14:48 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Хип-хоп” услубидаги можаро

13.02.2012 14:15 msk

Александр Бенуа

Аввал хабар берганимиздек, 2012 йилнинг бошида Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳрида ҳуқуқ-тартибот кучлари томонидан ўзбек ва қозоқ ёшлари ўртасида пишиб-етилаётган катта тўқнашувнинг олди олинди. “Фарғона” мухбири Чирчиқ шаҳрига бориб, можаронинг тафсилотларини ҳамда ўспиринлар ўртасидаги миллий қарама-қаршилик сабабини аниқлаб келди.

Можаро ҳақида биринчи бўлиб Тошкентдаги Uzmetronom веб-сайти хабар берди. “Чирчиқ шаҳрида (Тошкент вилояти) ҳуқуқ-тартибот органлари ўттиз ёшгача бўлган ўзбек ва қозоқ ёшлари ўртасидаги йирик миллатлараро негиздаги тўқнашувнинг олдини олишга эришди. Биздаги мавжуд маълумотга кўра, қозоқларни таҳқирловчи қўшиқнинг ёзилиши ҳамда унинг Интернет ва уяли телефонлар орқали тарқатилиши икки халқ ўртасида юзага келган можаронинг сабабларидан бири бўлиб қолди. Шундан кейин ўртада шахсни камситувчи ҳақоратлар ва маҳаллаларда бир-неча ўнлаб ёшлар иштирокида тўқнашувлар содир бўлди”, - дея хабар берди Uzmetronom 7 февраль куни.

“Фарғона” мухбири Чирчиққа келганида шаҳар аҳолиси тўқнашувлар ҳақида деярли ҳеч нарса билмасликлари маълум бўлди. Журналистнинг сўровларига жавобан бозордаги ўткинчилар, қаҳвахона мижозлари ва автобус бекатидаги йўловчилар елкаларини қисиб, ҳайрон бўлдилар, холос. Аммо охир-оқибат мухбиримизга йўлиққан икки ёш ўспирин кутилган жавобнинг учини чиқариб қўйди. Кўринишидан, улар қандайдир таълим муассасаси ўқувчиларига ўхшади.

“Ахир бу ишлар бизнинг коллежда бўлдику, - дея жавоб бердилар улар. – Ўзбеклар қозоқларни ҳақорат қилуувчи қўшиқни ёздириб олдилар, кейин эса коллежимизга “разборка” қилгани келдилар. Ахир бизнинг коллежда ўқийдиганларнинг деярли етмиш фоизи қозоқ болалари. Аммо ўша куни биз касал бўлганимиз учун дарсга бора олмагандик”, - дедилар болалар.

Маълум бўлишича, гап Чирчиқдаги техника касб-ҳунар коллежи ҳақида кетаётган экан. Эл орасида бу ўқув муассасасини оддийгина “политех” деб атар эканлар. Ўқувчиларга кўра, тўнашув январь ойининг ўртасида содир бўлган, унда юздан ортиқ киши қатнашган. “Шундан кейин милиция бир ҳафтагача коллежда навбатчилик қилди”, - дейишди улар.


Чирчиқдаги политехника коллежи биноси

“Фарғона” мухбири шундан кейин бир гуруҳ қозоқ ёшларини суҳбатга тортмоқчи бўлганди, улар журналистнинг саволини эшитиб-эшитмай орқаларини ўгириб кетдилар. Фақат улардан бири: “Бир ўзбек ёмон қўшиқни ёзибди. Уни шунга қамаб қўйишди. Биз у ерда йўқ эдик”, - деб кетворди.

Ҳар ҳолда бизга бор гапни айтиб берадиган ўша коллеж ўқувчиларидан бирини топа олдик. У ўз номини ошкор этмаслик шарти билан бўлиб ўтган воқеани айтиб берди.

“Бунақа жанжаллар олдин ҳам бўлиб турган. Бизда ҳар йили, асосан пахтага бориб келганимиздан кейин қозоқлар билан ўзбеклар ўртасида муштлашувлар бўлиб туради. Кимдир бошлайди, бошқаси гиж-гижлайди, у томонга ҳам, бу томонга ҳам ёрдамчилар етиб келади, муштлашув бошланади...”, - дейди у.

Унга кўра, бу сафарги жанжалга 1992 йилда туғилган Жаҳон отли ўзбек йигити сабаб бўлди. Ҳеч ким уни ким ҳафа қилганини билмайди, аммо ёш йигит ўша қўшиқни ёзиб ўч олмоқчи бўлади.

- Ҳозир менда бу қўшиқ йўқ, аммо унда қозоқларни исқирт, уйларини ҳароб қилиб қуради деган, кейин жуда кўп айниб сўкишлари бор. Жаҳонни қўшиғига қозоқлар ҳам жавоб ёзадилар, аммо қўшиқ айнан унинг ўзига қаратилган.

Жавоб қўшиғи ҳам “хип-хоп” услубида ёзилган. “Фарғона” таҳририяти ушбу “мусиқавий асарни” диққат билан тинглаб кўрди. Аммо қўшиқда ўзбек, қозоқ, рус тилида жуда кўп уятсиз сўзлар ишлатилгани боис, уни ўқувчиларимизга тақдим этишни лойиқ деб топмадик.


Қозоқ ўспиринлари қорбобо ёнида суратга тушаяптилар

Ўзаро қўшиқ алмашувидан сўнг вазият таранглашди.

- Умуман олганда, политехда қозоқлар кўп, аммо ўша куни фақат 25-30 киши келди, холос. Қолганлари ё касал бўлиб қолди ёки ўларига ўзлари таътилларни “узайтириб” олдилар. Ўзбеклар кўпчилик келди, юз кишидан кўпроқ. Баъзилари пичоқ кўтариб олган, қозоқ болаларга тош ота бошладилар. Қозоқ болалар бино ичига қочиб кирдилар. Кўчадаги болалар коллежнинг тўртта дераза ойнасини синдирдилар. Шундан кейин милиция келиб ҳаммасини олиб кетди, - деди суҳбатдошимиз.

Унга кўра, коллежда милиционерлар иштирокида талабалар билан умумий йиғилиш ўтказилди.

- Аввалига ким айбдорлигини ва кимда шу қўшиқ борлигини аниқладилар. Кейин эса панд-насиҳат қила бошладилар: “ҳаммамиз битта мамлакатда яшаймиз, иноқ бўлишимиз керак”, дедилар. Аммо маҳаллада қўни-қўшнилар – ҳаммамиз иноқмиз, фақат коллежда икки тарафга бўлинамиз, - деди коллпеж ўқувчиси.

Талабаларга кўра, шаҳар милицияси ходимлари бошқа таълим муассасаларида ҳам деярли бир ҳафта давомида навбатчилик қилдилар, ўқитувчилар эса “халқлар дўстлиги” мавзусида бир неча бор суҳбатлар ўтказдилар.


Коллеж ўқувчилари автобус бекатида

Қайд этиш жоизки, айнан ўқитувчи педагоглар таркиби ва ҳуқуқ-тартибот органларининг сай-ҳаракатлари билан жойлардаги зиддият катта тўқнашувга айланиб кетмай, шаҳарнинг ўзида бартараф этилди.

Маълумот учун. Шўролар даврида Чирчиқ саноати ривожланган шаҳар бўлган, баъзи заводлар ҳозир ҳам ишлаб турибди. Шаҳар аҳолиси 100 минг киши атрофида. Шаҳарда қозоқ, тожик, рус ва корейс миллатларининг салмоғи катта.

Александр Бенуа

”Фарғона” ахборот агентлиги