07:38 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Сиёсий маҳбусларнинг амнистияси – Ўзбекистон ваъда қилган ислоҳотларга чиндан интилаётганига далил бўлиши мумкин»

08.12.2012 02:59 msk

Фарғона

Ўзбекистон Сенати 5 декабрь куни мамлакат Конституциясининг 8 декабрь куни нишонланажак 20 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарорини қабул қилди.

O’zA хабар беришича, аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинади.

Сенат қарорига мувофиқ I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган деб топилган шахслар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилинади. Бундан ташқари, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаганлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) ва тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар озодликка чиқадилар.

Юқорида санаб ўтилган тоифадаги барча жиноят ишлари тугатилади, қолганларнинг жазонинг қолган муддати қисқаради: қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати – учдан бир қисмига; қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилади.

Узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга амнистия қўлланилмайди. Амнистия тўғрисидаги Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ва уч ой мобайнида ижро этилиши лозим.

Ҳужжат Сенат раиси Собир Илгизаров томонидан имзоланган. 2005 йилда Ўзбекистонда икки палатали парламент тизими жорий қилинганидан сўнг амнистия тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқ Сенатга берилган, ҳолбуки авваллар бу мамлакат президентининг ҳуқуқи бўлган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Мустақиллик куни ёки Конституция куни арафасида амнистия эълон қилиш анъанага айланиб қолган.

Бундан аввал Ўзбекистонда амнистия ўтган йилнинг декабрида эълон қилинганди. Ўшанда, Тренд маълумотига кўра, амнистия 45 мингдан зиёд кишига қўлланган. Жазони ўташдан 1958 киши озод этилган, қолганларнинг жазони ўташ муддати қисқарган ёки уларга нисбатан жиноий таъқиб тўхтатилган.

Шу билан бирга, 6 декабрь куни тўққизта халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари Конституциянинг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилинган амнистия бўйича барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирдилар. Ҳуқуқ ҳимоячиларга кўра, бундай қадам мамлакат ҳукуматининг чиндан ҳам дунёга овоза қилаётган ислоҳотлар жараёнига содиқ қолаётганини намойиш этган бўларди.

Бундан ташқари, барча маҳбуслар халқаро қонунларга биноан зарур медицина ёрдамидан фойдалана олишлари ва қариндошлари билан кўришиб туришлари лозим.

Мурожаатнома остида Human Rights Watch, Freedom Now, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шериклик, “Ўтюраклар клуби” халқаро уюшмаси, Американинг ПЕН-маркази, АСАТ-Франс ва Инсон ҳуқуқлари учун халқаро федерацияси имзо қўйган.

Ҳужжат муаллифлари қайд этишича, Ўзбекистонда сиёсий сабаблар бўйича айбланиб қамалган маҳбуслар камдан-кам ҳолатларда амнистия билан озод этиладилар.

“Журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилар, ёзувчилар, мухолифат ва дин намояндалари ўзларининг тинч фаолияти учун қамалганлар турмада қолмасликлари лозим”, - дейди Марказий Осиё бўйича HRW вакили Стив Свердлов. - “Сиёсий маҳбусларни Конституция Кунида озод қилиниши президент Ислом Каримовга халқаро шерикларига у чиндан ҳам ҳақиқий ислоҳотлар сари қадам қўйишга тайёрлигини кўрсатиш учун бир имконият бўларди”.

Мурожаатнома муаллифлари айни пайтда ҳуқуқ ҳимоя фаолияти учун Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдаров, Носим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Эркин Қўзиев, Ғанихон Маматханов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Сайидов, Аъзам Турғунов ва Гулноза Йўлдошева турмада ўтирганларини эслатаяптилар. Айни пайтда журналист Жамшид Каримовнинг қаердалиги номаълум қолаяпти. У 2011 йилда психиатрия клиникасидан чиқарилганди.

Бундан ташқари, сиёсий сабабларга кўра Исоқ Абдуллаев, Азамат Азимов, Муҳаммад Бекжонов, Ботирбек Эшқўзиев, Руҳиддин Фаҳриддинов, Хайрулло Ҳамидов, Баҳром Иброҳимов, Мурод Жўраев, Даврон Қобилов, Мамадали Қорабаев, Матлуба Каримова, Самандар Кўканов, Жамол Қутлиев, Мамадали Маҳмудов, Ғайрат Меҳлибоев, Юсуф Рўзимуродов, Рустам Усмонов, Равшанбек Вафоев ва Акрам Йўлдошев каби таниқли ёзувчилар, зиёлилар ва мухолифат вакиллари Ўзбекистон турмаларида азоб чекаяптилар, - дея ёзадилар ҳуқуқ ҳимоячилар.

