17:03 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда жорий тўловлар бўйича миллий валюта конвертацияси вақтинча тўхтатилди

22.10.2005 10:22 msk

Сергей Ежков (Тошкент)

Ўзбекистон Марказий банкининг буйруғига мувофиқ равишда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи Миллий банк каби республиканинг барча тижорат банкларига мамлакатга кенг истеъмол молларини киритиш билан боғлиқ жорий тўловлар бўйича миллий банк конвертациясини вақтинча тўхтатиб туриш тавсия этилган.

Агар айнан шу модданинг чет эллик мол етказиб берувчилар ва маҳаллий истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларда устивор бўлиб ҳисобланиши эътиборга олинса, Ўзбекистон ҳукумати инфляциянинг янги ва анча кучли оқимини четлаб ўтиб бўлмаслигини тушунган ҳолда фақат иқтисодий бўлган муаммони яна у учун анъанавий бўлган маъмурий-буйруқбозлик усули билан ҳал қилишга уринаётгани тушунарли бўлади.

Норасмий маълумотларга кўра октябрь ойида 40 фоизга етган шиддатли инфляцион сакраш бу ўринда ички бозордаги бензин ва дизель ёқилғисининг бирданига ошиб кетиши билан юзага келди. Бир тақвим ойидаёқ мамлакатда ёқилғи баҳосининг ўттиз беш фоизга ошиб кетганлигини айтишнинг ўзи кифоя. Нефть ва газ конденсатини қазиб олиш охирги беш йил ичида 8 миллион тоннадан 3,7 миллион тоннагача пасайиб, аксинча кескин тушиб кетди. Бу расмий маълумотлар бўйича шунақадир. Ҳақиқатан эса бу соҳадаги ишлар, афтидан, янада аянчлироқ.

Бироқ ўзбекистонлик амалдорлар анъанага кўра айбни бензин танқислигига ва ўзлари ёқтирмаган Қозоғистондаги аҳвол билан боғлиқ равишда ёқилғи нархининг ошиб кетганлигига тўнкаб, нарсаларни ўз номи билан аташни ҳечам хоҳламаяптилар. Эмишки, нефтни қайта ишлаш заводларини хусусийлаштириб олган қозоқ биродарлар Ўзбекистонга ҳозирдагидай йўл тутишдан бошқа имкон қолдирмаганлар.

Бунинг устига, ҳокимият республика Вазирлар Маҳкамаси ёқилғи-энергетик комплекси, химия, металлургия ва машинасозлик масалалари бўйича ахборот-таҳлилий департаменти мудири Равшанбек Мамадалиевнинг тили билан аҳолига бензин нархининг ошиши қўшни мамлакатларда юзага келган даражага олиб чиқиш истиқболи туфайли вужудга келганлигини уқдирмоқчи бўлаяпти.

Нафсиламрини айтганда, аҳолининг бу каби ҳатти-ҳаракатларга қаршилиги йўқ, аммо унинг даромадларининг ўртача миқдори, масалан, Қозоғистондаги вазиятга ҳеч бўлмаганда сал яқинлашсагина шундай бўлиши мумкин.

Бироқ муаммонинг айнан шу жиҳати ўзбекистонлик амалдорларнинг назарларидан четда қолмоқда. Афтидан, улар 9400 сўм ҳажмидаги ойлик маошнинг энг кам миқдори одамларга нафақат ночор яшамасликка, балки ҳукумат ва президентга бугунги кундаги бахтли ҳаёт ва ундан кам бўлмаган бахтли келажак учун кечаю кундуз миннатдорчилик билдиришга имкон беради, деб ҳисобласалар керак. Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволдан йироқ бўлган муштарий учун 8,7 АҚШ долларига тенг бу пулларга сифати АИ-66 га баробар бўлган АИ-91 русумидаги бензин сотиб олиш мумкинлигини айтиб қўяй...

