23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ислом Каримовнинг ангишвоналари остида нима бор?

13.12.2011 13:40 msk

Ёдгор Норбўтаев

5 декабрь куни дунёда янги шов-шувли хабар пайдо бўлди: Ўзбекистон Сенати амалдаги Конституцияга президентлик бошқарув ваколатини етти йилдан беш йилгача қисқартирувини кўзда тутувчи тузатишларни бир овоздан маъқуллади. Бу борада расмий манбалардан бирор-бир тузукроқ шарҳ олиб бўлмади. Депутатларга кўра, амалдаги президентнинг ташаббуси билан қабул қилинган қонун “мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий тизимини тобора демократлаштириш ва либераллаштириш бўйича мақсадга йўналтирилган ва босқичма-босқич эволюциявий силжишига муайан мисол бўлар” экан. Шу, холос.

Нега энди президентлик ваколатининг оптимал муддати яқиндагина беш йил ҳисобланган бўлса, кейинисига етти йилга ўзгартилди? Нега энди яна беш йиллик муддат қайтарилаяпти?

Агар қонун чиқарувчи ҳокимият ўз қарорларининг мазмунини тушунтирмаса, бу ҳақда халқ орасида ўз ига ҳос фаразлар пайдо бўла бошлар экан.

Ўзбекистонлик таниқли сиёсатшунос Рафиқ Сайфуллин айланиб юрган миш-мишларга таяниб, Ислом Каримов шу йўл билан 2014 йилги президент сайловларида қатнашмаслигига шама қилаяпти деган фикрга келибди. “Узметроном” веб-сайтининг бош муҳаррири, ҳурматли Сергей Ежков бўлса бу янгиликдан етим қолган боладек қайғуга тушиб кетди.

Бошқача фикрлар ҳам бор. Баъзи шарҳловчилар эса аксинча, бу Каримовнинг навбатдаги найранги деб ҳисоблаяптилар. У навбатдаги муддат тугаганидан кейин яна беш йил ҳукм сурмоқчи, кейин яна иккинчи муддат билан яна беш йилга сайланиши мумкин, дегандек. Яъни, Конституция ўзгардими, аввалги эски муддатлар ҳисобга олинмаса ҳам бўлаверади, дегандек.

Ёки бу ишлар ворис учун, яъни, у президентлик тахтида кўп ўтириб қолмаслик учун қилинмоқда. Бизнинг Ислом Абдуғаниевич шу йўл билан келажак авлод ҳақида аввалдан қайғурмоқда, деган фикрлар ҳам бор.

Нечта калла бўлса, шунча фикр. “Фароғатли етимлик” қачон етиб келар экан, дея орзу қилаётганлар ҳам оз эмаслигига шубҳа қилмайман.

Савол: бу масалада шунчалик кўп фаразлар пайдо бўлибди, президентнинг ўзи туриб ўз позициясини халққа тушунтириб берса бўлмасмиди? “Шундоқ, шундай ўртоқлар, йиллар ўтавераркан, одам чарчаркан, шунинг учун ҳам айтайлик, мендан кейин мамлакатда аҳвол ёмонлашмаслигини чин юракдан истардим”, деганида, одамгарчилик юзасидан уни тушуниш мумкин. Ёки бошқа сабаб келтирадими, бу Каримовнинг ўзига аён. Ҳар ҳолда, ҳар хил бекорчи уйдирмаларга қараганда яхшироқда.

Аммо кўринишадан, ҳақиқатни бошқа ердан излаш керакка ўхшаяпти. Қани менга жавоб берингчи, республиканинг Асосий Қонуни қачондан бери Каримовни тўхтата олаувчи омил бўлиб хизмат қилган? Сўнгги президентлик сайловларида у айнан ўша Асосий Қонунни бузиб учинчи марта президентликка сайланмадими? Каримовга ўз измидан чиқмайдиган Олий Мажлис воситасида маълум вақт ўтганидан кейин Конституцияга ўзи учун керакли бўлган бошқа ўзгартишларни киритишга нима монелик қилиши мумкин?

Ёки Каримовдан кейин келадиган янги давлат раҳбарига хоҳлаган қонунга ўзи учун маъқул келадиган ўзгартишларни киритишига нима монелик қилиши мумкин? “Янги” раҳбар Отанинг васиятларига амал қилади, дея ким кафолат бера олади? Ҳамма нарса тескарисига юриб кетиши эҳтимоли катта эмасми? Албатта, Конституцияга киритилган мазкур ўзгаришни Ғарбга “мана, айтганларингизни бажаришга киришдик, Ўзбекистонда “демократик ўзгаришлар”ни амалга ошираяпмиз” деган мазмунда тақдим этилишига шубҳа йўқ.

Қонунчиликни либераллаштиришни талаб қилаяпсизми? Мана сизга, олинг!

Бошқа томондан, Ислом Каримовнинг ўзига ҳам юқоридан туриб бу ишларга дунёда ҳамда мамлакат ичида қандай муносабатда бўлишларини кузатиш қизиқарли бўлади, албатта. “Мени кетадиган вақтим етиб келди, деб ўйлаяпсизларми? Қани, қани, кўрайликчи. Аста-аста керакли хулосаларни ҳам чиқариб оламиз”.

“Ангишвоначилар” тўдасини илк бор Тошкентнинг “Тезяковка”си яқинида, темир йўл кўприги остидаги пиёдалар ўтиш жойида кўргандим. Белгиланган учрашувим бор эди, шунинг учун шеригимни кута туриб бу абжир йигитларни кузатгани вақт топилди.

“Кўзи ўткирларга пул мукофоти!”, “Айлантириб бурайман, пулларимни тўлайман!”

Бу ўйинда бегоналардан ҳеч ким юта олмаслигини тезда англадим. Мени бошқа нарса қизиқтирди: улар буни қандай қилаяптилар? Балки “айлантирувчи” шерикларига фақат ўзлари учун тушунарли бўлган имо-ишора қилаяптими? Қандай қилиб? Гап оҳанги биланми ёки қўл ҳаракатлари ёрдамидами? Кейинроқ шундай хулосага келдим: биттагина мантиққа таяниб ангишвоначиларнинг сирини фош этиб бўлмас экан.

Бизнинг Ислом Абдуғаниевич билан ҳам ҳудди шундай. Ҳар қанча ҳаракат қилмайлик, мантиқий фикрлаш йўли билан унинг қиладиган ишларини аввалдан билиб бўлмайди. Ахир бекорга шунча йилдан бери Ўзбекистон тахтини эгаллаб келмаяптими, албатта ўз ишини пухта билади у. Каримовнинг истаганича ҳукмдорлик қилишига ҳеч шубҳа йўқ, унга ҳеч ким йўл-йўриқ кўрсата олмайди. Албатта, агар бирор ғайриодатий ҳодиса содир бермаса.

Шунинг учун қонунчиликдаги бу ўзгаришларга ҳечам эътибор бермаслик керак, ангишвоначиларнинг найрангини барибир фош эта олмайсиз.

Президентимизнинг ташвишлари бошқа ҳозир.

У чин юракдан келгуси, 2012 йилни “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилди.

Чиндан ҳам унинг Оиласи катта – Гуля, Лола, Татьяна Акбаровна, невараси Исломчик балоғат ёшига етай деб қолди, Иймоннинг ҳам бўйи чўзилаяпти. Лолахоннинг ҳам учта боласи бор.

Чинакамига мустаҳкам оила!

Ёдгор Норбўтаев



 

Реклама