16:17 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги маҳкама жараёни Сталин давридаги шов-шувли жараёнларни ёдга олишга мажбур қилмоқда

18.10.2005 08:59 msk

Эдуард Алкснис (Москва)

«Бутун халқдан ва шахсан президентимизда кечирим сўрайман. Мени қонун бўйича энг қаттиқ жазога ҳукм қилишларига розиман...» «Андижон воқеалари» иши бўйича айбланувчиларнинг «намунали чиқишлари» ана шундай сўзлар билан якунланмоқда. Бугунги кунда Тошкентдаги маҳкама жараёнида янграётган бу эътирофларнинг нимага арзир экан? Ушбу суд Катта Террорнинг шов-шувли жараёнларига нақадар ўхшайди? Агар ёвузлик айнан ўша сценарий асосида яна такрорланадиган бўлса, инсониятнинг тарихий тажрибаси умуман нимага арзийди?.. Ушбу мавзу юзасидан ўз фикрлари билан кекса большевикнинг ўғли, муҳандис, нафақахўр Эдуард Алкснис ўртоқлашди. Унинг отасини 1938 йилда ҳибсга олганлар, судлаганлар, у лагерда ўлган ва ўша ердан туриб у болаларига Ленин ишига содиқ бўлишни тайинлаган. Ота ўлимидан сўнг оқланган, унинг ўғли эса совет халқининг энг яхши қатламини, энг ҳалол ва садоқатли кишиларни йўқ қилган шайтоний дастгоҳнинг моҳиятини узоқ йиллар мобайнида англаб етишга уринган.

* * *

Биз, қон-қонигача ғоявийлашиб кетган ҳарбийларнинг болалари 1937 йилда барча севган Тухачевский ва у билан бирга бўлганларнинг «чин юракдан эътироф»ларини ўқиган пайтимизда қаттиқ танглик ичра қолгандик, аммо заррача шубҳа йўқ эди! Қандай қилиб шубҳа бўлсин? Ахир, уни Ульрих, Алкснис (менинг отамни эмас, ҲҲКнинг машҳур бошлиғи бўлган бизнинг фамилиядошимизни), Блюхер, Будённий, Шапошников, Белов, Дибенко, Каширин ва Горячевлар иштирокида судлагандилар-да. Бу рўйхатнинг ярмисини энг яхши кўрган кишиларимиз ташкил қилардилар: улар ҳақида шеърлар ва романлар ёзгандилар, қўшиқлар куйлагандилар, фильмлар суратга олгандилар! Уларга ишонмаслик ўзбекистонлик партаппаратчига ишонмагандай ғайритабиий бўларди. Бундан ташқари, ҳар қандай синовлардан бошини эгмай ўтиб кета олувчи типик суперодам - букилмас иродали, енгилмас большевик тимсоли ўйлаб топилган ва тараннум этилганди. Кимсан Маяковский ўзининг «В.И.Ленин» деган дастурий китобида «Агар музейга кўз ёш тўкаётган большевик қўйилса,/ Музейдаги меровлар кун бўйи турардилар:/Ахир бунақасини асрлар бўйи ҳам кўра олмайсан!» дея ёзганди. Қандай қилиб бундай темир иродали одамларнинг эътирофларига ишонмаслик мумкин эди: ахир уларни бирор нарсага мажбур қилиб бўлмасди, демакки, фақат виждонгина уларни партия олдида табва қилишга мажбур қила олган!

Бироқ, кейин Катта Террор ўзининг қонли сояси билан бутун мамлакатни қамраб олганида “улар нима учун иқрор бўлган эканлар”, деган шубҳалар пайдо бўла бошлади.

Қуйидагича тахминлар юрарди:

1. Судда уларнинг ўрнига кийинтирилган ва грим қилинган профессионал актёрлар чиқиш қилганлар. Уларга ноз-неъматлар ва мукофотлар ваъда қилганлар, аммо изсиз йўқолиши учун зудлик билан отиб ташлаганлар.

2. Ҳукмни ўқиб эшиттириш учун таклиф қилинган томошабинлар судланувчиларнинг ҳақиқий бўлганлигига, фақат уларнинг кўзлари шишадан қилинганга ўхшашлигига ишонтирмоқчи бўлганлар: тахмин қилиш мумкинки, уларга нимадир ичирганлар ва улар худди алаҳсирагандай сўзлаганлар.

