22:12 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Текширув: Ўзбекистонда Teliasonera нима ишларни қилди?

23.10.2012 09:15 msk

Максим Бейлис

TeliaSonera телекоммуникация компанияси катта жанжал остда қолиб кетди. Швеция телевидениеси орқали намойиш этилган филмда компания раҳбариятига нисбатан Ўзбекистон билан боғлиқ операцияларда, хусусан, бизнес юритишнинг нопок услубларида, давлат мулозимларига пора беришда гумонлар баён этилганди. Швеция расмийлари филмда келтирилган далилларни беэтибор қолдирмадилар, мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва мустақил аудиторлар ушбу ҳолат бўйича ўз текширувларини бошладилар. Уларнинг олдига компаниянинг Ўзбекистонда бизнесни сотиб олишда амалга оширган битимларининг қонунийлигини аниқлаш вазифаси қўйилди. Швециялик ҳамкасблар бошлаган ишларидан ўрнак олиб, “Фарғона” таҳририяти ҳам ушбу ғалати ҳодисанинг тагига етишга қарор қилди.

Teliasonera қандай ширкат?

Teliasonera – Европадаги энг йирик телекоммунакациявий гуруҳлардан бири. Дунё бўйлаб уяли алоқа ва шу соҳадаги бошқа хизматларни кўрсатувчи кўплаб компаниялар тармоғининг эгаси. Ушбу гуруҳ асосан Скандинавия ярим оролидаги мамлакатларда, Туркияда ва Совет Иттифоқининг қатор собиқ республикалари бозорларида фаолиятини ривожлантиришга эришган. Ушбу гуруҳ акцияларининг назорат пакетига Швеция ва Финляндия давлатлари эгалик қилади. Гуруҳнинг миноритар акциядорлари ҳам бор, бу маънода Teliasonera давлат капитали ва хусусий инвесторлар ҳамкорлигининг тузуккина намунаси бўлиб хизмат қила олади.

Қайд этиш жоизки, на швециялик ва на финляндиялик ҳукумат мулозимлари, гарчи бизнес давлатга қарашли бўлса ҳам ҳеч қачон компания фаолиятига тўғридан-тўғри аралашмайдилар. Бу тоифага кирувчи ширкатлар маълум тамойилларга риоя қилинган ҳолда бошқарилади: ҳукумат вакиллари акциядорларнинг умумий йиғилишларида қатнашадилар, Директорлар Кенгаши аъзоларига овоз берадилар. Директорлар Кенгаши ўз навбатида бошқарувчи раҳбарларни тайинлайди ва бизнесни ривожлантиришнинг умумий стратегиясини тасдиқлайди.

Бугунги кунга келиб Teliasonera Ўзбекистонда Ucell бренди остида уяли алоқа ва мобил Интернет соҳасида хизмат кўрсатаётган Coscom компаниясининг 94% улушига эга. Бу гуруҳга тегишли кўпчилик компанияларнинг номи “cell” қўшимчаси билан тугайди: Kcell (Қозоғистон), Azercell (Озарбайжон), Ucell (Ўзбекистон), Tcell (Тожикистон), Geocell (Грузия), Ncell (Непал).

2007 йилда Teliasonera томонидан сотиб олинаётган пайтда Coscom Ўзбекистон уяли алоқа бозорида учинчи ўринни эгаллаб келган ҳамда радиочастоталардан фойдаланиш учун барча лицензия ва рухсатларга эга бўлган.

Сотувга тайёрлаш

Coscom компаниясининг бош офиси 2007 йилда шундай кўринишга эга эди

2007 йилга келиб Ўзбекистонда уяли алоқа оммалашди, абонентлар сони ўсди ва бу соҳага янги инвесторларни жалб қилиш эҳтиёжи туғилди.

Шу вақтга келиб расмийлар Ўзбекистоннинг уяли алоқа бозорига молиявий ва ташкилий имкониятларга эга кучлироқ ва тажрибалироқ ўйинчиларни жалб қилишга бошлаганлари маълум бўлди. Бунинг учун республикада фаолият юритаётган компанияларнинг эгаларини ўз мулкларини сотишга кўндириш лозим эди. МТС сотиб олган “Ўздунробита” билан ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмасди. Оффшор орқали рўйхатга олинган компания ўзбек истеблишментига яқин бўлган “ўз” одамларига қарашли бўлгани боис, яхши пулга сотилди.

Coscom уяли алоқа операторининг эгаси бўлган MCT Telecom corp. мустақил компанияси маълум сабабларга кўра ўз активларини яхши пулга сотишга кўзи етмаган эди. Ўзбекистон расмийлари Coscom нархини пасайтириш учун айни пайтда Ўзбекистондаги бизнес юритишнинг ўзига ҳос хусусиятлари билан яхши билган кўпчилик хорижий инвесторларга маълум бир қатор чораларни кўра бошладилар. 2006 йилда Coscom МЧЖда турли назорат органлари, шу жумладан, солиқ назорати иштирокида молиявий-хўжалик фаолиятининг комплекс текшируви ўтказилди ва турган гап, уяли алоқа операторининг ишида “жиддий қоидабузарликлар” аниқланди.

Ўшанда Россия ишбилармонларининг Интернет-портали RBC Daily тарқатган хабарида айтилишича, “2006 йилда солиқ бўйича 26 миллион доллар камомад аниқланган. Coscom компаниясининг баҳоси 151,5 миллион долларни ташкил этган. Уяли алоқа операторининг 2006 йилда пул тушуми 23 миллион долларни, соф фойда – 5,8 миллион долларни ташкил этган”.

Coscom компаниясини мажбуран арзон нархга соттириш йўлида иккинчи зарба 2007 йилнинг февралида амалга оширилди. Ўшанда Ўзбекистон Алоқа ва ахборот агентлиги (ЎзААА) Coscom лицензиясини тўхтатиб қўйди: республика бўйлаб аксарият абонентларнинг телефонлари бир сония ичида ўчириб қўйилди.

ЎзААА матбуот хизмати ёйинлаган баёнотида айтилишича, “КОСКОМ” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси 2007 йил 30 январь куни 2 соат давомида (19:55 дан 21:45 гача) уяли алоқа хизмати кўрсатишда тўхташ содир бўлган. Натижада Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти, Бухоро, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ҳамда Наманган ва Андижон вилоятлари баъзи қисмида 378 минг абонентлардан 293 мингтаси алоқасиз қолдилар. ЎзААА баёнотига кўра, шу узилишлар сабабли агентлик уяли алоқа операторининг лицензиясини тўхтатиб қўйди. Ушбу даъволарга эътирозан Coscom жиҳозлар ишида ва дастур таъминотидаги узилишларнинг сабабини электр таъминотида узилишлар билан изоҳлади. Лицензия суд орқали қайтариб олинди.

Ўшанда синчков кузатувчилар Coscom эгасига компанияни соттириш учун босим ўтказилаётганини дарров тушуниб етдилар. Баъзилар эса муҳтамал ҳаридорларнинг номларини ҳам санаб ўтдилар: уларнинг орасида TeliaSonera ҳам бор эди.

Ғалати бай битими

2007 йилнинг 6 июль куни TeliaSonera компаниясига қарашли Fintur Holdings B.V. ширкати Ўзбекистон бозорида 1996 йилдан бери фаолият юритиб келаётган “КОСКОМ” уяли алоқа операторининг 99,97% акцияларига эгалик қилувчи MCT Telecom Corp. компаниясининг 100% акцияларини сотиб олиш бўйича шартномани имзолади. Эътибор беринг, Fintur Holdings B.V. Coscom уяли алоқа операторини ўзини эмас, балки унинг эгаси бўлмиш компанияни сотиб олмоқда. MCT Telecom Corp. компаниясининг ҳақиқий эгаси кимлиги бизга ҳозирча номаълум, эҳтимол унинг номи швед расмийлари томонидан бошланган текширув давомида очиқланар.

