14:36 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Халил Худойбердиев билан “адолатпарвар суд” ва матбуот эркинлиги ҳақида интервью

03.12.2011 16:09 msk

Фарғона

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳар суди 2011 йил октябрь ойининг охирида “Мезон-ТВ” ва “Ўш-ТВ” телевидениеларининг эгалари Жавлон Мирзахўжаев ва Халил Худойбердиевни айбдор дея қарор чиқариб сиртдан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Улар Қирғизистон жанубида 2010 йил июнь ойида содир бўлган миллатлараро можароларга алоқадорликда айбланиб жиноий жавобгарликка тортилдилар. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (ЖҲҚ, Нью-Йорк) томонидан ўтказилган текширув можарони авж олдириш ва қотилликларда қатнашиш бўйича Мирзахўжаев ва Худойбердиевга қарши қўйилган айбловлар асоссиз ва сиёсий буюртма эканлигини кўрсатди. ЖҲҚ ходимлари сиртдан йигирма йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм бўлган Худойбердиев билан боғланиб, суд ҳукми ва Қирғизистонда матбуот эркинлиги атрофида юзага келган аҳволни шарҳлаб беришни сўрадилар.

Жавлон Мирзахўжаев билан интервью ЖҲҚ сайтида ноябрь ўрталарида чоп этилган.

ЖҲҚ: - Октябрь охирида Жалолободдаги суд Қирғизистондаги ўзбеклар жамоаси лидерларига, шу жумладан, Сизга нисбатан ўз ҳукмини чиқарди. Сизга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини қачон билдингиз? Сизга қандай айблар қўйилди ва уларни исботлаш учун қандай далиллар келтирилди?

- Мен жиноят иши қўзғатилганини 2011 йил апрель ойида оммавий ахборот воситаларидан Қирғизистондан ташқарига чиқиб кетганимдан кейин билдим. Прокуратуранинг қўйган айби, терговнинг бориши ва суд процесси, [шунингдек], бизга чиқарилган суд ҳукми ҳақида битта нарсани айта оламан: уларнинг бари ёлғон далилларга асосланган ва ҳеч қанақасига исботланмаган.

Ҳукмда ва суд материалларида айтилишича, мен ва [Жавлон] Мирзахўжаев 2010 йил май ойида Жалолобод, Олабуқа шаҳарларида ва Жалолобод ва Ўш вилоятларида митингларни уюштиришда; 2010 йил май ойида Жалолобод университетида қуролли гуруҳларни ташкил этишда; шу қуролли гуруҳларнинг фаолиятида; уюшган гуруҳларнинг таркибида одам ўлдиришларда бевосита қатнашган эканмиз. Бу айбловлар ўта бемаъни ва тутуриқсиз. Жалолободдан 100 чақирим, Олабуқадан 400 чақирим нарида, Ўш шаҳрида яшаб, телерадиокомпанияларда ишлаб турган ҳолда қандай қилиб қуролланган гуруҳларни тузамиз, митингларни уюштирамиз, одам ўлдиришларда қатнашамиз? Бунга жисмонан қодир эмасмиз. Суд бу аҳмоқона гапларни қандай қилиб тасдиқлаганига ҳайронман. Ҳаётимизга, оилаларимизга таҳдидлар ёрдамида мени ва Мирзахўжаевни Қирғизистонда чиқиб кетишга мажбур қилдилар. Айбланувчиларнинг иштирокисиз, уларнинг ваколатига эга бўлган адвокатларисиз ўтган суд процесси адолатли бўлиши мумкин эмас деб ҳисоблайман.

Қирғизистон жанубида 2010 йил июнь ойи босқинчиликларидан олдинги давр борасида, телерадиокомпанияларнинг чинакам роли ҳақида ҳам бир-икки оғиз сўзим бор.

