14:41 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон газ ва бензин тақчиллигини бошидан кечирмоқда, ёқилғи қуйиш шохобчаларида узундан-узун навбатлар (фото)

23.11.2011 08:15 msk

Александр Бенуа, Тoшкент

Ўзбекистонда бир неча ҳафтадан бери бензин ва автомобиллар учун газ тақчиллиги кузатилмоқда. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ёнида узундан-узун автомобиллар навбати чўзилмоқда, аммо расмий оммавий ахборот воситалари одатдагидек бу ҳақда индамаяптилар.

Тошкентда соат тўртдан кейин баъзи заправкалар олдида юзлаб метрларга чўзилган автомобиль навбатлари ҳосил бўлаяпти. АЁҚШларнинг кўпи умуман ёпиб қўйилган.


Жанубий вокзал ёнидаги АЁҚШ. “Фарғона” АА фотоси

Ҳайдовчиларга кўра, ёқилғи тақчиллиги боис кўплаб заправкалар фақат эрталаб ва кечқурун ишлаяпти: “Кундузлари бензин йўқ деб ёпиб қўйишган. Қайда бензин бор экан, дея излаб юрамиз. Аммо қайерга борсангиз ҳам навбатга турмай бензин қуйиб бўлмаяпти. Баъзи заправкаларда чеклов жорий этишган: битта машинага йигирма литрдан ортиқ бензин қуймаяптилар”, - дейди тошкентлик ҳайдовчилардан бири.

Аҳоли бензин тақчиллиги ортидан ёқилғи нархи кўтарилишини кутиб ўтирибди: “Декабрда ҳамма нарсанинг нархи ошади, ўшанга яшириб қўйишган, нарх кўтарилганда сотишади”.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам аҳоли ёқилғи тақчиллиги одатий ҳолга айланиб қолганидан шикоят қилмоқда. “Самарқандда бензин камайиб кетганига бир неча йил бўлди”, - дейди самарқандлик ҳайдовчи.

Фарғона водийсидаги манбанинг маълум қилишича, бензин учун навбатлар газ учун навбатдан узунроқ. “Негалигини биласизми? Газ заправкалар электрда ишлайди, бизда эса свет йўқ. Электр кунига 8 соатдан берилади, шунинг учун заправкалар ишламай қўйган”, - дея изоҳ берди манба.

Ўзбекистонда олдин ҳам бензин кризислари бўлиб турган. Мисол учун, 2007 йил ёзида Қозоғистон ўзининг ички бозорини ҳимоя қилиш мақсадида бензинни вақтинча экспортга чиқармай қўйганида. Кейингиси 2010 йил августида кузатилган. Ўшанда таҳлилчилар буни Zeromax компаниясининг банкротликка учрагани билан боғлагандилар. Компаниянинг Газпром олдида катта қарзи бўлгани боис, россияликлар қозоқларни Ўзбекистонга бензин ва нефть экспортини қисқартиришга мажбур қилганлар. Бир ой ўтиб Ўзбекистондаги аксарият заправкалар ёпилди, вилоятларда бензинни баклашкаларда икки-уч баробар қимматига сота бошладилар.


Жанубий вокзал ёнидаги АЁҚШ. “Фарғона” АА фотоси

Газ ёқилғиси

Метан ва пропан атрофида юзага келган вазият бундан-да баттар: заправкаларда автомобиллар бир километрдан ошиқ навбатга тизилиб, бир неча соатдан кутишларига тўғри келмоқда.

“Ёзда битта машинани заправка қилишга уч минутгача вақт кетади. Бироқ қишда баллонларни бундай тезликда тўлдириб бўлмайди, жиҳозлар бунга мослашмаган”, - дейдилар ҳайдовчилар. Уларга кўра, об-ҳаво совуқ бўлганида битта машинанинг заправкасига 10-15 минут кетади, демак навбатда ўнинчи бўлиб турган автомашина бир ярим соат туриши керак бўлади.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда сиқилган табиий ва суюлтирилган углерод газдан фойдаланувчи автомобиллар улуши 17 фоизни ташкил этади. Маҳаллий иқтисодчиларга кўра, газ ёқилғисидан фойдаланувчи машиналар кўплигига қарамай, ёқилғи қуйиш шохобчалари илгаригидек етишмаяпти.

“Газ баллонлари оммавийлашаётгани туфайли газ запаравкалари миқдорини кўпайтириш лозим. Уларнинг сони ҳозир етарли эмас, боз устига, улардаги жиҳозлар баллонларни тезда тўлдириш имкониятини бермайди. Янги станциялар қурилмаса, ҳайдовчилар шундай қийналаверади”, - дейди тошкентлик иқтисодчилардан бири.


Муқимий кўчасида “Хамза” метроси яқинида бензин учун тизилган навбат, Тошкент.“Фарғона” АА фотоси

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича комиссияси 2011 йил 30 май куни сиқилган табиий газдан фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда авто-газ тўлдириш станциялар инфратузилмаларини ривожлантириш тўғрисида қарор қабул қилганди. Унда 345 та қўшимча авто-газ тўлдириш станциялари қуриш ҳамда 560 мингта газ аппаратураси ва яна шунча газ баллонлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Ҳозир эса ўз автомобилларини газга мослаштириб олган ҳайдовчилар пушаймон бўлиб турибдилар, холос.

Александр Бенуа, Ташкент

“Фарғона” ахборот агентлилиги