23:20 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўш мадрасаси мударриси баччавозликда гумонланаяпти

05.07.2012 13:56 msk

Фарғона

Ўшдаги “Ийиқ Сулаймон Тоо” мадрасасининг мударриси ўқувчиларни жинсий зўрлашда гумонланаяпти. Бу ҳақда 2012 йил 4 июль куни Қирғизистон ИИВ расмий сайти хабар берди.

Қирғизистон ИИВ матубот хизмати қисқача қилиб қуйидагиларни маълум қилди:

“Ички ишлар ходимлари диний мадраса ходими тарафидан жинсий зўравонлик содир этганини аниқладилар. 3 октябрь куни Бишкек шаҳар Октябрь райони ички ишлар бошқармасига 9 ёшли болага нисбатан жинсий характердаги зўрлик ишлатилгани ҳақида ариза келиб тушди.

Аризада айтилишича, Ўш шаҳридаги мадрасалардан бирининг мударриси жорий йилнинг июнь ойида ўқувчи болани баччавозликка тортган. Жабрланувчи шу кунларда пойтахтдаги касалхоналардан бирига ётқизилган. Октябрь райони ИИБ терговчиси томонидан ушбу ҳолат бўйича суд-медицина экспертизаси тайинланган.

Бугун экспертиза натижалари олинди, унда жинсий зўравонлик ҳолати тасдиқланди. Шу бугуннинг ўзида, 4 июль куни Ўш шаҳар ИИБ оператив ходимлари гумонланувчи мударрисни ҳибсга олдилар. Дастлабки маълумотларга кўра, мадраса талабаси тунда зўрланган.

Ушбу жиноят бўйича материаллар Ўш шаҳар ИИБ тергов бўлимига оширилади. Айни пайтда жиноят ишини қўзғатиш масаласи ҳал этилмоқда”.

Қайд этиш жоиз, “Фарғона” ахборот агентлиги содир этилган разиллик ҳақида ички ишлар органлари бу ҳақда эълон қилишларидан бир кун аввал хабардор бўлганди. Аммо биз бу жиноят ҳақида ёзишга шошилмадик. Диний мадраса мударрисига нисбатан қўйилаётган айбловлар жуда оғир ва жиддий, унинг жинояти ҳали исботланмаган ва бу ҳақда фақат жабрланган боланинг онаси маълумот берган эди, холос...

Устози қўрқитиб қўйган болалар мадрасада нима ишлар содир бўлаётгани ҳақида ҳеч кимга гапирмай юрдилар, аммо тўққиз ёшли ўғли орқа пешобида оғриқ пайдо бўлгани ҳақида шикоят қила бошлаганида, унинг онаси ташвишга тушиб қолди.

“Ўғлимни мадрасага берганимга уч ҳафта бўлганди. Ҳафта бошида у ерга олиб бориб қўйиб, пайшанба куни уйга олиб келардик. Ҳар сафар уйга келганида йиғлаб, мадрасага бошқа бормайман”, – дея хархаша қиларди. Ёлғиз ўғил, эркалик қилаяпти деб, ҳафта бошида яна мадрасага қўйиб келардим. Кейинги сафар уйга келганида (ўтган пайшанба куни – таҳр.) ҳожатхонага бора олмаяпман, орқам ачишаяпти деди. Нимага деб сўрасам, йиғлаб юборди. Шунақа, мадрасада “Н” деган устоз мени кечасида олиб чиқиб кетиб орқамга жинсий аъзосини киргизади деб айтди”, - дейди боланинг онаси.

Бу гапдан таажубга тушган она ўғлининг шимини пастга туширади, лекин ичидаги трусиги йўқлигини кўриб яна хавотирга тушади.

“Трусигинг қани деб сўрасам, устоз сийиб юборди деди. Ҳар ҳафта халтасига тўртта-бешта трусик солиб берар эдим. Халтасини очиб қарасам, ҳаммаси эркакнинг манийиси билан булғанган”, - дейди у.

Она эрталаб мадрасага бориб унинг раҳбарлари ва ўша баччавоз устоз билан учрашади. Юзма-юз учрашув давомида мударрис айбини бўйнига олади. Мадраса раҳбарияти бу кўнгилсиз воқеадан афсусдалигини, муаммони келишув йўли билан биргаликда ҳал этишни илтимос қилади.

Мадраса рахбарияти уларни Бишкекка келишини ва барча муаммоларни ўша ерда ҳал этишни таклиф этади.

“Турли хил таклифлар қилишаяпти. Мен нима қиламан бу таклифларини. Бугун эрталаб (сешанба куни-таҳр.) Бишкекка келиб, улар билан учрашмасдан ўғлимни бир профессорга кўрсатдим. Орқа пешоби дарз кетган, касалхонага ётқизиб даволаш керак, деяпти. Ҳозир ўғлим шифохонада”, - дейди боланинг онаси телефон орқали. Шу ерда у милицияга ариза берганини ҳам қўшимча қилди.

Мадраса раҳбарияти бўлиб ўтган воқеа юзасидан шарҳ беришдан бош тортди. Душанба куни эса мадрасада таҳсил олаётган болаларга ўқиш вақтинча тўхтагани айтилди.

Жабрланган бола онасига бошқа болалар ҳам мадрасада шу аҳволга тушганини ҳамда бу ишлар доим бўлиб келганини айтиб берган. Устоз болаларга “агар, бу нарсани бировга айтсанг, калтак ейсан”, деб қўрқитиб, уларни алдаган ҳамда музқаймоқ сотиб олиш учун пул бериб келган.

“Ийиқ Суолайман Тоо” мадрасаси Ўш шаҳрининг Черемушки даҳасида жойлашган.

“Фарғона” воқеалар ривожланиши ортидан кузатиб боради.

”Фарғона” ахборот агентлиги