05:34 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Каримовнинг жон талвасаси: Юртбоши ўзини ва мамлакатни боши берк кўчага тиқди

31.01.2013 18:53 msk

Даниил Кислов

Чорак асрдан буён давлат раҳбарлигида қолиб келаётган Ислом Каримов ўзининг умри ва сиёсий “чўққисидан” ҳам ошиб ўтди. Унинг 75 йиллигидаги сирни тушуниб олиш ҳам қийин: ростдан ҳам у қаттол бир диктаторми, ёки эндиликда мамлакат унга муҳтож ҳам бўлмай қолган сохтакорга ўхшаш кераксиз бир шахсми? 1964 йилдан КПСС аъзоси ва мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти бўлган И.Каримовнинг сиёсий фигураси тўғридан-тўғри турли қарама-қаршиликлардан иборат, унинг ҳукмронлик даври эса мамлакат тарихида улкан умидлар ҳамда тубсиз умидсизликлар даври бўлди.

Чорак асрдан буён давлат раҳбарлигида қолиб келаётган Ислом Каримов ўзининг умри ва сиёсий “чўққисидан” ҳам ошиб ўтди. Унинг 75 йиллигидаги сирни тушуниб олиш ҳам қийин: ростдан ҳам у қаттол бир диктаторми, ёки эндиликда мамлакат унга муҳтож ҳам бўлмай қолган сохтакорга ўхшаш кераксиз бир шахсми? 1964 йилдан КПСС аъзоси ва мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти бўлган И.Каримовнинг сиёсий фигураси тўғридан-тўғри турли қарама-қаршиликлардан иборат, унинг ҳукмронлик даври эса мамлакат тарихида улкан умидлар ҳамда тубсиз умидсизликлар даври бўлди.

Бугунги кунда Каримов МДҲ ҳудудидаги энг кекса, ҳамда собиқ иттифоқ давридан қолган икки ҳукумат раҳбарининг бири бўлган президентдир. У Қозоғистон лидери Назарбоев билан бир вақтда ўз мамлакатини 1989 йилдан, Ўзбекистон Компартиясининг биринчи секретарлигига сайланганидан бери бошқариб келади. Унга Михаил Горбачевнинг маҳсули, деб ҳам қаралади. Аслида эса, собиқ Иттифоқ парчаланганидан кейиноқ кечаги коммунист Каримов бир нарсани дарҳол англаб етганди: ҳукумат тепасида жон сақлаб қолиш учун зудлик билан Горбачев “Ошкоралиги”ни тўхтатиш лозим, турли майдонларда бемалол “сайр қилаётган” сиёсий мухолифларни йўқотиш зарур. Натижа эса — мана ўн беш йилдирки, Ўзбекистонда мухолифат лидерлари йўқ – уларнинг барчаси ё турмаларда, ёки ватандан қувилган.

Содда қилиб айтганда, Каримов телеэкранларда ҳали ҳам Горбачев каби, яъни узоқ ва баландпарвоз сафсата сотишда давом этмоқда: демократия ҳақида, инсон ҳақлари ва ҳатто сўз эркинлиги хусусида ҳам. У қанчалик ширин ва яхши сўзларни гапирмасин, мамлакатдаги аҳвол шунчалик оғир ва ёмон бўлиб бораяпти. Бундан ўн йилча олдин президентнинг шахсан ўзи ахборот тарқатиш эркинлиги ҳақидаги қонунни илгари сурганди. Қандай натижа чиқди бундан? Ўзбек цензураси ёппасига тус олган, мамлакатда бирорта мустақил нашрнинг ўзи йўқ, юзлаб янгилик ва ахборотлар тарқатувчи сайтлар блок қилинган, ўнлаб журналистлар мамлакатни тарк этди, оғзини очганлари эса қамоқхоналарда ёки руҳий шифохоналарда азоб чекмоқда.

Албатта Ўзбекистонда барпо қилинган ёки йўқотилган нарсанинг ҳаммаси Каримов қўли билан қилинмаган. Бироқ буларнинг ҳаммаси учун масъулият айнан Каримов зиммасидадир. Ахир айнан у – Путиндан ҳам анча олдин – ўзининг “вертикал ҳукмронлигини” барпо этганди, амалда эса у – халқнинг устидан ўзбошимчалик ва қонунларни йўққа чиқаришга ўрнак бўлди.

Ҳар қандай якка ҳукмрон раҳбар каби, Каримов ўзининг бетакрорлигидан ийманиброқ завқ олади. Ўзини шахсига сиғиниш сиёсатини олиб борган Туркманбошига тенг қилиб қўйишларидан хавфсирайди. У бир неча маротаба журналистлар ва қулларча садоқат кўрсатадиган мулозимларга ўзини ҳаддан ташқари мақтаб юбормасликларини тайинлаган.

