16:18 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Июнь фожиасининг икки йиллиги. Сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилар ва сиёсатшунослар Қирғизистонда шу давр мобайнида нималар ўзгаргани ҳақида фикр юритмоқдалар

14.06.2012 12:30 msk

Екатерина Иващенко

Бундан икки йил муқаддам Қирғизистонда фожиали июнь воқеалари бўлиб ўтган. Маҳаллий аҳоли миллатлараро тўқнашувни ҳозир “уруш” деб эслайди. Шу вақт мобайнида мамлакатда анча ўзгришлар содир бўлди. “Фарғона” агентлиги икки йил давомида мамлакат жанубида амалга оширилган барча иш ва воқеалар: қайта тиклаш ишлари-ю, жануб аҳолисига кўрсатилган ёрдам, суд процесслари ҳамда милиционерларнинг бошбошдоқлиги, тобора авж олиб бораётган миллатчилик ҳамда расмийларнинг ҳамда титул миллати саналган қирғизларнинг ўзбекларга нисбатан муносабати ўзгариб бораётгани ҳақида ёзиб келган. Бугун эса “Фарғона” ахборот агентлигининг “мамлакатда икки йил ичида нималар ўзгарди?” деган саволига сиёсатчилар, сиёсатшунослар ва ҳуқуқ ҳимоячилар жавоб бераяптилар.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил июнь ойида содир бўлган қонли тўқнашувлар давомида 500 киши ҳалок бўлган, норасмий маълумотларга кўра, – икки мингдан зиёд иносоннинг ёстиғи қуриган. Расмий маълумотга кўра, фожиали воқеалар давомида мамлакат жанубида 3746 та кўчмас мулк объектлари йўқ қилинган, уларнинг аксарияти ўзбекларга тегишли. Қўзғатилган 5 мингдан зиёд жиноят ишларининг 79 фоизида ўзбекларга қарши айблов қўйилган. Жиноий жавобгарликка тортилган 545 кишидан тўрт юзтаси ўзбек (73,3%) ва 133 таси қирғиз (24,4%)

Хизмат сафари боис жанубга тез-тез бориб тураман, бундан ташқари, у ерда яшайдиган танишларим жуда кўп. Шунинг учун ишонч билан айта оламанки, икки йил мобайнида жанубда вазият анча ўзгарган.

Расмийлар фарази бўйича ўзгаришлар ижобий, - албатта бунга Этник келишув концепциясининг яратилиши кўмак берган (бу концепциянинг ҳаётга қандай татбиқ этилгани ҳақида “Фарғона” бу ерда ёзган)

Амалда эса, июнь воқеалари ортидан Ўзбекистонда чоп этилган дарсликлар мактаблардан олиб йўқ қилинди, мамлакатда ягона Ўзбек-қирғиз университетининг номи ўзгартирилди, ўзбек миллати вакилларига нисбатан милиционерларнинг бошбошдоқлиги, қийноқлар ҳамда адолатсиз суд ҳукмлари мисли кўрилмаган даражага етди, фуқаролар ёппасига мамлакатни тарк эта бошладилар, ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари тугатилди. Ўша машъум воқеалардан сўнг икки йил ўтиб ўзбеклар қоронғи тушганида ўзлари яшаётган шаҳарда кўчага чиқишдан қўрқиб қолдилар.

Мамлакат жанубида вазият ҳамон таранг қолмоқда ва бунга сўнгги икки воқеа ҳам далил бўлади: 5 март куни Ўш шаҳар кенгашига ўтадиган сайловларга бағишланган ҳамда 1 март куни бўлиб ўтган мухолифатнинг митингида ўзбекларга қайси партияга овоз бериш кераклиги ҳақида “кўрсатма” берилди, сайлов куни эса ўзбекларни сайлов участкаларига киришларига куч ишлатиб йўл қўйилмади.

“Фарғона” ахборот агентлиги сиёсатчиларга, сиёсатшуносларга ва ҳуқуқ ҳимоячиларга “Мамлакат жанубида июнь воқеаларидан сўнг нималар ўзгарди?” деган савол билан мурожаат қилди.

Азиза Абдирасулова: “Ўзбекларнинг ҳуқуқлари камайди”

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячи, “Қилим Шами” нодавлат ташкилотининг раҳбари Азиза Абдирасуловангинг айтишича, “2010 йил фожиасидан сўнг расмийлар ўзбекларнинг ҳуқуқларини чеклаш учун дастакланган асос топиб олди. Ўшанда турли комиссияларнинг хулосалари ўзбекларнинг июнь воқеаларига қадар фойдаланиб келган ҳуқуқларни камайтиришга асос берди”.

“Балки менинг сўзларимни тушуниш қийиндир. Тушунтириш учун мисоллар келтираман. 2010 йил июнгача кадрлар сиёсати қандай эди? Қирғизистон жанубида милициянинг 11-17 фоизи ўзбеклар эди, бугун 2-3 фоиз қолди. Илгари ўзбек тилида радио бўлган, телевидение кўрсатган, газеталар чоп этилган. Ҳозир эса бирорта ўзбекча ОАВ қолмади. Ўзбек мактабларини қирғизчага аайлантираяптилар. Шахсан ўзим ўзбек мактабларда бирорта ҳам ўзбек тилида ёзилган услубий қўлланма ёки вивескани кўрмадим”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи.

“31 май куни ўзбек маҳаллаларида рейд ўтказиб, ўзбек йигитларини ушлаб военкоматларга олиб кетдилар. Уларга ҳатто чақирув қоғозлари ҳам берилмаган, ҳолбуки ушланган болалар орасида талабалар ҳам бор эди, - дейди Абдирасулова. – Мен бу мавзуни кўтарганимда, мендан “Нима, ўзбеклар армияда хизмат қилмаслиги керакми?” дея тергай бошладилар. Армияда ҳамма хизмат қилиши кераклигини ҳеч ким инокр этмаяпти. Ахир, уларни қонун-қоидага амал қилган ҳолда чақирса бўлмайдими? Нега энди ўзбекларни тунда кўчаларда, уйларда қувлаб ушлаб военкоматга жўнатишади? Кимга керак бўлиб қолди бу?

Ҳамма ўзбеклар биринчи бўлиб ҳужум бошладилар, ўзбек тилига расмий мақом олишни, автоном бўлишни истагандилар, мана энди олишсин деяпти. Қаранг, давлат 2010 йил воқеаларга ҳуқуқий баҳо бермай фақат сиёсий баҳо бериш билан чекланиб қолаяпти. Ва бу сиёсий баҳо жанубда бугун ўзбекларга бўлган муносабатни оқлаш учун хизмат қилаяпти. Нафақат оддий фуқаролар, балки маълум бир мансаб ва лавозимларни эгаллаган одамлар ҳам давлат ўзбекларга нисбатан тўғри сиёсат юргизаяпти, дея ишончи комил”, - дея аччиқланади Абдирасулова.

“Июнь воқеаларидан сўнг нималар ўзгарди?” деган саволингиз жуда мураккаб, бунга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. “Миллатчилик” дейми? Ёки “радикал ватанпарварлик?” Бу сўзлар ҳам тўғри келмаяпти. Қасддан ёки билмай туриб бўлиб ўтган воқеаларга ҳуқуқий баҳо берилгани йўқ. Барча миллий, парламент, халқаро комиссиялар давлатнинг адолатли бўлишига ҳалақит бераяпти. Нисбатан анча адолатли хулоса чиқарган халқаро комиссия ҳам расмийларга: “Содир бўлган воқеага ҳуқуқий баҳо беринг, ўшандан келиб чиққан ҳолда биз сиёсий баҳо берамиз”, дея билдириши керак эди. Ҳақиқий айбдорларни аниқлаш бўйича на Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, на Бош прокуратура, на ИИВ бирор иш қилгани йўқ. Биз уларга минглаб муайан фактлар, материалларни тақдим этамиз, аммо улар ҳеч қандай текширув ўтказмайдилар. Бунинг сабаби эса оддий - улар бу ишдан манфаатдор эмаслар”, - дейди Абдирасулова.

Азимбек Бекназаров: “Қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги муносабат яхшиланаяпти”

Муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси Азимбек Бекназаров эса бунга қарама-қарши фикр билдирди. Унга кўра, “ўшанда сепаратистларга қаттиқ зарба берилган”. “Бугун ҳеч ким очиқасига сепаратистик фаолият юргизмаяпти, миллатчилик руҳида сафсата сотмаяпти, ўз ҳуқуқлари борасидаги “қуруқ” гаплар ҳам камайиб қолди. Нафақат давлат, балки халқнинг ўзи, қирғизлар ва бошқа миллат вакиллари барқарор Қирғизистонда тинч-тотув яшаш керак деган хулосага келдилар”.

“Сепаратистик кайфияятдаги сиёсатчиларга камроқ ишона бошладилар. Шу тарафдан яхшиланиш бор. Агар бирор кимса сепаратистик фаолиятни давом этмоқчи бўлса, бу иш билан Москвада ёки бошқа давлатларда шуғулланадилар”, - деди сиёсатчи.

Бекназаровга кўра, аҳвол ҳечам ёмонлашгани йўқ: “Биз босқичма-босқич, илгари силжияпмиз. Миллатлараро муносабатлар яхшиланаяпти, ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида ишонч пайдо бўлаяпти... Ҳа, мен жанубга тез-тез бориб тураман, шаҳар тикланаяпти, одамлар квартира олишаяпти. Албатта ҳаммага бирданига квартира бера олмаймиз, ахир Қирғизистон бунақа бой давлат эмас...”

Марат Казакпаев: Президент муаммоларни ҳал қилишдан бўйин товлаяпти

Қирғизистонлик сиёсатшунос Марат Қазақпаевга кўра, жанубда қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги тафовут ўсиб бораяпти, ўзбеклар тушкун кайфиятда мамлакатни тарк этаяптилар. “Тўқнашув асоратларини йўқотиш учун икки йил оз, бунга анча вақт керак.

Эҳтимол, марказдаги ҳокимият эпчилроқ бўлганида, ишлар тезроқ юришармиди. Аммо ҳозирча жанубда фақат нодавлат ташкилотларининг ҳамда баъзи сиёсатчиларнинг уринишлари сезилаяпти, холос, - деди Қазақпаев. – Мен мамлакат президенти бутун халқнинг ишончига сазавор бўлган дея олмайман. Бунга мамлакатнинг жануб ва шимолга, сиёсатчиларнинг эса шимоллик ва жанубликларга бўлинишлари таъсир кўрсатаяпти деб ҳисоблайман. Бунга президент айбдор деб ҳисоблайман. У ўз хизматларини кўз-кўз қилишдан кўра, ўз фаолияти билан халқни бирлаштиришга ҳаракат қилиши, ички сиёсий изоляцияда бўлиши керак. Мен шундай деб ўйлайман.

Президент атайлаб муаммоларни ҳал этишдан бўйин товлаяпти. Бунга баҳона – мамлакатимиз парламент республикаси, у ҳеч нарса учун жавоб бермайди ва ҳеч нарса қилмайди. Бандай ҳолатга халқ ҳам бефарқ бўлиб қолаётгани қайғули. Ахир халқ Атамбаевни президент қилиб сайлаганидан кейин, Атамбаев халқнинг муамоларини ҳал этиши керак. Аммо Атамбаев ҳамма нарсани парламентнинг зиммасига юклаб қўйди, баъзан аввалдан тайёрлаб қўйган интервьюлар билан чиқади, Россияга ва бошқа мамлакатларга ташриф билан боради, кейин бўлса, бир зумда кўздан ғойиб бўлади. Биз президентни чет элга сафарга чиққанида кўраяпмиз, холос. Бунақада ҳокимият жанубни қўлдан чиқариб қўяди. Шунинг учун ҳам сайловчилар икки йил ўтса ҳам марказий ҳокимият қўлининг таъсирини сезмаяптилар”, - деди Қазақпаев.

Нурбек Тўқтакунов: Тўқнашувнинг барча илдизлари бутун

“Прецедент” Нодавлат ташкилотининг раҳбари Нурбек Тўқтақунов юқоридаги саволга жавоб бера туриб шундай деди: “Ўша воқеалар мамлакат ҳуқуқ-тартибот ва суд тизимидаги вазиятни таранглаштириб қўйди. 2010 йил июнь воқеалари кучишлатар тузилмаларини ҳаракатсизликка, беқарорликка ва коррупциялашувига олиб келди. Аҳоли ҳуқуқ-тартибот органларига ишонмай қўйди. Ҳудди шу нарса биз учун жуда катта таҳдид бўлиб қолаяпти. Мамлакатда исталган дақиқада реал таҳдидлар пайдо бўлиши мумкин. Ҳар қандай мамлакатда айнан ҳуқуқ-тартибот органлари ўзларининг пухта фаолияти билан бундай таҳдидларни бартараф этадилар, биз эса бунақасини орзу қиламиз, холос”.

