17:25 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Овчилар, тақиқланган дори ичадиган кампирлар ҳамда ноутбук кўтарган саёҳатчилар ови

29.05.2012 12:32 msk

Фарғона

Фотосуратда: Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси участкаларидан бири

Ўзбекистонда давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун тожикистонлик овчи Хамзаали Ҳидиров олти йилга озодликдан маҳрум этилди, дея хабар беради Озоди ( Озодлик радиоси тожик тили хизмати).

Ҳидиров Наманган вилояти Поп туманида жойлашган тожик эксклави саналган Ашт тумани Сарвак қишлоғида истиқомат қилади. “Фарғона” аввал ҳикоя қилгандек, 130 та оила истиқомат қилувчи ушбу анчагина ночор аҳволга тушиб қолган қишлоқ аҳолиси ўзбек чегарачиларининг доимий қатъий чекловлари остида бўлиб, ўзига ҳос геттога айланган. Қишлоқдан ташқарига чиқмоқчи бўлган маҳаллий аҳоли чегарани кесиб ўтишга қатъий тартиб ўрнатган ўзбек расмийларининг талабларига бўйсунушга мажбур.

Сарваклик Идрокжон Зоҳиржоновга кўра, ўзбек чегарачилари Тожикистон чегарасини кесиб ўтишга фақат белгиланган кунда ва фақат Сарвак қишлоғи аҳолисига рухсат берганлар. Шу кунларда ўзбек чегарачилари тожик фуқароларга нималарнидир сотиб олишга, қариндошларини зиёрат қилишга ёки касалхонага бориб келишга гўё имкон яратиб берадилар. Шу билан бирга, кириш ва чиқиш Сарвак қишлоғини ўз таркибига олган Пунук қишлоғи маъмурияти томонидан тузилган рўйхатига кирган фуқароларга берилади, холос. Қизиғи шундаки, чегарани у ёки бу томонига ўтмоқчи бўлган одам ўзбек чегарачиларининг рўйхат дафтарида ортга қайтадиган вақтни кўрсатишлари лозим. Кўрсатилган вақтда қайтмаган киши застава бошлиғи номига тушунтириш хати ёзиб беришга мажбур қилинади.

Тожикистон оммавий ахборот воситалари (ОАВ) маълумотига кўра, 1951 йилгача Сарвак Тожикистон ССРнинг асосий ҳудуди ичида бўлган ва кунлардан бир куни Ўзбекистон ССР расмийлари қўшни республикадан ўзбек подачиларига йўлак ажратиб беришни сўраганлар. Душанбе Москванинг ижозати билан ушбу илтимосни қондирган, аммо шу билан сарвакликлар 1995 йилгача эксклавда яшаётганларини ҳис этмаганлар. Кейинроқ ўзбек чегарачилари қишлоқнинг икки томонига ўз постларини жойлаштирдилар, 1999 йилда эса ўз чегарада пиёдаларга қарши миналарни жойлаштирдилар. Қишлоқ аҳолиси қуршов ичида, изоляцияланиб қолди. 1999-2005 йилгача саккиз нафар сарваклик ўзбек миналарида портлаб ҳалок бўлди, яна олтитаси оғир яралардан ногирон бўлиб қолдилар.

Хамзали Ҳидиров – баъзида Ўзбекистонда истиқомат қиладиган дўсти билан овга чиқиб туради. “Азаттык” ( Озодлик радиоси қирғиз тили хизмати) маълумотига кўра, 2011 йил 23 декабрь куни у навбатдаги овдан уйига қайтиб келган. Тез орада унинг ортидан ўзбек чегарачилари ва зобитларидан иборат гуруҳ етиб келди ҳамда уйида тинтув ўтказиб, тахмин қилинишича, Ҳидировнинг дўстига қарашли ов милтиғини мусодара қилдилар ва Хамзаалини ўзлари билан олиб кетдилар. Шу билан бирга, чегарачилар Хамзаалини нима сабабдан қўлга олганларини ва қаерга олиб кетаётганларини қариндошларига айтмадилар. Ҳидиралиевлар оиласи анча вақтгача унинг қаердалигини билмади, Ўзбекистонга бориб суриштиришдан қўрқди.