Бакиев бошқаруви даврида жамиятда миллатчлик тенднциялари кучая бошлади ва Бакиев 2010 йил апрелида тахтдан ағдарилиб мамлакатдан ҳайдалганидан сўнг янада кучайди. Бунга 2010 йил баҳорида Бишкек четидаги турклар ва курдларга қарши амалга оширилган босқинчиликлар мисол бўла олади. Ўша вақтда, Бакиев Бишкекдан қочиб кетган Қирғизистон жанубида миллий негизда тўқнашувлар ҳақида миш-мишлар тарқала бошланди. “Ўш-ТВ” журналистлари ҳодиса тафсилотларни аниқлаш учун жойларга чиқа бошладилар. Улар бу можаролар миллатчилик характерига эга эмас, балки оддийгина, ҳокимият учун кураш эканлигини аниқладилар, бироқ жамиятдаги таранглик шундай миш-мишларнинг туғилишига сабаб бўлди.

Оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини тушунган ҳолда, биз журналистлар бу миш-мишларга чек қўйишга ҳаракат қилдик ва бўлаётган ҳодисаларни ўз номи билан атадик. Жалолободда ўзбеклар жамоасининг лидери Қодиржон Ботиров ҳамда миллати қирғиз бўлган область губернатори Бектур Асанов биргаликда норозилик митинги ўтказаётгани ҳақидаги хабар бизга етиб келганида, бу ҳақда репортаж тайёрлашга қарор қилдик. Биз бу воқеа икки миллат ўртасидаги зиддиятлар тўғрисидаги миш-мишларни тугатиш учун яхши материал эканлигини тушуниб, уни эфирга бердик. Шу йўсинда кунига беш мартадан янгиликлар чиқариб 2010 йил 11 июнигача ишладик. 11 июн куни Ўш ҳокими Мелис Мирзақматов эфирни тўхтатишимиз тўғрисида буйруқ берди. Бир неча ҳафта ўтганидан кейин эса менга жисмоний зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиб “ЎшТВ” акцияларининг 51 фоизини ўзининг қариндошига сотишга мажбур қилди. Шундан кейин бандитлар ва СНБ менга таҳдид қилгани учун Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлдим.

ЖҲҚ: - Айбловларга нисбатан Сизнинг нуқтаи назарларингизни Сиз ёки вакилларингиз терговчилар ва судга еткза олдими? Агар ҳа бўлса, унда жавоб олдингизми? Апелляция шикояти бериш фикрингиз борми? Ўз ишингизда адолатга эришишга кўзингиз етадими?

- Ўзбекларга қарши аввалги суд процессларида адвокатлар ва судланувчиларнинг ҳаётига таҳдид ва тажовузлар кўп бўлгани боис, мен ўзимга адвокат ёллай олмадим. Улар ўтган йилги можаролар бўйича айбланувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қила олмай қолдилар. Шу сабабдан мен терговчиларга ва судга ўз нуқтаи назаримни еткиза олмадим.

Мен Жалолобод вилояти судига апелляция шикоятини юбордим. Аммо ростини айтсам, Жалолободда барча айбловлар олиб ташланишига умид қилмайман. Негаки, Қирғизистон парламенти ўзининг 2011 йил 16 июнь кунги қарори билан, яъни суд ўз ҳукмини чиқармай туриб Қирғизистон жанубидаги 2010 йилдаги оммавий тартибсизликлар ва босқинчиликлар учун айбни ўзбек жамоаси вакилларига, шу жумладан, менга ва Мирзахўжаевга юклаб бўлган. Яъни, парламент суд ва терговсиз ўз зиммасига олий суд ролини юклаб, бизни “айбдор” деб тайинлаб қўя қолди. Бу судга кимни айблаш учун тайёр кўрсатма ва бу кўрсатмани ҳокимиятнинг олий органи – парламент берди.

Ҳокимият қонунни бузган мамлакатда адолатга умид қилиб бўладими?

ЖҲҚ: - Қирғизистонда ўзбек тилидаги матбуотнинг аҳволини қандай баҳолайсиз? Мамлакатнинг жанубида, ўзбеклар жам бўлиб яшайдиган жойларда янгиликларни ўзбек тилида ўқиб, тинглаб, кўрса бўладими?

