23:22 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўшда ҳукуматга қарши ва шаҳар ҳокими Мирзақматовни қўллашга қаратилган оммавий митинг бўлиб ўтди

02.03.2012 12:00 msk

Екатерина Иващенко (Бишкек-Ўш)

2012 йил 1 март куни Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўшда “Тинчлик ва тотувлик учун” оммавий митинги бўлиб ўтди. Митинг мазмун-моҳияти Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматовни қўллаш ҳамда амалдаги ҳукуматга ультиматум қўйишдан иборат бўлди. Ташкилотчиларга кўра, унда 25 минг киши, милиция маълумотига кўра эса ўн мингга яқин одам қатнашди. Митинг иштирокчилари ҳукуматни 15 мартгача тарқатиш, 2010 йил воқеаларида айбдорларни 7 апрелгача жазолаш, янги Конституцияни ёзиш ва Ўш шаҳар Кенгашига ҳалол сайлов ўтказиш талабини қўйдилар.

2012 йил 4 март куни Ўш, Қарақўл ва Тўқмоқ шаҳарларида (Қирғизистон) шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Ҳаммани ташвишга солаётгани Ўшдаги сайловлар бўлиб, унда саккизта партия вакиллари қатнашадилар. Аммо ушбу сайловлар олдида турган асосий масала – шаҳар кенгашига қайси партиялар ўтиши эмас, балки Мелис Мирзақматовнинг Ўш шаҳар ҳокими лавозимида қолиш-қолмаслиги бўлиб қолаяпти. Қонунга мувофиқ, шаҳар ҳокимлигига номзодни мамлакат президенти кўрсатади, аммо “Ўш шаҳар мақоми тўғрисида” қонунга кўра, ҳокимни “шаҳар кенгаши депутатлари яширин овоз бериш йўли билан 4 йил муддатга сайлайдилар”.

Биринчи муаммо – Ўш шаҳрининг амалдаги ҳокими Мелис Мирзақматов 2009 йил 28 январида сайланган бўлиб, унинг ваколат муддати бир йилдан кейин тугашида. Коммунистлар етакчиси Исҳақ Масалиев бу вазиятни шундай шарҳлади: “Қонунларимиз ишламаяпти, бизда ҳокимларни қонунга хилоф тарзда сайлашган. Қаерга қараманг, ҳаммаси қонунбузарликлар. Де-юре, Мирзақматовнинг ваколат муддати тугашини кутиш керак, де-факто – агар Ўш кенгашида, мисол учун, СДПК кўпчлик овоз тўпласа, ҳокимликка номзодни шу партиядан кўрсатилади, “Ота-макон” бўлса, “Ота-Макондан” сайланади”.

Адахан Мадумаров: “Ҳокимликка номзодни кўрсатиш – президент ваколатига киради, аммо шаҳар депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланади. Агар бир партия кўпчилик овозни тўпласа, президент шу партия вакилини номзодликка кўрсатиши мантиқан тўғри. Агар Атамбаев низоли вазият пайдо бўлишини истаса, унда кўпчилик овоз олган партия қолиб, бошқа партиядан номзод кўрсатади”.


Мелис Мирзақматов партиясининг плакати. Фото “Черемушки” микрайонида суратга олинган, Ўш. Фото © “Фарғона”

Сайловолди ташвиқоти

Демак, Мелис Мирзақматов лавозимида қолмоқчи бўлса, шаҳар кенгашига ўз партиясини ўтказиши ва унда кўпчилик овоз тўплаши лозим. Шунинг учун шошилинч тарзда “Улууттар Биримдиги” (Миллатлар Бирлиги) партияси тузилди ҳамда расман рухсат берилган вақтдан анча илгари жидди-жаҳд ила унинг агитацияси бошланди.

Шаҳар ҳокими январь бошиданоқ ўзбеклар билан ишлашни бошлади. Ҳар куни ҳар бир маҳалладан бир-нечтадан одамалар тўпланиб, иккита бусикларга (микравтобус) солиниб шаҳар ҳокимига қарашли савдо марказига олиб келинарди. Ўзбек мактабларининг ўқитувчилари ва талабалар алоҳида келтирилган. Одамларни махсус залга жойлаштириб, устидан қулф солинган (!) ва шундан кейин шахсан мэрнинг ўзи кириб, “суҳбат” ўтказган.

Ўшандай суҳбатларда қатнашган одамларнинг айтишича, суҳбатнинг мазмун-моҳияти жўн бўлган: агар маҳаллий Кенгашда унинг партияси ғалаба қозонмаса, ўзбекларнинг ҳоли вой бўлади, шаҳарда тартибсизликлар бошланади, бунга яна ўзбеклар айбдор бўладилар. Шундан кейин ҳокимнинг шаҳди пасайиб, “биз (жанубликлар) улар (арқалиқлар-шимолликлар) учун иккинч сорт одамлармиз, шунинг учун ўзимизнинг маҳаллий одамларни сайлашимиз керак”, дея тушунтиришга ҳаракат қиларди.

