07:43 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳуқуқ ҳимоячи Акромхўжа Муҳиддинов ўлдирилди

27.07.2012 15:10 msk

Фарғона

Акромхжа Муҳиддинов камтар инсон эди. Айнан шунинг учун бўлса керак Интернет тармоғида унинг расмларини топиш қийин. Улардан биттаси - CA-mediators.net веб-сайтидан олинди.

2012 йил 25 июль куни кечқурун Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги маҳаллалардан бирида Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг фаоли Акромхўжа Муҳиддинов ўлдирилди.

Альянс етакчиси Елена Урлаева маълум қилишича, чоршанба куни кечқурун ҳуқуқ ҳимоячи Тинчлик маҳалласидаги ўз уйининг олдида хотини ва қизининг келишини кутиб ўтирган. Соат 21 га яқин Маҳмуд исмли маҳалладоши келиб уни негадир маҳалла марказига таклиф қилган. Муҳиддинов кўрсатилган жойга етиб келганида унга бир неча эркак ташланиб калтаклай бошлаганлар. Маҳмуд ва Мирислом исмли одамлар айниқса қаттиқ урганлар, бунда уларга Мирисломнинг отаси ёрдам берган. Гувоҳларга кўра, айнан шу киши Муҳиддиновга пичоқ уриб жигаридан яралаган.

Шу пайтда етиб келган ҳуқуқ ҳимоячининг рафиқаси Муҳаббат эрини калтаклаётган эркаклардан ажратиб олишга уринган. Милиция ва “Тез ёрдам” чақиртирилган. Шифокорлар етиб келгунига қадар Муҳиддинов дўкон ёнида қонини оқизиб ётган. Касалхонага олиб кетишаётганида эса жон берган.

Милиция Маҳмуд ва Мирисломни қўлга олди, аммо Мирисломнинг отаси яширинишга улгурди.

Акромхўжа Муҳиддинов 59 ёшда бўлиб, ҳуқуқ ҳимоя ҳаракатига 2006 йилда қўшилган.

“Акромхўжа инсон ҳуқуқларининг фаол ҳимоячиси бўлган, пикетларда қатнашган, вилоятларга рейдларга чиққан, пахта далаларида болаларнинг эксплуатациясини мониторинг қилган. У мунис, мард ва андишали инсон бўлган, оиласига, фарзандларига жуда меҳрибон эди”, - дея эслайди Урлаева.


Акромхўжа тўйда сўзга чиққан пайтида. 2012 йил январь

Урлаевага кўра, Муҳиддинов экология муаммоларини кўтариб чиқишдан қўрқмас эди. Айнан у ўтган йили Янгийўлда вабо қўзғагани ҳақида гапириб, касаллик сабабларини аниқлаган эди. Айнан у пахта даласига етарли миқдорда теримчиларнинг чиқишини таъминламаган қўшни қишлоқдаги маҳалла фуқаролари йиғини раисини прокурор калтаклагани ҳақидаги маълумотни оммага ёйган эди.


Акромхўжа Муҳиддиновнинг қони

“Фарғона” маълумотига кўра, Муҳиддинов доим телефон сўзлашувларига “қулоқ” ўрнатилгани, уйи яқинида турган автомашинадан келиб-кетаётганлар кузатилаётгани тўғрисида шикоят қиларди. Альянс аъзолари ўз пикетларини ўтказишни режалаштирганларида, аввалдан бу ҳақда ҳокимият идораларини огоҳлантирардилар. Ўша кунлари Акромхўжа Муҳиддиновни уйидан ташқарига чиқаришмас эди.

Альянс ҳуқуқ ҳимоячилари Муҳиддинов қасддан ўлдирилди деб ҳисоблаяптилар. Урлаевага кўра, ёлланган безорилар аввал ҳам унга тажовуз қилиб келган, аммо у инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашини тўхтатмаган эди.


Муҳиддинов шу ерда шифокорларнинг келишини кутиб ётган

Сўнгги пайтларда, дея қайд этади Альянс лидери, ёлланма безорилар Қаршида Гулшан Қораевага, Қўқонда Раҳбархон Одиловага, Тошкентда – Абдулло Тожибой ўғлига ва Нигора Ҳидоятовага тажовузлар ва провокациялар содир этиб келишган.


Муҳиддиновни сўнгги сафарига кузатув

Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари альянси аъзолари Акромхўжа Муҳиддиновнинг ўлдирилишининг текширилишини ҳамда унинг ўлимига сабабчиларнинг ҳаммасини жазога тортишни талаб қилаяптилар.

Ўзбекистонлик журналистлар ҳамда ҳуқуқ ҳимоячининг ҳамкасблари Муҳиддиновнинг оиласига ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этадилар.

Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда мухолифатдаги сиёсатчилардан, ҳуқуқ ҳимоячилардан ва журналистлардан бир нечтаси ўлдирилган. Мухолифат бу одамларнинг ўлимида қисман марказий ҳукуматни ва бевосита мамлакат президенти Ислом Каримовни айблайди. Мухолифатга кўра, айнан президентнинг буйруғи билан унинг сиёсий рақиблари жисмонан йўқ қилинмоқда. Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, бирликчи Шовруқ Рўзимуродов, журналист Сергей Гребенюк, ёзувчи Эмин Усмон, қирғизистонлик журналист Алишер Соипов шулар жумласидандир. Ўтган йилнинг сентябрида Россиянинг Иваново шаҳрида Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг асосчиларидан бири Фуад Рустамхўжаев отиб ўлдирилди. Бу жиноятларнинг кўпи очилмай қолди.

“Фарғона” ахборот агентлиги