3. Оммавий сотқинликни таг-томири билан қуритиш учун судланувчилар, Сталин илтимосига кўра ва буюк ғоя йўлида, айбни гарданларига олишга рози бўлганлар, уларнинг бўлса, албатта, ҳаётларини сақлаб қолганлар ва қаергадир яшириб қўйганлар.

Энг тош одамдан ҳам қийнаш ва азоблаш билан ҳар қандай иқрорлар ва надоматларни ундириш мумкин бўлганлиги бирдан ошкор бўлиб қолган 1956 йилдаги ХХ съездгача биз ана шундай тахминлар билан яшагандик. Аммо, ҳар доим ҳам эмас. Блюхер каби қийноқлар остида камералар ва жиннихоналарда ўлган, лекин таслим бўлмаган «жон-жонигача ёвуз» кимсалар ҳам учраб турарди. Аммо булар танланган бир-икки кишилар эдилар, холос, бунақалар мингтадан битта топилиб қолади, нормал одамни эса, агар калтаклаганга кўнмаса, яқинларини қийнаш билан қўрқитиб, исталган нарсага мажбур қилиш мумкин. Қарийб ярим аср аввал «инсоният эришган ютуқ» шу бўлганди. Икки ҳолат ўзни ўлдириш фожеасини шарт қилиб қўйди. Биринчиси – терговнинг адлия органларидан, сиёсий ва жамоатчилик ташкилотларидан тўлалигича ёпиқлиги. Иккинчиси – мутлақ ажратиб қўйилганлик (изоляция), холис, ҳатто ҳамдард кузатувчиларнинг йўқлиги. Ғарб социал-демократлари сўл эсерлар устидан бўлган маҳкамадан бошлаб бесамар илтимослар қилардилар: ўшанда, 1922 йилда уларни судга киритгандилар, аммо масхаралаб ва хуштак чалиб, шовқин-сурон билан кутиб олган эдилар, кейинроқ эса уларни остонага ҳам йўлатмаганлар, чунки улар империализм малайлари эдилар-да! Ана ўшанда биз сиёсий изоляция, кузатувчиларни, мухолифларни ва мустақил ҳимоячиларни судга қўймасликнинг, маҳкамани сохталаштиришнинг, сиёсий рақибларни жазолашнинг энг тўғри белгиси экани бизга-да тушунарли бўла бошлади (ақлли кишилар эса буни аввал ҳам биларганлар).

Эндиликда эса ўзбекистонлик сиёсий бечоралар ҳам ўшандай қилаяптилар! Яна чин кўнгилдан иқрор бўлиш, афсус-надомат чекиш, ҳаётининг сақлаб қолинишини сўраш – ҳаммаси қолипдагидай. Тошкентдаги қандайдир жабрдийда аёлнинг одамлар ўлдирилганини кўрганлиги – бу фақат жаллодлар ўз ишларини охиригача бажармаганликларининг нишонаси. Бу ҳодиса ортида 2005 йил Тошкентининг 1937 йил Москвасидан муҳим фарқи кўриниб турибди. Бунда вазифалар турличадир: Сталинга қийинроқ бўлган эди, гарчи лақиллатувчи ташвиқот билан, аммо кишиларга таъсир этувчи ғоялар билан Коминтернни, яъни жаҳон аксил фашистик зиёлиларига ҳамдард бўлган ғарбнинг эътиборли коммунистларини ва албатта, совет халқини яхшилаб алдаш зарур эди. Каримовга бўлса қиёслаб бўлмас даражада осон: барибир ҳеч ким унга ишонмайди, уриниб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ, фақат ўзининг қудратли иттифоқчисини жудаям роҳатсизлантириб қўймаслик учун сиртдан ўйин талабларига риоя қилиш керак. Путинга: «Каримов геноцид қилибди!» десалар, у: «Йўғе? Менинг фикримча эса, ҳаммаси қонунга мувофиқ бўлаяпти: тергов, маҳкама, ашёвий далиллар, гувоҳлар, эътирофлар – ҳаммаси жойида», дея жавоб беради – ва дўстлик давом этади. Ахир Путинга фақат ҳамкори «аксилтеррорчилик кураши»ни маъқулласа бўлди, қолгани уни қизиқтирмайди.

Каримов Тошкентда ҳам «ХХ съезд» сўзсиз бўлажагини ва ҳаммасини ўз ўрнига қўяжагини албатта билади, аммо Сталин тахтдан шон-шараф ҳамда ҳурмат-эътиборда кетгани каби у ҳам тинчгина кетишга умид қилади, «биздан кейин эса менга деса дунёни сув босмайдими».