14:19 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Биз ва насронийлар

09.09.2011 09:24 msk

Равшан Шамс

Ўзбекистондан фарқли ўлароқ Тожикистон Республикасида насронийларга қарашли ўнга яқин турли миссионерлик ташкилотлари фаолият юритмоқда. Бу ҳолат мамлакатда радикал ёшлар кўпайиб бораётгани қабатида бир томондан, маҳаллий аҳоли орасида норозиликларнинг ўсишига сабаб бўлса, иккинчи томондан, республикага катта миқдорда молиявий кўмак кўрсатаётган ва ҳукуматнинг сиёсий стратегиясини қўллаётган Ғарб мамлакатлари айнан ўша миссионерлик ташкилотларининг ватани саналади. Бугун Тожикистонда аҳолининг насронийларга муносабати ва улар билан алоқаси қандай баҳоланади? Тожикистонлик мухбиримиз Равшан Шамс ахборот агентлигимиз саҳифасида шу мавзудаги илк мақоласи билан чиқмоқда.

НАСРОНИЙЛАРГА МУНОСАБАТ. ФИКР ВА МУЛОҲАЗАЛАР

СССР даврида Тожикистон аҳолисининг 20 фоиздан ортиқроқ қисмини исломдан бошқа динларга эътиқод қилганлар ташкил этар эди. Атеистик сиёсат устивор бўлган улкан мамлакатда, шубҳасиз, дин муаммосининг ўзи йўқ эди.

Совет давлатининг сўнгги раҳбари М. Горбачёвнинг қайта қуриш сиёсати туфайли Марказий Осиё республикларида миллий ўзлик ва мустақилликка эришиш ҳаракатлари бошланиши билан ўлкани дастлаб немислар, кейин бошқа миллат вакиллари тарк эта бошлади. Фуқаролик уруши авж олгани важидан насронийлар Тожикистонни ёппасига тарк эта бошладилар. Оқибатда, мамлакатни юз минглаб юқори малакали мутахассислар тарк этди. Ҳозир турли маълумотларга қараганда, аҳолиси 7 миллиондан ортиқ кишини ташкил этувчи мамлакатда насронийларнинг сони 50 мингдан сал ортади, холос.

Ҳозирги кунда асосан мусулмонлардан иборат маҳаллий аҳолининг улар билан ўзаро алоқа ва муносабати илгаригидек эмас. Спитамен ноҳияси, Нов қишлоқ жамоатидан бўлган номозхон Абдуқаҳҳор ака Салимбоевнинг айтишича, бунга жамиятдаги носоғлом муҳит сабаб бўлмоқда.

- Ҳозир бизда насронийлар жуда кам қолган. Дуруст мутахассисларнинг ҳаммаси чиқиб кетди ҳисоб. Бу ерга ўрганиб қолган кекса нафақахўрлар қолган, холос. Уларнинг ҳам фарзандлари асосан Россияга кўчиб кетишди. Христианлар билан муносабат ҳозирги вақтда олдингидек эмас. Аслида, уларнинг вакиллари ноҳия ва қишлоқларда қолмади, десак ҳам бўлади. Насронийлар ҳам ҳар хил бўлади. Ҳамма ҳам “сариқ кофир” бўлиб кетган эмас, уларда ҳам инсоф бор. Лекин ўзимизнинг ичимиздаги одамлар орасида ҳам ноинсофлар бор. Бизда оппозиция бўлди, давлат талашиш бошланди, аҳвол фуқаролик урушигача бориб етди. Кетишди-да, кейин кўчиб… Одамларнинг жамият билан иши бўлмай қолди. Ҳамма озод! Лекин, жамият тоза эмас… , - дея куюнади Абдуқаҳҳор ака. - Кейинги йилларда, кўп ҳолларда, террористик ҳаракатларни Ислом билан боғлаб келиш одат тусига кириб қолганди. Аммо, мана, Норвегиядаги портлаш ва қотилликлар терроризм дин ва миллатни танламаслигини кўрсатиб қўйди. Ундан фойда кўрадиган шахслар бор. Насронийларнинг ичида ҳам қўпорувчилар бор, бизнинг ичимизда ҳам. Ўтган йили Қирғизистонда бўлиб ўтган қонли воқеалар ҳам аслида террорнинг бир тури эди.

Хужандлик Мирҳайдар Ҳошимов олдинги суҳбатдошимизнинг дастлабки фикрларига тўла қўшилмайди. Унга кўра, ишсизлик туфайли меҳнатга лаёқатли аксар тожикистонликлар Россиянинг турли ўлкаларида насронийлар орасида яшаб ва ишлаб, дунёқарашлари тез ўзгармоқда.

- Агар гапнинг дангалини айтилса, ўша насронийлар туфайли бугун рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Улар билан муносабат ва ўзаро алоқаларимиз жуда яхши деб ҳисоблайман, - дейди М. Ҳошимов. - Ўтаётган авлод, мен 45-65 ёшлар атрофдагиларни назарда тутмоқдаман, ҳаммасини яхши тушунади ва уларнинг ҳурматини жойига қўяди. Ёшлар эса… ёшлар насронийларни улардан ҳам кўпроқ ҳурмат қилади, деб ҳисоблайман. Чунки эндигина мустақил ҳаётга қадам қўяётган фарзандларимиз кўп ҳолларда Ватанда эмас, муҳожирликда, насронийлар орасида пул топиб рўзғор тебратмоқда, келажагига пойдевор қўймоқда. Шунинг учун ҳам турли дин вакиллари орасида қандайдир ихтилоф ёки норозиликлар мавжуд деган гап-сўзларга қўшилмайман.

