12:22 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: 12 йилдан бери турмада ўтирган сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон яна судланмоқда

23.01.2012 09:05 msk

Фарғона

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Косон тумани УЯ64/51 колониясида 2012 йил 18 январь куни сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг суди бўлиб ўтди. Прокурор уни яна тўрт йил 8 ойга озодликдан маҳрум этишни сўради. Суд маслаҳатга кириб кетди. Бу ҳақда Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциациясининг (Франция) раҳбари Надежда Отаева ўзининг блогида маълум қилди

Мухаммед Бекжанов
Муҳаммад Бекжанов

12 йилдан зиёд вақт давомида жазо муддатини ўтаётган сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжановни 2012 йил февраль ойида озод этишлари керак эди, аммо 2012 йил декабрь ойида унга қарши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 моддаси - “Жазони ўташ муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига буйсунмаслик” бўйича сохта айблов тайёрлай бошладилар.

Муҳаммад Бекжон (1954 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси). Муолифатдаги “Эрк” партияси таъсис этган “Эрк” газетасининг бош муҳаррири.

Муҳаммад Бекжон 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 158, 3б, - “Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш”; 159, 3б, - “Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз”; 216 – “Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш”, 223,2 - “Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”; 227-1 – “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш”; 228, 2 ва 3 банди – “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш”; 242,1б – “Жиноий уюшма ташкил этиш” моддалари бўйича 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди. 2003 йилда амнистия бўйича унинг жазо муддати 3 йил 8 ойга қисқартирилган.

Судда Муҳаммад Бекжоннинг камерадошларидан уч киши айблов томонидан гувоҳлик бердилар. Улар кўрсатма бераётганларида судланувчининг кўзига қарашга ботина олмадилар. Бу уларни сиёсий маҳбусга қарши кўрсатма беришга мажбур қилингани борасида шубҳа уйғотиши табиий.

Муҳаммад Бекжон қариндошларининг илтимоси билан судда унинг манфаатларини адвокат Муножот Парпиева ҳимоя қилди.

1999 йилда Тоштурмада тергов давомида Муҳаммад Бекжонга нисбатан қийноқлар қўлланган. Ўшанда унинг оёғи сингани боис у ҳозиргача оқсаб юради. Қамоқдалиги чоғида учинчи йилга ўтиб у сил дардига мубтало бўлди. Ушбу ташхис билан у икки марта Тошкентдаги махбусларнинг касалхонаси “Сангород”да даволанди.

Муҳаммад Бекжон мухолифатдаги “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳнинг укасидир. 2000 йилда Муҳаммад Солиҳ сиртдан судланиб Ўзбекистон Олий суди тарафидан 15,5 йилга озодликдан маҳрум этилган ҳамда Интерпол йўналиши бўйича қидирувга берилган.

Муҳаммад Солиҳнинг яна икки укалари – Рашид ва Комил Бекжоновлар 1999 йилда ҳибс этилдилар. Ўзбекистон расмийлари Тошкентдаги 1999 йил 16 феврал куни содир бўлган портлашлар учун айбни Муҳаммад Солиҳга ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига юкладилар.

2003 йилда Комил Бекжонов, 2011 йил март ойида эса Рашид Бекжонов озодликка чиқдилар.

Айни пайтда Муҳаммад Бекжонов ва унинг яқинлари суд ҳукмини кутишмоқда.

“Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари” Ассоциацияси БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарини ҳамда демократик мамлакатлар ҳукуматлари ва халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларини сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоновнинг ишини назорат остига олишга ва Ўзбекистон ҳукуматидан уни озод қилишга чақирмоқда.

“Фарғона” ахборот агентлилиги