11:26 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўшда шаҳар кенгашига сайловлар ўтмоқда

05.03.2012 14:53 msk

Екатерина Ивашченко

2012 йил 4 март куни Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўшда шаҳар Кенгашига сайловлар бўлиб ўтди. Ушбу сайлов якунлари шаҳарнинг бўлажак ҳокимини ва эҳтимол, мамлакат жанубининг келгуси тақдирини белгилаб беради.

Шаҳар Кенешидаги 45 та депутатлик ўринини эгаллашга 7 та партия кураш олиб бормоқда: “Улуттар Биримдиги” (“Миллатлар Бирлиги” – Мирзақматов партияси), “Ата-Мекен”, Қирғизистон Социал-демократик партияси (СДПК), “Республика”, “Адилеттуу Кыргызстан” (“Адолатли Қирғизистон”), “Замандаш” Халқ-демократикая партияси. 1 март куни митингда фаол иштирок этган Коммунистлар партияси шаҳар ҳокими Мирзақматов фойдасига сайловда иштирок этмайдиган бўлди. Кузатувчиларга кўра, сайлов пойгасида Мирзақматовнинг “Улуттар Биримдиги”, президент Атамбаевнинг Социал-демократлар партияси ва бош вазир Ўмирбек Бабановнинг “Республика” партиялари етакчи ўринларни эгаллайдилар.

Ўшда ўтган сайлов бўйича ўз кузатувлари ҳақида “Фарғона” ахборот агентлигининг Қирғизистон бўйича мухбири Екатерина Ивашченко ҳикоя қилиб берди.

* * *

4 март куни эрталаб Ўшдаги ошхона ва дўконларнинг бир қисми очилмади. “Одамлар тўполон бошланиб кетишидан хавотирдалар”. Аҳоли бу вазиятни шундай изоҳлади.

Шаҳар ҳокими сайлов участкасига биринчилар қаторида етиб келди. Журналистларнинг саволларига жавоб бера туриб , ҳозирча иқтидордаги ҳоким сайловлар тинч ўтишига умид қилаётгани изҳор этди. “Мен Ўшда истиқомат қилаётган бутун жамиятни, барча миллатларни бирлаштирмоқчиман. Уларни ҳам сиёсий, ҳам ғоявий жиҳатдан бирлаштирмоқчиман. Мана икки йилдирки, мэрия раҳбарияти халқни бирлаштириш бўйича иш олиб бораяпти”, - деди ҳоким.

Соат 09:30, №284 сайлов участкасига (профлицей) етиб келдим. Бу участка аҳолиси асосан ўзбеклардан иборат Черемушки микрайонида жойлашган. Участка ёнида турнақатор машиналар тўпланган, участканинг атрофида эса жуда кўп миқдорда қирғиз миллатига мансуб ёш йигитлар туришибди. Улар овоз бермаяптилар, фақат юзларини ҳўмрайтириб маҳаллий аҳолини кузатиб боришаяпти, холос. Ўзбеклар уларга қўрқув ила қараяптилар. Маҳаллий аҳолига кўра, улар Мелис Мирзақматовнинг тарафдорлари (уларни яна “братка” деб атайдилар).


“Братка”лар ҳар бир участка ёнида турибдилар

Бу участкада 2.688 киши рўйхатга олинган, мен келганимда 330 киши овоз бериб бўлган экан. Кираверишда қирғизлар ва ўзбеклардан иборат катта навбат тизилган, улар овоз бериб бўлиб қайтаяптилар. Қайта овоз бера олмаслиги учун қўлга қўйилаётган маркировкани ҳеч ким текширмаяпти. Маркировкани овоз бергандан кейин ҳам текширишмаяпти. Қўлларига қизил боғич бойлаган ўнга яқин дружиначилар ва милиционерлар тартиб сақлаб турибдилар. Кузатувчилар қонун бузилишлари қайд этилмаган дея таъкидлаяптилар.

Соат 10 га яқин лицей ҳовлисига 10-15 кишидан иборат бир неча гуруҳ кириб келди. Участкадан дарвозага томонга чиқдим: шу ернинг ўзида шаҳар йўналишлари бўйлаб қатнайдиган микравтобуслар тўхтади ва улардан асосан ўзбек аёллари чиқди. Баъзи партиялар, тахминимча “Республика” ва “СДПК” ўзбекларни сайлов участкаларига етказиш хизматини таклиф этганлари ҳақида кеча эшитгандим. Ахборот тасдиқланди. Ушбу сайловларда овоз учун 100 сомдан 500 сомгача тўлаяптилар, деган маълумотлар бор.


