08:37 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ўзбекча пляж” ёҳуд Шифобахш қум сайли

02.12.2011 15:02 msk

Алексей Волосевич

Кўпроқ фотосуратларни — в Фарғона галереясида кўришингиз мумкин

Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида, Қўқондан Наманганга қараб кетган йўлда Бўстонбува қишлоғи бор (рус тилидаги саҳифада муаллиф адашиб бу қишлоқни Наманган вилоятида деб ёзган – тарж.изоҳи). Бу ерда ҳар йили август ойининг охирида анъанавий қум сайли бўлиб ўтади. Минглаб одамлар дардларига даво излаб бу ерга келадилар ва иссиқ қумга кўмилаб ётадилар.

Одамлар оз-кўплигини йўл четида тўпланган машиналарга қараб билса бўлади. Йўлдан энг яқин қум тепалигига чиқишингиз билан кўз олдингизда қизиқ манзара намоён бўлади: юзлаб эркаклар, аёллар ва болалар қумга кўмилиб ётган бўладилар. Улар қуёшнинг ўткир тиғидан қўлбола чодирлар ва зонтиклар ёрдамида сақланадилар.


Узбекский пляж

Айтишларича, қирқ-эллик йиллар аввал қумлик бир неча чақиримларга чўзилган. Аммо чўл аста-аста ўзлаштирилиб, экин майдонларига айлантирилган, қумликлар бир неча қисмларга бўлиниб, йўқола бошлаган. Ҳозир катта-кичик қум тепаликларидан бир нечтаси қолди, холос.


Узбекский пляж

Фарғона водийсида бундай жойлар оз эмас, Бўстонбува улардан биттаси. Шунга қарамай, одамлар бу ерга республиканинг турли вилоятларидан келадилар. Шу атрофда шўролар давридан бери фаолият юритаётган ҳамда қум сайлига келганларни қабул қилувчи санаторий ҳам бор. Бу ерда бир-мунча вақт яшаш ёки ҳеч бўлмаса тунаш мумкин.

Қадим замонлардан бери одамлар қизиган қум ёрдамида даволаниб келадилар. Мозийнинг машҳур табиблари Абу Али ибн Сино ва Гален ҳам бу ҳақда эслаб ўтганлар. Бугун бу даво усулини псаммотерапия (псаммо – юнон тилида қум) деб аталади. Унинг оғриқ қолдириш, шамоллашга, шишга қарши курашиш хусусияти бор, модда алмашув жараёнини барқарорлаштиради.

Бўғин мушаклари, остеохондроз, невралгия, бод (ревматизм), радикулит, сурункали бронхит, сурункали пиелонефрит, жигар ҳасталиги, сафро йўллари касаллиги, полиомелит ва рахит асоратлари, аёлларнинг жинсий касалликларида псаммотерапия тавсия этилади. Даволаниш курси одатда 10-30 кун давом этади.


Узбекский пляж

Ўзбекистонда яхшироқ даволаниш учун илон шўрвасидан тановул қилса яхши бўлади деган гап бор. Ўрта Осиё тиббиётида илон гўштидан тайёрланган шўрва бўғин касалликларига, шамоллашга қарши ва бошқа бўлган-бўлмаган касалликларга тавсия этилади. Шу атрофда самавор ўрнатиб олган чойхоначиларда чўлда изғиб юрадиган қўлвор илонларни махсус идишларда сақлаб турадилар ва буюртма берсангиз дарҳол тайёрлаб берадилар. Илон шўрвасини ичган одам роса терлаганидан сўнг ўзини анча енгил ҳис этади.


Узбекский пляж

Шу ерда илон шўрвани қандай тайёрлаётганларини ҳам кўрдим. Чойхоначи илонни сувда чайқаб қайнаб турган қозонга ташлади. Бечора жонивор жон талвасасида бир неча сония типирчилаб аввалига қозон тубига чўкди, кейин қайнаб турган сувдан қалқиб чиқди...


Узбекский пляж

Қумда ҳамма ҳам даво топа олмайди. Мисол учун, онкологик, юрак-томир, сил касаллари, шунингдек, сурункали ҳасталик авжига чиққанларга қум сайли тақиқланган. Аммо қумда тобланаётганлар билан суҳбат давомида маҳаллий “шифокорлар” псаммотерапияни ҳаммага тавсия этаётгани ҳақида эшитдим.


