16:04 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда фоҳишаликка қарши кенг кўламли кампания ўтказилмоқда

05.05.2012 16:43 msk

Фарғона

2012 йилнинг баҳорида Ўзбекистонда фоҳишаликка қарши кураш бўйича кенг кўламли кампания бошланди. Сўнг пайт давомида, апрель ойидан бошлаб, пойтахт кўчаларида ҳамда кўпқаватли тарар-жой даҳаларида ёппасига фоҳиша ови ўтказилмоқда, телевидение орқали эса маърифий фильмлар намойиш этилмоқда.

Ўзбекистондаги ҳар қандай йирик шаҳарлари каби Тошкентда ҳам фоҳишалик доим бўлиб келган. Бироқ маҳаллий кузатувчиларга кўра, сўнги йилларда бу иллат мисли кўрилмаган даражада авж ола бошлади, танфурушлар кўпайиб кетганидан, уларнинг “хизмат ҳақи” тушиб кетди. Кўринишидан, “далани бегона ўтлардан тозалаш” нияти ёппасига фоҳиша ови ўтказилишининг сабаби бўлиб қолди.

“Ҳуқуқ-тартибот идораларининг юқори мартабали ходимлари ва оддий милиционерлар кўп ҳолларда бузуқ аёллар фаолиятига ҳомийлик қилиб келаётгани кўпчилик учун сир эмас. Фоҳиша бозорида танфурушлик хизматини таклиф этувчилар сони кескин равишда кўтпайгани ушбу бизнес ортидан катта пул айлантираётган погонли корчалонларга ёқмагани аниқ. Фоҳишаликка қарши кураш бўйича кампания танфурушлик хизматлари бўйича таклиф ҳажмини камайтиришга ҳамда ўзига ҳос ушбу бозор устидан назоратни қайта ўрнатишга имконият беради. Лўнда қилиб айтганда, қассобга мой, эчкига жон қайғуси”, - дейди Тошкент милициясининг истеъфодаги ходими “Фарғона” билан суҳбатда номини ошкор этмаслик шарти билан.

Тошкентдаги “тунги капалаклар”нинг аксарияти Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келган. Уларнинг кўпи ўз фаолиятини Тошкентнинг Қўйлиқ массивидаги мардикор бозорида бошлайдилар. Шу ерда қишлоқ хўжалик ишларига, мева-сабзавот теримига, хонадонларни тозалашга ёки кир ювиш ишларига аёлларни ёллаш, шунингдек, арзон нархда интим хизматга буюртма бериш мумкин.

Энг ёш ва энг сулув қизлар Тошкентга келишлари билан саунага ёки исловотхона учун атайлаб ижарага олинган кватираларга олиб кетилади. Асосан Қўйлиқ районининг турар-жой даҳаларида жойлашган бу ишратхоналарда ўртаҳол тадбиркорлар ва милиционерлар доимий мижоз.

Ушбу бизнесга юқори мартабали мулозимлардан кимдир “ҳомийлик” қилаётгани аниққа ўхшаяпти, чунки энг совуқ қиш-қиров пайтда, аҳоли ва корхоналарни табиий газ таъминотидан ўчирилган пайтда ҳам сауналар эгалари “зангори олов” борасида ҳеч қандай муаммога дуч келмаётгани кишини ажаблантиради.

Ушбу фильм Ўзбекистон телевидениеси экранларига 2012 йилнинг апрель бошида чиқарилди. Унда “енгилтабиатли қизларнинг” иллатлари ҳамда фоҳишаликка қарши муваффақият ила кураш олиб бораётган пойтахт милицияси ҳақида ҳикоя қилинади.

Вилоятлардан Тошкентга келган қизлар одатда ота-оналарига ва қариндош-уруғига тижорат дўконларида ишлаётганлари ёки (Ўзбекистон пойтахти олий таълим муассасаларида кўп ҳолларда вилоятдан келган абитуриентларни ўзларининг яшаш жойларида ўқишни тавсия қилиб, қабул қилмай қайтариб юбораётганларига қарамай) олий таълим муассасаларидан бирида ўқиётганлари ҳақида билдирадилар. Бироқ, аксарият ота-оналар қизлари нима ишлар билан шуғулланаётгани борасида шубҳаланадилар, аммо ночорлик, оила, рўзғор тебратиш кун сайин қийинлашиб бораётганидан бунга кўз юмиб қўя қоладилар.

Сўнгги вақтда мустақил оммавий ахборот воситаларида ўзбекистонлик фоҳишалар бошқа мамлакатлар: Ҳиндистон, Малайзия, Покистоннинг криминал маълумотларига тушиб қолаётганлари ҳақидаги хабарларни учратиш мумкин. Россияда полициячилар ўзга мамлакатга танфурушлик қилгани келган ўзбекистонлик қизларнинг бутун бошли уюшган гуруҳларини қўлга олаяптилар. Шундай ҳодисалардан сўнггиси Екатеринбургда, Белгородда, Санкт-Петербургда содир бўлган...

Ўзбек фоҳишалиги нега нафақат мамлакат бўйлаб, балки хорижда ҳам кенг қадам ташламоқда? “Фарғона” экспертларига кўра, бунинг сабаби – мамлакатда иқтисодий аҳволнинг ночорлиги ҳамда фуқароларнинг тирикчилик илинжида иш излаб ўзга юртларга чиқиб кетишга мажбур бўлаётгани.

Ёш қиз ва жувонларни фоҳишаликка ундаётган асосий сабаб – иш топишнинг имконияти деярли мутлақо йўқ бўлиб кетгани ҳамда тирикчилик ўтказишга маблағ топишнинг иложи бўлмай қолганида. Ўзбекистонда ўтказилаётган бу кампания эса ушбу муаммони ҳал қила олмайди.

Бу ҳолатнинг юзага келишига, шу жумладан, Ўзбекистон қонунчилигида сўнгги ўзгаришлар ҳам билвосита сабаб бўлмоқда. Мисол учун, сўнгги ўзгаришларга кўра, бундан буён ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ таътил пулини тўлаш иш берувчининг зиммасига юклатилади, ҳолбуки бу тўловлар аввал давлат томонидан амалга ошириларди.

Ўз-ўзидан маълумки, хусусий фирма ва корхоналар раҳбарлари бола туғиш билан боғлиқ пул тўловларини амалга ошириш иштиёқида ёнаётганлари йўқ. Шунинг учун ҳам улар туғиш ёшидаги қиз-жувонларни ишга олишга кўпам шошилмайдилар. Бунга гувоҳлар етарлигидан ортиқ.

Бюджет соҳасидаги ташкилот ва корхоналарда эса иш ўринлари анча чекланган: бундай ишга жойлашиш учун яхши таниш-билиш ва катта пул керак. Ўз-ўзидан келиб чиқадиган қайғули хулоса эса қуйидагича: Ўзбекистонда шу бугунги кунда фоҳишаликнинг оммавийлашиб кетганининг сабаби асло ахлоқ бузилиб кетганида эмас, балки аёллар ўртасида ишсизлик даражаси жуда ҳам катта бўлиб кетганида, аммо Ўзбекистон статистикаси бу ҳақдаги маълумотларини ҳеч қачон ошкор этмаган.

”Фарғона” ахборот агентлиги