14:45 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Уч кишидан ортиқ тўпланмасин. Ўзбекистонда Хэллоуин, флешмоб ва City Quest тақиқланди

16.02.2012 15:42 msk

Фарғона

Ғарб мамлакатларида анъанага айланган Валентин куни Ўзбекистонда тақиқлангани ҳақида олдинроқ хабар бергандик. Расмийларнинг кўрсатмасига мувофиқ, 14 февраль куни республикада таниқли шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд айёми кенг нишонланади.

Албатта ҳамма ёшлар ушбу янгиликдан қувониб кетгани йўқ. Ўтган йилларда барча миллат вакилларига мансуб севишган ёшлар кечқурунлари Скверда сайр қилиб, Амир Темур ҳайкали остида фотосуратларга тушар эдилар. Шу ердаги қаҳвахона ва тунги клубларда севишганлар байрамини нишонлар эдилар. Бу йилги 14 февраль олдинги йилларга ўхшамади.

“Даҳшатли Хэллоуин”

Бу йил ёшлар Инқилоб хиёбонини анча наридан айланиб ўтишга ҳаракат қилдилар. Бунинг сбабини тушуниш учун ўтган йил 30 октябрда ўтган Хэллоуин байрамини нишонлаш нима билан тугаганини кифоя. Ўша куни юзларини турли бўёқларга чаплаган, карнавал либосларига бурканган тошкентлик ёшлар кечқурун Тошкент марказидаги кўчаларда сайр қила бошладилар. Улар ўзларича, сайил тугаганидан сўнг қаҳвахона ва тунги клубларга тарқалиб кетишни ният қилгандилар. Аммо байрам кайфияти узоққа чўзилмади: қочиб кетишга улгурмаганлар милиция бўлимларига тушдилар.

“Хэллоуин қувноқ байрам. Ҳамма эртак қаҳрамонларининг либосларини кийиб олади, юзларини грим билан чаплаб маскарад уюштирилади. Одатга кўра, байрам “Бродвей”да бошланади. Ҳамма суратга тушади, одамлар Амир Темур ҳайкали, Олой бозори ёнига борадилар, кейин бўлса қаҳвахоналарга ва клубларга тарқаб кетадилар”, - дейди карнавал иштирокчиларидан бири.

Унга кўра, ҳар йили пойтахтдаги кўча сайиллари давомида жуда кўп миқдорда милиция ходимлари: “тартиб сақлаб туришар ва одатда, ёшларнинг шодлигига ҳалақит бермай келардилар”.

Хэллоуин в Ташкенте
Тошкентда Хэллоуин, 2008 йил, Pr.uz фотоси

Ўтган йили байрамга кўпчилик келди. “Ҳаммаси тинч ўтаётганди, одамлар одатдагидек, суратга туша бошладилар. Аммо тез орада баъзи ёшлар шўҳлик қилиб Амир Темур ҳайкалининг устига чиқа бошладилар. Шундан сўнг атрофда сайр қилиб юрганларни милиция ушлаб кета бошлади”, - дея ҳикоя қилади суҳбатдошимиз.

“Энг қизиғи шу ерда бошланди. Шеригим билан кундалик кийимда, аммо юзимизга бўёқ чапланган ҳолда ОДО (Офицерлар Округ Уйи) ёнидаги дўстларимизнинг олдига қараб кетаётгандик. Бу ерда милиция барча сайр қилиб юрганларни ушлаб машинага солаётган экан. Биз ҳам қўлга тушдик. Бизни Юнусобод ТИИБга олиб бораётганларини йўлда билдик”.

Милиция болаларни қайси айби ёки ҳуқуқбузарлиги учун ушланганларини тушунтирмаган.

“Милиция бўлимида бизга ўхшаган “омадсизлардан” йигирма-ўттизтаси ўтирганини кўрдик. Ҳаммаси оддий болалар, 17-22 ёшлар атрофида, маскарад либосларида ва юзлари бўялган. Шу ерда ҳаммамиз танишиб олдик. Милиционерлар ҳам бўёққа чапланганлар билан суратга тушдилар. Бу ерда қанча ўтиришимиз ҳақида ҳеч ким ҳеч нима дегани йўқ”, - дейди у.

