12:20 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Дилмурод Саййид 50 ёшлик юбилейини қамоқда нишонлайди

27.04.2012 10:43 msk

Патрик Гриффит

Ўзбекистонда танилган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Дилмурод Саййид (Сайидов) 29 апрель куни 50 ёшга киради. У ўз юбилейини Навоий шаҳридаги 64/36 колонияда нишонлайди.

Дилмурод Сайид инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунбузарликларни текширишга ихтисослашган, Самарқанд вилоятида коррупция ҳолатларини фош этиб, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келганди. Саййид фермерларнинг ерлари қонунга хилоф равишда тортиб олинаётгани ҳақида маълум қилиб, уларнинг шикоятларини давлат идораларига топшириш учун тайёрлаганида, унга қарши товламачилик ва ҳужжатларни сохталаштириш бўйича жиноят ишини тўқиб чиқардилар.

2009 йил 22 февраль куни Саййидни ҳибсга олдилар, унинг суди июнь ойида бошланди. Ҳуқуқ ҳимоячини Ўзбекистон Жиноят кодексининг иккита моддаси – “Товламачилик” ҳамда “Сохта ҳужжатларни, штамплар, муҳрлар, бланкларни тайёрлаш, уларни сотиш ёки фойдаланиш” бўйича айбладилар. Саййид бу айбловларни қатъий равишда рад этди.

Унинг суди халқаро стандартларга мутлақо мос келмади: суд мажлислари журналистнинг адвокатларини хабардор қилинмай ўтказилди, жиноят иши папкасидаги муҳим ҳужжатлар йўқолиб қолди, судья гувоҳларнинг ёзма кўрсатмаларига таяниб иш кўрди, холос. Ваҳоланки, уларнинг кўпи суд мажлисида тергов давомида махсус хизмат ходимларининг босими остида кўрсатма берганлари ҳақида билдирган эдилар. Шунга қарамай, 2009 йил 30 июль куни Дилмурод Сййид 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. 11 сентябрь куни Самарқанд вилоят суди ҳукмни тасджиқлади, кейинчалик Олий суд ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Саййид турмадалигида унинг бошига ўта оғир мусибат тушди: 2009 йил охирида уни кўргани кетаётган хотини ва қизи автомобиль ҳалокатида ҳалок бўлдилар.

Саййид 2010 йилнинг ёзида БМТ бош котибига ва халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларига мактуб йўллаб, сил дардига чалинганини, унга тайинланган саккиз ойлик даволаш курси уч ойдан кейин бекор қилинганини ҳамда аҳволи ёмонлашгани боис тайинланган янги даволаш курсининг тўғрилиги борасида шубҳаланаётганини маълум қилди.

Шу кунларда эса Сайид кутилган вақтда яқинларига телефон қилмади, шу сабабдан унинг қариндошлари хавотирга тушиб қолдилар. Эҳтимол, уни бошқа колонияга кўчирдилар ёки касалхонага ётқиздилар, аммо бу ҳақда оиласини огоҳлантирмадилар.

Афсуски, Саййид бахтиқароликда ёлғиз эмас. Бошқа ҳуқуқ ҳимоячи – Аъзам Турғунов 2008 йилда қамалган бўлиб, унинг бошидан кечганлари Саййидникига ўхшаш: милиция уни ҳам товламачиликда айблаб ҳибсга олди.

Турғунов 18 кун давомида тўла изоляция ҳолатида сақланди. Сўроқ пайтида унинг белига қайноқ сув қуйдилар. Суд уни ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Ўтган йили БМТнинг Ўзбошимчалик билан қўлга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Турғуновнинг ҳибс этилиши халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши деган хулосага келди. Ишчи гуруҳ чиқарган қарорга ҳамда Турғуновни озод этиш бўйича сўров юборилганига қарамай, у ҳамон панжара ортида қолмоқда.

