23:11 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов: Ворисми ёки “балогардон”?

14.12.2012 16:47 msk

М.Бейлис, Д.Кислов

Марказий Осиёда қачонлардир сохталаштирилмаган, ҳалол сайловлар ўтишига ҳеч ким ишонмай қўйди, дейилса муболаға бўлмайди. Бошқа тарафдан олиб қараганда, авторитар мамлакатларда шахсий ҳокимият алмашуви қанақасига кечиши ҳақида ҳам ҳеч ким тўлиқ тасаввурга эга эмас. Йигирма йилдан зиёд вақт давомида ҳукмдорлик қилаётган Назарбоев, Каримов ва Раҳмон Туркманбоши Ниёзов каби умрбод тахт устида қола оладиларми? Ёки улар ҳаётлик чоғида 1999 йилда амалга оширилган “ельцин-путин” сценарийсига ўхшаш тарзда бир лидердан бошқа лидерга лавозимни ўтказиш механизмини танлашадими?

Биз ушбу мавзуга бағишланган мақолаларни чоп этишга бошлаймиз ҳамда олимлар, экспертлар ва сиёсатчиларни бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашишга таклиф этамиз. Ушбу сериядаги мақолаларнинг биринчиси Ўзбекистон президентининг ворислигига даъвогарлардан бирини тасвирлашга бағишланган. Ярим йил илгари Ислом Каримов ўз яқинларининг даврасида гўё Рустам Азимовни ўзининг вориси деб эълон қилгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалганди.

Бу миш-мишларни на тасдиқлаш ва на инкор этишга бизда ҳозир имконият йўқ. Аммо Рустам Азимовни Ўзбекистоннинг бўлажак президенти деб ҳисоблашга қандайдир реал асослар борлигини ҳақида қизиқиб кўриш арзийдиган масала. Бу одамнинг таъсир доираси бугунги кунда нақадар кучли? Мамлакат олдида унинг қандай йирик хизматалари бор? Умуман олганда, у бу олий лавозимни эгаллашга лойиқми?

ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИНИНГ ОТАСИ

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари, Молия вазири, Макроиқтисодий ривожлантириш, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар ва ҳудудларни комплeкс ривожлантириш масалалари мажмуаси раҳбари Рустам Содиқович Азимов ҳокимият олий эшелонидаги умрбоқийлардан ва шубҳасиз ўзбек истеблешментининг асосий фигураларидан бири саналади. Мамлакат ҳукуматида деярли ўн беш йил, молия соҳасида эса – Миллий банк ташқи иқтисодий фаолияти раёсатининг раиси ва бир вақтнинг ўзида Европа ривижланиш ва реконструкция банкининг Ўзбекистон томонидан бошқарувчиси сифатида ишлаётганига 21 йил тўлди.

2012 йил 5 декабрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бишкек шаҳрида ўтган саммитига мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев эмас, унинг ўринбосари Рустам Азимов борди. Айнан уни Ислом Каримовнинг садоқатли шогирди ва сафдоши – “ислоҳотлар отаси” ва “иқтисодиётдаги ўзбек моделининг муаллифи” деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун ШҲТ саммитида ўз мамлакатининг иқтисодиёти эришган муваффақиятлари ҳақида айнан у ҳисобот бериши керак ва айнан у ШҲТ мамлакатлари банкини тузишни таклиф қилиши ва минтақадаги давлатлар ўртасида инвестициявий ҳамкорликга чақириши керак.

Тошкентда ушбу моделни мутлақо муваффақиятли санайдилар. Шунинг учун бўлса керак, 2011 йилда Ўзбекистон Конституциясининг қатор моддаларига республика ҳукуматининг ваколатларини номига эмас, балки чинакамига кенгайтирувчи ўзгартиришлар киритилди.

Бироқ кенгайтирилган ваколатлар Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятнинг яхшланишига эмас, ёмонлашувига олиб келди. Боз устига, ҳукумат ичида бир-бирига қарама-қарши гуруҳлар шаклланиб, унинг баъзи мажлислари конструктив фаолиятдан кўра тортишувларга ўхшаб қолди.

Кучайиб бораётган энергетик кризис, энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига нарх-навонинг кўтарилиши, экспорт салмоғининг кескин пасайиб кетиши – буларнинг ҳаммаси ҳукуматнинг ва биринчи навбатда Рустам Азимов шахсан масъул саналган унинг иқтисодий блоги фаолиятининг натижасидир.

