23:11 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Прагада мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг иккинчи қурултойи бўлиб ўтди

03.07.2012 13:14 msk

Фарғона

Прагада шу йилнинг 29 июнь куни бошланган Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг иккинчи қурултойи биринчи июль куни ўз ишини тугатди. Қурултойда ЎХҲ фаолияти ва истиқболлари муҳокама этилди.

Ҳаракат матбуот хизматининг маълум қилишича, қурултойнинг биринчи куни ЎХҲ Муассислар мажлисининг раиси Муҳаммад Солиҳнинг ҳисобот нутқи тингланди, у Ҳаракат 2011 йилда эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди.

“Узоқ йиллик иқтидори даврида Каримов ўзини нодон ҳукмдор эканлигини кўрсатиб, мамлакатни сиёсий ва иқтисодий инқирозга олиб келди”, – дейди Муҳаммад Солиҳ. Унга кўра, ЎХҲ мамлакат аҳолисини сиёсий эркинликлар ва президент Каримовнинг истеъфосини сўраб, Тошкент ва бошқа шаҳарлар кўчаларига сафарбар эта олишга қодир. “Мустабидларнинг замони ўтди, бугунги кунда уларга жой йўқ”.

Ўтган йили “Чўлпон” ёшлар ҳаракати, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Абдулло Тожибой ўғли бошқараётган “Эркин сайловлар учун” нодавлат ташкилоти, Ҳайитбой Ёқубов бошқараётган “Нажот” ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти Ҳаракатга қўшилдилар.

Ҳаракат ғояларини тарғибот қилиш учун қатор медиа-ресурслар яратилди: “Туркистон” интернет радиоси, “Эркин Юрт” ҳафталик газетасига 77 минг киши обуна бўлди.

Қурултойнинг биринчи куни ЎХҲ Низоми ва Дастурига ўзгартиришлар киритилди, ҳаракат филиалларига раҳбарлар тайинланди. “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ Муассислар кенгашига қайта раис этиб сайланди.

Қурултойнинг иккинчи куни матбуот анжуманидан бошланди, унда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг, жумладан, ВВС, “Америка Овози”, “Озодлик” вакиллари ва бошқалар иштирок этдилар. Матбуот анжумани “Озодлик” радиоси сайтида онлайн-режимида трансляция қилинди. Қурултой раҳбарлари ва делегатлари журналистлар ва томошабинлар саволларига жавоб бердилар.

“Матбуот анжумани жонли ва демократик кайфиятда ўтди”, - дея қайд этади ЎХҲ матбуот хизмати, - унда турли, жумладан, замонавий дунёда ислом ва демократиянинг бир-бирига мослигидан тортиб то қурултойнинг молиявий манбалари ҳақидаги саволлар берилди. Муҳаммад Солиҳ ЎХҲ ҳеч қайси давлат томонидан молиялаштирилмаётгани, мутлақо ўз ресурсларига таянаётганини таъкидлаб ўтди”.

Куннинг иккинчи ярмида қурултой делегатлари ва меҳмонлари: Россия Ислом Қўмитаси раиси Ҳайдар Жамол, америкалик профессор Питер Синнотт, туркиялик журналист ва ёзувчи Фаруқ Кўсе, ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолидин Раббимов, мустақил журналист Исмат Хушев ва бошқалар сўзга чиқдилар.


Прага қурултойи

Кун охирида қурултой резолюцияси қабул қилинди, унда ЎХҲ фаолиятининг асосий устиворликлари белгилаб олинди:

- тарғибот воситаларида янги, эффектив услубларни кенгроқ қўллаш;

- ЎХҲ ни Ўзбекистон халқига танитиш ҳаракатини янада кенгайтириш.

- талабалар ва армиядаги аскар ёшлар ўртасида ташвиқотни ошириш;

- хориждаги мухолифат лидерларининг оқланиб, ватанга қайтишлари учун ҳуқуқий замин яратиш йўлида режали иш бошлаш. Бу ишга халқаро ҳуқуқ ташкилотларини жалб қилиш, адвокатларни даъват этиш. Бу билан ЎХҲнинг Ўзбекистонда қонунан тан олинишига, легализациясига замин яратиш;

- Ўзбекистондаги сиёсий ва ижтимоий аҳволнинг реал манзарасини муҳокама қилиш учун мутараққий давлатлар билан маслаҳат савиясида алоқалар ўрнатиш. Ўзбекистондаги аҳволдан дунё давлатларини мунтазам хабардор қилиб туришни устун савияда ташкил қилиш;

- ЎХҲ Ўзбекистондаги мавжуд режимнинг дафъатан йиқилишига ва ҳатто бунинг оқибатида келиб чиқадиган катта хаос эҳтимолига ҳам тайёр туриш. Бу эҳтимол устида ишлайдиган ва уни таҳлил киладиган тадқиқот ва таҳлил бўлимини очиш.

“Биз ниҳоий ғалабамиздан аминмиз, чунки бизнинг йўлимиз чиндан ҳам эзгу мақсадларга йўғрилган Ҳақ йўлдир, мақсадимиз олижаноб – халқимизни зулмдан озод этишдир”, - деди Муҳаммад Солиҳ хулоса нутқида.


Прага қурултойи

ЎХҲ Биринчи қурултойи ўтган йили май ойида Берлинда бўлиб ўтган. Ўша кунлари ўзбек мухолифати аъзолари ҳамда АҚШ, Канада, Австралия ва Европадаги диссидентлар “Ўзбекистонда аксилдемократик режимни ағдариш мақсадида фуқаровий бўйсунмаслик акцияларини” ташкил этиш тўғрисидаги режаларини эълон қилдилар.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати (ЎХҲ) “13 май иттифоқи” платформасида таъсис этилган бўлиб, Ўзбекистоннинг қатор жамоатчилик ташкилотлари ва фуқароларини ўз таркибига бирлаштирган. ЎХҲ муассислари аввалига Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий режим ўзини ислоҳот қила олиш имкониятларини ниҳоясига етказган, уни фақат тинч йўл билан, қон тўкмай аламштириш керак, деб келгандилар. Бироқ Муҳаммад Солиҳ сўнгги пайтларда иқтидордаги режимга қарши қуролли кураш эҳтимоли мавжуд, дея билдира бошлади.

Муҳамад Солиҳ: 2005 йил Андижонда ўққа тутилган мингларча тинч намойишчининг ўлимини ТВда томоша қилган Лондон шаҳар мэри ҳаяжонланиб, “Каримов режимига ўхшаган режимларга қарши факат қурол билан курашиш лозим”, деганида Ғарб либераллари теран бир сукутга чўккан эди. Бу “зўравонга қарши нозўравон йўл билан курашиш” сафсатасига урилган илк очиқ зарба бўлди. Аммо бу зарбанинг залворини кўплар ҳис этмади, диктаторлар эса умуман писанд қилмади. Кучли ва қақшатқич зарбани “Араб баҳори” берди. Ва бу зарба дунё золимларига қарши қуролли мужодалани бир онда машруъ қилди.
Ўзбекистон Xалқ Ҳаракатининг асосий мақсади – Ўзбекистон Жумҳуриятида эркин ва очиқ фуқаровий ҳуқуқий жамият барпо этилиши учун курашишдир. Бу кураш йўлида Ҳаракат ўзини барча аъзоларининг интеллектуал куч-қудратлари, заковатлари, билимларини мамлакат фуқароларининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳақ ва ҳуқуқларини тўлиқ таъминланишига замин яратиш учун сафарбар қилади. Бу йўлда тўла-тўкис ғалабага эришиш учун Ҳаракат ўз аъзоларининг фаолиятини бир нуқтага қаратилган кучларнинг мужассамлаштириш каби усулларни қўллайди ва улар ёрдамида фуқаролик жамияти учун зарур бўлган барча қонунлар мажмуасини яратилишига асосий эътиборини қаратади.

ЎХҲ лидери, мухолифатдаги “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) 1991 йилги президент сайловларида Ўзбекистоннинг ҳозирги президентига ягона рақиб бўлган. 1993 йилда унга қарши жиноят иши қўзғатилгани боис Ўзбекистонни тарк этган. Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу жиноят иши ўзбек расмийлари томонидан сохталаштирилган эди.

2000 йилда Ўзбекистон Олий суди Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз” ва “Ўзбекистон Президентига тажовуз” моддалари бўйича айбдор деб топган ҳамда сиртдан ўн беш ярим йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, 1999 йил 16 февраль кунги Тошкентдаги портлашларни айнан Муҳаммад Солиҳ ташкил этган. Ўша теракт натижасида 16 киши ҳалок бўлган ва 120 киши яраланган. Тергов хулосасига кўра, қувғиндаги мухолифатчи Ўзбекистон Исломий ҳаракати жанггарилари билан 1999-2000 йилларда жанггари гуруҳларнинг Тожикистондан Ўзбекистонга ўтиб террорчилик актларини амалга ошириш ишларини ташкил этган.

2001 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг талабига биноан Муҳаммад Солиҳ Прага аэропортида ҳибсга олиниб, шу шаҳардаги Панкрац қамоқхонасига жойлаштирилганди. Қизиғи шундаки, таниқли чех мухолифатчиси, кейинчалик Чехия президенти лавозимида ишлаган Вацлав Ҳавел ҳам бир пайтлар айнан шу қамоқхонада ўтириб чиққанди. Ўзбекистон ҳукумати расмий Прагадан Муҳаммад Солиҳни Тошкентга экстрадиция қилишни сўраганди. Бироқ кейинчалик кучли халқаро босим натижасида Муҳаммда Солиҳ қамоқдан озод қилинди ва Прагадаги Президент саройида расман қабул қилинди. Муҳаммад Солиҳнинг, гўёки, айбдорлиги ҳақида Ўзбекистон ҳукумати тақдим қилган барча хужжатлар Прага суди томонидан асоссиз ва сохта деб топилди.

”Фарғона” ахборот агентлиги



 

Реклама