Мурожаатнома муаллифлари Ўзбекистонда минг-минглаб мусулмонлар, бошқа дин вакиллари, рўйхатга олинмаган диний ташкилотларнинг аъзолари қандайдир мавҳум “диний экстремизм”, “конституциявий тузумни ағдаришга уриниш”, “тақиқланган диний адабиётларни сақлаш” каби айбловлар билан турмага ташланган.

БМТнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи яқинда қайд этишича, Ўзбекистон расмийлари фуқароларнинг ўз асосий ҳуқуқларини ифода этиш ҳуқуқларини амалга ошираётгани учун жазога тортишлари, мамлакатнинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бузилишига олиб келмоқда.

“Халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Конституцияси сўз, фикр ва йиғилишлар эркинлиги, виждон эркинлиги каби асосий инсон ҳуқуқларининг ҳурмат этилишини талаб қилади. Конституция қоғоздаги қуруқ гап бўлиб қолмаслиги учун Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан ушбу асосий ҳуқуқларини амалга оширгани учун қамалган маҳбусларни озод этиши лозим”, - деб билдирди Freedom Now юристи Патрик Гриффит.

Ҳуқуқ ҳимоячилар Ўзбекистондаги турмаларнинг бошлиқлари амнистия қилинижак рўйхатларни тайёрлашда жуда кенг ваколатга эга эканликларини қайд этадилар. Одатда, улар сиёсий маҳбусларни рўйхатга тиркамаслик учун “ички тартибни бузиш” каби турли айбловларни ўйлаб чиқарадилар. Боз устига, сиёсий маҳбусларни нафақат амнистиядан маҳрум этадилар, балки уларнинг озодликка чиқиш муддати яқинлашганида янги айбловлар билан суд қилиб янги муддатлар қўшиб берадилар. Бу Ўзбекистонда адлия тизимининг ўта шавқатсизлигини намойиш этади, дея қайд этади Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциациясининг раҳбари Надежда Отаева.

“Шундай аҳволга солинган одамларнинг баъзилари – Маҳмадали Маҳмудов, Мурод Жўраев ва Солижон Абдураҳановнинг соғлиғи ёмон, ёши бир жойга бориб қолган қариялар. Уларнинг қамоқ муддатини мунтазам равишда узайтирилиши уларни панжара ортида ўлим топишига маҳкум қилиб қўяди”, - дейди Надежда Отаева.

Мисол учун, 2012 йилнинг январида мухолифатдаги “Эрк” газетасининг бош муҳаррири Муҳаммад Бекжоннинг 13 йиллик қамоқ муддати тугашига бир неча кун қолганида уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 моддаси бўйича (Жазони ўташ муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) яна беш йилга озодликдан маҳрум эдилар. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, Бекжонов ва “Эрк” газетасининг бошқа журналисти Юсуф Рўзимуродов дунёдаги бошқа ҳар қандай журналистдан кўра кўпроқ вақт давомида қамоқда ўтиришибди.

Маҳбусларнинг кўпчилиги оғир дардларга чалинган, камида етти киши турмада қийноқларга солинган. БМТ Қўмитаси ва Human Rights Watch қайд этишича, қийноқларни қўллаш ва шавқатсиз муносабатлар ИИВ бўлимларида ва жазони ўташ муассасаларида кенг тарқалган. Мисол учун, 2008 йилда сўроқ қилинаётган пайтда навбатчи милиция зобити фуқаролик жамияти фаоли Аъзам Турғуновнинг елкасидан қайноқ сув қуйиб юборган. Бу ҳақда судда маълум қилинганида, судья милиционерларнинг “ҳеч қандай қийноқ бўлмаган” деган сўзларига ишониб қўя қолган.

