17:20 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Франция: Ҳуқуқ ҳимоячилар ҳам Ислом Каримовни туғилган куни билан “табрикладилар” (видео)

01.02.2012 09:35 msk

Фарғона

Ислом Каримовнинг туғилган куни муносабати билан Парижда 2012 йил 30 январь куни Ўзбекистон элчихонаси олдида сиёсий маҳбусларни озод этиш ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишга қаратилган оммавий акция бўлиб ўтди.

АСАТ-Франция (Ўлим жазоси ва қийноқларга қарши христианлар ассоциацияси), FIDH Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси, Amnesty International-France, Инсон ҳуқуқлари лигаси, “Ўтюраклар клуби” ассоциацияси, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси каби бир неча нодавлат ташкилотларининг аъзолари Ўзбекистонда барча сиёсий маҳбусларнинг зудлик билан озод этилишини ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини талаб қилдилар.

Акция иштирокчилари Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши рамзи сифатида Париж осмонига ўнлаб ҳаво шарларни учирдилар.

Université Paris Ouest Nanterre La Défense университети халқаро ҳуқуқ факультети талабалари норозилик манифестациясини ўтказиш ташаббуси билан чиқдилар. Талабалар гуруҳининг етакчиси Аврора Гири айтиб беришича, у ўзбек сиёсий маҳбуслари ҳақидаги ҳикоялардан ларзага тушгани боис уларнинг озод этилиши учун куч сарфлашга қарор қилган. Талабалар гуруҳи “Ўтюраклар” клубини қўллаётганларининг рамзи сифатида таниқли ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева атрофида бирлашдилар.

Акция в Париже

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева “Фарғона” билан суҳбатда айтишича, акция бошланишидан аввал расмийлар ўзбек дипломатлари ўз хавфсизликлари борасида хавотирга тушиб қолганларини ва ҳатто шу муносабат билан полицияга ариза берганлари тўғрисида ташкилотчиларни огоҳлантирганлар. Шунинг учун норозилик акцияси ўтказиладиган жой элчихонадан узоқ бўлмаган Мальзерб ҳиёбонига кўчирилган.

Ўлим жазоси ва қийноқларга қарши христианлар ассоциацияси (АСАТ-Франция) аъзоларининг кўпи ўзбек сиёсий маҳбусларининг оилалари билан хат ёзишади. Шунинг учун улар қамоққа маҳкум бўлган ҳуқуқ ҳимоячилар ва мустақил журналистларнинг портретларини кўтариб олдилар. АСАТ-Франция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича координатори Кристин Лорок ўзининг чиқишида Ўзбекистонда диний эътиқодлар учун репрессиялар тўхтамай давом этаётганидан ташвиш билдирди.

Акция в Париже

FIDH инсон ҳуқуқлари учун халқаро федерациясининг вакили Саша Кулаева ва “Халқаро Амнистия” вакили Тамар Буро Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши мониторинг натижаларини ўқиб эшиттирдилар.

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ҳуқуқ ҳимоячиларнинг баёнотларини қабул қилишдан ҳамда халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари вакиллари билан учрашишдан қатъий бош тортдилар.

Против детского труда в Узбекистане

Фотосуратлар муаллифи- Дмитрий Тихонов. Видео муаллифи - Sebastian Nuza (Париж). Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳақидаги плакатнинг муаллифи - Association Droits de l'Homme en Asie Centrale

“Фарғона” ахборот агентлилиги