16:51 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Умрингизни йўқотасиз, бизнесингиздан айриласиз ва қамаласиз ёки Ўзбекистонда хорижий инвесторларни нималар кутмоқда

24.05.2012 16:15 msk

Максим Бейлис

Ўзбекистон расмийлари мамлакатнинг доғ тушган обрўсини тиклашга яна урина бошладилар: “ишлатилган” эски инвесторларни ўрнига янгиларини жалб этиш лозимку ахир. Хўжакўрсинга чиқарилган фармонлар ва қарорлар, мамлакат сиймосини одамбашара қилишга қаратилган акциялар тўлқини – буларнинг ҳаммаси сармоясини таваккал қилиб тикишга тайёр бўлган институт ва одамларни топишга қаратилган.

Бироқ ёш ва мустақил давлат эришган фантастик ютуқлар тўғрисидаги пропгандистик мақолалар аллақачон тишни қамаштириб юборди, уларга ишонадиган анойилар қолмади ҳисоб. Замонавий Ўзбекистонни киноя билан ўрисчасига “Успехистан” дея атай бошладилар.

Хўш, бир томондан иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида расмий кафолатлар ҳақида таклиф олаётган, бошқа томондан эса Ўзбекистонда мавжуд қоидаларнинг шавқатсизлиги ва ношаффофлигини фаҳмлаётган инвесторлар нималарни ўйлашлари лозим? Ушбу масалани ечишга уриниб кўрамиз.

Инвесторлар ва бизнес муаммолари

Ўзбекистонда инвесторлар фаолияти ўта қалтис иш бўлиб, энг катта муаммо биринчи навбатда давлатнинг иқтисодиётга истаганича аралаша олишидан иборат. Албатта, General Motors компаниясига ўхшаш инвесторлар ҳам бор. Аммо унинг Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизган сармояси арзимаган даражада. Аслида, бу корпорациянинг мамлакатга олиб кирган асосий сармояси ўзининг Chevrolet товар белгиси, холос. General Motors томонидан яқинда қурилган GM POWER TRAIN мотор заводига ётқизилган моддий ва пул маблағлари катта таассурот қолдирмайди. GM амалда Ўзбекистонда SKD технологиясидан фойдаланаяпти, яъни мамлакатда йирик блоклар олиб кирилмоқда ва жойларда улардан автомобиллар терилмоқда. Бу нарса юқори акциз ва божхона тўловлардан қутилиш учун қилинмоқда. GM Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақдим этилган монополия ҳолатидан фойдаланмоқда ҳамда импорт қилинаётган автомобилларга белгиланган ўзига ҳос тўсиқ вазифасини бажарувчи бож тўловлари эвазига жиддий устунликка эришмоқда. Ҳар қалай, GM ва унинг Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги алоҳида муносабатлари тўғрисида ушбу корхонага бағишланган бошқа мақолада сўз юритамиз. Шунга қарамай, мамлакатда истисносиз барча хорижий инвесторлар дуч келиши мумкин бўлган муаммо ва хатарлар бор.

Сўмларни валютага конвертация қилиб бўлмаслиги

Биринчи ва энг асосий муаммо – конвертация йўқлиги ҳамда ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё ва материалларни сотиб олиш учун тўловларни валютада амалга ошириб бўлмаслиги.

Конвертация муаммоси ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи тутуриқсиз қоида билан чамбарчас боғланган. Ушбу қоидага кўра, Ўзбекистонга товар етказиб бериш бўйича ҳар қандай шартнома божхона органларида ва импортчига хизмат қилувчи банкда рўйхатдан ўтиши лозим. Шартномани рўйхатдан ўтказиш процедураси унинг мазмун моҳиятига қараб чўзилади. Ўзбекистон ҳукумати товарларни олиб киришга алоҳида талабларни қўйган. Яъни, Ўзбекистон ҳукумати амалда ташқи бозордаги ишлаб чиқарувчиларга ва товар етказиб берувчиларга ўз қоидалари ўрнатишга ва ўз шартларини қўйишга уринмоқда, бу эса турган-битгани тутуриқсизликдир. Табиий, йирик ишлаб чиқарувчилар ва товар етказиб берувчилар алоҳида олинган давлат томонидан қўйилган шартларни қабул қилмайдилар. Шунда Ўзбекистондаги импортчи-резидентлар оффшор компаниялари орқали товар сотиб олишга мажбур бўладилар. Одатда импортчи компаниялар бундай оффшор компанияларини ўзларининг ишончли одамлари номига рўйхатдан ўтказадилар. Импортчи олдида кўп босқичли, бир неча бўғиндан иборат жуда мураккаб масала пайдо бўлади:

1. Шартномани божхона ва банкда рўйхатдан ўтказиш;

2. Конвертациянинг иложини топиб, пулларни ўзининг оффшор компаниясига “олиб чиқиш” (амалда ўз назорати остидаги банк ҳисоб рақамига);

3. Товарни олиб кириб, уни божхона тозаловидан ўтказиш;

4. Шартномани банк ва божхона рўйхатидан олиш.

Ушбу кўп қадамли комбинацияда энг оғир босқич - конвертация ва божхона тозалови билан боғлиқ муаммолар. Конвертация қоғозда бор-у, амалда йўқлигига қарамай, ҳисоб рақамидаги ўзбек сўмини чет эл валютасига конвертация қилишни эплайдиган одамлар жуда оз бўлса ҳам топилади. Бунинг учун камида энг юқори поғоналарда жуда яхши алоқалар ўрнатилган бўлиши, кўмак берган шахсга ширинкома берилиши лозим. Шундай қилиб, конвертацияга йўлни очиш ёки ёпиш орқали ҳар қандай бизнесни қармоққа илиб олиб олиш мумкин. Конвертацияни тўхтатиб ҳар қандай йирик бизнсни тугатиш мумкинн. Конвертацияни тақдим этиш бўйича қарор қабул қилишнинг тушунарли механизми йўқ. Яъни, истасалар конвертацияга йўлни очадилар, истамасалар – сабабини тушунтирмай ёпиб қўядилар.

Алоҳида олинган бизнес учун қандайдир йўл воситасида конвертацияга эришилгани бу ҳолатнинг доимий характерга эга ва ушбу бизнеснинг талаблари тўла ҳолатда қондирилади дегани эмас. Мисол учун, Ўзбекистонда фаолият юритиб келган турк тадбиркорларига конвертация тўлақонли тақдим этилган эмас. Агар бирорта белгиланган бизнес гуруҳ кўчмас мулк сотиб олиш (ёки узоқ муддатли ижарага) ва катта савдо майдонларини яратишга (мисол учун, TURKUAZ) маблағ инвестиция қилган бўлса, бу гуруҳ энг ками шу савдо майдонини товарга тўлдириб қўйиши лозим. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар оз, уларнинг аксарияти сифатсиз бўлганидан яхши гипермаркет ёки супермаркетда сотувга қўйгандан қўймаган яхши. Шунда тадбиркорлар таваккал қиладилар ҳамда расмий конвертация механизмларини айланиб ўтиб, импорт товарларини сотиб олишга ҳаракат қиладилар. Чет эл валютасини сотиб олишнинг ягона йўли воситасида, яъни уни “қора бозорда” нақд пулга сотиб олиб, етказилган товар учун валютани ташқарига олиб чиқиш Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларини бузиш саналади.

Фараз қилайлик, товар ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиш учун қандайдир бизнес конвертацияга олишга, пулларини аккредитивга қўйиб товарларни Ўзбекистонга олиб келишга эришди ҳам дейлик. Шу ерда яна бир қийинчилик бошланади – бу божхона тозалови.

Божхонадаги ўзбошимчаликлар

Ўзбекистонда божхона идентификацияси ва товар қийматини белгилаш қоидалари жуда мураккаб ва чигал. Мисол учун, сиз бир долларга товар сотиб олсангиз, божхона ўз хоҳишича унга икки доллар қилиб нарх белгилаши мумкин. Шунда сиз божхона белгилаган нархдан келиб чиқиб оширилган нархда бож тўловлари ва солиқлар тўлашингизга тўғри келади. Ёки бўлмаса, божхона билан “келишишга” тўғри келади, кўпчилик импортерлар шунақа қиладилар ҳам.

Аммо энг ёқимсизи – кўпинча божхона юқоридан тушган кўрсатмага мувофиқ божхона тозаловини ўтказишдан бош тортади. Агар Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ушбу муайан ойда импорт бўйича кўрсаткичлар қандайдир нормативлар бўйича экспорт кўрсаткичлариан ошиб кетган, деган фикрга келса, божхона идораларига божхона тозалови бўйича процедураларни тўхтатиш бўйича яширин кўрсатма берилади. (Юқорида ҳомийлари бор ёки “стратегик”) йирик корхоналарга божхона маҳсулотни тозаловгача олишга рухсат беради, аммо чакана савдога (ритейлерларга) товар беришни тўхтатиб қўйишлари мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистондаги тузум шундай тузилганки, тадбиркорлар қонунбузарлик қилишга ва нархларни оширишга мажбурлар. Бу қонунбузарликлар ҳақида жуда яхши билган Ўзбекистон расмийлари истаган сонияда тузоқ ипини тортишлари мумкин. Тузоқ эса шундан иборатки, расмийларнинг ташқи иқтисодий соҳада яширин кўрсатмалари ва ўзбошимчаликлари ҳар қандай бизнесни Ўзбекистон қонунларини бузиб фаолият юритишга мажбур қилиб қўяди. Демак, давлат мисолида Ўзбекистон ҳукумати ва марказий банки ташқи савдо соҳасидаги ҳар қандай иқтисодий ҳуқуқбузарликларнинг ташкилотчиси бўлиб чиқади.

Расмийларнинг ихтиёрий-мажбурий буйруқлари

Ўзбекистонда ҳар қандай йирик ёки ўртача бизнеснинг иккинчи катта муаммоси – расмийларнинг хўжалик фаолиятига бевосита ва тўғридан-тўғри аралашуви. Бунақа аралушувлардан қўшма корхоналар ҳам қутилмаган. Расмийлар ижроси мажбурий бўлган турли топшириқ ва илтимослар бериб келадилар. Бундай топшириқлардан ҳеч ким бўйин товлай олмайди, акс ҳолда, корхонага нисбатан жуда кескин санкциялар қўлланиши мумкин.

Бундай топшириқларни шартли равишда беш тоифага бўлиш мумкин:

Бириничиси – белгиланган ташкилотларга ва хайрия жамғармаларига (“Маҳалла”дан бошлаб “Болалар спортини қўллаш фонди”гача) пул маблағлари ўтказиш бўйича. Бундай кўрсатмалар маҳаллий ва марказий ҳукумат идораларида ишловчи масъул шахслар томонидан берилади.

Иккинчиси – иккиламчи хом ашё топшириш бўйича мажбурий кўрсатмалар. Йирик ва ўрта бизнесда ишловчи ҳар бир корхонага макалатура ва металлом тўплаш топшириғи берилган. Корхона металломни “металлбаза”га ўз транспортида етказиб бериши керак. Топширилган металл учун ва йўлкира ҳақини давлат белгилаган нархда тўланади. Бу ишнинг “қийиғи” шундаки, металллом ва макалатура топшириш бўйича режа катта қилиб берилади, уни бажармаслик катта ноҳушликларга олиб келиш мумкин. Ўзбекистонда металл оладиган жой йўқ, темир конлари ҳозирча топилмаган.

Кўпчилик тадбиркорлар “Вторчермет”дан нақд пулга “металл топширгани тўғрисида справка” сотиб олишни осонроқ биладилар. Металлнинг бозордаги нархи “Вторчермет” белгилаган нархдан анча баланд. Боз устига, топширилган металл учун пул сизнинг ҳисоб рақамингизга камдан-кам ҳолатларда ўтказиб берилади.

Учинчиси – қишлоқ хўжалик ишларига одам бериш тўғрсида мажбурий кўрсатмалар. Пахта терими бошланганида кўплаб корхоналар маҳаллий ҳокимият идоралари белгилаб берган миқдорда далага одам чиқаришга ҳамда уларга ўртача меҳнат ҳақини тўлашга мажбурлар. Қизиғи шундаки, Ўзбекистон Солиқ кодексида харажатларнинг ушбу моддаси кўзда тутилган бўлиб, кўринишидан, бу пахта теримига “ихтиёрий” равишда ўз одамларини чиқараётганлар учун аталганга ўхшайди.

