушганини эслайсизми? Ахир ушбу фотосуратлар ғарб мамлакатларининг режимни қораловчи оғиздаги ҳар қандай баёнотларга қараганда, амалда режимни қўллаётганларини кўпроқ билдиради-ку?”

“Фарғона.Ру” Майкл Андерсеннинг саволларига ва табрикларига қўшилади.

Мария Яновская

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги