18:59 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Обидхон қори Назаровни ўлдириш кимга керак бўлиб қолгани ҳақида

07.03.2012 10:19 msk

Данил Кислов

Обидхон Назаровнинг Sweden Confidential веб-сайтидан олинган фотосурати

Швеция қиролигида бугунги кунда икки юз мингдан зиёд мусулмонлар истиқомат қилаяпти. Уларнинг орасида Ўрта Осиёдан чиққанлари ҳам бор. Булар асосан диний ёки сиёсий сабабларга кўра ватанини тарк этишга мажбур бўлган муҳожирлар бўлиб, улар асосан мамлакатнинг жанубий қисмида ўрнашиб олганлар. Аммо мамлакатнинг шимолий ҳудудларида ҳам мусуслмонларнинг жамоаларини учратса бўлади.

2012 йил 22 февраль куни Швеция шимолидаги унчалик катта бўлмаган Стрёсмунд шаҳрида ўзбекистонлик муҳожир, таниқли дин олими Обидхон Назаровга нисбатан суиқасд содир этилди. Номаълум қотил ўзбекистонлик имомга қарата тўппончадан бир неча бор ўқ узиб, ҳодиса содир бўлган ердан қочиб кетди. Бошидан яраланган Обидхон Назаров касалхонада кўп кунлар давомида оғир аҳволда ётибди.

Францияда ўрнашиб олган “ Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” Ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева Назаровга қарши уюштирилган суиқасд ортида Ўзбекистон махсус хизмталари турганига ишончи комил. Тергов гуруҳи ҳам имомга қарши суиқасд сабабларини текширишда ҳам маиший, ҳам сиёсий версияларни ўрганмоқда.

Назаров ётган палата полициячилар томонидан қўриқланмоқда. Аммо ўзбекистонлик сиёсий муҳожир Ҳазратқул Худойбердиевга кўра, бу қўриқчилар хўжакўрсинга қўйилган. Имомни олдинроқ қўриқлаш керак эди, негаки олдинроқ унинг масжидига икки марта ҳужум содир этилганди. Назаров жамоаси билан яхши таниш бўлган Худойбердиев “Фарғона” бош муҳаррири Даниил Кисловга бу жамоа Швецияда қандай ҳаёт кечираётгани, қандай муаммоларга йўлиқаётгани ҳақида сўзлаб берди.

Ҳазраткул Худойберди 1953 йилда Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пайшанба қишлоғида туғилган. Мактабни тамомлаганидан сўнг Тошкент Ирригация институтига ўқишга кирган. 1978 йилдан бошлаб САНИИРИ Илмий ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, кейин эса ҳибс этилгунига қадар катта илмий ходим бўлиб ишлаб келган. 1992 йил 9 декабрдан 1993 йил 6 августгача Шимолий вокзал Тергов изоляторида, Қибрайдаги Тошкент вилояти ИИБ Тергов изоляторида, Тоштурмада ўтирган. 6 август куни “конституциявий тузумни ўзгартиришга уринишда” айбдор деб топилган ва 5 йилга шартли озодликдан маҳрум этилишга ҳукм бўлиб, суд залидан озод этилган. Шундан сўнг хавфсизлик хизматининг доимий назорати остида юрган. Қайта ҳибсга олиниш таҳдиди пайдо бўлганида эса 1994 йилнинг 3 март куни Ўзбекистонни тарк этган. Ўшандан бери муҳожирликда, 17 йилдан бери Швецияда истиқомат қилади.

- Уммуман олганда, “масжид” дейдиган аҳволи йўқ. Тасаввур қилинг, тўрт қаватли уйнинг ярим ертўла хонаси. Совуқ, қоронғи, деразалари тротуар сатҳида. 2008 йилда 19 ёшли йигит дераза ойнасини синдириб, ичкарига ёнувчи қоришма қуйилган шишани ирғитган. Гилам ёниб кетган, китоблар. Ҳужум қилган болани ҳибсга олишди, уни 140 кунлик жамоат ишларига ҳукм қилишди.

- Бу йигит бирорта ёшлар гуруҳига алоқадор бўлганми?