Боз устига, сўнгги вақтларда шуурли иқтисодий сиёсат ўтказиш ўрнига иқтисодий блок вакиллари очиқдан-очиқ кўзбўямачиликка ўтиб, кўрсаткичларни сохталаштира бошладилар. Масалан, нарх-наво ошиши, инфляция ҳамда ишсизлик даражаси кўтарилиши борасида битта мисол: бир тонна солярканинг нархи 7,5 миллион сўмга чиққанида, Ўзбекистон товар хом ашё биржасининг маълумотномасида бир тонна ёқилғининг нархи 2,5 миллион сўм (!) деб кўрсатилди. Умуман олганда, дизель ёқилғисининг нархи сўнги икки йил ичида 2,6 баробарига кўтарилди.

Саноат корхоналари учун табиий газнинг нархи йил давомида 25 фоизга ўсди, бензин ва қурилиш материалларига нарх-наво салмоқли даражада кўтарилди. Ўзбекистонда кўплаб кўрсаткичлар бўйича инфляция 22 фоизни ташкил этади, аммо ҳукумат бу кўрсаткич 9 фоиз дея ёлғон гапиради. Конституциядаги мазкур ўзгартиришлар киритилганидан сўнг коррупция бениҳоя зўрайиб кетди, давлатнинг иқтисодий жараёнларда иштироки эса мисли кўрилмаган кўламларга эга бўла бошлади. Аммо бундай аралашувларнинг самараси деярли нолга тенг.

Иқтисодий ҳаёт таназзулга тушиб бораётгани қабатида иқтисодий муваффақиятлар тўғрисидаги чўпчаклар кимлар учун тўқилаяпти, мутлақо тушунарсиз. Эътиборингизни Ўзбекистонда амалда иқтисодиётнинг структуравий ислоҳотлари тўхтатиб қўйилганига қаратмоқчимиз: қимматли қоғозлар бозори ривожлантирилмаган, хусусийлаштириш ва қатор муҳим ислоҳотлар тўхтатган, савдо инфратузилмалари қисқарилмоқда ва тугатилмоқда.

Ҳукумат томонидан кичик бизнес соҳасида солиқлар бўйича янгиликларнинг киритилиши микрофирмаларнинг ёппасига ёпилишига олиб келди. Савдо дўконларига босим ва уларнинг фаолиятига киритилган чекловлар савдо фаолиятининг қисқаришига ва яширин ҳолатга ўтиб кетишига олиб келди. Маҳаллий ҳокимият ва ҳукуматнинг иқтисодий субъектлар фаолиятига тўғридан-тўғри аралашуви ҳаддан зиёд кучайиб кетди.

Ўз мамлакатининг иқтисодиётини таназзулга олиб келган шахс қандай қилиб мамлакатга президент бўла олади? Шунинг учун уни ўзига ворис деб тайинлаган одамни ўз миллатининг фаравонлиги ҳақида қайғураяпти деб айтиш қийин. Кўринишидан, президент фақат ўз оиласи ва бойлиги учун хавфсизлик кафолати ҳақида қайғураяпти, холос.

ОИЛАНИНГ “ХАЗИНАБОНИ”

Айтишларича, мамлакатнинг бош иқтисодчиси Рустам Азимов Оиланинг шахсий хазинабони бўлиб, президент Каримов яқинларининг шахсий ва молиявий манфаатларига хизмат қилиб келар эмиш. Аммо бу фаразлар фақат билвосита тасдиқларга эга, холос.

Мисол учун, Рустам Азимов республика Реконтрукция ва риволаниш фондини шахсан назорат қилади. Бош вазир биринчи ўринбосарининг ўзи бу фондда 11 миллиард доллар пул борлигини айтганди. Айнан шу Фондга стратегик хом ашёлар – уран, пахта ва газ сотувидан олинган фойда пуллари келиб тушади. Ушбу фонд маблағлари эвазига ўта ҳашаматли Форумлар саройи, президент қароргоҳи ва “Бунёдкор” стадиони қурилган. Ўшанда ҳам Ўзбекистон шу ва бошқа объектлар учун баъзи пудратчиларга шу чоққача пулни тўлиқ ўтказиб бермаган.

