21:15 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гулнора Каримова ва кино: Жерар Депардье «ўзбек маликасининг навбатдаги инжиқлиги»

05.12.2012 11:16 msk

Феруза Джани, Даниил Кислов

Жаҳон экрани юлдузи Жерар Депардье Ўзбекистонга келди. 26 ноябрдан 29 ноябргача машҳур актёр Тошкент, Бухоро ва Самарқандда бўлди. Кўринишидан, сафар олтмиш тўрт ёшли актёрга хуш ёққанга ўхшайди. У мислсиз манзаралардан завқланди, барча нарсада бойлик ва қандайдир осойишталик” ҳукм сураётганини қайд этди ва Ўзбекистонни “буюк миллат яшайдиган мамлакат” деб атади. Ҳар ҳолда, Тошкентдаги оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, Депардье шундай деган эмиш.

Айни пайтда Жерар Депардье Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ташаббуси билан амалга оширилаётган кино лойиҳасида иштирок этиши тўғрисидаги миш-мишлар тасдиқланди. “Оқ пилланинг ўғирланиши” дея аталувчи тарихий сериал ипакнинг яратилиши ва ёйилиши тарихига бағишланади.

Олдинроқ Депардьега кичикроқ, роҳиб роли ажратилгани ҳақида хабар қилинганди. Аммо энди бўлса у Византия императорининг ролини ўйнаши ҳақида гап юритилмоқда. Фильм синопсиси (мазмун-моҳияти) Гулнора Каримова ва санъатшунослик доктори, академик Акбар Ҳакимовннг ғоясига асосланган. Кино тасмаси томошабинларни Ўрта Осиё ҳудудидаги V-VI асрларда содир бўлгна воқеаларга етаклаб келади.

“Буюк Ипак Йўли кўпчиликни доим қизиқтириб келган. Хитойларнинг ихтироси бўлмиш шоҳи ипак сирини топишга ҳамма қизиққан, ўз вақтида уни нефть каби қадрлашган. Гулнора Каримова академик Акбар Ҳакимов билан бирга бунинг тарихини гавдалантиришга қарор қилдилар ва мен ипак матоҳнинг яратилиши сирини тушуниш ва ўша даврни кўрсатишни жуда зўр ғоя деб ҳисоблайман”, - дея мулоҳаза юритади ўзбек нашрлари саҳифалари орқали Депардье.

Актёр Ўзбекистонда бўлгани кезида Каримованинг бошқа лойиҳасида ҳам иштирок этди: президентнинг тўнғич қизи Twitter микроблогидаги саҳифасида ёзишича, у ва Депардье овоз ёзиш студиясида ҳамкорлик қилдилар, фарангистонлик қария Каримова тўқиган шеърларни ўқиб берди.


Машҳур актёр кимга илашиб қолганини биладими? Гулнора Каримованинг Twitter-аккаунтидан олинган фотосурат»

Шу вақтнинг ўзида Францияда жойлашган “Ўтюраклар клуби” ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти Депардьени “ Ислом Каримов режимининг репрессив табиатини, Каримовлар оиласининг шубҳали обрўси ва диктаторлик режимда юқори лавозимлардан бирини эгаллаган Гулнора Каримованинг ролини инобатга олиб”, ушбу фильмнинг суратга олинишида иштирок этишдан бош тортишга чақирди. “Ўтюраклар клуби”нинг етакчиси, таниқли ҳуқуқ ҳимоячи Мўътабар Тожибоева қайд этишича, актёр бундай лойиҳада иштирок этишга розилик беришдан илгари Каримовнинг барча фирибгарликлари ва отасининг диктаторлик режими тўғрисидаги чин ҳақиқатни билиб олишга уриниб кўрганида яхши бўларди.

“Машҳур санъат намояндалар обрўси шубҳали шахсларнинг атрофида ўралашиб қолиши кишини афсуслантиради”, - деб ёзади Тожибоева. Депардьега ваъда қилинган гонорар “Ўзбекистон халқини қон қашатиб, турли фирибгарлик схемалари орқали топилган пуллар эвазига” тўланади, дейди ҳуқуқ ҳимоячи.

Наҳотки бу машҳур актёр Гулнора Каримовани “яқинлашса инсон шаънини қорайтирадиган қозон”лигини тушунмаса? Наҳотки Депардьенинг ёрдамчилари ва котиблари Ўзбекистондан келган таклифни қабул қилишдан олдин ҳеч бўлмаса Интернет орқали мезбоннинг обрўси ҳақида бирорта маълумотни қидириб кўрмаган бўлсалар?


Гулнора Каримованинг Twitter-аккаунтидан олинган фотосурат

Жаҳон киноси юлдузлари “мен сиёсатдан йироқман” дея ҳар қанча ўзларини оқламасинлар, бугунги кунда дунё ҳамжамияти санъат арбобларига ўзларининг ҳаққоний талабларини қўйишдан тўхтамаяпти ва бу каби баҳоналар билан ҳеч ким ўзини оқлай олмайди.

Жаноб Депардьега Стинг тахаллуси билан ижод қилувчи британиялик мусиқачи Гордон Самнер Тошкентда берган биргина концерти унинг обрўсини нақадар тушириб қўйганини эслатиб қўйиш жоиз деб ўйладик. Президентнинг қизи учун томоша кўрсатган Стинг ўз ватандошларининг қаттиқ танқидига учраган эди.

Кўринишидан, бир йил ўтиб Стинг осиёлик ҳукмдорлар билан дўст тутиниш ўзини ҳурмат қилмаслик эканини тушуниб етганга ўхшади. Астанада бериладиган концертни бекор қилгани ҳамда иш ташлаган нефтчиларни қўллагани унинг бутунлай йўқ бўлиб кетаётган обрўсини сақлаб қолди.

Умуман олганда, ғарб юлдузларидан ҳеч ким диктаторларнинг қизлари билан бекордан-бекорга “дўст” тутинмайдилар (эслатиб ўтамиз, Франция суди журналистларнинг Ўзбекистон президентини “диктатор” деб аташ ҳуқуқини расман тан олди). Уларнинг бари, Хулио Иглесиасдан бошлаб Эннис Марикконе ва Жерар Депардьегача ҳаммаси қилган хизматлари учун жуда катта гонорар оладилар.

Бордию, Гулнора Каримова яхши бир миллионер тадбиркорнинг қизи бўлиб ўз бойлигини мустақил равишда меҳнат қилиб топганида, унинг бу инжиқликларини кўтарса бўларди. Аммо у давлат раҳбарининг қизи бўлиб, ўз бойлигини фақат отасининг мансабидан фойдаланиб топган. Гулнора Каримова ўз атрофида сочиб сарфлаётган, артистларга ва қўшиқчиларга миллион-миллион гонорарларнинг ҳаммаси Ўзбекистон аҳолисини шилиш, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг мулкини рейдерлик йўли билан тортиб олиш, пировардида, ёш болалар ва катталарнинг пахта далаларида қул қилиб ишлатиш йўли билан қўлга киритилган пуллар эвазига тўланаяпти.


Гулнора Каримованинг Twitter-аккаунтидан олинган фотосурат

Машҳур фаранг актёри бу пулларнинг қанчасини олади? У бу пулларнинг келиб чиқиши тарихини биладими? Билганида, осиёлик диктаторнинг қизи билан ҳамкорлигини давом эттирадими? Ҳудди шу саволларни биз Жерар Депардьенинг шахсан ўзига бермоқчимиз. Агар ундан жавоб олсак сайтимизда албатта чоп этамиз.

Феруза Джани, Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги