08:50 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Эски Тошкентнинг реконструкцияси унинг бутунлай йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин

09.04.2012 14:32 msk

А.Бенуа (Тошкент)

Тошкент “эски шаҳар” фотосуратлари – “Фарғона.Ру” галереясида

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов жорий йилнинг март ойи ўртасида Тошкентнинг “Эски шаҳарини” 2020 йилгача “реконструкция қилиш, ободонлаштириш ва ривожлантириш” тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Тарихий даҳанинг реконструкция қилиниши ғояси ғоят ўринли, ҳар ҳолда нураб ҳароба ҳолига келиб қолган турар-жойларда яшаётган баъзи одамлар ўн йиллар давомида бошқа уйларга қачон кўчиришар экан дея кутиб ўтирибдилар. Аммо баъзилар реконструкция натижасида тарихий-маданий зонанинг эски иморатлари бузиб ташланишидан хавотир билдирдилар. Албатта, масжид-мадраса каби иморатлар бузилмай реставрация қилиниши мумкин, аммо Чор Россияси томонидан истило қилингунига қадар қурилган Тошкентнинг гувала-пахса уйларининг сақланиб қолиши ҳақида ишонч йўқ. Эски шаҳар қолдиқлари бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин...

Реконструкция олдин бўлган?

“Эски” Тошкент реконструцияси, Ўзбекистон президентига кўра, “шаҳарсозликнинг замонавий тамойиллари ва меъёрлари асосида, йўл-транспор инфратузилмалари ҳолатини, турар-жой даҳаларини ичимлик суви, канализация, иссиқлик ва электр энергияси таъминотини ҳисобга олган ҳолда” амалга оширилиши лозим. Шунингдек, президентга кўра, “Ислом ва жаҳон тамаддунининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган миллий меъморчиликнинг ўзига хослиги ва анъаналарини, тарихий ва меъморчилик ёдгорликларини асраб қолиш масалаларига эътибор қаратиш лозим”.

Қайд этиш жоизик, “эски шаҳар”нинг баъзи маҳаллаларини бузиш 2006 йилда режалаштирилганди. Мисол учун, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Шайхонтоҳур туманидаги Олмазор маҳалласи ҳудудини “JISONG KOREA INDUSTRIAL” Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасига фойдаланиш учун тақдим этиб юборган. Ушбу даҳадаги турар-жой биноларини бузиш, эгаларига товон пули тўлаш ва бўшаган ерга бой-бадавлат одамлар учун янги бизнес-мажмуаси қуриш кўзда тутилган эди.

2011 йилда бу ерда “реконструкция” баҳонасида Навойи кўчасидаги ярмарка, Геология музейи ҳамда бир неча турар-жой бинолари бузилди.

Самарқанд дарвоза кўчаси бўйлаб жойлашган маҳаллаларда ҳам трамвай линиясини ётқизиш ва автойўлни кенгайтириш учун анча уйлар бузилди.

Ушбу реконструкциялар қандай қонунбузарликлар билан ўтказилгани ва қандай оқибатларга олиб келгани ҳақида батафсил ҳикоя қилиб ўтирмаймиз, бироқ “эски шаҳар”нинг маданий-тарихий майдони тобора қисқариб мозийга айланиб бораётгани, унинг ўрнига замонавий автомобил тўхтайдиган майдонлар, истироҳат боғлар ва кенг кўчалар бунёд бўлаётганини қайд этамиз, холос.

“Гетто” кўринмаяпти, демак у йўқ

Реконструкция давомида пахса ва гувала деворли уйлардан иборат кўпгина маҳаллаларни негадир яшил рангга бўялган баланд девор билан ўраб ташладилар. Кўринишидан, мутасаддилари учун бу деворнинг кўриниши миллий анъаналарга таяниб қурилган уйлар кўринишидан кўра кўркамроққа ўхшайди. Айтгандек, бу хулосага тошкентлик фотосуратчилар ва ўлкашунослар мутлақо қўшилмайдилар. Улар анъанавий маданий майдон ҳеч бўлмаса қисман сақланиб қолиши керак, деб ҳисоблаяптилар.