Юристга кўра, июндан кейин бошланган суд процесслари мамллакатдаги суд тизимининг барча иллатларини юзага чиқариб, очиқ ва равшан кўрсатиб қўйди.

“Ижобий ўзгариш сифатида мен парламент сайловларини қайд этишим мумкин. Ўша сайловдан сўнг бизда соғлом сиёсий рақобатчилик туғилди. Аммо бўлиб ўтган қонли можаронинг барча илдизлари бутунлигича қолаяпти. Яширин бизнес сиёсий элитанинг чўнтагини қаппайтираётгани маълум, жанубда ҳам ўша ҳолат. Бу бизнеснинг аввалги барча оқимлари тикланди, тинч ҳаёт тикланганга ўхшаб кўринаяпти, аммо пул масаласи ортидан тўқнашувлар қайта бошланиб кетиши мумкин”, - деди адвокат.

Тўкон Мамитов: Миллатчилик даражаси ўсди, сепаратизм бутунлай тугатилмади

Жўқўрғу Кенеш депутати Тўқон Мамитов (у июнь воқеаларини текшириш бўйича депутатлик комиссия раиси бўлган) шу чоққача жанубдаги икки гуруҳ ўртасидаги ўзаро муносабат, ишонч, ҳурматни аввалги даражага кўтариб бўлмаганини тан олди.

“Бироқ мен миллатчилик даражаси кўтарилди дея олмайман. Маиший даражада миллатчилик бор, бу нарса аввал ҳам, ҳатто советлар даврида ҳам бўлган. Агар Қодиржон Ботиров бошлиқ сепаратистлар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар муваффақиятсизликка учрадилар. Аммо бу одамлар Европада ўзларига янги ҳомий топиб олиб қирғиз халқининг яхлитлигига қарши сепаратистик фаолиятларини давом эттирадилар. Шунинг учун ҳам мен сепаратизм бутунлай тугатилган дея олмайман”, - деди Тўқон Мамитов.

Марс Сариев: Жанубда ҳаёт изга тушаяпти, аммо барқарорликка ҳали анча бор

Қирғизистонлик сиёсатшунос Марс Сариев мамлакат жанубида икки йил ўтиб нисбатан барқарорлик ўрнаганини “Энг яхши хушхабар” дея ҳисоблар экан. “Қандайдир даражада ҳаёт изга тушаяпти. Албатта, жойларда бошбошдоқлилар бор, милиция ҳам ўзбошимча, аммо аввалги, июнь воқеалари давридаги каби кўламларда эмас. барқарорликкача анча борлигига қарамай, биз аста-секин ҳуқуқий ўзанга ўтиб бораяпмиз, одамлар энг асосийси тинчлик ва барқарорлик эканини тушуна бошладилар. Яхши адоватдан кўра ёмон тинчлик яхши, деганларидек”, - деди Марс Сариев.

“Барқарорлик ва миллатлараро муносабат ривожланиши бунданда тезроқ суратларга чиқса, айни муддао бўларди. Энг асосийси – бунинг учун мамлакат раҳбарлари ҳамда икки халқ шуни ирода қилаяпти. 30 май куни Бишкекда халқаро кўча театрлари фестивали ниҳоясига етди. Унда ўзбеклар жуда яхши томоша кўрсатдилар. Бу миллатлараро муносабатлар соҳасида сиёсат юргизилаётгани ҳақида дарак беради”, - дея қайд этди сиёсатчи.

“Кўп масалаларни ҳал қилишда жануб қандайдир даражада марказга бўйсунмаётгани, бундан ташқари, криминал тизим ўзбеклар жамоасига босим ўтказаётганини қайд этмоқчиман. Криминал тизимлар масаласини қатъият билан, Бишкек миқёсида ҳал этмоқ лозим, чунки айнан жиноятчи гуруҳлар шу чоққача миллатлараро тарангликнинг келиб чиқишига таъсир кўрсатмоқда”, - дея хулоса қилди сиёсатшунос.

Екатерина Ивашченко тайёрлади

”Фарғона” ахборот агентлиги