Баъзи йирик корхоналар, улар ҳатто Тошкентда жойлашган ёки қўшма корхона бўлсалар ҳам пахта теримига одам чиқаришга мажбур. Мисол учун, Асакада жойлашган GM UZ автомобиль заводи ҳам ўз ишчиларини мунтазам равишда пахта теримига чиқариб туради.

Пахта теримидан ташқари корхоналар зиммасига юкланаётган қатор меҳнат мажбуриятлари мавжуд. Булар турли ҳашарлар, ободонлаштириш бўйича шаҳар тадбирларида иштирок этиш каби ишлар ва ҳоказо.

Тўртинчиси - моддий жиҳатдан зарар кўрадиган бирор фаолият олиб бориш тўғрисидаги мажбурий кўрсатмалар. Мисол учун, расмийларнинг кўрсатмасига мувофиқ ҳар бир саноат корхонасига қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш бўйича мажбурият юкланади. Ушбу кўрсатмаларга мувофиқ саноат корхоналари ёрдамчи хўжалик тузишлари ва уларда йирик шохли қорамол ва майда туёқли чорва боқишлари, паррандачилик билан шуғулланишлари, буғдой ёки сабзавот етиштиришлари лозим. Расмийлар томонидан юкланган бундай мажбуриятлар саноат корхоналарига жуда катта моддий зарар келтиради.

Бешинчиси – корхонанинг асосий фаолиятига алоқадор мажбурий кўрсатмалар. Деярли ҳар бир йирик ва ўрта корхоналарга Ўзбекистон расмийлари томонидан “ўсиш суръатлари” бўйича режа кўрсаткичлари белгиланади. Корхоналар ҳар ойда статистик ҳисоботлар беришга мажбур қилинган. Ўзбекистонда Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсишини қандай тушунадилар? Қисман сохталаштирилган, қисман “калтак” ила илгари сурилган кўрсаткич мисол. Маҳсулотга талаб қандай бўлишидан қатъий назар, ҳар бир йирик ва ўртача корхона расмийлар белгилаб берган ҳажмда, мисол учун, ўтган йилга қараганда 7% кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришлари (ёки иш бажариши, хизмат кўрсатиши) шарт. Белгиланган кўрсаткичларни бажармаслик катта ноҳушликларга олиб келиши мумкин. Бундай корхонанинг раҳбарини ҳоким ўз ҳузурига чақиртириб ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари иштирокида пўстагини қоқади.

Қизиғи шундаки, ўтган йили мамлакатда ишлаб чиқарилган жуда катта миқдордаги электротехника маҳсулотларининг бозори касод бўлган эди. Ўшанда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси буйруқбозлик йўли билан тижорат банкларини ва йирик саноат корхоналарини ушбу техникани катта миқдорда сотиб олишга мажбур қилганди. Ҳар бир тижорат банки ва йирик саноат корхонасига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган совутгич, телевизор ва бошқа электр техникасини сотиб олиш мажбуриятини белгиловчи разнарядка ишлаб чиқарилганди.

Яна бир мисол: тежамкорлик бўйича мажбурий кўрсатмалар. Ўзини жаҳон иқтисодиётининг буюк даҳоси деб ҳисоблаётган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов жаҳон молиявий инқирозининг сабабларини очиб берувчи қатор асарларини чоп этди. Ислом Каримовнинг чалкаш мулоҳазаларини таҳлил қилиб ўтирмаймиз (бу иш билан Нобель мукофотининг иқтисодиёт бўйича қўмитаси шуғуллансин), аммо ўзбек ҳокимиятчилиги унинг умумий назариясидан фақат битта универсал рецептни чиқара олганларини қайд этамиз. Бу рецептнинг номи – “тежамкорлик”.

Бозор иқтисодиёти шароитида бизнес харажатларни камайтиришдан манфаатдорлиги ҳаммага маълумдек туюлади. Аммо серғайрат мутасаддилар барча корхоналарга тежамкорлик бўйича мажбурий кўрсатмаларни тарқата бошладилар ҳамда буни ўз назоратига олдилар. Ушбу дастурни бажариш учун расмийлар қонунчиликда кўзда тутилмаган турли ҳисоботларни талаб этаяптилар. Ўзбекистон расмийлари экспортчи корхоналар учун асосий воситаларнинг амортизация меъёрларини икки баробарига қисқартиришни талаб этаётганлари кишини ҳайрон қолдиради. “Тежамкорлик”нинг бундай воситасида тонг қолмай илож йўқ. Демак, Ўзбекистон расмийлари фойда ва рентабеллик кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида корхоналарга сохта ҳисобот сиёсатини олиб боришга тавсия этаётган эканларда?! Бутун дунё бўйлаб аллақачон амортизацияни ҳисобга олмайдиган ва кўпроқ пул оқимига йўналтирилган EBITDA кўрсаткичига эътибор қаратаяптилар-ку.

