05:29 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ислом университетининг талабаси порахўр уламоларга ем бўлди

15.02.2012 18:09 msk

Фарғона.Ру

“Ўзбекистон Мусулмонлари диний бошқармаси тизимида коррупция, порахўрлик, маблағларни ўғирлаш ҳамда кўпинча ёш йигитларни чув тушираётган фирибгарликлар учун қулай шароитлар яратилган”, - дея ёзади Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ). Республика Мусулмонлари диний бошқармаси қошидаги Тошкент Ислом университетининг талабаси Илҳом Усмонов шундай фирибгарликнинг навбатдаги қурбонига айланди. 2012 йил 29 январь куни Усмоновга қароқчиларга ҳос ҳужум уюштирдилар. Талабага кўра, бунинг ортида институт ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев турган.

Ҳодиса 2012 йилнинг 29 январь куни, пойтахтнинг Юнусобод даҳасида содир бўлди. Усманов миниб кетаётган “Нексия”ни давлат рақами йўқ бўлган “Матиз” кесиб тўхташга мажбур қилди. “Матиз”дан сакраб чиққан икки номаълум кимса Усмановнинг бўғзига пичоқ тираб, “икки кун ичида Тошкентдан кетасан, институт ва унинг раҳбарияти устидан шикоят қила кўрмайсан”, - дея талаб қўяди.

Усмановга кўра, институт маъмурияти томонидан таъқиб этилишининг сабаби қуйидагича: 2009 йилда институтга кинрганидан сўнг проректор Муҳаммадрасул Абдуллаевга 4 минг доллар пул берган. Ректор Йўлдошхўжаев билан шерик бўлишга қизғанган проректор пулни ҳаммасини ўзлаштириб юборган.

Икки йил давом этган босимлардан чарчаган талаба Ўзбекистон Мусулмонлари диний бошқармасига шикоят қилганидан сўнг талабага ҳужум уюштирилган.


Ҳасти Имом масжиди ва Ўзбекистон Мусулмонлари бошқармаси, Тошкент. “Фарғона” АА фотоси

“Бу ерга қандай қилиб кирдинг?”

Ҳаммаси 2009 йил августида бошланди. Ўшанда Ислом университетига имтиҳонларни муваффақиятли топшириб кирган Усмановдан олдинроқ “ўқишга киришингга ёрдам бераман”, дея ваъда қилган проректор Муҳаммадрусул Абдуллаев “4 минг доллар берасан” деб туриб олди.

“Усмонов бу ҳақда отасига айтиб беради. Отаси қариндошларидан қарз-ҳавола қилиб пулни тўплайди ва проректорга узатади. Аммо Абдуллаев буни ректордан яширади ва бул пул “обшчакка” келиб тушмайди, - дейди бу иш билан етти ойдан бери шуғуланиб келаётган ЎМҲҲТГ раҳбари Сурат Икромов. – Проректор Усмановга “тилни тийишни” буюргани боис, ректор бу ҳақда ҳеч нарса билмаган”.

Сентябрда машғулотлар бошланганида эса ректор аудиторияларни айлана туриб “бегона” талабани кўриб қолади. “Сан ўзи институтга қандай қилиб кира қолдинг?” деган саволга Усманов: “кириш имтиҳонларида 66 балл тўплаганман, институтга кириш учун эса 55 балл етарли”, деб жавоб беради. Табиий, проректор товламачилик йўли билан ундан 4 минг олгани ҳақида индамайди.


Ҳасти Имом масжиди, Баракхон мадрасасидан кўриниш, Тошкент. “Фарғона” АА фотоси

Шундан кейин ректор томонидан қутқу ва босимлар бошланди. Йўлдошхўжаевнинг шахсан ўзи Усмановни лекцияларга қўймай, машғулотлардан ҳайдаб юрди, аммо институтдан ҳайдаш тўғрисида буйруқ чиқара олмади. Негаки, талаба ўз вақтида имтиҳонларини топшириб, ўқишни яхши ўзлаштираётганди.

Усманов шундай қилиб иккинчи курсга ҳам ўтиб олди. Аммо босимлар янги 2010-чи ўқув йилида ҳам тўхтамади. Шундан кейин Усмонов бошқа, дунёвий таълим берадиган муассасага ўқишга кириш учун ҳужжатларини қайтариб олишга қарор қилади.

Бироқ архивда Усмановнинг ҳужжатлари, шу жумладан, ўрта махсус диний муассасани тамомлагани тўғрисидаги диплом ҳам негадир “топилмайди”.

Усмановнинг ҳужжатларни қайтариб бериш тўғрисидаги ректорга, Мусулмонлар диний бошқармаси маъмуриятига мурожаатлари натижа бермади.

Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди...

Бир йилни бекордан-бекорга йўқотган Усмонов ноиложликдан 2011 йилда ЎМҲҲТГнинг Сурхондарё вилояти бўйича вакили Жумабой Мустановга мурожаат қилади. Шунда ҳуқуқ ҳимоячилар Усмановни институтдан ҳайдаш тўғрисида буйруқ чиқарилмаганини аниқлайдилар. Аммо ректор овоза бўлишидан хавотирда қолиб, 2011 йил сентябрида “талабани ўқишга киритажаги” ҳақида ҳуқуқ ҳимоячиларни ишонтиради. Шундан кейин у Усмановни чақириб, Сурхондарёдан тандир кабоб олиб келишни талаб қилади. Талаба тандирда пишган бутун бир қўйни ректорга пора сифатида олиб келади.


Ҳасти Имом майдонидаги Баракхон мадрасаси, Тошкент. “Фарғона” АА фотоси

2011 йил сентябри ҳам бошланди, аммо бус-бутун қўйни еб ҳазм қилворган ректор ваъдасининг устидан чиқмади.

Усмановга кўра, ректор сентябрь келганида уни дарсга қўймади, кунлар ортидан кунлар, ҳафта кетидан ҳафталар ўтди, шундан кейин эса: “муфтий Аббосхон Усманов хаждан келишини кутиш керак” деб қолди.

“Аммо муфтий келса ҳам муаммо ҳал бўлмади, шундан кейин ўтган йили декабрда диний бошқармага бордим, яшайдиган уйимга яқин, - дейди Сурат Икрамов. – Аммо аввал ректорни олдига кирдим, унинг ҳаракатлари ноқонунийлигини тушунтирмоқчи бўлдим. У бўлса, юзсизларча “Усмонов пулни бергани билан ҳеч нарсани исботлай олмайди”, деб айтди”.

Ректор билан тортишиб бекорга вақт йўқотаётганини кўрибтушунган Икрамов муфтий Аббосхон Усмановнинг олдига йўл олди. Бироқ раҳбарнинг котиби турли баҳоналар билан ҳуқуқ ҳимоячини муфтий олдига киритмай, унинг биринчи ноиби шайх Абдулазиз Мансурнинг олдига жўнатади.

“Бу одам мени сиртдан танир экан, “Озодлик” радиосида чиқишларимни кузатиб юрар экан у. Ахир мен диний ва сиёсий ишлар бўйича фаолият юритаманку, - дейди Икрамов. – Абдулазиз Мансур ўқув бўлимининг бошлиғини чақириб ишни “ҳал қилишни” топширди”.

Илҳом Усманов аризасида ҳамма нарсани, шу жумладан, берилган пул ҳақида ҳам ёзди, аммо муфтиятдагилар ҳам ишни чўзиб юбордилар. Икрамовга кўра, бу ишларнинг барини муфтий Аббосхон Усманов ҳам жуда яхши билиб турган.

“Мен яна биринчи ноибга мурожаат қилдим, - дейди Икрамов. – Шайх яна “ҳаммасини ҳал қилиб бераман” деб айтди”.

Вақт ўтгани билан ҳеч нарса ўзгармагани боис талаба Усманов бевосита муфтийга мурожаат қилди. Аббосхон Усманов шу иш юзасидан ректорни ўз ҳузурига чақиртирди. Аммо барибир иш жойидан қўзғалмади.


Ўзбекистон Мусулмонлари диний бошқармаси. “Фарғона” АА фотоси

Январь охирида Икрамов ваъдага мувофиқ талаба билан учрашиши керак эди, аммо Илҳомжон Усманов йўқолиб қолди, унинг телефони эса ўчириб қўйилганди.

“Мен хавотирланиб Сурхондарёга, Мустановга телефон қилдим. У 29 январь, якшанба куни Ильҳомга тажовуз қилишганини, ўлдирамиз дея пўписа қилганларини билиб қолди, - дейди Икрамов. – Мен бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида муфтийнинг ноибига айтиб бердим, у мендан “бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермасликни, у ҳаммасини ҳал қилажагини” сўради”.

Аммо шайх ваъдасини яна бажармади.

“Мен шу ерда “қарға қарғани кўзини чўқимаслигини”, буларнинг ҳаммаси битта охурдан ем ейишларини тушундим, - дейди Икрамов. - Аммо ҳозир идорада бу иш бўйича катта жанжал бошланган, эртаг-индинга бу ишнинг натижаси чиқишини кутиб турибман. Эртами-кечми, улар бирор қарорга келишлари керак. Уларнинг Усмоновга ўқишни давом эттиришга имконият бериш ёки унга ҳужжатларини яхшилик билан қайтариб беришдан бошқа йўллари йўқ”.

Хажга бориш учун пора

Икрамовга кўра, Мусулмонлар диний бошқармасида коррупция авж олаётгани туфайли шундай вазият юзага келган. ЎМҲҲТГ томонидан ўтказилган олти ойлик мониторинг натижасида шундай хулоса туғилди.

Ислом институти талабалари ва ходимлари ўртасида ўтказилган аноним сўровларнинг кўрсатишича, институтнинг биринчи курсига ўқишга кирган ўттизта талабадан деярли ҳар бири 4 минг доллардан пора берган. Иснтитутда жами 150 та талаба ўқийди.


Ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти.“Фарғона” АА фотоси

Дарсга бирор марта ҳам келмай, аммо имтиҳон учун пора берган талабаларга “аъло” баҳо қўйилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Мусулмонлари диний бошқармаси маъмурияти дарс жараёнини назорат қилмайди.

Шунингдек, Кўкалдош ўрта-махсус мадрасаси 2009 йилнинг тўққизта битирувчисига турли баҳоналар билан дипломларини бермаётгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, хажга боришни ният қилган одамлардан пора таъма қиладилар. Ўзбекистон ҳукумати белгилаб берган квота бўйича 5000 киши хажга боради, аммо хоҳловчиларнинг сони 8 мингдан ошади.


Ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти.“Фарғона” АА фотоси

Бадавлат диндорлар томонидан эҳсон қилинган миллион-миллион пуллар, гилам ва палослар, турли мол ва ашёлар, масжид эҳтиёжи ва хайрия ишларига тўпланган садақалар имомлар ҳамда диний бошқарма ходимлари томонидан ўзлаштирилади. Икрамовга кўра, мискинларга хайрия сифатида тақсимланиши лозим бўлган пулларнинг катта қисми дин арбобларининг чўнтагини қаппайтирмоқда.

Турли тадбирларга (никоҳ, жаноза, суннат ва ақиқа тўйлари) таклиф этилган домлаларга 100, баъзида эса 500 доллардан пул қистириш урф бўлган, бу эса Икрамовга кўра, Исломга хилоф келади.

“Авж олаётган порахўрлик , алдов, таъма ва диндорларнинг молини ўзлаштириш (ўғирлик) туфайли Ўзбекистон уламолари ҳашаматли ҳаёт кечираяптилар, ўзларига қасрлар қураяптилар”, - дея хулоса қилади Икрамов. “Шу билан бирга, - дейди у, - сўнгги 17 йил давомида ҳалол ва виждонли дин олимлари сохталаштирилган жиноят ишлари бўйича қамалмоқда ёки ватанини тарк этишга мажбур бўлмоқда”.

”Фарғона” ахборот агентлиги