Кўринишидан, фонд маблағининг тасарруфига масъул бўлганлардан кимдир бу пулларни бергиси келмаганга ўхшади. Ёки бўлмаса катта пуллар бошқа йўналишга қараб оқиб кетган. Афсуски, бу каби “ривожланиш фондлари” ва “стратегик жамғармалар” ҳақидаги маълумотлар тўғрисида авом халққа ҳисобот берилмайди. Нафақат Ўзбекистонда, собиқ совет республикаларида ҳам аҳвол шундай. Шунинг учун бу пулларнинг қаерга сарфланишини билишнинг ҳозирча имкони йўқ.

Хорижда яшайдиган мухолифатчилардан баъзилари Рустам Азимов Гулнора Каримова билан пулларни хорижий банкларга олиб чиқиб жойлаштиришга, халқаро савдо битимларни тузишга ёрдам бериш йўли билан яқиндан ҳамкорлик қилади, дея таъкидлайдилар. Лекин унинг номи расман ҳеч қаерда қайд этилмаган: президентнинг қизи бунақа ишларда қисман Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли Telia Sonera телекоммуникация компанияси атрофидаги жанжалларга аралашуви оқибатида номи танилиб қолган Гаяне Авакянга ўхшаш сохта фирма раҳбарларидан фойдаланишни афзал кўради.

“Ўзбек маликаси” ўз мамлакатидаги энг даромадли соҳаларини ўз назорати остига олганини инобатга оладиган бўлсак, унинг бу каби бизнес ишларида Рустам Азимов каби кучли мутахассиснинг иштирокини истисно этиб бўлмайди.

ЕМАГАН СОМСАГА КИМ ПУЛ ТЎЛАЙДИ?

Эртами-кечми, иқтисодиётни вайрон қилган Ўзбекистон ҳукумати жавобгарликка тортилиши табиий, деган фаразлар мавжуд. Лекин ҳар қандай диктатура демократияни ўзига ниқоб қлиб олгани боис ҳамма нарсани чиройли қилиб кўрсатишни истайди. Яқинда мамлакат парламентига ҳукуматни машруъ услублар воситасида истеъфога чиқариш учун қонуний йўл билан бош вазирга ишончсизлик вотумини эълон қилиш ҳуқуқи берилди. ЎзЛиДеП фракциясининг етакчиси Бахтиёр Яқубов декабрь ойида билдирганидек, “Ўзбекистонда ҳукумат раҳбарининг ҳисоботини бир йилда бир марта тинглайдиган қатор хорижий мамлакатлардан фарқли ўлароқ, кўтарилаётган маслаларнинг долзарблигига қараб ушбу масала парламентнинг палаталари томонидан кўп маротаба қўйилиши мумкин”.

Парламентнинг қўғирчоқлигини инобатга олган ҳолда, ушбу “зарурият” фақат “қарор қабул қилувчи шахс”, яъни айнан президент буни хоҳлаганида юзага келиши мумкин. Бу ерда фақат битта масала номаълум: президент кимни гуноҳкор қилиб кўрсатади, ҳукумат раисиними ёки унинг молия-иқтисодиёт мажмуаси учун масъул бўлган ўринбосариними? Бу саволнинг жавоби Рустам Азимовнинг бўлғусида президент бўлиш эҳтимолини очиб беради.

Кўринишидан, давлат раҳбари шу бугунги кунда айнан Азимовга мурувват кўрсатаётганга ўхшаяпти. Мисол учун, куни-кеча Ислом Каримов давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг тузилмаларини оптималлаштириш ва бошқарув ходимлари сонини қисқартириш бўйича Республика махсус комиссиясини тузиш тўғрисида кўрсатмага имзо чекди ва бу комиссияга бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов раис этиб тайинланди.

Ўзбекистон ОАВ хабар беришича, ушбу комиссия давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг амалдаги бошқарув функцияларининг “танқидий таҳлилини ўтказади” ҳамда ўтказилган таҳлил натижасига кўра тузилмаларни оптималлаштириш ва бошқарув ходимлари сонини ўртача 10-15 фоизга қисқартириш тўғрисидаги таклифларни киритади.

Жуда ҳам кўпчилик қисқариб кетмаслиги муқаррар. Аммо Рустам Азимов “ўзига қарашли” кадрларини керакли лавозимларга тиркаб қўйишни кейинга қолдирмаслигига шубҳа йўқ. Демак, Рустам Азимовнинг таъсири нафақат пасаймоқда, балки кучаймоқда ҳам.

Максим Бейлис, Даниил Кислов