Ёқилғи нархининг бирданига ошиб кетиши республикада ишлаб чиқарилаётган ҳамда мустақил чегаралари туфайли бу ерга олиб кирилган маҳсулотлар нархини ўз-ўзидан ошириб юборди. Пойтахт ва жойлардаги бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг қиймати ҳам анча кўтарилди.

Ҳокимиятнинг маъмурий қарор билан ун ва ноннинг нархини, шаҳар ва шаҳарлараро транспортдаги кира ҳақини, коммунал хизматлар ва ҳаказолар қийматини ошириши Ўзбекистон учун кундан кунга одатий ҳолга айланиб қолди, дея ҳисоблашга асос бор.

Бир сўз билан айтганда, ҳукумат ХВЖ амалдорлари олдида ўзининг дармонсизланган ва коррупцияга чалинган иқтисодиёти учун қарз олиш умидида мақтаниб юрган Ўзбекистон миллий валютасининг киройи барқарорлиги, юмшоқроқ қилиб айтсак, чок-чокидан сўкилиб бормоқда.

Айнан шу кўнгилсиз ҳамда кутилган ҳодиса қувлик билан “вақтинча” деб аталган конвертация чекланишига сабаб бўлди.

Эслатиш жоизки, Ўзбекистон бу каби директив-буйруқ характеридаги чораларни 1996 йилда қўллаганди. Ўшанда Марказий банк бир зумда жорий тўловлар бўйича конвертацияни бекор қилиб, квоталар тизимига ўтганди. Квоталар эса, фақат ҳокимиятга яқин бўлган ёки жўнгина пора берганларга бериларди, холос. Натижада ҳукумат бир неча миллион кишини муносиб мояна ва умуман ишдан маҳрум қилиб, маҳаллий ва ҳорижий тадбиркорлар молиявий аҳволини танг қилди.

Ўшанда ҳорижлик ишбилармонларнинг кўпчилиги Ўзбекистонни, агар яланғоч бўлмаса, анча “пати юлинган” ҳолда тарк этгандилар. Ўзгалар молини қарийб ўзлаштириб олган мамлакат билан, охиригача боришга қарор қилган бир ўжар данияликни истисно қилганда, ҳеч ким судлашишга ботинмади. Аммо у ҳам маҳкама текширувларига қарамасдан ҳеч нарсага эга бўлолмаган. Аҳолига келсак, у қўшнилари гуллаб-яшнаётган тепалик ортига ҳавас билан қараб, ҳамманинг кўз ўнгида фақирлашиб борарди.

Бугунги кунда Ўзбекистон тўққиз йил олдинги экспроприацияни эслатувчи ишни амалга оширишга қарор қилганга ўхшайди.

Хуллас, республика ҳукумати ҳеч қандай иқтисодий ривожланиш концепциясига эга бўлмаган ҳолда тўққиз аввалда бўлганидек яна бир бора бюжетга қандайдир миқдорда маблағларни жалб қилиш умидида иш тутди.

Нимага дерсиз? Кўринишидан анча камтар, аммо моҳиятан, хийла ёғли жойларини сақлаб қолиш учун.

Айрим расмийларнинг иқтисодий муваффақиятлар хусусида президентга тетиклик билан рапорт беришга ҳаракати туфайли юзага келган ҳукуматнинг ақлсизларча ҳатти-ҳаракатлари яқин келажакда фойдадан кўра кўпроқ зиён етказишининг ҳукуматга фарқи йўқ. Аслида, мустақилликнинг афзалликлари ҳақида даъвогарона фикр юритувчи, узоқни кўра олмайдиган ўзбекистонлик амалдорлар эътиборли ва номусли сармоядорлар Ўзбекистонни нарироқдан четлаб ўтишларига аллақачоноқ эришганлар.

Эндиликда, афтидан, қолганлар ҳам маҳаллий бозорни тарк этсалар керак.

Агар улгурсалар, албатта...

Сергей Ежков, мустақул журналист (Тошкент)



 

Реклама