Узбекский пляж

Шу ерда бир неча йил аввал тиббий китоблардан бирида ўқиган воқеа эсимга тушиб қолди. Ўзбекистоннинг қайсидир вилоятида шифобахш булоқ бор экан. Унинг суви таркибида катта миқдорда олтингугурт бор. Шу булоқда одамлар ванна қабул қиладилар. Булоқ қадимдан машҳур, бу ерга одамлар доим шифо излаб келишган. Олтингугуртли сув меъёрида шифобахш, ундан тери ва бўғин касалликларига шифо топса бўлади. Аммо астма, ошқозон яраси, жигар ва қалқонсимон без ҳасталикларига йўлиққан кишилар учун бундай ваннанинг оқибати вой.


Узбекский пляж

Бўстонбувада аёлларнинг эркаклардан алоҳида ажралиб туришини кўрмадим. Одамлар асосан ўз яқинлари билан тўпланар экан. Эркаклар трусикчан бўлиб қумга кўмилсалар, аёллар кўйлакларида қоладилар. “Ўзбекча пляж”, дея ҳазиллашиб қўйди сайлга келган эркаклардан бири.


Узбекский пляж

Ростини айтсам, аввалига одамлар менинг фотосуратга олишимга қатъий қаршилик кўрсатадилар дея хавфсирадим. Бироқ офтобда тобланаётган одамлар менга ва видеограф Андрей Кудряшовга яхши муомала қилдилар. “Ҳой, мени суратга олсангчи” дея ҳар томондан чақира бошладилар. Пул узатиб, “расм қачон тайёр бўлади?” деганлар ҳам бўлди. Бошқалар эса нега суратга олаётганимиз билан қизиқдилар. Биз жўнгина, “қишлоқ ҳаётини суратга оламиз”, “бадиий фильм” дея жавоб бергандик, жавобимиз уларни тўла қониқтирди.


Узбекский пляж

Шу ерда яна бир нарса аниқ бўлди: расмийларнинг мамлакатда интернет тез суратларда ривожланмоқда дея ишонтиришига қарамай, Фарғона водийсидаги одамларнинг аксарияти Жаҳон Тармоғи ҳақида унчалик яхши тушунчага эга эмаслар. Мен расмни олишни истаган одамларнинг ҳаммасига фотосуратларни текинга юбораман деб ваъда қилиб, уларга ташриф карточкаларимни тарқатдим, қоғозларга электрон адресим ёзиб бердим. “Интернет кафега борасиз, администраторга адресни берасиз, у менга хат ёзади, мен унга фотосуратларни жўнатаман”, дея батафсил йўриқнома бердим. Ҳаммалари қоғоз ва карточкаларни олишди, диққат билан қулоқ солишди, “хўп, раҳмат”, дейишди-ю, бирортасидан хат келмади...

Кун ботишига яқин қолганида қумнинг тафти кета бошлади. Қоронғи тушмай туриб қум барханларида киши қолмади. Яшириниб ётган қурт-қумурсқа, калтакесаклар чиқиб, сўзаналар уча бошладилар. Қоронғи туша бошлаганида эса қумликда ёлғиз каратечини учратдик. Ўн етти ёшдаги ўспирин зўр бериб машқ қиларди.


Узбекский пляж

Йўл бошига чиққанимизда ҳеч ким қолмаган экан. Ҳамма тарқаб бўлибди. Шлагбаум ва икки мелисадан бошқа ҳеч ким йўқ. Қўқонга қандай етиб боришимиз жумбоқ бўлиб туюлаётганди, мелисалар бизга яхшилик қилиб қолишди. Йўлда сарсон бўлиб қолаётганимизни кўриб, улар бир оғиз сўз айтмай ўткинчи юк машинасини тўхтатдилар ва ҳайдовчига бизни шаҳарга олиб бориб қўйишни буюрдилар. Шопирнинг бўйсунишдан бошқа иложи қолмади. Унга йўлкира пулини бердган бўлсак ҳам у норозидек кўринди бизга. Негалигини тушуна олмадик. Шундай қилиб, шавкатли милициямиз ёрдамида биз узоқ бўлса ҳам ажойиб жойни тарк эта олдик.



Кўпроқ фотосуратларни Фарғона галереясида кўринг

Алексей Волосевич

“Фарғона” ахборот агентлилиги