ИСЛОМ ВА НАСРОНИЙЛАР

Ислом арконлари ўзаро бағрикенгликка катта аҳамият беради. Муқаддас Қуръон, ҳадис ва улуғ алломалар меросида бунга муҳим эътибор қаратилган. Тарихдан маълумки, Ҳиндистонда Буюк Мўғуллар империясига асос солган йирик давлат арбоби, саркарда ва мумтоз шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур улкан бир масжид қуриб, унда мусулмонлар билан бирга насронийлар ва буддапарастларга ҳам ибодат қилишларига изн берган. Ушбу ҳаракати билан Бобур динлараро мулоқотда бугунги замон одамлари ҳам кўтариши қийин бўлган ғоят нозик муаммога чек қўйишга интилган. Қарийб 500 йил аввал шоҳ Бобур истаган нарсани бугунги авлод истармикан? Намоз ўқиётганлар шу бинонинг ўзида бошқа бир насронийнинг иконага қараб сажда қилишини ҳазм қила оладими?

Жаббор Расулов ноҳияси Ғўлакандоз қишлоғидан Абдуманнон Оллоёров Қуръони Карим оятларидан мисол келтираркан, ўзга дин вакиллари билан дўстона алоқа зарурлигини уқтиради.

- Аллоҳ (жалла ва жалалаҳу) Қуръонда “сизлар ғайридинлар билан гўзал муомалада бўлинглар ва қачонки, улар сизнинг динингизга тажовуз қилишса, шунда улар билан қаттиққўл бўлинглар” деган оятларини ўқиганман, - дейди Оллоёров. - Парвардигор яна “сизларни ҳар хил тоифада, ҳар хил кўринишда яратдимки, то бир-бирларингни таниб мени ўрганинглар”, деб буюрди. Шунинг учун ҳам ўзаро алоқаларни яхшилаш ҳеч қандай ёмонликка олиб бормайди, аксинча, тараққиётга етаклайди.

Абдуқаҳҳор акага кўра, динлараро муносабатда кескинликни йўқотиш учун, миллий масалага жиддий эътибор қаратиш лозим, миллатга қараб ажратишни йўқотиш зарур.

- Насронийларнинг ҳам яхши фикрлари кўп. Уларнинг тарихи, санъати ва адабиётидан ўрганса арзийдиган жиҳатлар талайгина. Энди, тарбияси бузуқлар уларда ҳам, бизда ҳам бор. Назаримда, тарбиянинг бузилиши, жамиятнинг емирилиши оқибатида мусулмонлар ҳаёсизликда насронийлардан ўзиб кетдилар. Дунё бўйлаб ислом ва насронийлар ўртасидаги муносабат таранглашгани рост. Бу тарангликни йўқ қилиш учун миллатчиликни йўқ қилиш керак. Бу иллатдан ички ва ташқи душманлар жуда пухталик билан фойдаланишадики, ана ундан сўнг ўз ёғимизга ўзимиз қовурилиб ўтираверамиз, - дейди суҳбатдошим.

Спитамен райони марказий жомеъ масжидининг имом хатиби муовини домулло Мирзоқосим Исмоилов: “ҳар қандай дин вакиллари, агар улар Ягона Худога ишонсалар, аҳилликда бўлишлари зарур”, - деб айтади. У Ислом арконларидан мисол келтирар экан, насронийлар, яҳудийларни дўст инсон сифатида кўради.

- Бир гуруҳ аҳли Китоб бор, яъни Исломдан олдингилар, уларга яҳудий ва христиан қавми киради. Исломда Ягона Худога умуман ишонмайдиган мушрикларга қараганда Китоб аҳлига яхшироқ алоқада бўлиш буюрилади. “Мумтахана” сурасининг саккизинчи оятида “Аллоҳ динингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан - уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармаган”, - деб буюрилган. Насронийлар ҳам Ягона Худога итоат этишади. Аллоҳ (ж.ж) барчани иттифоққа чақиради. Радикаллар доимо қоралаб келган АҚШ президенти Барак Обама ҳам Ислом динига ҳурматини изҳор этиб келган. Россия бош вазири Путин ҳам Ислом ақидаларини инсоният услуб-одобининг энг юқори кўриниши сифатида баҳолаган. Яҳудий сўйган мол биз учун ҳалол ҳисобланади. Шундай экан, насронийлар билан ўзаро алоқаларнинг мустаҳкам бўлгани, ривожлангани яхши, - дейди мулло Мирзоқосим.

Унга кўра, мустақил Тожикистоннинг илғор ёшлари Европа ва Америка мамлакатларида бўлар эканлар, у ердан ватанларига Ғарб маданиятини эмас, илм-фан, техника ютуқларини, илғор фикрларни олиб киришлари керак.

- Насронийлардан ўрганадиган жойларимиз кўп. Уларда цивилизация жуда илгарилаб кетган. Улардан илм-техникани ўрганиб, ўлкамизда юқори технологияларни жорий этишимиз зарур. Ғарб мамлакатларида таълим олаёган ёшларимиз у ердан яхши нарсаларни олиб келиб бу ерда татбиқ этишса, бизнинг ютуғимиз бўлади. Улардан беҳаёликни эмас, ўзимизда бўлмаган янгиликларни ўзлаштириб олсак мамлакатимизда ривожланиш, олдинга силжиш бўлади, - дейди Абдуқаҳҳор ака.

Равшан Шамс