Ўзбекистон расмийлари бу билан кимни алдамоқчи бўлаяптилар? Ўзлариними?

Экспорт маҳсулотини ўз таннархидан ҳам паст нархга сотишга рухсат берилиши ҳам кишини таажублантиради. Демак, Ўзбекистон расмийлари ўз корхоналарига ташқи бозорда демпингга (демпинг – товарларни сунъий тарзда туширилган нархларда сотиш) рухсат бераяптилар экан-да?

Давлат томонидан бозорнинг манипуляцияси

Ўзбекистонда бизнес юритишнинг учинчи муаммоси – расмийларнинг нарх сиёсатига бевосита аралашуви ва давлат томонидан бозорнинг манипуляция қилиниши. Ўзбекистонда шўролар замонидан қолган “юқори ликвидли товарлар” тушунчаси ҳамон мавжуд. Конвертациянинг чекланиши ҳамда товарларнинг ички бозорга йўлини тўсиб қўйилиши ҳисобига Ўзбекистон расмийлари сунъий танқислик (дефицит) яратаяптилар. Сунъий танқислик нафақат истеъмол молларига тегишли, сунъий танқислик ҳар қандай ишлаб чиқариш корхоналарига зарур бўлган техник мақсадлардаги маҳсулотлар, хом ашё ва материалларга ҳам тегишли. Бундай танқис товарлар қаторига мис, нефть маҳсулотлари, портландцемент ва қатор бошқа товарлар киради.

Дефицит маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини фақат Товар биржаси (Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржаси) орқали сотишга мажбурлар. Шу билан бирга, Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги ушбу маҳсулотни “тўғрима-тўғри”, шартномалар бўйича сотишга квота ҳам белгилаб беради. Шундай қилиб, “ўзимизнинг” лойиҳаларимиз цементни арзон нархда сотиболиш имкониятига эга бўлади, “бегоналар” эса ўша цементни ЎзРТХБ орқали юқори нархларда сотиб олишга мажбур.

Расмийларнинг цемент нархи устида ўтказаётган манипуляциялари диққатга сазавор. Бозор иқтисодиёти ҳукмрон кўпчилик мамлакатлардан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда цемент алоҳида қоидалар бўйича, фақат Товар-хом ашё биржалари орқали, Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган (№1677, 02.05.2007) “Биржа савдосида цемент сотиш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ сотилади. Цемент ишлаб чиқарувчи заводлар хусусий бўлишига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати ишлаб чиқарилган маҳсулотни ўз мулкидек тасарруф қилади, хусусан, сотиш қоидасини ва ҳатто нархларни белгилаб беради. Белгиланган нархдан юқориси Ўзбекистон Республикаси Реконструкцияси Фонди фойдасига мусодара қилинади.

Президент қарорига биноан бир тонна цементнинг ҳисоб-китоб учун белгиланган нархи 95 минг сўм (биржада бир тонна цемент нинг нархи 200 минг сўм атрофида). Президент белгилаган нархдан ошганига (50%) солиқ солинади. Фойданинг қолган қисмини эса (ҳисоб нархи ва биржа нархи ўртасидаги фарқнинг 50%) корхона Молия вазирлиги назорати остидаги ҳисоб рақамига қўйиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Реконструкцияси Фонди ҳисоб рақамидаги пулларни Форумлар Саройига (қиймати миллиард долларга яқин) ёки Симпозиумлар Саройига ўхшаш қимматбаҳо ва мазмунсиз лойиҳаларни амалга ошириш учун йўналтирилади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон расмийлари нархларни сунъий тарзда кўтариб, кимлар томонидан назорат қилинаётгани тушунарсиз бўлган Республика Реконструкция Фонди ғазнасини тўлдираяптилар. Шундай қилиб, цемент ишлаб чиқарувчи хусусий мулк эгалари ўз маҳсулотларини ўз хоҳишича тасарруф қила олмайдилар. Бозор манипуляцияси ва алдовнинг манбаи расмийлар бўлгани билан, улар бутун айбни бизнесга ағдараяптилар.

