17:26 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

HRW Ўзбекистонни қийноқларни тўхтатишни ҳамда адвокатларни қўрқитмасликка чақирмоқда

21.12.2011 15:24 msk

Фарғона

Ўзбекистон жиноят юстицияси тизимида қийноқларни тўхтатиш бўйича ваъдаларини бажармаяпти, ҳуқуқ ҳимоячилар турмаларда қамоқ муддатини ўташмоқда, мамлакатда мустақил фуқаролик жамияти шавқатсизлик билан бостирилмоқда, дейилади Хьюман Райтс Вотч (Human Rights Watch) ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг 13 декабрь куни чоп этилган ҳисоботида. Катта дабдабалар билан қабул қилинган ҳамда бу амалиётларни тугатишга қаратилган кафолатлар амалга оширилмай қолмоқда. Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари Ўзбекистоннинг авторитар режими билан яқинлашишга интилгани боис амалда бу бошбошдоқликларни эътиборга олмай келмоқда.

“Гувоҳлар қолмади. Қийноқлар, ишламаётган habeas corpusҳамда Ўзбекистонда мустақил адвокатурани йўқ қилиш” дея ном олган 107 саҳифали ҳисобот Ўзбекистонда 2009-2011 йилларда ўтказилган юздан зиёд интервью материалларига асосланган. Ҳисоботда БМТ экспертлари ўн йилдан зиёд вақт давомида кира олмаётган ёпиқ мамлакатда содир этилган инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилишлари борасидаги нодир гувоҳликлар мавжуд.

“Ғарбнинг кўзи очилиши, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазиятни энг ёмон даражага тушириб қўйган радди маърака мамлакатга айланганини аллақачон англаб етиши керак эди, - дейди HRW ташкилотининг Ўзбекистон учун масъул ходими Стивен Свердлоу. – Афғонистонга қўшнилик қийноқ ва репрессиялардан воз кечмаган Тошкент учун индульгенция бўлиб хизмат қилмаслиги керак”.

Қийноқлар Ўзбекистон учун сурункали муаммо бўлиб қолди, бу ҳолат халқаро ҳамжамиятнинг 2002 йилда диний “экстремизм” учун озодликдан маҳрум этилган маҳбуснинг ўлимига ғазабнок муносабатида акс этган. Ўшанда, экспертларнинг хулосасига кўра, ёмон отлиғи билан танилган [Жаслиқ] колониясида маҳбусни қайноқ сувга солишган. БМТ идоралари ҳам бу мамлакатда қийноқлар “оммавий” ва “системали” характерга эга деган хулосага келганлар.

Ўзбекистонда бугун ҳам қийноқлар масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. HRW сўроқлар давомида одамларнинг устига қайноқ сув қуйиш, қўлга олинганларни резина таёқ ва сув тўлдирилган пластик бутилкалар билан уриш, қўл-оёғидан осиб қўйиш, жинсий зўравонлик ва таҳқирлашлар, пластик пакет ва противогазлар воситасида бўғиш ҳолларини ҳужжатлаштирган.

HRW томонидан ҳукумат амалда мустақил адвокатурани йўқ қилгани ҳамда бир неча ҳақиқатпарвар адвокатларни лицензиядан маҳрум этгани қайд этилган. Қўлга олинганларга адвокат тақдим этиш талаблари мунтазам равишда қондирилмаяпти.

Ушбу ҳуқуқбузарлик ва репрессиялар давом этаётганига қарамай, сўнгги йилларда АҚШ, Европа иттифоқи ва Европанинг етакчи мамлакатлари Тошкентга нисбатан инсон ҳуқуқлари бўйича ўз позицияларини кескин тарзда енгиллата бошладилар. Бунинг сабаби – Афғонистондаги НАТО қўшинларининг таъминотида Ўзбекистоннинг стратегик аҳамияти катталигида.

Европа иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан киритилган санкцияларни 2009 йилда бекор қилди, АҚШ 2011 йил сентябрда Конгресс томонидан ҳуқуқ ҳимоя негизида Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам бериш борасида киритган чекловларни айланиб ўтишга ҳаракат қила бошлади. Ўзбекистон жанубидаги Термиз шаҳрида ҳарбий базани ижарага олган Германия бу мамлакатда инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича ўз позициясини ошкора равишда белгилашдан бош тортмоқда. Ноябрь ойида Буюк Британия Афғонистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали ҳарбий юкларни олиб чиқиш эҳтимоли ҳақида музокаралар ўтказди.

HRW АҚШ, Европа иттифоқи ва халқаро ҳамжамиятнинг бошқа етакчи субъектларини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазият бўйича БМТнинг ихтисослашган механизмини яратишни қўллашга ҳамда қийноқлар ва бошқа инсон ҳуқуқлари бузилишлари учун масъул ҳукумат мулозимларига нисбатан активларни музлатиб қўйиш ва стоп-варақалар киритиш каби мақсадли санкциялар киритилиши имкониятини кўриб чиқишга чақирмоқда.

Ҳисоботда, хусусан, “Абдуманноб А.” (исм хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилган) хотинининг ҳикояси келтирилган. Унинг сўзлаб берганига кўра, 2008 йилнинг охири ва 2009 йилнинг кўпроқ даврида жосуслик иши бўйича ҳибсга олинган эрини Тошкентдаги тергов ҳибсхоналаридан бирида қийноққа солганлар.

“Унинг билагидан шифтга осиб қўйганларидан навбат билан кейин саккиз ёки тўққиз киши уришган. Уни кўрганимда, билагидан осишгани аниқ кўринди. Изларини ҳам кўрдим. У менга бир неча марта сўроқ давомида қўриқчилар ва бошқа маҳбуслар тирноқлари остига игна тиқишганини айтиб берди. Бир марта қўриқчилар камерада уни кишанлаб қўйиб, олатини ёнаётган газета билан куйдиришган. Иккинчи даражали куйиш олган ўшанда”, - дейди HRW суҳбатдоши.