“Европада бунақа уйларда яшайдиган одамларга қўшимча ҳақ тўлайдилар, ота-боболаридан қолган шундай уйларда яшаётганлари, анъанавий турмуш тарзини сақлаб қолаётганлари учун. Уйларига замонавий кўриниш бериш учун пластик дераза қўймай ва деворларига бетон чапламай, ёши бир ярим асрга тенг иморатларни асраб қолишлари учун”, - дейди тошкентлик фотосуратчилардан бири.

“Эски шаҳар руҳи”

Тошкент ҳаритасига синчиклаб қарасангиз, инқилобгача қурилган иморатлари сақланиб қолган тахминан саккизта катта участкаларни ажратиш мумкин. Энг аввало бу Олмазор, Чақар, Самарқанд дарвоза, Кўкча ва Чорсу бозорининг ортида жойлашган Ҳасти Имом диний-меъморчилик мажмуаси даҳасидаги йирик маҳаллалардир.

Эски шаҳардаги кўпгина уйлар юз эллик йилдан кўпроқ вақт олдин қурилган. Бу уйлар генерал Черняев 1865 йилда Тошкентни истило этишидан олдинроқ қурилган.

Ўшанда Тошкент узундан-узун пахса девор билан ўралганди. Ўрислар келгач уни бузиб ташладилар. Анҳорнинг ортида “русский город” бунёд бўлиб кенгая бошлади, унинг маркази айни пайтда ҳаммага маълум Сквер номини олган Константин майдони бўлиб қолди.

Шаҳарнинг “европейский” қисмида пишиқ ғиштдан янги уйлар ва бинолар қурила бошланди, анъаналарини сақлаб қолган “эски шаҳар”га эса ҳатто шўролар даврида ҳам тегилмади.

Бу уйларнинг кўпи ҳатто 1966 йил зилзиласига ҳам дош берди. Бу уларнинг нақадар мустаҳкамлигига далил бўлаяпти. Юз йил ўтиб икки шаҳар замонавий ва катта Тошкентга бирлашди.

Ўткинчилар ортидан девор орқасига ўтиб, зич жойлашган уйлар орасидаги кўчалар бўйлаб юрдим. Ўнг ва чап томонларда кимларнингдир ҳовлиси дарвозасига тақалган жин кўчалар кўринди.


Эски шаҳар

Асосий кўчалардаги йўллар кенг. Уй деворлари олдида эса машиналар уйларга урилиб кетмаслиги учун асфальтга газ баллонларини ярмидан кўмиб ўрнатиб қўйганлар.

Совет иттифоқи давридан бу ерда рельслар ёрдимда ўрнатилган симёғочлар қолган. Бу маҳаллаларга электр 1950-йилларда, “хрушчев” даврида ўтказилган.

Баҳор келиши билан ҳар йили маҳалла болалари варрак учиргани очиқликка чиқадилар.


Эски шаҳар

Бу маҳаллаларда яшайдиган одамлар бир-бирларини жуда яхши танийдилар, байрам ва маросимларни ўтказгани тўпланиб турадилар. Бу ерда ёпинчик ўраган муслима аёлларнинг кўплигини кўрасиз, эркакларнинг аксарияти номозларини масжидларда адо этадилар.

Уйлардаги баланд қилиб ўрнатилган кичкина эшиклар эътиборимни ўзига тортди. Уларнинг баъзиларида қадимги нақшлар ўйилган экан. Аммо, агар булар эшик бўлса, “нега бунчалик баланд?” деган савол туғилади. Маҳаллий аҳолидан бу борада турлича жавоб олдим.

“Мусулмон аёлларнинг кўчага чиқиши илгари тақиқланган, шунинг учун улар кўчага фақат шу эшикдан қараганлар”, - дейди тошкентликлардан бири.

