02:29 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Швед таълим тизими ўзбек болалари учун

23.10.2012 17:17 msk

Тўлқин Қораев

Швецияда ўзбек муҳожирлари, сиёсий бошпана сўраган уламолар, оддий мусулмонлар, фуқаролик жамиятининг фаоллари оз эмас. Уларнинг сони аниқ эмас, аммо саноғини минглар билан ҳисоблаш мумкин. Сўнгги ўн беш йил давомида сиёсий ёки диний сабабларга кўра таъқиблардан қочиб бу мамлакатга кўчиб келган одамларнинг фарзандлари швед мактабларида таълим олади.

“Биз “қариялар”да келажакка умид қиладиган нарса йўқ, аммо менимча, Швеция – ёш болалар мамлакатига ўхшайди. Бу ерда уларнинг ҳуқуқлари катталарга қараганда кўпроқ”, - дейди ўзбекистонлик журналист Қудрат Бобожонов. Шведлар муҳожирларнинг фарзандларини “янги швед” қилиб тарбиялаяпти, дея унинг ишончи комил. Болалар улғайиб ҳаётда муваффақиятларга эришаяптилар, мамлакат келажаги йўлида меҳнат қилиб, Швеция иқтисодиётининг ривожланишига ҳисса қўшаяптилар.

“Биз Швецияга 2009 йилда келганмиз, - дейди Тимра шаҳарчасида истиқомат қиладиган Луиза “Фарғона” мухбири билан суҳбатда. – Болаларим кўникиб қолишди, улар хурсанд”. Луиза Ўзбекистонда туғилиб улғайган. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганида, Луиза тақдир тақазоси билан қўшни мамлакатлардан бирида эди ва оқибатда ўз ватанида фуқаролиги йўқ шахсга айланиб қолди. Эри афғонистонлик қочоқ, миллати тожик бўлган Абдулҳамид Жонбоз билан Тошкентга қайтиб келдилар, аммо ўзларининг фуқаролик мақомлари борасида бирор нарсага эриша олмадилар. Пировардида, 2009 йилгача сарсон бўлган оила Швецияга жўнаб кетди.

“Энг асосийси, бу ерда болаларимнинг келажаги кафолатланган. Бу нарса Ўзбекистонда йўқ эди. Ахир у ерда ҳатто ўзлари чиқарган қонунларга ҳам риоя қилмайдилар”, - дейди Абдулҳамид Жонбоз. У Ўзбекистонда ўн уч йил яшаганини, аммо бу мамлакатда ҳатто доимий яшаш учун рухсат ҳам ололмаганини айтиб берди.

Луиза ва Абдулҳамиднинг кенжаси Умар швед мактабида ўқийди. “Ёшим 13 да, бу ерга келганимизда 10 ёшда эдим”, - дейди Умар. У Швециядаги ҳаёт Ўзбекистонга қараганда анча яхшироқ деб ўйлайди. “Тошкентда ҳафтасига олти кун ўқирдик, бу ерда эса беш кун, аммо мен Ўзбекистонга қараганда мактабда кўпроқ вақтимни ўтказаман, - дейди Умар. – Бу ердаги мактабда эрталаб соат саккиздан кундузги учгача ўқилади. Ҳозир олтинчи синфдаман, швед тилини юз фоиз биламан. Яна инглиз тилини ўрганаяпман, бу тилда ҳам гаплаша оламан”.

Умарнинг айтишича, Ўзбекистондаги ўқитувчилар болалар билан қўпол муомала қиладилар, Швецияда эса бунақа ҳолат учрамайди. “Мен рус мактабида ўқиганман, аммо ўзбек мактабларида ўқитувчилар бешбаттар қўпол эди”, - дея эслайди у.

Ўзбек ва швед мактаблари орасидаги фарқ биргина ўқитувчиларнинг ўқувчиларга муносабатида ёки дарс соатларининг миқдорида эмас. Швед мактабларида болаларга овқат бепул, дарсликлар, дафтар-қаламлар ҳам бепул берилади. Мусулмон болаларга ҳалол овқат таклиф қилинади, гўшт емайдиган “вегитарианлар”га ҳам алоҳида таом тайёрланади. Агар ўқувчиларни театр ёки кинога олиб борадиган бўлсалар, чипталар учун пулни мактаб тўлайди. Мактаб формаси деган тушунча йўқ, “шанбалик”лар эса ухлаб тушингизга ҳам кирмайди. Болаларни қишлоқ хўжалик ишларишга олиб чиқиш тўғрисида умуман гапирмаса ҳам бўлади.