TeliaSonera матбуот хизмати 2007 йил 17 июль куни ёйинлаган пресс-релизда MCT Telecom Corp. ширкатини 2 миллард швед кронасига ёки 300 миллион АҚШ долларига сотиб олганини маълум қилди.

Пресс-релизда МСТ Telecom Corp. эгалик қилган активларнинг рўйхати ҳам келтирилган:



Сотиб олинган активлар ва уларнинг улушларидан келиб чиқадиган бўлса, “Coscom” уяли алоқа оператори MCT Telecom Corp. ширкатининг энг йирик ва энг даромадли мулки бўлмагани маълум бўлади. (жадвалдан кўриниб турибдики, RBC аввалроқ тақдим этган ахборот билан келтирилган рақамлар ўртасида фарқ бор, аммо бу фарқ унчалик катта эмас).

2007 йил 17 июлги пресс-релизнинг ниҳоясида Teliasonera бу минтақаларда ўзига қарам бўлган Fintur Holdings B.V. ширкати орқали фаолият юритишини кўрсатиб ўтган.

Teliasonera ширкатининг 2007 йилги ҳисоботида айтилишича, 2007 йилнинг декабрида ниҳоясига етган музокараларга мувофиқ Coscom ширкатидаги 26 фоиз улушлар ўзбекистонлик шерикларга маълум активлар эвазига берилган. Ўша ўзбекистонлик шерикга у 2009 йилнинг 31 декабридан сўнг аввалдан келишилган мезонларни бажарганида ўзига тегишли 26% улушни қайтариб сотишга имконият тақдим этилди.

“Ўзбекистонлик шерик” албатта ўша, Гибралтарда рўйхатга олинган оффшордаги Takilant компанияси эди.

“Ўзбекистонлик шерик”нинг борлигига тўлароқ ишонч ҳосил қилдириш учун 2007 йил 13 сентябрь куни Нидерландия қироллигининг Роттердам шаҳрида “TeliaSonera Uzbek Telecom Holding B.V.” ширкати рўйхатга олинди, ўша пайтда унинг 100% капитали TeliaSonera компаниясига тегишли эди. Шундан сўнг мазкур холдингга Coscom ширкатидаги капиталнинг (аввали бошда МСТ компаниясига тегишли бўлган) 99,97% улуши берилди. 2008 йилда эса “TeliaSonera Uzbek Telecom Holding B.V.” капиталидаги 26% улуш Takilant компаниясига берилди. Шу билан бирга, Takilant компанияси акцияларнинг 26% улуши учун қандайдир пул тўловларини амалга оширгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

“TeliaSonera Uzbek Telecom Holding B.V.” компаниясига тегишли асосий молия активи сифатида Coscom ширкатининг 99,97% улуши кўрсатилган эди (2007 йил 31 декабрь кунига 222 миллион долларга баҳоланган, яъни Takilant улушининг қиймати 57,72 миллион долларни ташкил этган). Шу билан бирга акциялар Takilant билан битими бор бўлган қандайдир ўзбекистонлик шерик томонидан Coscom ширкатига 1800MHZ/UMTS частоталарини ва рақамларни тақдим этилгани эвазига берилгани кўрсатиб ўтилганди.

2010 йил якунлари бўйича ҳисоботда TeliaSonera Директорлар Кенгаши ўз акциядорларига “TeliaSonera Uzbek Telecom Holding B.V.” қўшма холдингида Takilant компаниясидан 20% акцияларни 1,6 миллиард швед кронасига (220 миллион АҚШ доллари) сотиб олиш орқали Coscom ширкатидаги улушини 94 фоизга етказгани ҳақида рапорт берди. Сирли “ўзбек шерик” қандайдир нидерланд компаниясида ўз улушига эга бўлган оффшор компанияси сифатида мужассамлашди (ҳисоботларга ишонадиган бўлсак, унда фақат бир киши ишлар экан, холос).

