22:27 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Пахта териб олинди. Қулликка қараб яна бир қадам қўйилди

06.12.2012 17:13 msk

Максим Бейлис, Тошкент

Ўзбекистонда пахта ҳосили учун кураш ниҳоясига етди, терим мавсуми тугади, расмийлар олинажак даромадларни чамалаб бўлдилар. Соф фойда аввалгидек бўлади, дея таъкидлаш қийин. Ўзбек пахтасини бойкот қилиш компанияси аста-секин бўлса ҳам кенгайиб, қулдорликдан келиб тушадиган фойдани камайтириб бораётгани аниқ. Тўқимачилик ва кийим тикув саноатининг қатор йирик ишлаб чиқарувчилари бойкотга қўшилиб бўлдилар, кўринишидан тез орада бу рўйхат яна тўлиб боради.

Аммо, юзага келган воқеликни инобатга олинадиган бўлса, Ўзбекистон расмийларининг жаҳон ҳамжамияти ва жаҳон бизнес-элитаси бир қисмининг фикрини бир пулга олмаслиги маълум бўлаяпти. Пахта плантацияларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўлами аксига олиб йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Боз устига, мажбурий меҳнатдан фойдаланиш нафақат пахта далаларида, балки турмушнинг бошқа соҳаларида ҳам қўлланмоқда. Итоаткор ишчи кучидан олинадиган фойда, афсуски тушиб кетаётган обрўнинг зараридан анча афзал бўлиб қолаяпти.

2012 йил пахта кампаниясига қайтиладиган бўлса, унинг баъзи бир жиҳатларини эслаш жоиз. Кампания ўзининг кўлами ва катталиги бўйича мислсиз бўлиб қолди. Мулк шаклидан қатъий назар, деярли барча йирик корхоналар, банклар, савдо компаниялари қишлоқ хўжалик ишларига “ёрдам” бериш учун ўз ишчи ходимларини сафарбар қилишга мажбур бўлдилар. Бюджет ташкилотлари – медицина муассасалари, олий ўқув юртлари, мактаблар, коллежлар ва ҳатто болалар боғчалари ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади.

Ҳукумат вакилларининг мажбурий болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги борасида ишонтирувларига қарамай, вилоятлар ва туманларда балоғатга етмаган болалар пахта далаларига чиқарилди. Бу ҳолатни ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари қайд этдилар. Бу йил теримчилар учун белгилаб берилган нормаларнинг бажарилиши ҳам қатъий назорат остига олинди. Норма бажарилмаган тақдирда белгиланган участкаларга боғлаб қўйилган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари туман ҳокимликлари орқали бу ҳақда хабардор қилинди. Бажарилмаган норма учун жазога тортиш амалиёти қўлланди. Ҳокимиятлар ўз навбатида корхона ва ташкилот раҳбарларини режадан ташқари прокуратура, санэпидстанция, ўт ўчирувчилар томонидан текширувлар уюштиришлар билан қўрқитиб келдилар... Одатда заиф, бесўнақай ва гаранг маъмурий-қўмондонлик тизими кишини ҳайратга соладиган даражада уюшқоқлик билан ҳаракат қилди. Агар бу тизим кундалик ҳаётда ҳам шундай уюшқоқлик билан ишлаганида, Ўзбекистон иқтисодиёти шубҳасиз гуркираб яшнаган бўларди.

Тошкентликларни асосан Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг пахта далаларига олиб чиқдилар. Мазкур вилоятларнинг фермер ва деҳқон хўжаликларида пахта терими массумида ишга яроқли одамлар оз қолган экан. Аҳолининг асосий қисми ишга ярамайдиган қариялар, ичкиликка муккасидан ружу қўйган пиёнисталар, гиёҳванд бангилар, ногиронлар ва ҳомиладор аёллардан иборат бўлиб, далада ишлашга яроқли кишилар етишмас эди. Ҳомиладор аёлларнинг бу қадар кўплиги эса тили ўткир тошкентликларнинг аския қилиши учун асосий мавзу бўлиб қолди.

Мажбурий меҳнатдан бўйин товлашни эплай олмаган токшкентликларнинг айтишича, пахта терими пайтида теримчилар қорин тўйғазишнинг ғамини ўзлари уюштириб, озиқ-овқат учун пулни ўз ёнидан тўладилар, ўзларига оддий қулайликлар яратиш учун ҳам чўнтакга ялинишга тўғри келди. Пахта терим нормасини бажара олмаганлар маҳаллий теримчилардан пахтани сотиб олишга мажбур бўлди. Ҳар килосига 300 сўмгача нақд пул тўлашга тўғри келди. Ҳолбуки, ҳукумат томонидан терим мавсумида терилган ҳар бир килограмм пахта учун 154 сўм тўлов белгиланган.

Хўш, тошкентликларни ва Ўзбекистондаги бошқа шаҳар аҳолисини индамай пахта теримига чиқишга нима мажбур қилди ўзи? Биринчидан, иш ўрнидан маҳрум бўлиш қўрқуви. Пахтага бормайман деган одам ишдан ҳайдалади.

Ёппасига ишсизлик миллионлаб одамларни мамлакатни тарк этишга ва ўзга юртларда энг ҳокисор ишларни бажаришга рози қилмоқда. Негаки, Ўзбекистонда ишга кириш осон эмас, бунинг учун пора тўлаш ёки жуда “бақувват” таниш-билишлар керак.

