22:37 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Россия паспорти ўшлик ўзбекларни таъқиблардан асрай олмаяпти

21.06.2012 18:23 msk

Д.Кислов

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув райони суди 2012 йил 18 июнь куни ака-ука Собировларни ҳибсга олишга санкция берди. Оға-иниларнинг бири энди 16 ёшга кирган. Икки кун олдин улар ўз оёқлари билан район ички ишлар бўлимига гувоҳлик кўрсатмалари бериш учун келгандилар, кутилмаганда ака-ука ҳибсга олинди. Ишни олиб бораётган терговчи ака-укани зудлик билан қамоққа олишни афзал кўрди, кўринишидан бунга жиддий сабаби бўлса керак. “Фарғона” қўлидаги маълумотга кўра, Россия фуқаралори бўлмиш икки ёш йигитнинг ҳибсга олинишига асосий сабаб - уларнинг миллати ўзбек бўлганида.

Энди бўлиб ўтган воқеани бир бошдан ҳикоя қилиб берамиз. Йигирмага кирган Иброҳимжон ва 16 ёшли Абдулатип Собировлар 2010 йил оммавий тартибсизликларда иштирок этишда айбланаяптилар. Ҳолбуки, улар фожиа содир бўлган кунларда Ўзбекистонда бўлганмиз, кейин бўлса Россияда кетганмиз, дея таъкидлаяптилар. Россия фуқаролигини олган ака-укалар уч ой олдин уйларига қайтгандилар.

ҚАЙТМАГАН ЯХШИМИ?

Қонли фожидан кейин ой ёки йиллар ўтиб Ўшга қайтаётган кўпчилик ўзбеклар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқиб этилаётгани ҳақида кўпчилик кузатувчиларимиз маълум қилиб келади. Маҳаллий милиция амалда мамлакат жанубида ҳукм сураётган миллатчилик кайфиятига асир бўлган ҳолатда иш юритмоқда. Ички ишлар органлари қонли қирғиннинг чинакам айбдорларини жавобгарликка тортишдан ожиз, шунинг учун ҳам айбни осонгина ўзбекларга ағдаришга уриниб келаяпти.

“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳисоботи” дея аталувчи ўта нуфузли давлат ҳужжатидаги маълумотларга кўра, Ўшдаги қонли қирғин амалга оширилган кунлардан шу чоққача жиноий жавобгарликка тортилганларнинг учдан икки қисмини айнан ўзбеклар ташкил этади. Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг фикри бунданда узил-кесил: уларга кўра, ўзбекларни ўлдиргани учун маҳкум этилган қирғизларнинг сони битта-иккита, холос. Боз устига, кейинчалик уларга чиқарилган ҳукмлар юқори инстанция судлари томонидан бекор қилинмоқда.

Amnesty International Халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг яқинда чоп этилган “Қирғизистон: Амалга ошмаган бурчлар” ҳисоботида шундай деб ёзган: “2012 йил май ойида Жалолобод вилоят суди июнь ойида оммавий тартибсизликлар чоғида икки ўзбекни ўлдирган тўрт қирғизга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилди. 2010 йил ноябрда уларнинг иккитаси 25 ва 20 йилга озодликдан маҳрум этилгандилар. Уларнинг иккиси ҳам тергов давомида қийноққа солингани ҳақида даъво қилиб келган. Қолган иккиси уч йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Апелляция суди биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиб, ишни қўшимча терговга қайтариб юборди ҳамда айбланувчиларни қамоқдан чиқариб, уй қамоғига ҳукм қилди. 2012 йил май ойида айбланувчилардан учтаси оқланди, биринчи инстанция суди томонидан 25 йилга озодликдан маҳрум этилгани эса шартли жазога тортилди. Бу июнь ойида содир бўлга оммавий тартибсизликлар давомида ўзбекларни ўлдиргани учун қирғизларга чиқарилган ҳамда маълум бўлган ҳукмларнинг биринчиси ва ягонасидир”.

Судларнинг миллат аломати бўйича нақадар “адолатли” ҳукм чиқараётганига Россия фуқароси, миллати ўзбек бўлган Усмонжон Холмирзаевнинг ўлдирилиши тўғрисидаги жиноят иши ёрқин далил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Холмирзаевни қийноққа солгани тахмин қилинаётган ҳамда айни пайтда Қирғизистон Жиноят кодексининг жуда оғир саналган моддалари (“жабрланувчининг ўлимига олиб келган оғир тан жароҳатларини қасддан етказиш”, “ўз манфаати йўлида мансабини суистеъмол қилиш”, “жиноятни яшириш”) бўйича айбланаётган тўрт нафар милиция ходимлари яқинда судгача озодликка чиқарилдилар.

Милиционерлар учун адолатли жазодан яшириниш учун барча қулай шароитлар яратиб берилгандек бўлди. Бордию, сиз оддий фуқаро бўлсангиз, боз устига, миллатингиз ўзбек (ёки бошқа миллий озчиликка мансуб) бўлса, сизни кичкина баҳона билан катта жавобгарликка тортишлари мумкин ва судгача сиз албатта тергов изоляторида ўтирасиз.

ОҒИР ИШ БЎЙИЧА ЕНГИЛ АЙБЛОВ

“Фарғона” агентлигига етиб келган маълумотга кўра, куни-кеча ҳибсга олинган ака-ука Собировлар Ўш вилояти болалар касалхонаси паталоганатомия бўлимининг мудири, миллати қирғиз, вояга етмаган беш боланинг отаси Қасим Жусупақматовни ўлдиришда айбланаяптилар.

Ушбу айбловнинг қўйилиши талай саволларнинг туғилишига сабаб бўлди. Гап шундаки, Жусупақматовни ўлдириш иши бўйича ЭЛТР телевидениеси оператори, ўшлик Ўктамжон Сулайманов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2010 йил 2 декабрь куни Ўш шаҳар суди томонидан чиқарлган ҳукм Ўш вилояти суди ва Қирғиз Республикаси Олий суди томонидан ўз кучида қолдирилган.

Тергов фаразига кўра, Қасим Жусупақматов 2010 йил 16 июнь куни ўғирланган ва ўлдирилган. Унинг жасадини кейинроқ Ўзбекистон ҳудудидаги суғориш каналидан топилган. Айбланувчи Сулаймановнинг адвокати ва қариндошларига кўра, Жусупақматов мединститут талабалари билан бирга маст ҳолда вилоят болалар касалхонаси ёнида яшайдиган ўзбекларнинг уйлари эшигини тақиллатиб, ўзбекларга қарата ҳақоратомуз ва миллатчилик кайфиятдаги сўзларни қичқириб юрган. Жусупақматовнинг ҳаракатидан ўзбеклар ваҳимага тушиб кетишган, аҳоли навбатдаги қирғин бошланди деб ўйлаган. Ўша пайтда Сулайманов уйидан чиқиб ов милтиғидан Жусупақматов томонга ўқ узган.

Айни пайтда Жусупақматовга қаҳрамон сифатида ҳайкал ўрнатилган, аммо унинг ўлими тафсилоти ҳануз ноаниқ қолаяпти. Тергов болалар касалхонаси врачи ишдан қайтаётган пайтда номаълум кишилар томонидан ўғирланганини аниқлаган. Бироқ республика соғлиқни сақлаш вазири Қасимбек Мамбетовнинг билдиришича, Қасим Жусупақматов медицина ёрдами кўрсатиш учун ўз ихтиёри билан ўзбеклар маҳалласига борган.

Республика Бош прокурори Аида Салянова жорий йилнинг апрель ойида Қирғизистон парламенти депутатлари олдида сўзга чиқа туриб, “июнь воқеалари” бўйича қирқтача жиноят иши юзлаб гумонланувчиларнинг яширинган жойи номаълум қолаётгани, уч мингта иш эса гумонланувчиларнинг умуман йўқлиги боис тўхтатиб қўйилганини маълум қилди. “Гумонланувчилар” бирданига пайдо бўлаётган ишлар нима қилинаяпти? Айни пайтда мамлакат жанубида судлари ўтаётган ишлар билан нима қилиш керак?.. “Фарғона” мухбири “Салянованинг бу сўзларини қандай тушуниш керак?” дея аниқлик киритмоқчи бўлди, аммо Қирғизистон бош прокуратураси матбуот хизматининг ходими Жирғал Қурманбеков журналистларнинг сўровларига жавоб беришга “вақт топа олмаяпман”, дея баҳона қилди.

Ўлик болаларнинг жасадини ёрувчи врачни ўлдиришда айбланган Сулаймановнинг онаси ўзининг мамлакат президенти, бош вазири ва бошқа расмий мулозимлар ва ташкилотларга ёзган очиқ мактубида шундай деган: “Барча оммавий ахборот воситалари бу ишга керакли тус бериш ва жамоатчилик диққатини тортиш мақсадида ўзбеклар врачни касалхонадан ўғирладилар ва ўлдирдилар дея гапирдилар. Бу гапни шу касалхонанинг раҳбарлари ҳам ўз аризаларида гўё “врачни иш жойидан ўғирлаб кетдилар” деб ёздилар. Ҳолбуки, улар судда унинг ўзи ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмай ўзбекларнинг олдига кетганини тасдиқладилар. Ҳеч ким ҳақиқатни, аслида нималар содир бўлганини билишни истамади. Хўш,врачни ўғирладиларми ёки унинг ўзи ўзбеклар олдига ғаразли ният билан келдими? У чиндан ҳам оқ халат кийган врачмиди ёки ишхонасидан оддий одамлар кийимида чиққан ҳамда ўз яқинлари учун ўч олишни ният қилган маст босқинчими? На тергов давомида ва на суд мажлисида Жусупақматовнинг ўғирлангани, унинг оқ халатда бўлгани исботланмади. Ўғлимни одам ўғирлашдан оқладилар, жабрланган киши оқ халат киймаганини аниқладилар. Аммо ўғлимни қайтармай умрбод қамоққа ҳукм қилдилар. Бу каби ишлар жабрланувчиларнинг яқинлари ва қариндошлари ҳаддидан ошиб кетаётганларини кўрсатмаяптими? Қанчадан-қанча яқинларим ва танишларимни ўз уйларида тириклайин ёқиб юбордилар, ўз уйлари ёнида БТРлардан отиб ўлдирдилар... Ҳеч ким шу чоққача бу ишларни ким қилганини топгани йўқ. Айтингчи, адолат қаерда? Кимни деб мотам тутай, уларни дебми ёки ўғлимни? Мен онаман, ўғлимни қанча яхши кўрмай, унинг ҳаракатларини, яъни милтиқдан ўқ узганини қоралайман. Аммо мен она сифатида у ҳеч кимни ўлдиришни истамаганини, бу ишни фақат ҳаётига, оиласига, мулкига таҳдид қилаётган одамларнинг ҳаракатларини тўхтатиш учун қилганини тушунаман. Чунки бундан аввал бўлиб ўтган фожиали воқеалар бу ишларга шоҳид эди...”

АДОЛАТ ТАНТАНА ҚОЗОНАДИМИ?

“Фарғона” экспертларига кўра, айни пайтда Қирғизистонда шундай вазият юзага келганнки, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг назарига тушиб қолган республиканинг ҳар қандай фуқароси “гумонланувчи”га айланиб қолиши мумкин

“Икки йил ичида бу соҳада ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, - дейди исми ошкор бўлишини истамаган ўшлик жамоатчилик фаоли. – Роза Ўтунбаева (Қирғизистоннинг собиқ президенти) ўз вақтида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлариннинг пўстагини қоқиб қўйиш учун Ўшга икки марта келиб кетган. Милицтонерлар Ўш аэропортида Москвага кетаётган ўзбекларнинг охирги пулларини олиб қўяётганини таъна қилган. Аммо шунга қарамай, милиция ходимларининг зўравонлиги давом этиб келаяпти. Энди қайтаётган ўзбекларни ҳам тўнаш бошланди, улардан жуда катта пора талаб қилаяптилар, июнь урушида қатнашгани учун жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилаяптилар...”

“Фарғона” агентлигига келиб тушаётган маълумотларга кўра, тергов органлари барча “қайтувчи”ларни назорат остига олиб, уларни қамаяпти ва натижада жиноятларни фош этиш бўйича “режалар”ни бажараяпти ёки уларга оғир айблов қўйиш билан таҳдид қилиб, беҳаёларча пулларини олиб қўйишаяпти.

Яна бир бор шуни қайд этиб ўтмоқчиман: ака-ука Собировлар Қирғизистонга ўз ихтиёрлари билан қайтиб, милицияга суҳбатлашгани хотиржам келишган. Бугун оғир жиноятларга алоқадорлиги аниқ бўлмаган бу икки ёш йигитни Қирғизистондаги энг ёмон тергов изолятори бўлган Қорасув район ИИБ қамоқхонасида (ИвС) сақлашаяпти.

Уларни қанча вақт давомида ҳибс этишлари номаълум. Фақат бир нарса очиқ-ойдин – СИЗОда ўтиришнинг ўзи қийноққа тенг ва юқорида зикр этилган айбланувчи милиционерлар бундай қийноқлардан озод этилган.

Умуман олганда, гап миллий озчиликнинг ҳуқуқини поймол этишда эмас, балки қонун ижроси ва адолат ҳақида. Ишонаверинг, мен ўзбекларни улар фақат ўзбек бўлганлари учун ҳимоя қилмоқчи эмасман. Агар уларни ўзбеклиги учун қийноққа солишмаса ёки қамашмаса, албатта.

Собировлар ишининг ривожи ҳозирги қирғиз адолатли судлови учун бамисоли “лакмус қоғози”га менгзайди, шунинг учун ҳам биз бу иш бўйича терговнинг бориши ортидан кузатамиз ва ўқувчиларимизга сўзлаб борамиз.

“Фарғона” ахборот агентлиги, шунингдек, Россиянинг Бишкекдаги элчихонасига ва Россия Федерациясининг Ўшдаги Бош консулхонасига мурожаат қилиб, Россия фуқаролари бўлган ака-ука Собировларнинг тақдирига эътибор қаратишни ҳамда уларга зарур бўлган консуллик ва ҳуқуқий ёрдамини кўрсатишни сўраб қолади.

Даниил Кислов

”Фарғона” ахборот агентлиги