- Швецияда ҳам бошқа жойларга ўхшаб келгиндиларни ёқтирмайдиган ёшлар гуруҳлари бор. Кейинги гал каттароқ ёшдаги йигитлар қалин ойнадан ясалган “мачит” эшигини арматура билан уриб синдирдилар. Бошқа сафар бир ёш йигит маст ҳолда Назаровга шилқимлик қилиб, уни ҳақорат қилганди. Бу йигит полициячиларга ҳам қаршилик кўрсатди. Миллатчилар нафақат мусулмонларни, балки ўз полициясини ҳам ҳурмат қилмайдилар. Уларнинг тасаввурича, мусулмонлар “Толибон” жанггариларига ўхшайдилар.

- Сўнгги ҳужум ҳам шундай йигитлар томонидан содир этилган деб ўйлайсизми?

- Тўқсон фоизига суиқасдни миллатчи гуруҳлар ёки маҳаллий безорилар содир этган, қолган ўн фоизига – бу ерда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати аралашган, деб ўйлайман.

- Стрёсмунд ҳақида сўзлаб беринг, қандай шаҳар бу ўзи? Чекка вилоятларда истиқомат қилувчи шведларнинг келгиндиларга муносабати қандай? Муҳожирлар билан шуғулланувчи расмий идораларнинг сиёсати шундай можароларнинг келиб чиқишига замин яратмайдими?

- Бу шаҳарчада икки юз мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ўз шаҳрида муҳожирларни мутлақо кўрмаган аҳоли учун бирданига элликта мусулмон оиласининг кўчиб келиши кутилмаган ҳолат, шок бўлган деб ўйлайман. Стрёсмунд аҳолисини қочоқларни қабул қилишга тайёрлашмаган. Расмийлар ҳеч бўлмаганда аҳоли билан суҳбат ўтказиши, уларни тайёрлаши ва муҳожирлар ҳеч қандай бандит эмас, жамият учун хавфсиз инсонлар эканлигини тушунтиришлари керак эди.

Улар қилмаган ишни маҳаллий ирқчилар қилаяпти. Уларнинг Интернетда ўз саҳифалари бор, унга кириб ўқисангиз, кўнглингиз айниб кетади (Ҳазратқул Худойберди расмийлар томонидан тақиқланмаган Sweden Confidential ирқчи саҳифасини назарда тутмоқда). Улар Назаровни ёмонлашда ўзбек махсус хизматларини ортда қолдираяптилар. Гўёки, Назаров террорчилик актларининг ташкилотчиси, жиноятчи. Полиция бўлса барча вертолетларини ишга солиб уни қўриқлаяпти, холос. Бу одам касалхонада ўлай деб ётган пайтда Sweden Confidential шовқин кўтариб, полиция жиноятчини қидириш учун бекорга пул сарфлаяпти деб ёзаяпти. Блогдаги мақоланинг номига қаранг: “Ўзбек отилди, у ўлиши керак”. Шу муносабат билан мен полицияга ариза бериб ўз фикримни изҳор этдим: балки мақола муаллифи “Капитан Крок” Стрёсмундда содир бўлаётган барча ишларнинг ғоявий раҳнамасидир?

Айни пайтда эътиқод эркинлиги билан дунёқараш эркинлиги зиддиятли қарама-қаршиликда. Бунга Данияда чоп этилган Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) карикатуралари, Афғонистонда Қуръоннинг ёндирилиши мисол бўла олади. Бу икки эркинлик бир даражада баҳоланиши лозим. Аммо дунёқараш эркинлиги осмонга олиб чиқилган бир пайтда, эътиқод эркинлиги оёқости қилиниб, таҳқирлнмоқда.

- Швециядаги ўзбекларнинг тирикчилиги нимани ҳисобидан бўлаяпти?

- Бу жуда катта муаммо ва ўзбек мусулмонларига нисбатан нафратли ҳужумларнинг сабабларидан биридир. Аксарият ўзбеклар шведларга боқим бўлиб яшаяпти, бу виждондан эмас.

- Яъни, нафақа ҳисобига демоқчисиз?

- Ҳа. Мисол учун, мен ишлайман ва солиқ тўлайман (Ҳазратқул Худойберди икки йиллик таржимонлар курсини тамомлаган, швед тилида яхши сўзлаша олади ва рус, ўзбек, қозоқ ва бошқа туркий тиллардан таржима қилади – таҳр.изоҳи). Ишлаётганларнинг тўлаган солиқлари ҳисобига аҳолининг ночор табақалари: болалар, қариялар, ногиронлар ва қочоқлар кун кечирадилар. Агар ёшингиз олтмишда бўлса, Швецияда бир кун ҳам ишламаган бўлсангиз, аммо бу ерга қочоқ сифатида келсангиз, сизга минг доллар пенсия берадилар. Агар нисбатан ёш бўлсангиз, давлат сизга бепул тил ўрганишга ва ҳатто ишчи ҳунари ўрганишингизга имконият яратади. Давлат яшаш учун хонадон, медицина хизматлари учун жуда катта субсидиялар беради.

- Давлат ёрдами дастури қанча вақт давом этиши мумкин?

- Мен ўн йиллардан бери нафақа ҳисобига кун кечираётган одамларни биламан. Улар соғ, ҳунари бор, аммо иш топа олмайди. Бугун, Стрёсмундда яшаётган элликта оиладан ишлаётган кишиларнинг сони ўнтадан ошмаса керак. Обидхон қорининг чет элдан оладиган қандайдир даромадлари бўлган, ахир у ислом олими, ўз иши учун қандайдир маблағ билан таъминланса керак...

Обидхон қори Назаров (1959 йилда туғилган) 90-чи йиллар бошида Тошкентдаги “Тўхтабой” жомеъ масжидининг имом-хатиби бўлиб ишлаган. Расмийларни танқид қилиб келгани учун имомликдан бўшатилган. Диндорлар орасида обрўси кучайиб кетаётганидан хавотирга тушган Ўзбекистон расмийлари унга нисбатан жиноят иши қўзғадилар. 2000 йилларда Назаров Ўзбекистонни тарк этди, 2006 йилда Швецияда сиёсий бошпана олди. Ўзбекистон расмийлари Обидхон Назаровни диний экстремизмда ҳамда террорчилик фаолиятига алоқадорликда айблаяптилар.

- Болаларчи, улар мактабга қатнаяптиларми?

- Болалар ҳам, катталар ҳам мактабга қатнайдилар. Нафақа олиш учун меҳнат биржасида рўйхатдан ўтишингиз керак. Шунда биржа сизнинг қизиқишингиз, имкониятингиз ва ёшингизга қарайди. Агар инглиз тилини билсангиз, иш топишингиз осон. Агар фақат ўзбекча сўзлашсангиз, унда швед тилини ўрганиш учун мактабга боришингиз керак. Кам деганда икки йил мактабга қатнаб тил ўрганасиз. Ўз мутахассислигингиз, мисол учун, пайвандчи бўлиб ишламоқчи бўлсангиз, қисқа муддатли курсларни тамомлашингиз керак. Агар курсларни тамомласангиз, Данияда ёки Финляндияда ҳам ишлай оласиз. Бу ерда ҳеч қандай муаммо йўқ, қизиқиш бўлса бўлди. Аммо Стресмунддаги ўзбекларимизда бундай қизиқишни кўрмадим. Ўзбекистонда оддий муҳандис машина сотиб олиш учун йигирма йил ишлаши керак. Бу ерда эса уч йилда пул тўпласа бўлади. Ҳар битта болага ойига минг крона нафақа тўланади, агар бола кўп бўлса, пул тўплаш осон. Машина олиб-сотарлик қилаётганлар бор, баъзилар велосипедларни таъмир қилиш билан шуғулланадилар. Бироқ агар сиз ўқиш дастурида қатнашиб, меҳнат биржасида рўйхатдан ўтмасангиз, унда қилаётган ишингиз тўғрисида доим ҳисобот ёзишингизга тўғри келади. Агар сабасиз мактабга бормай қўйсангиз, нафақадан маҳрум бўласиз.

- Агар келган одам олий маълумотли бўлса, унда нима?

- Агар Ўзбекистонда ўзбек тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган бўлсангиз, сизга ўқитувчи бўлиб ишлашни таклиф этадилар. Ҳар қандай мактабда, агар унда камида ўнта ўзбек боласи ўқийдиган бўлса, расмийлар уларга ўзбек тилидат дарс тақдим этишга мажбур. Шунда сизга ўн тўрт минг крон ойлик иш ҳақи берадилар, бу икки минг долларга тенг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз нафақа олиш учун меҳнат биржаси тавсия этган барча тадбирларда, бу қариялар уйида ишлаш бўладими, қарияларга қараш бўладими - қатнашишингиз шарт.

- Бош тортган тақдирда нима бўлади?

- Ундай кишига нафақа олмайсан дейдилар. У бўлса: нафақа керак эмас, деб жавоб беради. Булар қачон шундай дея оладилар? Агар ўзларининг яширин даромад манбаи бўлса. Шу тарзда ҳаёт кечирадилар, кимнидир ўзининг ёрдам берадиган ҳомийлари бор, бошқаси эса “яширин” даромад манбаига эга.

- Болалар мавзусига қайтсак: уларнинг швед синфдошлари билан муносабати қандай шаклланмоқда, муаммолар йўқми?

- Афсуски, муаммолар бор. Муаммоларнинг биринчиси – Стрёсмунд жамиятининг ҳозирги шок ҳолати. Болалар ота-оналарининг келгиндилар борасидаги шикоятларини эшитадилар ва ўз навбатида синфдошларига нисбатан таҳқиромуз қарай бошлайдилар.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Баъзи ўзбек оилалари мусиқа ва жисмоний тарбия дарсларига қатнашни тақиқлаб қўйган. Оқибатда, болалар ушбу предметлар бўйича баҳо ололмай қоладилар. Агар болалар барча предметлардан баҳо олмасалар, гимназияга кира олмайдилар. Натижада ўзбек болалари қолоқ, келажакдан маҳрум бўлиб қолаяпти.

- Аёлларнинг аҳволи қандай?

- Обидхон Назаров жамоасида фақат икки-уч аёл юзига ниқоб тутиб юради, қолганлари бошига рўмол ўраб юради, холос. Юзига ниқоб тутган аёлларнинг ишда ва жамоат жойларида муаммоларга дуч келиши аниқ.

- Обид Назаров жамоасининг бугунги кунда аҳволи қандай?

- Мен Обидхон қорини жуда ҳурмат қиламан. У ҳалол, юксак аҳлоқли ва маданиятли инсон. Обидхон Назаровнинг жамоаси имомга жуда боғланиб қолган, мен унинг ишини ким давом эта олишини билмайман. Обидхон ўзига ўринбосар тайёрлаб қўймагани яхши бўлмади. Биздаги ҳамма лидерларимиз ҳам шундай: Каримов ҳам, мухолифат етакчилари ҳам ўзларига ўринбосар тайёрламаган. Ҳозир Обидхон комада, беҳуш ётибди. Ҳозир у касал экан, унинг ишини ҳеч ким давом эта олмайди.

* * *

Ҳазратқул Худойберди билан суҳбатлашиб бўлгандан сўнг Швеция муҳожирлик хизмати вакили билан боғланишга эришдик. Уларга кўра, мамлакат қонунчилигига мувофиқ, қочоқлар муҳожирларни қабул қилишга қаршилик қилмаган шаҳар ва районларга тақсимот қилинади. Шу ерда таъкидлаб ўтамиз: маҳаллий аҳолига муҳожирлар қайси мамлакатдан келаётгани ҳақида албатта айтилади. Бу борада маҳаллий аҳоли рози бўлиш тўғрисида ўзлари қарор қабул қиладилар, “юқоридан” ҳеч қандай кўрсатма берилмайди.

Бундан ташқари, Швециядан сиёсий бошпана сўраган ўзбек муҳожирларининг сони ҳақида ҳам маълумот олдик. 2000 йилдан 2011 йилгача бунақа одамларнинг сони беш мингдан ошиб кетган. Улардан фақат мингга яқини мамлакатда истиқомат қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Даниил Кислов, “Фарғона” ахборот агентлиги бош муҳаррири

”Фарғона” ахборот агентлиги