Шундан кейин милиционерлар болаларнинг паспорт маълумотларини, иш жойини, телефон рақамларни ёзиб олдилар, ўзларига эса тушунтириш хати ёздирдилар. Қўлга тушганларнинг ҳар бири тушунтириш хатида “Хэллоуин байрами шарафига либосларга ясаниб сайр қилгани чиқдик” деб ёзиб берди. “Бизни кечаси соат 12 да қўйиб юбордилар, уч соатдан кўпроқ вақт ўтирдик. Бизни олиб ўтирганлари тўғрисида ҳеч қандай протокол тузилгани йўқ”.

Янада даҳшатлироқ махсус хизматлари

“Эртаси куни ишдан соат еттида қайтдим. Ота-онам СНБдан (Миллий хавфсизлик хизмати) телефон қилганларини, уларнинг олдига боришим кераклигини айтишди. Кейинроқ, улар яна телефон қилиб зудлик билан етиб келишимни талаб қилишди. Биз “адвокатни кутаяпмиз, бирга борамиз, борадиган манзилимизни айтинг”, деб жавоб бердик. Улар телефон гўшагини қўйиб қўйдилар, мен ҳам бориб ўтирмадим”.

СНБга борганлар чинакамига сўроққа тутилганлари ҳақида айтиб бердилар. Махсус хизмат ходимларини “байрам “ташкилотчиси” ким, ёшлар байрам ҳақида қаердан билдилар” каби саволлар қизиқтираётган экан. “Кўринишидан, улар Хэллоуин ҳақида умуман тасаввурга эга эмаслар. Улар минглаб одамлар ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ Скверга келиб байрамни нишонлашига ишонмаётган эканлар. Кейин ҳаммасини қўйиб юбориб, бу суҳбат ҳақида ҳеч кимга сўзламасликни буюришибди”, - дейди суҳбатдошимиз.

Эртаси куни қўлга олинганларни яна милицияга олиб кетдилар: “Милиционерлар эрталаб соат 7 да уйимизга келиб мени яна Юнусобод ТИИБга олиб кетдилар. У ерда Хэллоуиннинг бошқа иштирокчилари ҳам ота-оналари билан турган экан. Ҳаммамиз кўчада бошлиқни соат 11 гача кутиб турдик. Ҳаммамизни навбати билан кабинетга чақириб маъмурий кодекснинг 201 моддаси бўйича (“Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларни ташкил этиш тартибини бузиш”) айблов эълон қилдилар. Ҳолбуки, ҳаммамизни сквернинг ҳар хил еридан, бошқа-бошқа вақт давомида ушлаб кетишган эди”.

“Кечқурун соат бешда бизни милициядан фуқаролик ишлари бўйича Юнусобод туман судига олиб бордилар. Биз судьяга ҳеч қанақанги митинг-питинг ўтказмадик, просто айланиб юрдик, деб тушунтиришга уриндик. Ҳеч ким бизга эътироз билдириб ҳам ўтирмади, фақат 201 модда бўйича минимал иш ҳақининг икки баробарида жарима белгилаб берилди, холос. Оқибатда кайфият ноль, ишдан прогўл, СНБда сўров ва 114 минг сўм иштароф (штраф-жарима). Бекордан бекорга!”, дея хулоса қилди суҳбатдошимиз.

Қайд этиш жоиз, рухсат берилмаган намойиш ва пикетлар уюштириб келган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилар ва мухолифат аъзолари одатда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 201 моддаси бўйича жавобгарликка тортиладилар.

Флешмобнинг айби нима?

Ўзбекистонда флешмоб ҳаракати 2004 йилдан бери мавжуд бўлиб келган. Ҳаммаси ўзаро нотаниш ёшлар шаҳарнинг турли даҳаларида ҳар-хил оммавий акцияларни ташкил этиб, ўткинчиларни ҳайрон қолдиришдан бошланган. Моберларга кўра, , одамлар ҳам пировардида уларни таниб қолган, кўчаларда тўхтаб, улар уюштирган акцияларни қизиқиш билан томоша қилишни бошлаган.