Хўш, Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant компанияси аслида қандай “активларга” эга бўлган ва TeliaSonera ундан айнан нималарни сотиб олган?

Сотиб олинган активлар

Энг аввал Ўзбекистоннинг юридик майдонида “лицензиялаш” тушунчаси ва “частоталардан фойдаланишга рухсат олиш” тушунчаси нимани англатишини аниқлаб олишимиз зарур.

Лицензиядан бошласак. Ўзбекистода алоҳида турдаги фаолиятларни лицензиялашни тартибга солувчи қатор меъёрий-ҳуқуқий актлар амал қилиб келади. Лицензиялаш механизми Ўзбекистон Репцубликасининг 2000 йил 25 май куни амал қила бошлаган №71-II “Алоҳида турдаги фаолиятларни лицензиялаш тўғрисида” қонунига асосланган. Мазкур Қонуннинг 10 моддасида айтилишича, Ўзбекистонда икки турдаги лицензиялар мавжуд: типовой (оддий) ва индивидуал. Ушбу қонуннинг матнига мурожаат қиламиз:

“Типовой лицензиялар турига чекланмаган доирадаги тегишли турдаги фаолияни юритишга қўйилган ягона шарт ва талабларга жавоб бера оладиган юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган лицензиялар киради.

Индивидуал (оддий) лицензияларга алоҳида шарт ва талабларга асосланган, лицензиатларга ушбу турдаги фаолиятни юритишга алоҳида ҳуқуқ берувчи ва сон жиҳатидан чекланган лицензиялар киради. Индивидуал лицензиялар амал қилиш ҳудуди бўйича сон жиҳати, фаолият объекти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб берилган бошқа асослар бўйича чекланади. Индивидуал лицензияларни бериш тартиби ва шартлари, шу жумладан, танлов (тендер) ўтказиш шартлари Ўзбекистон Респуликаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб берилади”.

Шу Қонуннинг 11 моддасида “олинган лицензия бўйича фаолиятни фақат лицензияни олган юридик ёки жисмоний шахс амалга ошириш ҳуқуқига эга. Лицензияни ёки у берадиган ҳуқуқни бошқа шахсларга бериш тақиқланади” деб айтилган.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда бошқа юридик шахсдан лицензияни сотиб олиш ёки ўша юридик шахсни тугатиш ортидан лицензиясига меросхўр бўлиш мумкин эмас. Лицензия фақат Coscom компаниясида бўлиши мумкин, бордию Takilant Ўзбекистонда рўйхатга олинган ва қандайдир лицензияларга эга бўлган қандайдир бошқа компанияга эгалик қилган бўлса ҳам, у ҳеч қанақасига бу лицензияларни Coscom компаниясига ўтказа олмас эди.

Лицензияланадиган фаолият турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12.05 №221-II қарорига 1-чи иловада белгилаб берилган. Мазкур ҳужжат қонун кучига эга бўлиб унга мунтазам равишда ўзгартишлар киритиб турилади. Ҳудди мана шу рўйхатда 3G-алоқага ҳеч қандай алоҳида лицензиялар берилиши кўрсатиб ўтилмаган. Яъни, Coscom компанияси сотилаётган пайтда ўз фаолияти учун барча лицензияларга эга эди. Боз устига, лицензия олиш учун ҳеч қандай тижорат тузилмаларининг ҳожати йўқ: уяли алоқа операторларига лицензияни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасидан ваколат олган ЎзААА беради.

Келинг, аниқлик киритиш учун телекоммуникация соҳасидаги фаолиятни лицензиялашга оид Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 22.11 №458 “Телекоммуникация ва почта алоқаси соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича чоралар тўғрисида” Қарорининг “Телекоммуникациялар соҳасида лицензиялаш тўғрисидаги низом, Илова №2” ҳужжатига кўз югуртирамиз.