Мирзақматов яна “мен 2010 йил июнь воқеаларида айбдор эмасман, бу ишларнинг чинакам сабабчилари Ўтунбаева ва Атамбаевни Ўшнинг майдонига олиб келаман, улар “қилмишлари учун тиз чўкиб кечирим сўрайдилар” дея билдирди”.


Мелис Мирзақматов партиясининг плакати. “Биз – шаҳар учун!”, Ўш. Фото © “Фарғона”

Сайловолди ташвиқотларига 4 февраль куни расмий рухсат берилганидан сўнг Мизақматовнинг тарафдорлари автомашина ва отлиқлар кузатувида ўзбек маҳалларида юришлар ўтказдилар ҳамда “Ме-лис, Ме-лис!” дея ҳайқириб ўзбекларни қўрқитиб юбордилар. Аввалги эгаларидан рейдерлик йўлиб билан тортиб олинган “ЎшТВ” телеканали эса фақат Мирзақматов эришган ютуқлари ва хайрия ишлари ҳақида сўзлаяпти, холос. 2010 йил июнида энг катта талафот кўрган “Черемушки” даҳаси эса Мирзақматов париясининг баннерлари билан қопланиб кетганга ўхшайди.

Ўшга кираверишда Манасга ёдгорлик ўрнатиб қўйишибди, яқин кунлар ичида унинг очилиш маросимини ўтказишмоқчи. Кўпчилик ўшликлар ҳайкал қўйгандан кўра, вайрон бўлган шаҳарга фойдаси тегадиган бирор нарса қилишса бўларди дейишади-ю, аммо буни очиқ муҳокама қилишдан қўрқишади.

Ўшда ташвиқот кўлами бўйича СДПК ва “Республика” партиялари иккинчи ўринда кетаяптилар. Улар анъанавий тарзда тинчлик ва ижтимоий барқарорлик ваъда қилаяптилар.

Мэрни қўллашга қаратилган митинг

1 март куни Ўшда Мирзақматовни қўллашга қаратилган оммавий митинг бўлиб ўтди. Ўш милицияси митингга тайёргарлик доирасида 28 февралдан бошлаб хизмат ўташнинг кучайтирилган тартибига ўтди. Ўша кундан бошлаб халқаро ташкилотлар ваколатхоналари хавфсизликнинг кучайтирилиган режими бўйича ишлай бошладилар: уларнинг барча ходимларига кечки пайт бино ичкарисида бўлиш ва рацияларини доим ишлаган ҳолда тутиш тавсия этилди. Митинг арафасида бир неча кун давомида шаҳар кўчаларида автомашиналар сони анчага камайди.


Мелис Мирзақматов партиясининг “Черемушки” микрайонида жойлашган штаби, Ўш. Фото © “Фарғона”

Ташкилотчиларга кўра, митингга 25 минг киши, милиция маълумотига кўра ўн мингга яқин одам тўпланди. Митинг ўтаётган жойда бўлган “Фарғона” мухбири акцияда қатнашган асосан ёш йигитлардан иборат иштирокчилар хушмуомала, хотиржам бўлганларини, ҳаммаси тинч ўтганини тасдиқлайди. Ўзбеклар митингга қатнашмадилар.

Митингда сариқ қўлбойлағич таққан қўриқчилар ва 200 нафар милиционерлар тартибни сақлаб турдилар. Унда Исҳақ Масалиев (Коммунистлар партияси), Бишкекдан Мирзақматовни қўллаш учун етиб келган “ата-журтчи”лар Қамчибек Ташиева, Ахмат Келдибеков (Ата-Журт шаҳар кенгашига сайловларда қатнашмайди) ва Адахан Мадумаров (Бутун Қирғизистон) сўзга чиқдилар. Нотиқлар мамлакатда тартиб йўқлиги, Россия билан дўстона муносабатда бўлиш зарурлиги, Россиянинг Кантдаги базаси қолиши кераклиги, Мирзақматов партиясини қўллаш лозимлиги ҳақида гапирдилар. Мадумаров минбардан туриб тўпланганларга: “Биздан бирлашишимизни талаб қилгандингиз, биз бирлашдик! Энди бўлса Мирзақматовни қўллашингизни ва Ўш шаҳар ҳокими лавозимида қолдиришингизни сўраймиз!” дея мурожаат қилди.


Ўшдаги митинг, 2012 йил 1 март. Фото © “Фарғона”

Митинг иштирокчиларининг Қирғизистон халқига мурожаатидан:

2010 йилда қабул қилинган Конституция халқ умидларини оқламади. Айни пайтда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар натижасиз якунланди...

Мурожаатноманинг рус тилидаги матни билан шу ерда танишишингиз мумкин.

“Бутун Қирғизистон” партиясининг етакчиси митинг иштирокчиларининг умумий талабларини ўқиб эшттирди:

1. Ҳукумат иши қониқарсиз деб топилсин ва 15 мартгача истеъфога чиқарилсин.

2. Президент ва парламент “халқ ишончидаги профессионал ҳукуматини” тузсин.

3. Асосий Қонунни ўзгартириш бўйича Конституциявий кенгаш чақирилсин.

4. 2012 йил 7 апрелигача 2010 йил апрель-июнь воқеалари айбдорлари жазога тортилсин.

5. “Азияуниверсалбанк” ячейкаларидан пул ўғирлашга алоқадор шахсалар жазога тортилсин.

6. Ўш, Қарақўл ва Тўқмоқ шаҳар Кенгашларига ҳалол сайловлар ўтказилсин.

“Агар сайловлар ҳалол ўтмаса, - дея пўписа ила қўшиб қўйди Мадумаров, - биз 5 март куни соат 11:00 да ўзша ернинг ўзида тўпланамиз!”

“Янги Конституция ва Бабанов ҳукумати йўқолсин!”

Митингдан сўнг мухолифат лидерлари матбуот анжумани ўтказдилар. “Бугунги митинг бирлик ва барқарорликка қаратилган, - дея матбуот анжуманида сўз бошлади Адахан Мадумаров. – Сиёсатшунослар ва ОАВ унга маҳаллийчилик нуқтаи назаридан қараяптилар, аммо бундай эмас. Митинг олдида турган вазифа - чидаб бўлмас ҳолатларга ва инсон ҳуқуқлари бузилишларига эътибор қаратиш. Биз Москвада кишини ғазаблантирувчи баёнотлар берган президент Атамбаевнинг сўзларини танқид қилдик (Москвага ташрифи чоғида Атамбаев президент Медведевга Россия Қирғизистонга Кант базасининг ижараси учун 15 миллион доллар қарз бўлиб қолган деб айтган. Кейин маълум бўлишича, қирғиз президенти ҳаммасини чалкаштириб юборган экан, Россиянинг қарзи бор, аммо Кант базаси учун эмас, -таҳр.). Бу каби баёнотлар мамлакат обрўсига футур етказажак”.

Конституцияни ўзгартириш талабини шарҳлаган Ахмат Келдибеков 1993 йил Конституцияси негизидаги Конституцияга қайтиш лозим, дея қайд этди. Адахан Мадумаров “бизнинг митинг Атамбаевга ёрдам бераяпти, унинг ўзи на ташқи ва на ички сиёсатни белгилай олмаяпти. Биз эса унга ҳокимият идоралари ўртасида ваколатларни қанақа қилиб тақсимлаш, ким нима учун жавоб бериши кераклигини аниқлашга туртки бераяпмиз”, дея қўшиб қўйди.

Келдибековга кўра, митингда қўйилган талабларни “бажариш осон” ва уларни “одамлар яхшироқ яшашлари учун бажариш лозим”. Келдибеков Қирғизистоннинг бутун сиёсий ҳаёти Ўшда ўтиши лозим, Бишкекда эса “фақат бизнес ва иқтисодни қолдириш керак” дея ҳисоблар экан. Парламентнинг собиқ тўроғасига кўра, бу мамлакатдаги кўплаб муаммоларни ҳал этган бўларди.


Ўшдаги митинг. Плакатда: “Бабанов – бу коррупция ва Қирғизистоннинг парчаланиши”. Фото © “Фарғона”

Қизиғи шундаки, митингда Қирғизистон бош вазири Ўмирбек Бабановга қарши палкат ва шиорлар кўп бўлган. Уларда “Бабанов – бу коррупция ва Қирғизистоннинг парчаланиши”, деб ёзилганди. Митингда сўзга чиққанлар асосан Мирзақматовни қўллаш ҳақида гапирган бўлсалар ҳам, Ўш митинги иштирокчиларининг мурожаатида бу ҳақда бирор оғиз сўз ёзилмаган. Яъни, мурожаатнома бошдан-охиригача бош вазир Ўмирбек Бабановга ва у бошқараётган ҳукумат фаолиятига қарши қаратилган.

Агар ҳукумат 15 мартда истеъфога чиқарилмаса нима бўлиши ҳақида Мадумаров аниқлик киритиб ўтирмади: “15 мартдан кейин тартибсизликлар бошланадими, деган саволга жавоб берилмайди. Бугунги митинг ва 15 март кунига қўйилган муддат – биринчи босқич. 15 мартдан кейин ишни бошлаб юборамиз. Норозилик акцияларни белгиловчи қонунлар кўп... Мен ҳокимият алмашуви ҳақида гапирмайман, бунинг бошимда бир марта калтак сингани етади”.

Екатерина Иващенко (Ўш)

”Фарғона” ахборот агентлиги