Ўзбек аёлларини сайлов участкаларига оммавий тарзда етказиш

Бўлаётган ишларни, шу жумладан, “братка”ларни ҳам суратга ола бошладим. Улар менга ёмон кўз билан қарашиб, тўп-тўп бўла бошладилар. Қўрқиб кетдим. Етиб келган биринчи маршруткага сакраб чиқиб бошқа сайлов участкасига йўл олдим. Роппа-роса 10 дақиқа ўтганидан сўнг шу участкадан менга қўнғироқ қилдилар ва “братка”лар сайловга келган ёш ўзбек йигитларини калтаклаганлари ҳақида айтдилар.

* * *

Мен бориб кўрган кейинги №283 сайлов участкаси ҳам ўша “Черемуши” даҳасида, №20 ўрта мактаб ҳудудида жойлашган. Йўл бўйлаб икки қатор машиналар тизилиб турибди. Машиналар уйлари куйиб деярли хонавайрон бўлган “Черемушки” аҳолисига тегишли эмаслиги аниқ.


“Бегона” машиналар сайловчиларни бошқа районлардан олиб келган

Мактаб атрофида, дарвоза олдида, бутун мактаб ҳудуди бўйлаб олдинги участкадаги сингари манзара - ёш қирғиз йигитлари кўп. Дарвоза олдида тўхтагандим, олдимга ўзбеклар келиб, “братка”лар уларни сайловга киритмаётганлари борасида шикоят қила бошладилар. Бунинг сабаби жўн: ўзбекларнинг сайловда қатнашишлари Мирзақматовнинг зиёнига, улар бошқа партияларга овоз беришлари аниқ. “Братка”ларнинг кўринишидан нафақат ўзбеклар, балки қирғизлар ҳам ҳуркияптилар. Милициянинг эса юзага келгшан аҳвол билан иши йўқ, бефарқ.

Ичкарига кирдим. Мактабнинг ичи ёш йигитларга тўлиб кетган, улар атрофга олазаракланиб турибдилар. Овоз бериш авжига чиққан, одамлар жуда кўп. Кузатувчиларнинг олдига яқинлашдим, қонунбузарликлар ҳақида қизиқдим. Ёшгина қиз “қонунбузарликлар бор” дея улар қайд этилган дафтарга қўл чўзди. Аммо унинг ёши улуғроқ ҳамкасблари қизни кескин равишда қайириб, менга илжайган ҳолда “қонунбузарликлар йўқ” дейишди.

Кузатувчилар қоидабузарларни кузатиш ўрнига суратга тушаяптилар. Ташқарига чиқсам, бошқа ўзбек йигитлари овоз бергани кира олмаётганларидан аччиқланиб туришган экан. Шу ерда турган милиционер улар навбатсиз кирмоқчи бўлаяптилар дея менга эътироз билдирди. Қайтиб кириб бу ҳақда кузатувчиларга айтдим. Улар менга илжайиб, участка ташқарисида содир бўлаётган ишлар бизга тааллуқли эмас, участкада эса ҳаммаёқ тинч, дея жавоб бердилар.

Нарироқ чиқдим, сайловга кираверишдан йигирма метрлар чамаси, мактаб ҳудудининг ўзида қандайдир эркак бир аёлнинг қўлидаги маркировкани ўчиришга ҳаракат қилаётган экан. Сайлов участкаси комиссияларининг баъзи аъзолари маркировкани тирноққа эмас, тирноқ ёнидаги терига қўяётганлари маълум бўлди. Бунақа маркировкани вазилин ёрдамида ўчириш осон. Мени кўрибоқ улар жуфтакни ростлаб қолдилар. Атрофдагилар бу ҳолатни хотиржам кузатаяптилар.

Участка бўйлаб айлана бошладим. Бир гуруҳ йигитлар ҳовлида туриб зерикдилар шекилли, овоз берадиган хонага куч билан бостириб кира бошладилар. Эшиклар қарсилаб кетди, синадими деб ўйладим, аммо ўтиб кетишди. Сайловда фириб ишлатувчиларнинг нияти равшан: тўполонда бюллетентларни сайлов қутиларига керакли миқдорда ташлашга имконият беради. Даҳшат. Ичкарида турганлар учун қўрқиб кетдим, ўзим жоним учун даҳшатга тушдим. Бу оламон нималарни бошлаб юбориши мумкинлиги ҳақида ўйлашнинг ўзи даҳшат.


