17:21 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Рустам Усманов арифметикаси: Ўн тўрт плюс беш

24.02.2012 20:56 msk

Фарғона

Рустам Усманов. Оилавий архивдан олинган фотосурат

Жорий йилнинг февраль ойи бошида иқтисодий жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтаётган таниқли тадбиркор Рустам Усманов қўшимчасига беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Шундай қилиб, 1998 йилда 14 йилга кесилган собиқ банкир “режимни бузгани” учун турманинг ўзида Жиноят кодексининг тегишли моддасида кўзда тутилган энг катта жазога тортилди. Умуман олганда, Рустам Усманов биринчи бор президент Ислом Каримов Ўзбекистонда XX асрнинг 90-чи йиллари ўртасида ўрнатган режимни бузгани учун турмага ўтирганди.

“Фарғона” ахборот агентлигига маълум бўлишича, жорий йилнинг февраль ойи бошида иқтисодий жиноятлари учун қамоқ жазосини ўтаётган таниқли тадбиркор Рустам Усманов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 моддаси бўйича (“Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик”) яна беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Шундай қилиб, 1998 йилда 14 йилга кесилган собиқ банкир кутилмаганда турманинг ўзида “ички режимни бузгани” учун Жиноят кодексининг тегишли моддасида кўзда тутилган энг катта жазога тортилди.

Биздаги маълумотга кўра, собиқ банкир Усмановнинг ўн тўрт йиллик қамоқ муддати 2012 йилнинг 14 февралида тугаши керак эди. Шу йилнинг 6 январида уни Жаслиқ колониясидан Нукус шаҳар тергов изоляторига ўтказдилар, у ҳозир ҳам ўша ерда сақланмоқда.

Қайд этиш жоизки, бу хабар ҳозирча расман тасдиқланмаган. Янги ҳукмнинг нусхаси адвокатга берилмаган, шунинг учун бу каби ўта шавқатсиз жазонинг (221 модда бўйича максимал) сабаблари номаълум бўлиб қолмоқда.

Рустам Усмановнинг номи мутахассислар ҳамда Ўзбекистоннинг замонавий тарихи билан қизиққанлар учун яхши таниш. Фан доктори, иқтисод бўйича кўп сонли рисола ва мақолалар муаллифи, Ўзбекистон Журналистлари ва мустақил ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Рустам Усманов мустақилликнинг илк даврида Ўрта Осиёда биринчи бўлиб “Рустамбанк” хусусий банкини очганди.

Баъзи тадқиқотчилар Рустам Усмановнинг тарихини сиёсий амбициялари туфайли Путиннинг ғазабига йўлиққан россиялик тадбиркор Михаил Ходорковский тақдири билан қиёслайдилар. Рустам Усманов ҳам 1998 йилда сиёсий фаоллик кўрсата бошлаши биланоқ иқтисодий жиноятларда айбланиб 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Қамоқнинг биринчи ўн йили давомида Рустам Усмановни тўрт марта бир турмадан бошқасига кўчирдилар. Унга нисбатан бирорта ҳам амнистия қўлланмади. Ҳар сафар қандайдир давлат байрами арафисида озодликка чиқариладиган маҳбусларнинг рўйхати эълон қилиниши билан, турмалар маъмуриятлари Усмановга навбатдаги ички режимни бузиш бўйича навбатдаги айбларни юклаб қўяр ва натижада, унинг колониядан муддатидан олдин чиқиш имконияти кесиларди.

Рустам Усмановнинг номи Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) томонидан чоп этилган ўзбек сиёсий маҳбуслари ҳамда сохта айбловлар бўйича қамалганлар рўйхатидан ўрин олган. Ҳуқуқ ҳимоячилар бу рўйхатни халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларига ҳамда демократик мамлакатлар вакилларига бир неча бор тақдим этиб, тадбиркорни зудлик билан озод қилиш мақсадида Ислом Каримов режимига босим ўтказишни талаб қилганлар.

Қайд этиш жоизки, Рустам Усманов Қирғизистон фуқароси бўлади. Аммо қўшни республика расмийлари маҳбусликда ўтирган ўз фуқаросининг тақдири билан асло қизиққани йўқ.

”Фарғона” ахборот агентлиги