Натижа — мамлакатдаги ҳар қандай ижобий натижага фақат “Президентнинг оқилона раҳнамолиги остида” эришилади, унинг нутқларидан пурмаъно ва пурҳикмат иқтибослар газета саҳифаларидан тўлиб тошади.

Каримов бир умрлик президент ва ҳақиқатан ҳам давлат раҳбаридир. Унинг қўғирчоқ парламенти эса мамлакат лидери мамнунлик ила имзо чекиши мумкин бўлган қарорларнигина қабул қилади. Ўзбеклар учун яна бир афсусланарли томони шундаки (эҳтимол, уларнинг бахти ҳамдир), Каримовнинг ҳукмронлиги мутлақ бўлгани каби, бу ҳукмронлик пасткашона ҳамдир.

Мустақилликдан кейинги давр мобайнида Ислом Каримов бор кучи билан собиқ СССРга тупуришда ҳамда манфур “мустамлака” ўтмишдан воз кечишга чақиришда давом этди. Аммо совет зеҳнияти яъни “совок” ҳиди унинг сафсаталарида Путин ва Назарбоевни қўшиб қиёслаганда ҳам кучлироқ эди.

Тахтга ўтиргани илк кунданоқ Каримов ўзини мамлакатда бозор иқтисодига ўтишнинг ашаддий тарафдори қилиб кўрсатди гўё, аммо бу ўтиш шу-шу амалга ошмай қолиб кетди: Каримов — Республика Госпланининг собиқ раиси, шунинг учун ҳам бугунги Ўзбекистон — собиқ совет республикалари орасида валютани фақат қора бозорда топиш мумкин бўлган, даладаги пахтани полиция назорати остида болалар, врач ва ўқитувчиларга тергизиладиган ягона давлат бўлиб қолмоқда.

Каримов тараннум этиб келгани «Миллатлараро тотувлик» оқибатида руслар оммавий тарзда бу юртдан кўчиб кетди, уларсиз завод ва фабрикалар тўхтади, сув ва электр таъминоти тўхтади. Каримовнинг маддоҳлари уни гўёки Тожикистондаги каби фуқаролар уруши олдини олганини айтадилар. Аммо айнан унинг сайъ-ҳаракатлари самараси ўлароқ мамлакат ҳатто Суриядан-да даҳшатлироқ қонга ботиш арафасида турибди. Чунки, кимдадир режимга қарши нафрат кучайиб бораркан, яна кимдир яхшигина тўлов эвазига режимга хизмат қилишда ва, худди Башар Асад тарафдорлари каби, бирор нарса бўлса, жангсиз таслим бўлмайди.

“Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди” деб номланади Каримовнинг мактаб ва олийгоҳ дастурларига киритилган бир китоби. Буни айтаётган шахс — ким унинг шахсий ҳокимлиги ва “барқарорлик”ни таъминлайман деса, дарров сотилиб кетаверадиган геополитик буқаламундир. Каримов “мустақиллиги”нинг оқибати — ўз-ўзини боқолмай қолган ва Россияларда бир бурда нон топишга мажбур қашшоқлашган мамлакат бўлди. Ўзбекистон қанчалик “барқарор” бўлиб бораркан, унинг Марказий Осиёдаги қўшнилари билан можаролари ҳам шунчалик балохонадор, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларда эса бугун бемалол инсонларга ўқ узиб, гаровга олишмоқда.

Каримовни “терроризм хавфи” ва “ислом экстремизми”га қарши курашчи дейишади. Бу тўғри: Ўзбекистонда бугун ҳокимият билан келишолмаган ҳар бир шахс экстремист ва террорчи дейилади. “Сиёсийлар” ва “диндорлар” учун мўлжалланган “Жаслиқ” турмаси Освенцимдан фарқи битта: бу ер Освенцимдан ҳам баттар. Шунинг учун минглаб ўзбек “террорчи”лар Европага қараб қочади, аммо негадир у ерда ҳеч кимга хавф йўқ улардан.

Ўзбекистон президентининг исми Ислом, аммо давлат назоратидагидан бошқа Ислом (дини — тарж.) мамлакатда имкониятсиз. Бошқа тарафдан, сиёсий мухолифатнинг йўқлигидан мазлум ва сиёсий илмдан маҳрум авом халқ мабодо исёнга қалқгудай бўлса, фақат яшил байроқ (Ислом байроғи — тарж.) остидагина қўзғолиши мумкин.

