22:12 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон табиий газни хорижга сотиб ўзи совуқ қотаяпти

27.01.2012 15:13 msk

А.Бенуа (Тошкент)

Иссиқхоналарда сабзавот етиштириш Тошкент вилоятининг кўпчилик аҳолиси учун асосий даромад манбаи ҳисобланади. Бироқ қиш кириб келиши билан кўпгина қишлоқларда табиий газни узиб қўйдилар, шунинг учун баъзилар ўз теплицаларини муқобил ёқилғи: кўмир ва ўтин билан иситишга бошладилар.


Иссиқхоналарни табиий газдан узиб қўйилиши ортидан уларда етиштирилган кўкат ва сабзавотларнинг нархи кўтарилди. “Мисол учун, Тошкентда бир кило яхши бодрингнинг нархи 17 минг сўм, бу Марказий банк курси бўйича деярли 10 долларга тенг. Сифати ёмонроқ бўлган бодрингни 8 минг сўмга ҳам олса бўлади. Помидори сал арзонроқ – 6 минг сўм, укроп, петрушканинг кичкина боғи 1000 сўмдан”,- дея қайд этади Uzmetronom нашри.

Ёқилғининг муқобил турларини ҳамма ҳам сотиб олишга қодир эмас. Шунинг учун кўпчилик бу ишни йиғиштириб қўйди.


Ўзбекистонда бўлмаган одам, бу ерда қиш бўлмайди деб ўйлайди. Аммо бундай эмас, қиш мавсуми қисқа бўлса ҳам изғирин бўлади. 2011 йилнинг декабрида Тошкентда ҳаво ҳарорати меъёрдагидан 5-6 даража совуқроқ бўлди. Фарғона водийсининг шимоли-ғарбий ҳудудларида тунлари 18 даража совуқ тушди. Январда ҳам аҳвол шунга ўхшаш. Тунлари доим ҳарорат минусда турибди.

Тошкент вилоятининг Олмазор қишлоғида аҳолининг кўпчилиги қишлоқ хўжалиги билан машғул. Теплица бизнеси улар учун асосий даромад манбаи саналади.


Бу қишлоқ кўчаларидан юрар экансиз, иссиқхоналарнинг ҳаммаси ишламай турганини кўрасиз. “Қишлоғимизда теплица билан шуғуллана бошлашганига 15 йилдан ошди, бошқа иш йўқ бу ерда. Помидор, бодринг сотиб оиламизни боқамиз. Даромад чакки эмасди, газдан ҳеч ким қарздор бўлмаган, ҳамма ўз вақтида тўлашдан манфаатдор эди. Баъзи-бировлар ҳатто Россияга ҳам коробкаларда помидор-бодринг жўнатган, аммо етиштирилган ҳосил асосан Тошкент бозорларида сотилади”, - дейди олмазорлик киши “Фарғона” билан суҳбат давомида.


Маҳаллий аҳолига кўра, маҳаллий ҳокимият аҳолини куздаёқ қиш мавсумида газ бўлмаслиги ҳақида огоҳлантириб, кўмир ва ўтин ғамлаб олишни тавсия қилган. “6 декабрь куни ҳаммада газ ўчди. Теплицалар ҳам, уйлар ҳам газ таъминотидан узиб қўйилди. Изғирин қаттиқ, болалар шамоллаб қолаяпти, уйларимизни ўтинда иситиб, ўтинда овқат пишираяпмиз. Битта самосвалда ўтин сотиб олдим, кимни пули йўқ бўлса,шох-шабба йиғиштириб юрибди”, - дейди олмазорликлар.


Бир КамАЗ ўтиннинг нархи бир миллион сўм (қора бозор курси бўйича 354 доллар). Одамларнинг айтишича, шунча ўтин билан битта оила қишдан чиқиши мумкин. “Баҳорда, кун исиб қолганда газ берамиз деб ваъда қилаяптилар”, - дейишади суҳбатдошларимиз.