Баъзи иш ўринларни эгаллаш учун бир неча юз доллардан бир неча минг долларгача “узатиш” керак. Ҳокимият идораларидаги лавозимлар ҳам олиб-сотиладиган мол қаторида, аммо уларнинг баҳоси анча баланд.

Иш ўрнини йўқотган одам пора беришга сарфлаган маблағидан ҳам айрилади. Албатта, барча ширкатларда иш ўринлари сотилади, дея таъкдлаш ноўрин, аммо уларнинг аксариятида аҳвол айни шундай.

Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш сўнгги пайтларда нафақат қишлоқ хўжалик ишларида қўлланмоқда. Коллеж, мактаб ўқитувчиларини қурилиш ишларига, поликлиника, касалхона врачлари ва ҳамшираларини шаҳар кўчалари ва майдонларини тозалаш ишларига жалб қилиниши ҳаммага маълум.

Аҳолини мажбурий меҳнатга жалб этиш сўнгги йилларда оммавий тус олиб бораяпти, дейиш мумкин. Бу ишларнинг барчаси шўролар замонидаги шанбаликлардан бошланганди.

Шанбалик кунлари ўзбекистонликлар ҳашарга чиқадилар, корхона ва ташкилотлар эса ишчи-ходимларининг бир кунлик иш ҳақини “Маҳалла” жамғармаларига ўтказиб берадилар. Бунақанги шанбаликлар йилда бир неча маротаба - умум миллий байрамлар арафасида ўтказилиши анъанага айланиб қолган. Дам олиш кунлари ишчи-ходимларни кўпинча ҳеч қандай иш ҳақисиз ишга чақиртириш одатий ҳолга айланган. Бундай амалиёт асосан, банклар ва давлат муассасаларида қўлланиб, Меҳнат кодексига мувофиқ дам олиш кунлари икки баробар миқдорида ҳақ тўланиши лозим бўлишига қарамай, ходимларга бирор тийин берилмайди. Ишдан маҳрум бўлиб қолишидан қўрққан одамлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, раҳбарларига эътироз билдиришга ботина олмайдилар ҳам.

Ҳокимиятлар ўзларига қарашли ҳудудларни тозалаш учун кўп ҳолларда мактаб ўқувчиларини, талабалар ва бюджет ташкилотлари ходимларини жалб этадилар. Бу ҳам одатий ҳолга айланиб бўлган, бунга аллақачон кўникканлар ва ҳеч ким эътироз билдирмайди.

Сўнгги пайтларда корхона ва ташкилотларни ўз ходимларидан солиқлар ва коммунал тўловларни йиғишга жалб қила бошладилар. Ҳокимиятлар корхоналардан ўз ишчи-ходимларининг ер ва мулк солиғига ҳамда коммунал хизматлар учун амалга оширилган тўловлар ҳақида маълумотномалар талаб қила бошладилар. Коммунал тўловларни вақтида тўлаб келган одамлар ҳам энди солиқ назорати ва коммунал хизматларида навбат кутиб, справка олишларига ммажбур бўлаяпти.

Бюджет муассасалари ва ташкилотларида, корхоналарда ишчи-ходимларнинг ойлик иш ҳақидан олдиндан бир неча ойга коммунал тўловлар учун ҳақ ундириш амалиётлари кенг тарқалмоқда. Кўринишидан, расмийлар солиқ назорати ва судларнинг вазифасини мулк шаклидан қатъий назар корхона ва ташкилотларга юклаб қўяётганларига ўхшаяпти. Ҳолбуки, солиқ инспекцияси қарздорликни аниқлаш учун солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамлари кўрсатилган рўйхатни тақдим этиб, керак бўлса ижро варағини иш жойига юборсалар кифоя қиларди. Шунинг учун ҳама одамларни справка олишга мажбур қилишлик уларни масхара қилиш билан баробарга ўхшаяпти.

Шу чоққача давлат ишида ишлаётган одамлар Каримовга холис, содиқ муносабатда бўлиб келган эдилар. Президентга куч ишлатар тузилмалари садоқатли бўлиб қолаётгани ҳам равшан, улар режим таянадиган табақага айланиб қолган. Ҳаётнинг ҳамма соҳалари порахўрлик ботқоғига ботиб қолгани билан одамлар кўкларга кўтариб мақталган тинчлик, барқарорликка шукур қилиб, кўп қийинчиликларга чидаб келишган.

Кўринишидан, мамлакат раҳбарлари ушбу табақани ҳам истаган буйруқларни бажаришга мажбур қилса бўладиган қулларга айлантиришга қарор қилганга ўхшаб қолди. Аммо қуллар ишончли таянч бўла олмайди ва улар қанчалик ўзларининг садоқатларини намоён этсаларда, жуда кўп ҳолларда ўз эгаларини ёмон кўрадилар.

Замонавий Ўзбекистон шароитида қуллар авлодини ва Шимолий Кореяга ўхшаш режим яратиш осон бўлмаса керак. Бунинг учун чегараларни ёпиб, темир тўсиқларни ўрнатиш лозим. Аммо бу ҳолатда “Ўзбекистон” дея аталувчи қозондан ортиқча тарангликни чиқариб ташловчи клапан бўлмиш меҳнат муҳожирлигини йўқ қилишга тўғри келади. Бундан ташқари, Марказий Осиё минтақаси аҳолисининг деярли ярми яшайдиган ҳудудда навбатдаги ёпиқ режимни ўрнатиш ғояси таъсири кучли бўлган ташқи ўйинчиларга ёқмай қолишини ҳам эътиборга олиш жоиз.

Максим Бейлис

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги