10:31 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда “Фенозепам” билан қўлга олинган россиялик пенсионер аёлнинг суди қолдирилди

25.05.2012 15:14 msk

Фарғона

23 май куни Самарқандда россиялик пенсионер аёл Тамара Николаевна Талашманованинг суди бўлиб ўтиши керак эди. Уни бир қути “Феназепам” – уйқу дориси учун жиноий жавобгарликка тортмоқчи бўлгандилар. Аммо Талашманованинг бахтига, уни ўз қарори билан бир неча йилга озодликдан маҳрум этиши мумкин бўлган суд сўнгги кунда бекор қилинди. Свердловск Жамоатчилик телевидениеси Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Екатеринбургдаги ваколатхонаси матбуот хизматига таянган ҳолда чоршанба куни хабар беришича, Россия расмийларининг аралашуви боис вазият ўз ечимини топган.

“Вечерние ведомости” ёзишича, Екатеринбургдаги ТИВ ваколатхонаси Россия ташқи ишлар вазирлигининг Москвадаги марказий аппаратни россиялик пенсионер аёл атрофида юзага келган вазият тўғрисида хабардор қилган. Россия дипломатик миссияси ходимлари “маҳаллий қонунчиликни билмагани боис” мураккаб вазиятга тушиб қолган россиялик пенсионер аёлнинг ҳимоясига зудлик билан отландилар. Гап шундаки, Ўзбекистон қонунчлигига кўра, ушбу препарат наркотик моддаларига тенглаштирилган – уни мамлакат ҳудудига 30 донадан ортиқ олиб кириш ва олиб чиқиш тақиқланган.

Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси ходимлари Т.Н.Талашманова ҳамда Ўзбекистон Республикасининг нуфузли органлари билан учрашиб суҳбатлашдилар, ёши улуғ аёлни ватанига иложи борича тезроқ қайтариш учун қўлидан келган барча ишларни қилдилар.

Россия элчихонаси, дея ҳикоя қилади нашр, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, қўлга олинган Россия фуқаросига нисбатан инсонпарвар муносабатда бўлишга чақирди. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига Талашмановадаги мазкур дори қонуний асосда сақланаётганини тасдиқловчи барча ҳужжатлар тақдим этилди. Бундан ташқари, элчихона ходимлари Т.Н. Талашмановага қарши қўзғатилган жиноят иши бўйича суд мажлисида иштирок этиш истагини билдирдилар. Шу вақтнинг ўзида элчихонанинг консуллик бўлими ходими Талашмановага зарур ёрдам кўрсатиш учун Самарқандга йўл олди.

“Россия Ташқи ишлар вазирлиги кўплаб ходимларининг, авваламбор Тошкентдаги элчихонамизнинг фаол ҳаракати самараси ўлароқ, ижобий натижага эришилди, - дея ёзади Екатеринбург газетаси. – 23 май куни эрталаб Т.Н.Талашманова элчихона ходимлари билан телефонда сўзлашиб, 22 май куни кечқурун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари унга паспортни қайтариб берганларини, суд мажлиси бекор қилинганини, унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тўхтатилганини маълум қилди. Айни пайтда аёл Самарқандда профилактик даволаниш курсини ўтаяпти, 25 май куни у Самарқанд-Екатеринбург авиарейси билан Кольцово аэропортига келади. Шундай қилиб, вазият хайрли ҳал бўлди”.

”Фарғона” ахборот агентлиги