Ўтин ёнаётган печкалар ёнида исиниб ўтирган олмазорликлар бундан кейинги ҳаёт нима бўлади дея ташвишда: “Ёшларимиз Россияда, пул ишлаган кетишган. Кўринишидан, энди қишлоқда эркак зоти қолмайдиганга ўхшайди, ҳамма тирикчилик деб кетади, бошқа йўли йўқ”.

Аҳолининг газдан ташқари бошқа муаммолари ҳам бор. Электр таъминоти ҳам суткасига 4-5 соатга тушиб қолган.


Газ Самарқанд, Андижон, Фарғона вилоятларида етишмаяпти. Бу вилоятларнинг ҳокимлари эса ҳаммасига аҳолининг коммунал хизматлардан миллиардлаб қарзлари борлигини баҳона қиладилар.

Сирдарё вилояти аҳолиси ҳам шундай қийинчиликларни бошидан кечираяпти. “Декабрь тўлиқ газ бўлмади январда узилиб қолаяпти. Қувурларда босим паст, сувни қайнатиб бўлмаяпти. Қурби етганлар электр плиткаси сотиб олдилар, аммо светни ҳам тез-тез ўчириб туришибди”, - дейди сирдарёлик аёл.

Ҳозирча қишлоқ аҳолиси ўтин ва “буржуйка” печкалари билан жон сақлаётган бўлса, пойтахтликлар учун электр иситиш жиҳозлари нажот ўчоғига айланган: “Батареялар совуқ, иситмайди. Газ кундузи жилдираб зўрға келади, хоналарни электр иситиш жиҳозлари билан иситишга тўғри келаяпти. Улар хитойники эмасми, бир пасда бузилади. Қиш бошланганига бир ярим ой бўлди, икки марта сотиб олдим”, - дейди Тошкентнинг Чилонзор даҳасида истиқомат қилувчи танишим. Букаби аҳволни пойтахтнинг ҳамма даҳаларида кузатиш мумкин.


Республика пойтахтида ҳам светни навбати билан ўчириб туришибди. Uzmetronom ёзишича, шаҳар маъмурияти электр ўчириш жадвалини тузган бўлиб, у асосан шаҳарнинг турар-жой даҳаларига тегишли: “Тавсияларни ишлаб чиқариш ҳамда ўчиришларни қўллаш, мутахассисларга кўра, йигирма йил давом этган мустақиллик даврида янгиланмаган электр тармоқларининг аянчли аҳволга тушиб қолгани ҳамда энергетик қувватларни генерация қилиш учун зарур бўлган табиий газнинг етишмовчилиги билан изоҳланади”.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукуматининг топшириғига биноан Тошкент вилоятида 2011-2012 йил қиш мавсумида 500 дан зиёд корхона ва ташкилотларга энергиянинг муқобил кўринишларига ўтиш тавсия қилиниб, марказлашган газ таъминотидан узиб қўйилди.


Шунча муаммоларга қарамай, 2012 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Хитойга табиий газ етказиб бериш режасини ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Республика аҳолисининг аксарият қисми газ йўқлиги ортидан келиб чиққан ноқулайликларни бошидан кечираётган бир пайтда, давлат мулозимлари ёқилғини тезроқ хорижга сотиб юбориш ҳақида қайғуришмоқда.

Ўзбекистонда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми камайиб тургани қабатида, “зангори олов” экспорти ҳажми йилидан-йилга ортиб бормоқда. Республика ҳукумати узоқ муддатли янги-янги шартномаларни имзолаяпти. Оқибатда, республика аҳолиси Россия, Хитой, Қозоғистон,Қирғизистон,Тожикистонга сотилганидан қолгани билан қаноатланаяпти.


Шундай қилиб, табиий ресурсларга нисбатан бой бўлган Ўзбекистон мамлакатдан газни суғуриб олаётган ҳамда иқтисодий ривожланишга ҳеч қандай умид қолдирмаётган “стратегик ҳакморларининг” хом ашё қуйруғига айланиб қолди.

Александр Бенуа (Тошкент)

“Фарғона” ахборот агентлилиги



 

Реклама