14:48 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг расмий ОАВ нега ёлғон сўзларни очиқдан-очиқ, баландпарвоз руҳда ёзадилар?

22.02.2012 10:02 msk

Фарғона.Ру

“O‘zbekiston ta’lim tizimi – jahon standartlari darajasida” - Ўзбекистоннинг бош ахборот агентлиги UzA 16 февраль куни чоп этган мақолалардан бири шундай деб аталади.

Расмий ахборот манбасининг таъкидлашича, Тошкент шаҳридаги намунали 243 мактабда бўлиб қайтган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” дея аталган конференция қатнашчилари шундай хулосага келганлар. Пойтахтнинг Олмазор туманида жойлашган бу мактаб чиндан ҳам намунали, “Меҳр нури” нодавлат нотижорат жамоат хайрия жамғармаси кўмагида капитал таъмирланган ва моддий-техника базаси мустаҳкамланган бўлиши эҳтимол. Аммо мазкур жамғарманинг сайтида бу ишларнинг амалга оширилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Сайтда фақат 2008 йил 4 сентябрда чоп этилган биттагина мақола бўлиб, 66 мактабда таъмир ишлари ўтказилгани ҳақида тил учида айтб ўтилган, холос: “(2007 йил) сентябрида эса пойтахтнинг бир йўла учта умумтаълим мактабининг ўқучилари ва ўқитувчилари янги таъмирланган синфларга кирдилар”.

Энди бўлса конференциянинг чет эллик қатнашчилари кимлигига бир қараб кўрайлик. Аввал улардан иқтибослар (цитата) келтирамиз.

“Ўзбекистон таълим тизими таҳсинга лойиқ, - дейди Буюк Британия инглиз тили ўқитувчилари ассоциацияси президенти Лесли Киркам. – Менинг мамлакатингизга учинчи марта келишим ва ҳар сафар ташрифим давомида таълим тизимида кўплаб янги ва фойдали ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан. Мен Ўзбекистон давлат таълим стандарталари жаҳон стандартларига тўлиқ мос келади, деган фикрдаман”.

“Ўзбекистон таълим тизими ҳақида кўп эшитганмана, - дейди Австрия парламенти аъзоси, Австрия миллатлараро ҳамжиҳатлик жамияти президенти Жозеф Хоштл. – Ҳақиқатан ҳам, мамлакатингизда истиқлол йилларида таълим соҳасида эришган ютуқлар таҳсинга сазавор. Бу ердаги барча ўқув юртларида тилларни ўрганишга катта эътибор берилаётгани бизни қувонтирди. Зеро, бу ҳозирги глобаллашув ва интеграциялашув даврида мамлакатингиз илмий салоҳияти учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Мен Ўзбекистонда таълим тизими жаҳон стандартлари даражасида эканига ишонч ҳосил қилдим”.

Буюк Британия инглиз тили ўқитувчилари ассоциацияси президенти дея аталган ҳурматли Лесли Киркам (Les Kirkham) аслида ушбу уюшманинг оддийгина вакили, холос (бу ҳақда ассоциациянинг сайтида айтилган). Бундан ташқари, ташкилотнинг расмий номи ҳам сал бошқачароқ: Чет элликларга таълим берувчи инглиз тили ўқитувчиларининг халқаро ассоциацияси (International Association of Teachers of English as a Foreign Language). Кўраяпсизми, маъно ҳам ўзгарди, аҳамияти ҳам анча пасайди...

Ҳурмати уникидан кам бўлмаган жаноб Жозеф Хоштл (Josef Hoechtl) – иқтисодчи ва ижтимоий фанлар профессори, 1990 йилдан бошлаб Австрия миллатлараро ҳамжиҳатлик жамиятига раис бўлган. Афсуски, ушбу жамият ҳақида бошқа маълумотни Интернетдан топиб бўлмади. Хоштл 24 йил давомида Австрия парламенти депутати бўлгани ҳамда Таълим ва маданият ишлари бўйича қўмита раиси, Илм-фан ишлари бўйича қўмита раисининг муовини, Ташқи сиёсат қўмитаси аъзоси вазифаларида ишлагани маълум, холос. Кўринишидан, у бу лавозимларини 10 йил муқаддам тарк этганга ўхшайди...

Албатта, жаноб Хоштлнинг тажрибаси ва таълим соҳасидаги билимдонлиги шубҳа уйғотмайди. Киркам эса фақат чет элликлар учун инглиз тилини ўргатишга ихтисослашган.

Бу ерда битта саволнинг туғилиши табиий: биттагина мактабда бўла туриб (бошқа таълим муассасаларини бориб кўрилгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган), қандай қилиб таълим тизимининг жаҳон стандартларига мос келиши ҳақида хулосага келиш мумкин?! Ёки мақола муаллифи мазкур одамларнинг ҳақиқий мақомини ўзгартириб кўрсатганидек, гапирмаган гапини ҳам гапирди деб ёздими? Юқоридан келиб чиқиб, бир хулосага келиш мумкин: бу ишларнинг бари мамлакат президентининг қизи Гулнора Исломовна Каримова раҳбарлик қилаётган “Меҳр нури” жамғармасини кўкларга кўтариш бўйича навбатдаги пиар-кампания, холос. Бундан ташқари, бу мақола бутун дунё аҳлига “Ўзбекистоннинг аҳволи ҳароб эмас, мамлакатнинг ўзи ҳам, унинг таълим тизими ҳам гуркираб яшнаяпти” дея уқтиришга уринишдан бошқа нарса эмас.

Рус тили саҳифасида ушбу мақола остига ўқувчиларимиздан бирининг қолдирилган шарҳда шундай дейилган: “Ҳа, 243 мактабда ушбу конференция муносабати билан уч ҳафтадан бери ўқиш бўлмади. Менинг учта болам шу мактабда ўқийди. Шоша –пиша ремонт қилдилар. Ҳамаси хўжакўрсинга, синфлардаги телевизорлар ҳам (кимга керак бу телевизор, деб ўйлайсан, бутун синф бирга сериал томоша қиладилар), компьютерлар ҳам, бошқалари ҳам. 28 мактабда ҳам шу ишлар бўлган”.

Ушбу ёлғон ахборот билан танишиб бўлгандан сўнг “Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси давлат органлари фаолияти ва мамлакатдаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни тўлалигича ёритиб келаётган Ўзбекистон Ахборот Агентлигининг” сўзларига ишонмай бўладими?

”Фарғона” ахборот агентлиги