Флешмоб в Ташкенте
Тошкентнинг Олой бозорида уюштирилган флешмоблардан бири, 2009 йил, Pixland.uz фотоси

“Менинг биринчи акциям “Очиқ ҳавода интернет-кафе” деб аталган: акция иштирокчилари компьютернинг клавиатурасини оладиларда, ҳудди бир нарсани ёзаётгандек тутадилар ўзларини. Акция беш дақиқа давом этди. Шундан кейин ҳамма турли йўналишларда тарқаб кетади. Роса қизиқ бўлди, ҳамма ҳайрон, ҳеч ким тушунмайди, “булар нима қилаяпти?” деб ўйлайди”, - дейди тошкентлик флешмоберлардан бири.

Бу каби акциялар кўп бўлмаган – ташкилотчилар ҳар ўн-ўн беш кун ичида таклиф этган ғояларини Flashmob.uz сайтида чоп этганлар, кейин овоз бериш бошланган (сайт айни пайтда ишламайди). Иштирокчилар бирор-бир акцияни танлаганларидан сўнг белгиланган вақтда тайинланган жойда тўпланиб, режаланган ишларини амалга оширардилар. Флешмоберларнинг акциялари орасида мотам митингига ўхшагани ҳам ўтган: Инқилоб хиёбонида расмийлар томонидан шавқатсизларча кесилган юз йиллик дарахтлар хотирасига қўлда ёнаётган шамлар билан юриш ўтказилган.

“Фарғона”га маълум бўлишича, 2011 йилнинг кузида тошкентлик флешмоберлар режалаштирилган акцияларнинг баъзиларини ўтказа олмадилар. Бунга сабаб – ҳуқуқ-тартибот идоралари қўққисдан уларнинг фаолияти билан қизиқиб қолганида.

“2011 йилнинг сентябрида моберлар City Quest (шаҳар шароитида интеллектуал-кўнгилочар ўйин тури) услубидаги ўйинларни ўтказа олмадилар. Акция қатнашчилари тўпланиб энди ўйинни бошламоқчи ҳам эдики, милиция етиб келиб ҳаммани тўзитиб ҳайдаб юборди. Билишимча, улар акция ҳақида сайтдан билиб олишган...”, - дея ҳикоя қилади флешмобер. “Биз қонунга хилоф келадиган ҳеч нима қилмадик, милицияни кўзига кўринмасликка ҳаракат қилиб келдик. Мисол учун, ёзда таътилда эдик. Аммо Мустақиллик куни муносабати билан назоратлар кучайиб кетди...”.

“Ижтимоий таҳдид” бартараф этилди

2012 йилнинг 10 февраль куни Flashmob.uz сайтининг масъул ходимларини МХХ бошқармасига чақирдилар. Моберлар ҳаракатнинг қолган аъзоларига махсус хизмат ходимлари билан бўлиб ўтган суҳбат ҳақида деярли ҳеч нарса сўзлаб бермадилар. Аммо уларга сайт фаолиятини тўхтатиш тавсия этилгани маълум. Яна бир нарса маълум бўлди: сайт эгаларига “Агар фаолиятингизни тугатмасангиз, сизни биз тугатамиз”, деб айтишган.

“Флешмоб сайтида қатнашчилар тўғрисида маълумотлар, шу жумладан, бизнинг яшаш манзилларимиз, фотосуратларимиз, телефон рақамларимиз жойлаштирилган. ММХда кечган суҳбатдан сўнг администраторлар ўша заҳотиёқ сайтни ёпиб қўйдилар. Аммо гап сайтда эмас, биз Интернетсиз ҳам бирор жойда тўплана оламиз, аммо энди бизни истаган вақтда қамаб қўйишлари мумкин”, дея ҳасрат қиладилар моберлар.

Уларга кўра, хавфсизлик хизмати ходимлари умумий ғоя остида бирлашган кўп сонли одамларнинг расмийлар рухсатисиз истаган вақтда ва исталган жойда тўплана олиш имконияти хавотирга солмоқда. Ёшларнинг кўнгилочар ўйинлари сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ҳамда жамоат хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид солмаётгани эса эсенбечилар учун аҳамиятсиз.

Шундай қилиб, Ўзбекистон расмийлари, шу жумладан, мамлакат президентининг “демократияга интилиш” ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳақидаги баландпарвоз сўзлари қуруқ гап бўлиб қолаяпти. Амалда эса, ҳукумат ҳар қандай ва ҳаттто энг беғараз ижтимоий фаолликнинг ҳам юзага чиқишини шавқатсизларча бостириб келмоқда.

Ўз ахб.

”Фарғона” ахборот агентлиги