Сайлов участкасига кираверишда юзага келган сунъий тиқилинч

Яна ичкарига кирдим. Участка сайлов кормиссия аъзолари паспорт текшируви, тирноқларга маркировка қўядиган ва бюллетень бериладиган стол олдида тиқилинчда қий-чув бошланиб кетди. Ёнимда турган аёл “районлардан келган одамлар” овоз бераётганлари тўғрисида аччиқланиб гапира бошлади. Шу ерда сайлов комиссияси аъзоси пайтдан фойдаланиб битта одамга овоз бериш учун учта бюллетень бериб юборди.

Бир неча дақиқа ўтиб “Ота-Макон” кузатувчиси Қурсан Заффаров менинг кўз ўнгимда бировнинг паспорти бўйича бюллетень олган одамни ушлаб олди. Шов-шув кўтарилди, Заффаровни қўлидан тортиб, ташқарига куч билан етаклай бошладилар, ўзларининг оғзидан “разборкага” деган гап чиқди. Участка сайлов комиссияси раиси вазиятни тартибга солиш ва қоидабузарлик тўғрисида баённома тузиш ўрнига Заффаровни ўзини айблай бошлади. Унинг гувоҳномасини текшира бошладилар. Умуман тутуриқсиз вазият юзага келди: “разборшчиклар” унинг ID-кардига (қирғиз паспорти) қарагандиларки, у ерда “туғилган ери - Ўзбекистон” деб ёзилган экан. Шунда Заффаровни “Ўзбекистон фуқароси экансанку”, дея айблай бошладилар. Бўлаётган ишларни видеотасвирга олишга урингандим, аввалига “суратга олиш тақиқланган!” дея камера объективини қўллари билан тўсдилар (бу эса яна битта қоидабузарлик), кейин бўлса камерани уриб туширмоқчи бўлдилар... Узоқ вақт давом этган тортишувлардан сўнг Заффаров қоида бузилгани тўғрисида акт туза бошлади.

Сайлов қутиси олдида ярим соатча турдим. Чап қўлнинг бош бармоғига қўйилган маркировкани кўриш учун тикилиб қараш шарт эмас. Аммо сайлов қутисига бюллетень ташлаётган сайловчиларнинг баъзиларида маркировка йўқ. Нега маркировкангиз йўқ деб сўраганим заҳоти одамлар елкаларини қисиб, тезроқ кетишнинг ҳарактида бўлаяптилар. Кузатувчиларнинг бу ҳол билан ишлари йўқ.


Маркирока ҳамма сайловчиларда ҳам бор эмас

* * *

Соат 13:00 да Ўш шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясининг раиси Саадат Маматалиева журналистларга сайловчиларнинг фаоллик даражаси “нормалний” дея маълум қилди. Соат биргача сайловчиларнинг ўттиз фоизи овоз бериб бўлди. Маматалиевага кўра, “қўпол қоидабузарликлар ҳозирча кузатилмаган”.

...Кейингги, №5277 участкасига йўл олдим. Бу даҳада қирғизлар кўпроқ яшар экан. Бордию, Ўшни яхши билмаган тақдирда ҳам шундай хулосага келиш мумкин. “Братка”лар бир неча баробар оз бўлса ҳам бу ерда ҳам бор – улар ҳар бир участкада бор. Ичкарига кирдим, бу ерда хотиржамлик ҳукм сурмоқда, овоз беришда муаммолар йўқ ҳисоби. “Черемушки” билан таққосланадиган бўлса, умуман олганда тинчлик. Бироқ кузатувчилардан бири ҳозиргина қўлида олтита бюллетен кўтариб турган одамни ушлаб олганини айтди. Бироқ у бюллетенларни қайси партия фойдасига ташлашмоқчи бўлганини била олмади, участка сайлов комиссияси раиси дарҳол бюллетентларни олиб қўйди. Бу ерда 1657 та сайловчидан 300 таси овоз бериб бўлди.

Машинада шаҳарни айланиб чиқдим, бошқа участкаларда нисбатан тинчлик.

Яна “Черемушки”га, ўша мактабдаги сайлов участкасига қайтдим . Вазият ўша-ўша – аввалгидек таранг. “Браткалар” ҳамон мактаб ҳудудида менга ўқрайиб қараётган, атрофдагиларни қўрқитаётган, зинапояда ўша аввалгидек одамлар тиқин. Бўлаётган ишларнинг шоҳидлари – “Черемушки” аҳолиси хавотирла ҳўрсиниб, “Ўшда бунақа сайловларни ҳеч кўрмаганман” дейишмоқда.

”Фарғона” ахборот агентлиги



 

Реклама