Каримовнинг режаларини аниқлаш учун унинг нутқларини терсига таржима қилиб ўқиш керак. Каримов бир йилни “Қариялар йили”, дея эълон қилса, демак ўша йилда кексаларнинг нафақалари кесилади. “Ёшлар йили”да эса ёшлар пул тўплаб, барча йиққан-топганини олий ўқув юртларига берадилар. 2013 йил назаримда “Обод турмуш йили”, дея эълон қилинди. Демак, яна-да кўпроқ ёшлар гастарбайтер сифатида иш излаб чет элларга равона бўладилар. Ҳозирги кунда гастарбайтерлар ҳисобидан мамлакат бюджетига ҳар ойда ярим миллиард доллар келиб тушмоқда…

Каримов доим пулга муҳтож. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Президенти ҳар йили узлуксиз равишда чет эл инвесторларини мамлакатга жалб қилиш учун фармонлар чиқаради. Аммо бу инвесторлар фойда кўра бошлагани заҳоти бирор баҳона билан даромадлари давлат фойдасига ўтказиб юборилади. Бундай савдо америкалик, англиялик, россиялик, қозоғистонлик жуда кўп фирмаларнинг бошига тушган.

Каримов ҳозиргача ўзини осиёлик доно сиёсатчи ҳисобласа-да, аммо мамлакати кўчаларида, икки қизининг ахмоқона хаёлларида, ўғри мулозимларнинг чўнтакларида ва ахлоқи бузуқ инсонларнинг ҳиссиётларида нималар бўлаётганидан унинг хабари йўқ. Кечалари шаҳар кўчаларини айланиш ёки машҳур халифа каби бозорларда юриш бу диктаторнинг одати эмас. Лаганбардор хизматчилари эса фақат бу диктаторга ёқадиган маълумотларни етказишади унга. Шунингдек Тошкентда ўтирган бу “хон” қариб қолган Брежнев каби ҳаёт ҳақиқатларидан ҳам бехабар қолган. Шунинг учун Москвада фаррошлик қилиб юрган ўзбек йигитининг аҳволи уни ажаблантиради ва ўзбек диктатори: “Нега бу ўзбек йигити Ўзбекистонда иш тополмади?”, дея савол қотади…

90-йилларнинг боши ва ўрталарида Ўзбекистонда кўпчилик Каримовни қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкин. Бу албатта “маъмурий ресурс” амалга оширилган, аммо раҳбарнинг машҳурлиги ва тезда яхши кунлар келиши ҳақидаги ваъдалар ҳам бундай қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнаганди. Каримов учинчи марта президентликка номзод бўлганида ҳамма Ўзбекистоннинг “келажаги буюк, бугуни куюк» эканини англаб етганди.

Бугун чегаралар тобора кўпроқ очилаётган ва интернет воситасида ахборот олиш қулай бўлган бир пайтда давлат ташвиқоти ҳокимиятни ушлаб туриш учун ишончли йўл ҳисобланмайди. Эртами-кечми диктатор ўз фуқароларини ўлдиришни бошлайди. 2005 йилда Андижонда юзларча инсонни қатл этиш ҳақида шахсан буйруқ бериш билан Ислом Каримов ўз ҳокимияти умрини узайтирди, аммо бу билан у ўзига тарихда “Қотил” деган ниҳоий ҳукмни ҳам чиқарган бўлди.

Аввал кўпчиликнинг қўллаб-қувватлаши, кейин эса қонунсизлик ва зулмга таяниб, диктатор Каримов ХХ асрнинг муваффақиятларини ҳам орқада қолдириб кетди ва ўз мамлакатини XIX асрнинг бошларига қайтарди. Ўзбекистондаги аҳволни диққат билан кузатиб келаётганлар Юртбошини оммавий қўллаб-қувватлаш қандай оқибатларга олиб келишига бугун гувоҳ бўлиб турибдилар.

Ислом Каримовнинг тақдири “суверен демократия” ва “ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўлини танловчилар” учун фожеа тўла бир ўрнакдир. Кейинги йилларда Каримов ваҳшийлиги ва тўкаётган қони билан ўз таъсирини сақлаб турибди. Унинг ҳар йили такрорланадиган туғилган куни эса бир пайтлар тараққиётига умид боғланган мамлакат учун ҳалокат хавфи ўрнида кўрилади. Шунинг учун ҳам Каримовнинг раҳбар бўлганими ёки тахтини тарк этишими фожеалироқ, деган саволга жавоб топиб бўлмайди.

Даниил Кислов

ЎХҲ таҳририяти таржимаси