- Ўшда икки ёки уч тилда чиқадиган икки-учта газета чоп этилаётганини биламан, уларнинг ичида ўзбек тилидаги саҳифалари ҳам бор. Аммо ўзбек тилида чиқадиган алоҳида босма ОАВ тўғрисида эшитганим йўқ, бунақаси бўлмаса керак. “Ахборот” каби ўзбек тилида чиқадиган бир неча газеталарнинг муҳаррирлари ҳаётларини ва оилаларини хавф остига қўймаслик учун Қирғизистондан чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Жалолободдаги “Дийдор” газетаси расмийлар томонидан жиноий жавобгарликка тортилгани боис ёпилган. Аммо Қирғизистонда ўзбек тилида фаолият юритувчи бирорта электрон ОАВ – радио, телевидение қолмаганини аниқ биламан. 2010 йил июнь ойигача Ўш ТВ, Мезон ТВ, ДДД, ДТВ телеканалларида ўзбек тилидаги кўрсатувлар берилган. Тўртта каналдан эски номи билан ва эски частотада фақат Ўш ТВ ишлаяпти, аммо унда ва бошқа телеканалларда ўзбек тили мутлақо ишлатилмай қўйилди.

Қирғизистонда журналистларга босим ўтказилаётгани ҳолатларининг кўплиги, уларни калтакланаётгани ва қўрқитилаётгани учун мен мамлакатда матбуот эркинлиги йўқ деб ҳисоблайман. Бунақа воқеалар қаторига Бишкекда журналист Элмира Тўқтоғулованинг калтакланиши, НТС телеканалининг Ўшдаги мухбири калтакланиши, парламент томонидан Бешинчи каналга ўтказилаётган босимни киритиш мумкин. Бу жиноятларнинг бари, оммавий ахборот воситаларига босимлар жазосиз қолаяпти, жиноятлар очилмай қолаяпти, буларнинг ҳаммаси эркин журналистикага жиддий таҳдид мавжудлигини кўрсатмоқда. Ҳуқуқий нигилизм, тобора авжига чиқаётган миллатчилик, суд тизимидаги нуқсонлар оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишига йўл бермайди. Қирғиз тили оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги, Қирғизистондаги бир миллионга яқин ўзбеклар бўла туриб, ўзбек тилида бирорта кўрсатувнинг йўқлиги – бу нима, сўз эркинлигими? Албатта йўқ. “Ўш-ТВ” ва “Мезон-ТВ” хусусий телеканалларининг раҳбарларига нисбатан суд таъқиби ва сиртдан даҳшатли ҳукмларни чиқариш – бу нима, сўз эркинлигими? Йўқ албатта.

Аслида мени ва Жавлон Мирзахўжаевни ўз касбий фаолиятимизни бажарганимиз учун, одамларга ахборот етказиб берганимиз учун, яъни сўз эркинлиги учун айбдор қилдилар.

ЖҲҚ: - Бугун Қирғизистонда янги сайланган президент Алмазбек Атамбаев ўз лавозимини эгаллаб вазифасини бажаришга киришди. Унга мурожаат қилишни истайсизми? Қирғизистонда матбуот эркинлигини яхшилаш учун Сизнингча, нима қилмоқ зарур?

- Ўйлашимча, Қирғизистон аҳолисининг кўпи, шу жумладан, миллий озчиликлар ҳаёт яхши бўлади, тинчлик ва адолат барқарор топади, деган умид билан Алмазбек Атамбаевга овоз беришган. Биз ҳам миллатларор муносабатлар яхшиланишига умид қиламиз, бошбошдоқликларга барҳам бериш бошланиши керак. Атамбаев олти йил президентлик қиладиган муддат давомида Қирғизистонда сўз эркинлиги соҳасида, ОАВ ходимлари ҳаётида, давлат ижтимоий-сиёсий иқлимида ўзгаришлар бўлишига умид қиламиз. Биз Атамбаевга керакли мактуб билан мурожаат қилмоқчимиз.

Муаллиф: Музаффар Сулайманов/Журналистларни ҳимоя қўмитаси Европа ва Маррказий Осиё дастури тадқиқотчиси, CPJ.org

“Фарғона” ахборот агентлилиги