“Мен ҳарбий бўлишни, халқаро террориизмга қарши курашаётган элита спецназ бўлинмасида хизмат қилишни орзу қиламан, - дейди бола. – Мен ТВ орқали янгиликларни, дунёда нима ишлар бўлаётганини кузатиб бораман, одамларни ҳимоя қилишни истайман”. Орзусининг ушалишини истаган Умар спорт билан шуғулланади, футбол, бокс, сузиш машғулотларига боради. Шунинг учун баъзида уйга кеч қайтади, аммо унинг онаси Луиза бундан хавотир олмайди. “Мен Ўзбекистонда болалар учун хавотир олардим, бу ерлар тинч”, - дейди у.

Номи сир қолишини истаган бошқа ўзбекистонлик муҳожир аёлнинг айтишича, швед мактабларида болаларга руҳий босим ўтказилмайди. “Йилда икки марта ота-оналарни мактабга таклиф этиб, болаларининг муваффақиятлари ҳақида айтиб берадилар. Аммо суҳбат мазмуни бошқа ота-оналар учун сир бўлиб қолади”, - дейди у.

Унга кўра, ўзбек таълим тизими бу каби европа тажрибасини ўзлаштирса, яхши бўларди. Ўзбекистонда у ота-оналар мажлисида кўп қатнашган, у ерда ота-оналарни кўпчилик олдида изза қилиш одатий ҳол. “Мен Ўзбекистонда икки йил ўқитувчи бўлиб ишладим, мажлис қилиб ота-оналардан мактабнинг ремонти учун, деразага парда учун, гул сотиб олиш учун, яна алланима-балоларни сотиб олиш учун пул тўплар эдик. Биздаги таълим тизими ниҳоятда қашшоқ”, - дейди аёл.

Швецияда болалар тўққизинчи синфгача “асосий мактаб”да (Grondskola) ўқийдилар. Бу ерда улар швед, инглиз тилини, математика, жамиятшунослик, мусиқа, дин асосларини, тарихни ва она тилини ўрганадилар. Швециянинг бази ҳудудларида сиёсий бошпана олган ўзбеклар мактабларда ўзбек тили ўқитувчиси бўлиб ишлаб, ўзбек болаларга она тили ва адабиётдан дарс берадилар.

“Мен муслимаман, Швецияга энди келиб, боламиз мактабга борганида “Дин асослари” дарсларидан хавотирланган эдим, - дейди муҳожир аёл. – Боламни протестант динига ўргатадиларми деб қўрқдим. Аммо бундай эмас экан”. Аёлнинг айтишича, бу дарсда динларнинг келиб чиқиши, уларнинг орасидаги фарқлар ҳақида гап юритилар экан. “Бу дарс диндан кўра кўпроқ атеизмга ўхшар экан, деган хулосага келдим”, - дейди у.

“Менинг учта болам швед мактабида ўқийди”, - дейди адижонлик Собир Салимов. Унга кўра, бу ерда болалар доимий назорат остида. Ўқитувчилр бериладиган билим ва болаларнинг дарсларни ўзлаштиришлари учун масъул. Аммо бола ўз вақтида мактаб курсини ўзлаштира олмаса, ҳечқиси йўқ. У катталар учун мактабда ҳам таълим олишни давом эттириши мумкин.

Мактабни тугатгандан сўнг ўқишни давом эттириш ёки ишлаш борасида болаларнинг ўзлари бир қарорга келадилар. Мактаб бу ишда болаларга ёрдам беради. Ўзбекистонда эса агар бола ўқишни давом эттиришни истаса, ўша университет ёки институтда таниш-билиш излаш, пора беришга тўғри келади. “Биласизми, бу ерда болалар мактабдан безимай, ўзлари қизиқиб борадилар, дарсларни қолдирмасликка ҳаракат қиладилар”, - дейди Собир Салимов.

Ўзбек муҳожирлари Ўзбекистондаги болалар бу ердаги каби эркин эмаслигини яхши биладилар. “У ерда болаларга макалутара, металлом топиб кел деб буюрадилар, далага чиқариб пахта тердирадилар, ягана қилдирадилар. Болалар мактабдан безиб қолган, Ўзбекистонда таълим олишга қизиқиш йўқ”, - дейди Зиёдулла Раззақов.

“Фарғона” суҳбатдошларига кўра, швед мактабларида ўз келажагини Ўзбекистон билан эмас, Швеция ёки Европанинг бошқа бир мамлакати билан боғлаган ўзбекларнинг янги авлоди тарбият этилмоқда. “Бу ерда ҳамма нарса бошқача, - дейди Зиёдулла Раззақов. – Ёшлар ўз келажаги борасида қайғуриб яхши таълим олишга ҳаракат қиладилар, шу билан бирга, улар ўз мамлакатларининг ҳам келажагини шакллантирадилар”.

Тўлқин Қораев, махсус “Фарғона” учун