Тадбиркорлар учун қийноқ мажмуаси

Ўзбекистонда бизнеснинг тўртинчи муаммоси – расмийларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари, шу жумладан, коррупция, кенг тарқалган бизнесга жисмоний босим амалиёти, тадбиркорларни қамаш ва уларга нисбатан қийноқлар қўллаш. Тадбиркорларга қарши жиноят ишларини сохталаштириш, бизнесни зўрлик билан тортиб олишлар ҳам қонунга хилоф ва ғайриинсоний услублар қаторига киради. Бир неча йил аввал расмийлар “иқтисодий” дея аталувчи жиноятларни текширишга Миллий хавфсизлик хизматини (МХХ) жалб этдилар. МХХ аввал ҳам бу каби ишларни текшириб келган, аммо бунчалик кенг кўламда эмас. МХХ бу вазифага катта масъулият билан ёндашди. Хусусан, Юнусобод даҳасида жойлашган собиқ Конногвардейская кўчасида тадбиркорлар учун улкан қийноқ мажмуаси барпо этилди. Сариққа бўялган бинолардан иборат ушу мажмуа баланд девор ва тиканли симлар билан ўралган, кузатув минораси ўрнатилган.

Чақирув қоғозлари бўйича бу ерга етиб келган “мижозлар” СИЗО дарвозаси қаршисидаги вайрон бўлган бино ёнида соатлаб эшик олдида турган қўриқининг чақиришини кутиб турадилар. Бу қийноқ мажмуаси ҳовлисида тадбиркорлардан мусодара қилинган қимматбаҳо автомашиналарни кўриш мумкин.

Чақирув қоғозлари берилмай, қўлга олиниб келинган бизнес вакилларини камерага ташлайдилар. Агар инвесторлар ушбу мажмуага келиб, калтакланган ва қўлларига кишан тақилган туппа-тузук одамларни кўрсалар, Ўзбекистонга сармоя ётқизиш нақадар хавфсиз эканлиги борасида ҳар қандай шубҳа-гумонлардан халос бўладилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил давомида турк тадбиркорларига қарашли “Демир” ва “Туркуаз” савдо тармоқлари вайрон қилинди. Британиялик ва америкалик инвесторларга қарашли олтин ишлаб чиқарувчи корхоналар тортиб олинди. Қозоғистонлик ва россиялик бизнесменларнинг катта сармоялари ётқизилган “Бекободцемент” ҳам тортиб олинди. Шунингдек, катта сармоялар ётқизилган Россиянинг “Вимм-Билль-Данн” бизнесига қарашли сут заводини қандай аҳволга солингани, МХХ ходимларининг немисларга қарашли “Вкусный хлеб” корхонасини қандай қилиб вайрон қилганларини ҳамда гаровга олинган Германия элчисини эслаш жоиз.

Агар минглаб бўлмаса ҳам, юзлаб қийноққа солинган тадбиркорлар орасида ҳаёти билан видолашганлар ҳам бор. Буларнинг бари Ўзбекистонга инвестиция ётқизишга қарши дастак бўлиб қолаяпти.

Яна бир нарсани унутмаслик керак – шикоят қилган бефойда. Ўзбекистонда ҳокимият кўринишидан, жуда кучлига ўхшайди. Бу ерда ҳокимият АҚШ ва НАТОга аъзо бўлган мамлакатларга қараганда, Россиядаги ҳокимиятга қараганда ва ядро қуролига эга бўлган истаган мамлакатларга қараганда кучлироқ. Ўзбекистонда расмийлар истаганларини қила оладилар, улар ҳеч кимдан қўрқмайдилар. Жаноб инвесторлар ва бизнесменлар, агар сиз Ўзбекистонда иш юритмоқчи бўлсангиз, билиб қўйинг: сизнинг мамлакатингиз сизга ҳеч қачон ёрдам бермайди. Сиз фақат таваккал қилиб иш тутасизлар. Омадингизни берсин!

Максим Бейлис

”Фарғона” ахборот агентлиги



 

Реклама