Мурожаатнома муаллифлари авваллари Ўзбекистон расмийлари қатор ҳуқуқ ҳимоячиларни озод қилганларини тан оладилар, аммо сўнгги бир неча йил давомида бундай ишлар камайиб кетди. Бунинг сабабини Европа иттифоқи ва АҚШ Афғонистондаги урушда ҳамкорликни таъминлаш учун Ўзбекистон билан муносабатларни нормаллаштира бошлагани билан изоҳлаяптлар. Ўзбекистон эса фуқаролик жамияти фаолларини таъқиб этиш ва қўрқитиш кампаниясини давом этишдан тўхтамаяпти. Мисол учун, халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларининг мурожаатномасида айтилишича, шу йил кам деганда икки ҳуқуқ ҳимоячи – “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг аъзоси Қўзиев ва Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг аъзоси Йўлдошева озодликдан маҳрум этилдилар.

“Давом этаётган фуқаролик жамиятини таъқиб этишлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар расмий Тошкент ўз юриш-туришини ўзгартириш учун АҚШ, Европа итифоқи ва бошқа асосий ўйинчиларнинг босимини ҳис этмай қўйганини кўрсатмоқда”, - дейди Инсон ҳуқуқлари учун Халқаро федерация бош котиби Артак Киракосян. – “ Ўзбекистонда фуқаролик жамияти Вашингтон, Брюссель, Берлин, Париж ва бошқа пойтахтларнинг [ўзбек расмийларига] нисбатан қаттиқроқ муносабатига муҳтож”.

Мурожаатнома муаллифлари Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) Ўзбекистон турмаларига кириш имкониятига эга, аммо унинг фаолияти маҳфий саналади, Ўзбекистон ҳукумати эса маҳаллий фуқаролик жамияти, халқаро нодавлат ташкилотлари ва журналистлар томонидан жазони ўташ муассасаларини назорат қилинишига тўсқинлик қилади. Сўнгги ўн йил давомида расмийлар БМТнинг барча махсус хизматларига, шу жумладан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бўйича воизига маҳбусларнинг олдига киришига рухсат бермай, турли эксперт органларининг тавсияларини бажармадилар.

Ноябрь ойида ўзбекистонлик турма назоратчилари ХҚХҚ делегациясига журналист Солижон Абдураҳмоновни кириб кўришга тўсқинлик қилишга уриндилар: Қўмита вакиллари №64/61 колониясига келган куни улар журналистнинг ўрнига бошқа одамни кўрсатмоқчи бўлдилар, аммо ХҚХҚ назоратчилари айёрликни дарҳол сезиб қолдилар.

Мурожаатнома муаллифлари республика ҳукумати кўплаб халқаро ташкилотларни ва оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистонни тарк этишга, 2011 йил март ойида эса Human Rights Watch ташкилотини Тошкентдаги офисини ёпишга мажбур қилганини эслатдилар. Бундан ташқари, расмийлар маҳаллий мустақил ҳуқуқ ҳимоя гуруҳларини рўйхатга олишдан бош тортаяптилар.

Ўзбекистонлик ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилар Ўзбекистон раҳбариятидан барча маҳбусларнинг асосий эҳтиёжларини таъминлаш, яқинлари билан мунтазам кўришиб туришларига рухсат бериш ва уларга ҳурмат ила муносабатда бўлишларини талаб қилмоқдалар.

Қийноқларга, шавқатсиз, ғайриинсоний ва таҳқирловчи муносабатларга қарши Конвенция ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пакт инсон шаънини таҳқирловчи ёки ғайри инсоний муносабат ва жазоларни тақиқлайди. Ўзбекистон ушбу икки шартномаларнинг иштирокчиси саналади. Ўзбекистон расмийлари маҳбусларга нисбатан шавқатсиз муносабатлар тўғрисдаги барча баёнотларни зудлик билан текширувдан ўтказиши ҳамда барча қамоқ муддатларини узайтирилган сиёсий маҳбусларнинг ишларини қайта кўриб чиқилишини таъминлаши лозим.

“Президент Каримов фуқаролик жамияти фаолларини уй қамоғига тиқиб қўйгандан ёки тинчлик билан ўтувчи норозилик акцияларини бостиргандан кўра, Асосий Қонунда жам этилган тамойилларга амал қилиш ва мамлакат ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариши йўлиб билан Конституция Кунини нишонласа бўларди”, - дея билдирди “Ўтюраклар клуби”нинг раҳбари, собиқ сиёсий маҳбуса Мўътабар Тожибоева.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги