11:18 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Каримов Путин билан гаплашди ва НАТО билан келишиб олди

05.06.2012 11:19 msk

Фарғона

Россия президенти Владимир Путин 2012 йил 4 июнь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди. Икки давлат раҳбарининг журналистлар олдида бўлиб ўтган суҳбатининг матни Россия президентининг расмий Kremlin.ru сайтида жойлаштирилди.

Ўзбекистон президенти кўп гапирди. Аммо унинг анчагина чалкашиб кетган нутқидан фақат икки нарсани англаса бўларди: биринчиси, у Путинни анчагина соғиниб қолган, иккинчиси эса – Афғонистондаги вазият уни жуда хавотирга солаяпти.

“Владимир Владимирович, - деди Ислом Каримов, - мен Сизнинг Ўзбекистонга расмий ташрифингизга чин кўнгилдан қувондим! Сизни Тошкент шаҳрида самимий қутлайман. Шунча йиллардан бери сизнинг Тошкентда етишмаётганингизни ҳис этганимизни яна бир бор айтмоқчиман. Анчадан бери келмадингиз. Мен Сиздан “охирги марта келганингизга неча йил бўлди?” деб сўраганимда, беш йил, деб жавоб бердингиз. Мен ҳам шундай деб ўйла ман. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондагилар Сизнинг ташрифингизга чин дилдан қувонадилар ва бу ташрифдан кўп нарсалар кутилмоқда”.

Шундан сўнг Ислом Абдуғаниевич Афғонистондаги вазият уни қаттиқ хавотирга солаётганини билдирди. Унга кўра, Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиш режаси “жуда ҳам жиддий муаммо” бўлиб қолди. Шу ерда у “Россия Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган жиддий ва долзарб масалаларни ҳал этишдан манфаатдорлиги”га умид қилаётганини айтди.

“Баъмани таҳлилчиларнинг, экспертларнинг мулоҳазалари ҳамда воқеаларнинг эҳтимолдаги ривожи борасидаги бизнинг тахминларимиз бу масалада оддий некбинлик ёки бу ишларнинг ҳаммаси ўз ҳолича кетади ёки Лиссабон ва Чикагода айтилгандек кетади дея умид қилиш, - учрашувимиздан фойдаланиб шуни айтмоқчиманки, бундай бўлмайди. Бу борада бизни жиддий ташвишга солаётган ҳолатлар бор, қўшинларни олиб чиқиш, мен тинчликўрнатар қўшинларни назарда тутаяпман ва буни инкор этиш мумкин бўлмаса керак, террористик, экстремистик фаолият, наркотрафик, уларнинг ҳажми ва кўлами биринчидан катталашади, иккинчидан эса, ўз-ўзидан террористик ва экстремистик фаолият биргина Афғонистон доирасиа қолмайди ва Афғонистондан ташқарига отилиб чиқади”, - деди И.А.Каримов.

Ўзбекистон президентига кўра, Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишдан аввал “чиқиб кетаётган қўшинларнинг ўрнини эгаллай оладиган ўша кучли армияни, бошқача қилиб айтганда Афғонистон хавфсизлик кучларини яратишга улгуриш керак”.

“Эътибор беринг, Афғонистонда хорижий қўшинларнинг энг кўп бўлган вақтида, яқиндагина 150 минг кишини ташкил этарди. Шу йилнинг охиригача ёки сентябрнинг охиригача наточиларнинг ҳисоб-китобига кўра, чет эллик аскарларнинг сони 68 минг кишига тушади. Демак, қўшиннинг ярми чиқиб кетади, деб ҳисоблаш лозим. Айтингчи, агар қўшин сони камайса, Афғонистонни тинчлантиришга қаратилган ўша операцияларни ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиш билан боғлиқ бўлган барча операцияларни молиялаштириш ҳажми камайса вазият ўзгарадими? Булар бугун ҳам камаймоқда. Вазият ортга қараб кетиши ҳам мумкин. Бу мантиққа зид. Агар бу муаммо ҳал этилмаса, уни рўйи-рост, тўла кўламда очиқланмаса, ўз ҳолича ташлаб қўйилса, муаммо кейинроқ очиқланади ва унда кеч бўлади”, - дея хулоса қилди Каримов.

Владимир Владимирович Путин ҳамкасбидан фарқли ўлароқ гапни чўзиб ўтирмади. Таклиф учун Каримовга ташаккур билдирганидан сўнг Ўзбекистон Россия учун “минтақадаги аҳамияти энг катта шерик” деб билдирди. “Ўзбекистон билан муносабатларимиз ўзига ҳос. Биз мамлакатнинг потенциал имкониятлари ҳақида жуда яхши биламиз ҳамда Ўзбекистон билан унинг салоҳиятига муносиб ҳолда ва халқларимиз ўртасидаги чуқур илдиз отган алоқаларини ҳисобга олган ҳолда муносабат барпо этамиз”, - деди Путин.

У, шунингдек, Каримовнинг Афғонистон борасидаги мулоҳазаларига тўла қўшилишини билдирди. “Бу ерда ўйлайдиган нарсалар бор, чунки бу ишларнинг ҳаммасига чегараларимиз яқинида содир бўлаяпти”, - деди у.

Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг учрашуви натижасига кўра матни матбуотда эълон қилинмаган икки ҳужжат имзоланди. Ҳужжатларнинг бири “Стратегик шериклини чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация” деб номланган, иккинчиси эса “Ўзбекистоннинг Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартномага қўшилиш бўйича истиқболдаги қўшма чора-тадбирлар тўғрисида ўзаро англашув меморандуми”.

Қайд этамиз, ўша куннинг ўзида Тошкентда, Бишкекда ва Олма-Отада анчадан бери кутилган яна бир муҳим воқеа содир бўлди. НАТО раҳбарияти 4 июнь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан Афғонистондан техника ва жиҳозларни олиб чиқиш учун ушбу мамлакатлар ҳудудидан фойдаланиш тўғрисида махсус битимни имзолади. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянсининг бош котиби Андерс Фог Расмуссеннинг ўзи билдирди.

Матбуот анжумани давомида немис тўлқини радиосининг журналисти НАТО бош котибига “альянс Марказий Осиёдаги шерикларига транзит имконияти яратиб бергани учун ҳақ тўлайдими?” дея савол берди. Бош котиб бу саволга жавоб беришдан бош тортди. Бироқ “келишувлар жалб этилган томонларни ўзаро қониқтириши табиий”, деб қўйди.

”Фарғона” ахборот агентлиги



 

Реклама