Ўзбекистон расмийлари режим танқидчиларининг оғзини юмиш учун миллий хавфсизлик билан боғлиқ айбловларни ишга солаяпти. Мисол учун, таъқиб остида қолган мусулмонларга ёрдам кўрсатиб келган ҳуқуқ ҳимоячи Ғайбулло Жалилов 2009 йилда терроризм, адоват қўзғаш, жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ҳамда тақиқланган ташкилотга мансублиги учун ҳибсга олинган. Жалиловга нисбатан қийноқлар қўлладилар, қилмаган жиноятларни бўйнига олишга мажбур қилдилар ҳамда ўн бир йилга озодликдан маҳрум этдилар. Жалилов колонияга бориб ҳам калтаклардан боши чиқмай қолган, уни ҳозиргача оиласи билан учраштирмадилар.

Бу воқеалар Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрлари риоя қилинишига бефарқлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди, бу ҳолат Каримов режими билан инсон ҳуқуқлари ҳақида жўн ва умумий аҳволда гапириш етарли эмаслигини яна бир бор эслатмоқда. Ўзбекистон турмаларида ҳамон ўтирган ҳуқуқ ҳимоячилар тақдирини ёддан чиқармаслик ва уларнинг тақдири тўғрисидаги масалани кўтариш жуда муҳим.

Дунё ҳамжамияти ўтган йил давомида Ўзбекистон ва Ғарб ўртасидаги муносабтларнинг илиқлашиб бораётганини кузатди ва муҳокама этди. Биз Ўзбекистон ҳукумати билан стратегик ҳамкорликни тобора ривожлантириш мақсадга қай даражада мувофиқлиги борасида ўйлаган ҳолда, бу мамлакатдаги репрессив сиёсат қурбонларини унутмаслигимиз лозим.

“Freedom Now – виждон тутқунларини озод этиш бўйича иш олиб бораётган нодавлат ташкилоти. Биз қонунга зид равишда қамалган ҳар бир инсоннинг озод этилиши – қутқарилган ҳаёт ва қайта тикланган овоз деб ҳисоблаймиз. Биз ҳуқуқий ва сиёсий эдвокаси воситасида виждон тутқунларини ноқонуний ҳибсга олишлар, маҳбусликдан озод этиш бўйича иш олиб борамиз. Биз мижозларимиз манфаатини халқаро ҳамда регионал судлар олдида, БМТ комиссиялари ва органларида ҳимоя қилиш учун юридик ваколатга эгамиз”.
Аввалги ўн йиллик ўртасида ғарб мамлакатлари раҳбарлари билан Каримов ўртасидаги муносабат Андижонда 2005 йил май ойида содир этилган қонли воқеа туфайли кескин ёмонлашди. АҚШ фожиали воқеаларнинг мустақил текширувини ўтказишни талаб қилиб, Ўзбекистонга қарши санкциялар киритди. Бунга жавобан америкаликлар Қарши-Хонобод авиабазасидан ҳайдалди. Шундан сўнг Европа Иттифоқи ҳам санкциялар киритди.

Йиллар ўтиб аста-секин тарангликлар юмшади, Ўзбекистон расмийларига босим камайтирилди. 2009 йилда Брюссель ўзининг сўнгги санкцияларини ҳам бекор қилди. Шимолий Таъминот Тармоғига (Northern Distribution Network, NDN) ҳамда Ўзбекистон билан Афғонистонни боғлаб турган темир йўлга қарамлиги тобора ортиб бораётган Вашингтон 2011 йилда ўз санкцияларини бекор қилди. Сўнгги маълумотга кўра, Лондон ўз қўшинларини Ўзбекистон орқали олиб чиқишни осонлаштириш учун бу мамлакат билан дипломатик алоқаларини тиклади.

Ўзбекистон ҳукумати билан стратегик ҳамкорликнинг заруратини ривожлантириш борасида мунозаралар олиб борилаётган бир пайтда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилар Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов ва Ғайбулло Жалилов панжара ортида қолаяптилар.

Патрик Гриффит “Фарғона” учун махсус тайёрлаган

Патрик Гриффит Freedom Now ҳуқуқ ҳимоя ташкилотида адвокат, Саидов, Турғунов ва Жалиловнинг манфаатларини ҳимоя қилади

”Фарғона” ахборот агентлиги