Ушбу қарорнинг 3 бандида

“Телекоммуникациялар соҳасида телекоммуникацияларнинг

маҳаллий тармоқларини;

шаҳарлараро тармоқларни;

халқаро тармоқларни;

кўчма радиотелефон алоқа тармоқларини;

шахсий радиочақирув тармоқларини;

маълумотлар узатиш тармоқларини;

телерадиоузатиш трансляцияси тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатиш лицензиланиши лозим”лиги белгилаб берилган.

Мазкур Қарорнинг 9 бандида олинган лицензияларни бошқа бирор томонга бериб бўлмаслиги айтилган:

“Лицензия олинган фаолият тури фақат лицензия олган юридик шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Лицензияни ёки у берадиган ҳуқуқни бошқа шахсларга бериш ёки ўтказиш тақиқаланади”.

Энди TeliaSonera компанияси Block Of Numbers дея атаган ҳамда компания раҳбариятига кўра, бунинг учун катта пул тўланган рақамларнинг сотиб олиниши ҳақида бир неча оғиз сўз юритсак. Рақамларни бериш ва тақсимлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20.08. №822-1 “Телкоммуникацияар тўғрисида” Қонунининг 11 моддасига мурожаат қиламиз. Унда шундай дейилган:

“Телекоммуникациялар тармоқлари нумерациялари тизими ва режалари ҳамда бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғининг миллий сегменти домен номлари тизими телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатга эга бўлган орган томонидан тасдиқланади.

Телекоммуникацялар тармоғи нумерациялари ва домен номлари ресурсларининг ҳисоби, системалаштирилиши ва фойдаланиш устидан назорат телекоммуникациялар соҳасидаги махсус ваколатга эга бўлган орган томонидан амалга оширилади”.

Радиочастоталарни олишга рухсат борасида “Ўзбекистон Республикасида радиочастоталар спектридан фойдаланиш учун тўлов тартиби тўғрисдаги низом”нинг (Ўзбекистон ҳукуматининг 2001 йил 26.01 №429 қарорига илова№3) 3 бандида қуйидагилар айтилган:

“Қонунчиликда белгилаб берилган тартиб бўйича олинган радиочастоталар спектридан фойдаланиш ҳуқуқи бошқа юридик ва жисмоний шахсларга берилиши ёки ўтказилиши мумкин эмас”.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси қонунчлигидан келиб чиқадиган бўлсак, на лицензиялар, на частоталар, на рақамлар бошқа юридик ёки жисмоний шахсларга сотилиши ёки берилиши мумкин эмас. Умуман олганда лицензия - компаниялар ўртасида олди-берди қиладиган нарса эмас. Фақат барча зарур лицензиялар ва ажратилган частоталарга эга бўлган компанияни сотиб олишга йўл берилади, холос. Биз кўриб чиқаётган ҳолатда ҳам барча зарур лицензиялар, рухсатлар ва ҳоказоларни Ўзбекистонда рўйхатга олинган юридик шахс мақомига эга бўлган истаган компаниялар томонидан олиниши мумкин. Ва бу лицензияларни фақат Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги беради, холос...

Этика ҳақида бир неча оғиз сўз

Ушбу ҳисоботлар ва ҳужжатларни ўрганар эканмиз, биз швед компанияси оффшордаги Takilant компаниясидан қандай активларни сотиб олганини аниқлай олмадик. Аммо TeliaSonera акциядорлари ва тергов органлари тез орада компаниянинг Ўзбекистонда бизнес юритишига оид барча чигал масалаларнинг ечимини топишларига ишончимиз комил.

Таҳлилимиз ниҳоясида биз TeliaSonera компаниясининг ўз сайтида илиб қўйган Ахлоқ кодексини келтирмоқчимиз

Code of Ethics

The code commits all employees in fully owned companies as well as contractors, suppliers and service providers to:

- Do the right thing

- Be a good citizen

- Win with ethics

- Act with respect

- Value integrity

- Communicate clearly

- Avoid conflicts of interests and handle information with care

- Handle assets with care

- Blow the whistle

- Improve continually

Максим Бейлис

“Фарғона” ахборот агентлиги



 

Реклама