10:49 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

ЭИГ: “Мусулмонча” тўйларнинг оммавийлашгани расмийларни аччиқлантираяпти

05.07.2012 11:47 msk

Фарғона

Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида мусулмонча тўйлар оммалашиб бораяпти, бу эса маҳаллий ҳокимият идораларини ташвишга солмоқда. Бу ҳақда Эксперт ишчи гуруҳи (ЭИГ) маълум қилмоқда.

Одатда бундай тўйларда дастурхонга ароқ қўйилмайди, отарчилар келтирилмайди, оз сонли меҳмонларни эса эркаклари ва аёллари дастурхон атрофига алоҳида-алоҳида ўтқазилади.

“Ислоимий” тўйлар кўпроқ Андижон, Наманган, Фарғона, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилаяпти. Одатда, бундай тўй ўтказиш таклифи билан Россия ва Қозоғистонга бориб ишлаб келган ёш куёвлар чиқмоқдалар. Мусофир бўлиб мусулмон бўлиб қайтаётган меҳнат муҳожирлари кунда беш вақт номозларини канда қилмай ўқияптилар ва ҳаётларини Ислом ақидаларига ҳос тарзда ўтказишга ҳаракат қилаяптилар.

“Россия ва Қозоғистонга бориб ишлаётган ўзбек меҳнат муҳожирлари ўртасида диндорлик даражасини кўтараётган омиллар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу мамлакатларда диний эркинликлар Ўзбекистонга қараганда анча енгиллигини; Ислом динининг муҳожирларга бегона юртларда қийинчиликларни осонроқ енгишга ёрдам берувчи компенсаторлик ва ижтимоий-руҳий функцияларини; меҳнат муҳожирларининг аксариятида билим савияси ва дунёқараши пастлигини; ўзбек меҳнат муҳожирларининг қалби Ислом динига мойиллигини ва диний даъватларга очиқлигини қайд этиш мумкин”, - дейди ЭИГ раҳбари Суҳробжон Исмоийлов.

Ўзбек меҳнат муҳожирлари кўп ҳолларда айнан Россия ва Қозоғистонда масжидга қатнашни бошлайдилар, бошқа диндорлар билан танишадилар ва кундалик беш вақт номозларини қолдирмай адо этадилар. “Бундай диний эркинликлар ватанда йўқ, Ўзбекистонда диндорларга нисбатан қўлланаётган давлат сиёсати туфайли уларни диний экстремизмда, аксилконституциявий фаолиятда ва терроизмда айблашлари мумкин”, - дейди Исмоилов.

ЭИГ қўлига келиб тушаётган маълумотларга кўра, шундай “исломий” тўй ўтказган оилалар жуда тез фурсатда ҳуқуқ-тартибот органларининг назарига тушиб қолаяптилар. Маҳаллий махсус хизмат ходимлари ва милиционерлар ёш келин-куёвларнинг уйларига келиб профилактик суҳбат ўтказаяптилар, нега энди ароқ қўймай мусулмонча тўй ўтказилиши сабабини аниқлаяптилар ва баъзида уларга тушунтириш хати ёздираяптилар.

ЭИГ маълумотига кўра, жойларда махсус хизматлар, ҳуқуқ-тартибот органлари, ҳокимият ва маҳалла фуқаролари йиғинлари вакилларидан иборат комиссиялар тузилган бўлиб, уларнинг олдига диндор бўлиб қайтган, номоз ўқийдиган, соқол қўйган, яқинларини исломга даъват қилаётган меҳнат муҳожирларининг рўйхатини тузиш вазифаси қўйилган. Бу рўйхатга кирганлар алоҳида назорат остига олинмоқда.

“Авваллари мен номоз ўқимас эдим. Оиламиз беномоз бўлган. Мана тўрт йил бўлибдики Россияда ишлаяпман, бу ерда номозхон ўзбеклар билан танишдим. Ҳозир беш вақт номозимни канда қилмай ўқияпман, масжидга бориб тураман. Россиядаги масжидларда ўзбеклар ва қирғизлар жуда кўп, - дейди 25 ёшга кирган бухоролик Хуршид. – Биз жума кунлари тўпланиб диний илмларни ўрганамиз, бу йил уйга қайтиб ота-онамни ва хотинимни ҳар куни беш вақт номоз ўқишга ўргатдим. Аммо бу ҳақда маҳалла қўмитасидагилар билиб қолдилар. Уйимизга милиция ва маҳалла вакиллари келиб номоз ўқишни бас қилишимизни талаб қила бошладилар. Мендан, кимдан қаерда номоз ўқишни ўрганганимни, Россияда нима ишлар билан шуғулланганимни ва бошқа нарсаларни батафсил ёздириб тушунтириш хати олдилар. Афсуски, шундан кейин ота-онам номоз ўқимай қўйди”.

Хоразмлик 27 ёшга кирган меҳнат муҳожири Бунёд ҳам ҳудди шунга ўхшаш ҳолатга дуч келган.

“Ўтган йили Уфада беш вақт номоз ўқишни бошладим. Мартда уйга қайтдим, мусулмонча тўй қилдик. Тўйни ресторанда эмас уйда, дастурхонга ароқ қўймай ўтказдик. Артистларни ҳам айтмадик. Шунда, тўйдан кейин уйимизга маҳалла раиси ва участка нозири келдилар. Нега мусулмонча тўй қилдиларинг, деб пўписа қилдилар. Кейин бўлса уйимизга эсенбе ходимлари кела бошладилар, икки ҳафта давомида таҳдид қилдилар. Яқинда Россияга қайтаман, хотинимни ўзим билан олиб кетаман, ўша ерда доим қолиб кетмоқчиман”, - дейди Бунёд.

Суҳробжон Исмоиловга кўра, мусулмонча тўйлар ўтказиш анча арзон тушиши ҳам уларнинг оммавийлашувига сабаб бўлаяпти. Бу эса аҳолининг маълум қатламлари учун катта аҳамиятга эга.

“Бой ва камбағаллар тўйларни катта дабдаба ва ҳашаматлар билан ўтказишни яхши кўрадиган мамлакатда мусулмонча тўй анча арзонга тушади. Кўпчилик оилалар тўй қиламан деб емай-киймай пул тўплайдилар, “бошқалардан ортда қолмайдиган” тўй қилишга ҳаракат қиладилар. Аммо ким қанақа тўй ўтказадиган бўлса ҳам, бунга расмийлар аралашмаслиги керак”, - дейди Исмоилов.

Эслатиб ўтамиз, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида тўйлар ҳаддан зиёд дабдабалашиб кетган Ўзбекистон расмийларини бу борада чора кўришга мажбур қилганди: 1998 йил 28 октябрь куни президент тўйларда ортиқча дабдабани олдини олишга қаратилган фармонга имзо чекди. Аммо бу фармон ҳеч қайси бир ерда инобатга олинмай келади ва айнан олий мансабли мулозим ва амалдорлар тўйларини ўта ҳашамат ва дабдабалар билан ўтказиб, президентнинг фармонини бир пулга олмайди. Бошқалар эса улардан қолишмасликка ҳаракат қилиб, кўпинча ночор аҳволга тушиб қолади.

”Фарғона” ахборот агентлиги