Шунингдек, 2010 йилда 18 ёшли кўчадаги муштлашув бўйича “гувоҳ” тариқасида ўғли қўлга олинган аёлдан интервью олинди. Ўғлининг сўзидан онанинг айтиб беришича, милицияда уни противогаз билан бўғиб, “муштлашганлар орасида яна битта ўспирин бола бор”, дея ёзиб беришга мажбурлаганлар.

2008 йилда Ўзбекистонда катта тантаналар билан ҳибсга олиш учун суд қарорини олишни кўзда тутувчи habeas corpus институти жорий этилди. Кейинроқ эса амлада habeas corpus институтини истисно этишга қаратилган бошқа қонунчилик меъёрлар қабул қилинди. Европа иттифоқи ва унинг аъзолари буни санкцияларнинг бекор қилиниши оқибатида эришилган ютуқ дея қайд этишга шошдилар.

Амалда habeas corpus институтининг киритилиши ортидан қийноқлар ва бошқа жиддий инсон ҳуқуқларининг бузилишлари атрофидаги аҳвол яхши томонга ўзгармади, қатор жиҳатлар бўйича эса ёмонлашди ҳам, дея қайд этади HRW.

“Милиция бўлинмаларида ва жазони ўташ муассасаларида қийноқлар авжига чиққан пайтда ислоҳотлар тўғрисидаги гаплар ноўрин, - дейди Стив Свердлоу. - Мамлакат раҳбарлари ва биринчи нвбатда Ислом Каримов қийноқлар муаммосининг кўламини тан олмай, Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларини зудлик билан бажаришга киришмагунларига қадар аҳвол ўзгармайди”.

Habeas corpus Ўзбекистонда одамларни истаганича қўлга олишлардан, қийноқлардан ёки ғайриқонуний муносабатлардан ҳимоя қилиш учун кўп нарсаларни қила олмади. HRW билан суҳбатлашган адвокатларга кўра, судлар деярли барча ҳолатларда прокурорларнинг ҳибсга олиш ҳақидаги талабномаларини қондириб, унинг мазмун-моҳиятини мустақил равишда кўриб чиқмаяптилар. Судлар ўзларининг қарорларида кўп ҳолларда прокурорлар талабномасидаги ибораларини сўзма –сўз кўчираяптилар.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, милиция ва терговчилар гумонланувчини habeas corpus бўйича ишни кўриб чиқишга судга олиб боргунига қадар 72 соат ушлаб туришлари мумкин. Бу инсон ҳуқуқи меъёрларига тўғри келмайди. Тингловларнинг ўзи эса ёпиқ тартибда ўтиб, уларнинг адолатлиги борасидаги кафолатларга футур етказмоқда.

HRW аниқлашича, милиция ёки давлат хавфсизлиги хизмати идораларида қўлга олинган шахслардан иқрорлик кўрсатмалари олиш учун уларга нисбатан қийноқлар қўллаш яхши хизмат кўрсаткичи саналади.

2005 йил май ойида ҳукумат қўшинлари Андижондаги тинч намойиш иштирокчиларини ўққа тутганларидан сўнг Ўзбекистон расмийлари қийноқ ҳолатларини текшириш имкониятини қисқартира бошладилар. Қийноқларни ҳужжатлаштиришга уринган фаоллар таъқиб остига олинмоқда, қамалмоқда, халқаро кузатувчилар ва ҳуқуқ ҳимоя гуруҳларига мамлакатда ишлашга ижозат берилмаяпти, дейилади HRW пресс-релизида.

Адвокатурани буйсундириш бўйича кампания доирасида ҳукумат мустақил адвокатлик уюшмаларини йўқ қилди ҳамда адвокатларни ҳар уч йилда малака имтиҳонлари топширишни жорий этди. Қизиғи шундаки, тажрибали адвокатлар бу имтиҳонлардан ўта олмадилар, ёш ҳамкасблари эса имтиҳонлардан юқори баллар билан муваффақиятлли ўта олдилар.

Адвокатурани ислоҳ қилиш тўғрисида янги қонунчилик Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳамда адвокатларнинг мустақиллиги бўйича халқаро стандартларга зид келиб, бутун адвокатура касбига салбий таъсир кўрсатиб бўлди, дея қайд этади HRW. Сиёсий йўналишдаги жиноят ишлари бўйича фаол қатнашган ҳамда қийноқлар масаласини мунтазам кўтариб чиққан адвокатлар лицензияларидан маҳрум бўлдилар.

HRW Ўзбекистон ҳукуматидан қийноқларга чек қўйишни қайта-қайта талаб қилиб келмоқда. Ҳукумат habeas corpus институтини халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилишини, гумонланувчи ва маҳбусларга адвокат тақдим этиш ҳамда адвокатуранинг мустақиллигининг кафолати каби процессуал ҳуқуқларни таъминлаши лозим.

Мамлакатда расмийларга ён босмайдиган мустақил қатор адвокатлар касб фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган бир пайтда Ўзбекистонда қонунчиликнинг таъминланиши ривожланмоқда дея гаприши тутуриқсизлик, - дейди Стив Свердлов. – Давлат аралашувисиз фаолият кўрсатадиган адвокатларсиз Ўзбекистонда қийноқлар муаммосининг ҳал этилишига умид боғлаб бўлмайди.

HRW ҳисоботининг PDF форматидаги тўлиқ матни PDF. Шунингдек, HRW.org сайтида

“Фарғона” ахборот агентлилиги