Сўғд вилояти ИИВ бошлиғи Шариф Назаров шу йилнинг январида ўзбек расмийларига расмий сўровнома юбориб, Ҳидиров ҳодисаси тўғрисида тушунтириш беришларини ҳамда уни озод қилишларини талаб қилганини билдирганди. Аммо сўровномага жавоб олинган-олинмагани ҳақида тожик расмийлари маълумот бермадилар.

Ҳидировнинг қариндоши Иқбол Нуриддинов 28 май куни Озоди радиосига: “Наманган вилояти Поп тумани суди қўлга олинган Ҳидировнинг қариндошларига суд мажлиси бошланаётгани ҳақида телеграмма орқали маълум қилганини, шундан кейин унинг қариндошлари судга борганларини” маълум қилди. Регнум агентлиги маълумотига кўра, суд “тожик анклавида яшовчи Ҳидиров қишлоқ ўзбек чегарачилари томонидан қуршаб олинган пайтда чегарани кесиб ўтишга ҳақи йўқ эди” деган хулосага келган ҳамда судланувчини олти йилга озодликдан маҳрум этган. Нуриддиновга кўра, Хамзаалининг ўзбекистонлик дўсти Баротали ҳам қамалган. Бироқ бу одамнинг тақдири ҳақида маълумот йўқ.

Авеста хабар беришича, Ўзбекистоннинг ҳам ўз “Сарваги” бор. Бекобод шаҳрининг Казарма поселкаси Тожикистон ҳудудида жойлашган. Тожикистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари раҳбарларининг 2012 йил апрель ойида Бекободда бўлиб ўтган учрашувида давлат чегарасининг хатга тушмаган участкалари орқали фуқароларнинг алоҳида тоифасини ўтказиш бўйича процедуралар қайта кўриб чиқилди. Мазкур учрашувдан сўнг тожик ва ўзбек чегарачилари Сарваак ва Казарма қишлоқлари аҳолисига икки давлат чегарасини кесиб ўтишга рухсат бердилар. Бироқ, қандай тартиб ўрнатилгани ҳақида хабар берилмаган.

Бугун эса Қирғизистон Чегара хизмати ўзбек чегарачилари қирғизистонлик овчини қўлга олгани ҳақида маълум қилди. Ўзбекистон томони маълумотига кўра, Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон ҳудудида қўлга олинган, унинг ёнида карабин, ўқ-дори ва ўлдирилган айиқнинг териси бўлган. Айни пайтда қирғиз расмийлари бўлиб ўтган ҳодисани текширишга ва ўз фуқаросини озод этишга ҳаракат қилаяпти.

Қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда полициячилар, ҳарбийлар, чегара ва божхона хизматининг иши ҳар қачонгига қараганда анча фаоллашиб кетди. Аммо погон таққан одамларнинг тўрига коррупция наҳанглари ёки йирик бангфурушлар эмас, “майда балиқчалар”, яъни кўпинча қонунни билмаган ҳолда бузиб қўяётган оддий фуқаролар тушаяпти.

Мисол учун, 23 май куни Самарқандда россиялик пенсионер Тамара Николаевна Талашманованинг суди бўлиб ўтиши керак эди. 73 кирган бу кампирни бир қути тинчлантирувчи дори учун жиноий жавобгарликка тортмоқчи бўлдилар.

Қозоғистонлик саёҳатчи Ермек Қўсмағамбетов диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмнинг пропаганда қилишда гумонланиб Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида суд бўлишини кутиб ўтирибди. Чегарачилар унинг ноутбугида диний мазмундаги фильмлар борлигини аниқлаган эдилар...

Агар ўзбек махсус хизматлари шунчалик хушёр эканлар, унда улар нега серияли қотилларни, ёвуз террорчиларни ва чет давлатларнинг маккор айғоқчиларини ушламайдилар? Ёки ҳаммасини ушлаб бўлдилар-у, ҳисобот кўрсаткичларни яхшилаш мақсадида “майда балиқчалар”ни ушлашга ўтдиларми?..

”Фарғона” ахборот агентлиги