16:51 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон расмийлари GM Powertrain Uzbekistan заводининг очилишини яширмоқчи бўлдилар, аммо америкаликлар бунга йўл қўймадилар

20.11.2011 12:11 msk

Фарғона

GM Powertrain Uzbekistan автомобиль двигателлари ишлаб чиқарувчи завод 15 ноябрь куни очилди, аммо маросимда бирорта журналист қатнашмади. Ўзбекистонлик мулозимлар 28 август куни, Ўзбекистон Мустақиллиги куни арафасида заводни президент Ислом Каримов очиб кетгани етарли деб ҳисобладилар чоғи.

Тошкентдаги мустақил Узметроном веб-сайти хабар берганидек, ўша куни Каримовнинг кўнглини чоғ қилиш учун “Ўзавтосаноат” раиси Улуғбек Рўзиқуловнинг илтимоси билан бу ерга шошилинч тарзда бошқа заводда терилган автомобиль двигателлари келтирилди. Ишлаб чиқариш тайёр ҳолга келганини намойиш этиш учун бу ерда уларни майда қисмларга бўлиб конвейёрга жойлаштириб қўйдилар. Президент буни сезмади ёки сезишни истамади, бироқ америкалик муҳандисларга ва маҳаллий ишчиларга моторларни сифатли териш бўйича бир неча маслаҳат беришдан ўзини тия олмади. Маслаҳатлар завқ-шавқ ва миннатдорчилик ила қабул қилинди, дея хабар беради веб-сайт Ўзбекистон ҳукуматига қарашли ахборот агентлигига ишорат билан.

Шунинг учун ноябрда Ўзбекистоннинг баъзи ахборот агентликлари янгиликлар ленталарида GM компаниясининг завод очилиши тўғрисида пайдо бўлган пресс-релиз тез орада йўқолди. Ўзбекистон автосаноати раҳбарияти журналистларга заводнинг очилиши маросимига юборган таклифномаларни шошилинч равишда бекор қилишига тўғри келди. Ҳолбуки, очилиш маросимида юқори мартабали меҳмонлар, шу жумладан, Улуғбек Рўзиқулов, GM International Operations компанияси ишлаб чиқариш бўйича вице-президенти Жон Баттермор ҳамда GM Korea бош ижрочи директори Майк Аркамоне қатнашдилар. Журналистларга “навбатдаги “тантанали маросим” президентга ёқмаслиги мумкин” деб айтдилар.


Бу хабарни gazeta.uz сайтида энди топа олмайсиз

Бироқ АҚШ элчихонаси журналистларнинг заводга ташриф буюриши лозим дея ҳисоблади. Ўзбек мутасаддилари билан бўлиб ўтган музокаралар уларнинг америка компанияси учун ғурури Ўзбекистон раҳбарияти олдидаги қўрқувдан кучлироқ эканлигини кўрсатди. Ахир қўшма корхонанинг 52 фоизи америкаликларга тегишли. Шунинг учун 17 ноябрь куни қатор ОАВ мухбирлари GM Powertrain Uzbekistan Қўшма корхонасини бориб кўрдилар. Бироқ уларга корхона ҳудудида фотосуратга олишни тақиқлаб қўйилди. Элчихона ходимларидан бири “Ҳар ҳолда бу корхона тўлалигича бизга қарашли эмас” дея изоҳ берди. “Ўзавтосаноат” вакили “олинган маълумотлардан фақат бир ҳафта ўтиб фойдаланиш мумкин, ўшанда ҳам Ўзбекистон иқтисодиётини мақтаб кўрсатиш лозим”, дея берган тавсияси кўпроқ буйруққа менгзади.

Заводга боришдан аввал элчихона журналистлар учун анъанавий пресс-гап (матбуот анжумани) ўтказиб берди. Учрашувга GM Powertrain Uzbekistan вакиллари келдилар. Одатда, элчихона бу каби тадбирларни маромига етказиб ўтказарди, аммо бу сафар журналистлар билан мулоқот ярим соат давом этди, холос. Шу вақт давомида қўшма корхонанинг реклама ролиги тақдим этилди. Журналистлар анжуман давомида двигател ишлаб чиқаришнинг баъзи сир-асрорларини, шунингдек, айни пайтда нафақат “Евро-4” ва “Евро-5” балки “Евро-2” двигателлари ҳам бозоргирлини аниқлаб олдилар.


GM Powertrain Uzbekistan бош директори Юрген Спендел. “Фарғона” АА фотоси

Расмий маълумотларга кўра “серияли ишлаб чиқариш бошланишига келиб янги корхонада маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоизни ташкил этишига қарамай”, GM Powertrain Uzbekistan ҳамкорлари двигател ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни яқин давр мобайнида амалга ошира олмайдилар. Ҳозир бутловчи қисмлар ва хом ашё хориждан олиб кирилмоқда. GM Powertrain Uzbekistan бош директори Юрген Спенделнинг таъкидлашича, двигател ишлаб чиқаришда, хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган кабель маҳсулотларидан фойдаланилмоқда. GM ишлаб чиқариш устидан назорат, менежмент ва янги бозорларни ўзлаштириш учун масъул.

Пресс-гапдан олдин юзага келган асабий ҳолат ушбу корхона ҳақида батафсил сўзлашишга имкон бермади. Журналистлардан бири бу ҳақда “Бизнинг бюрократия мамлакатимиз обрўсига шунчалик катта зиён етказадими, жаҳон ахборот агентликлари двигателлар ишлаб чиқариш бошлангани ҳақида ёзиб бўлдилар ҳамки, бизга бу нарсани сир сақлаш тавсия этилмоқда. Биз ўзбек мутасаддиларининг “катта нима дер экан!” деган принципда иш тутишларига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик”, дея ўз мулоҳазасини очиқлади.


Журналистлар GM Powertrain Uzbekistan ходими билан сўзлашаяптилар

Шундай қилиб, GM Powertrain Uzbekistan қўшма корхонаси 1,2 литр (82 от кучи) ва 1,5 литр ҳажмдаги (115 от кучи) янги авлод BDONC двигателларини ишлаб чиқаришга киришди. Янги қўшма корхона маҳсулотининг ҳаридорлари – GM жаҳон тармоғига кирувчи корхоналар. Женерал Моторз тузилмасига кирувчи корхоналар янги қўшма корхонага ўз буюртмаларини беришни бошладилар.

Корхона лойиҳадаги қувватга чиққанида унда 1200 киши ишлайди. Корхона ишчиларининг меҳнати яхши тақдирланади: ўртача ойлик иш ҳақи “қора бозор” курси бўйича минг долларга тенг (1 доллар – 2600 сўм).

Ўз ахб.

“Фарғона” ахборот агентлилиги



 

Реклама