Бошқалар эса бу оддий дераза, илгари ойна бўлмагани важидан тахта эшик қилиб қўйилган, деган фаразни илгари сурдилар Ширинлик сотиб ўтирган бобо эса буни қуйидагича изоҳлади: “Илгари бу кўчалардан аравалар сотиладиган молини олиб ўтган, ўша ердан бемалол ўтириб аравага баланд қилиб юкланган молини қўлга олиб кўриш мумкин бўлган”.


Эски шаҳар

“Эски шаҳар” аҳолиси ўзларининг “эски шаҳарлик” эканлигидан ғурурланадилар. “Ҳой, мен ҳақиқий тошкентликман”, ёки “мен эски шаҳарликман!” деган гапларни тез-тез эшитиш мумкин. Бу гап одатда вилоятлардан кўчиб келган “келгинди”лар олдида мақоми баланд эканини таъкидлаш учун айтилади.

“Ававал бу ерда деҳқонлар яшашган. Шаҳардан ташқарида уларнинг ерлари бўлган, у ерда узум, олма, ўрик етиштиришган. Улар шаҳарга фақат қишда келиб яшаганлар. Совуқ тушганда улар телпак, кийим, пойафзал тикишган, меваларни қуритишган, бозорга олиб чиқиб сотишган. Бу кўчада олча кўп бўлган, шунинг учун ҳам уни Олча кўча дейишади”, - дея ҳикоя қилади қариялардан бири.

“Эски шаҳарлик ўзбекларнинг Тошкентдаги бошқа даҳаларда яшайдиган ўзбекларджан нима фарқи бор?” деган саволимга шу ерда яшайдиган Ҳасан деган киши “эски шаҳарликларнинг феъли баттол, йигитлари тўполончироқ” дея жавоб берди.

Суҳбат давомида Ҳасан ўзи ўтирган уй қурилганига икки юз йилдан ошди дея мақтанди. “Уйимиз анча эски, аммо таъмирлаб қўйганмиз. Уни боболаримиз қуришган”, - деди у ва бир пиёла чой ичгани уйга таклиф қилди.


Эски шаҳар

Суҳбатдошимнинг кўчмас мулки олти сотих ҳовлида жойлашган экан. Бу ерда бир нечта иморатлар жойлашган. “Ташқи уй – эркаклар учун меҳмонхона. Ичкарида оилам яшайди. Мусулмонларда бегона эркаклар ичкарига кирмайди, аммо аёллар кираверади”.

Ҳасан менга уй қуришнинг ота-боболаридан қолган услуби ҳақида сўзлаб берди: “пойдевори пишган ғиштдан, устига тагсинч (арча ёғочидан) ётқизилади. Устига қўшсинч қилиб гувала терилади”, - дея ҳикоя қилади Ҳасан.



“Қўшсинч орасида ҳаво қолади, кейин охирида сомон сувоқ қилинади. Шунақа қилиб қурилган уйга қишда ташқаридан совуқ кирмайди, ичкаридан иссиқ чиқиб кетмайди. Ёзда эса бунинг акси. Кейин, бунақа табиий қурилиш материалидан нам ўтмайди”.

Ҳасан эски иморатларда бирорта мих ишлатилмагани, барча ёғоч материаллар бир-бирига зичлаб мустаҳкам ўрнатилганини айтиб берди. “Бу иморатлар жуда пишиқ. Ҳатто зилзилага ҳам дош берди”.

Тошкент “эски шаҳари” ўзига ҳос сиймосига, табиатига, муҳитига эга. Агар давлат томонидан режалаштирилган реконструкция ва ободончилик натижасида бу маҳаллалар йўқ бўлиб кетса, жуда ачинарли ҳолат юзага келади.

Александр Бенуа (Ўзбекистан, Тошкент)

Эски шаҳар фотосуратлари – “Фарғона” галереясида

”Фарғона” ахборот агентлиги