15:53 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик журналист Абдумалик Бобоев: “Вазият оғирлашмоқда, расмийлар буни тушунаяптилар”

26.06.2011 17:31 msk

Фарғона

“Америка Овози” радиосининг Тошкетдаги мухбири Абдумалик Бобоев ниҳояти чет элга чиқишга ижозат берувчи стикер олишга эришди. Энди Бобоев Германияга бориб, Гамбург фонди ажратган стипендияга бир йил ўқиб, яшамоқчи.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил октябрь ойида Ўзбекистон расмийлари Абдумалик Бобоевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-чи (“Туҳмат”), 140-чи (“Ҳақорат”), 223-чи (“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”), 244-1, 3-чи банди (“Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш”) моддалари билан айбладилар. Пировардида, унга қўйилган айбловдан битта модда олиб ташланди (чегарани кесиб ўтиш), қолган моддалар бўйича суд Абдумалик Бобоевни айбдор деб топди ва минимал иш ҳақининг 400 баробарида жаримага тортди (“қора бозор” курси бўйича саккиз минг долларга тенг).


Малик Бобоев. Фото “Фарғона” АА

Журналист суд белгилаган жаримани тўлади. Бироқ суд процессини якунланган деб ҳисоблаб бўлмайди: Бобоевнинг “Фарғона” агентлигига маълум қилича, Ўзбекистон Олий суди ишни Тошкент шаҳар судига қўшимча текширув учун юборган экан.

Гамбург фонди директори Мартина Борле Бобоевга стипендия таклиф қилганида, журналист рози бўлиб ҳужжатларини тайёрлай бошлади. Бироқ икки ой давомида чет элга чиқишга рухсат берувчи стикерни ололмай юрди. Ниҳояти, журналистга Тошкет шаҳар прокуратураси унинг мамлакатдан чиқишини тақиқлаб қўйганини маълум қилдилар. Бобоев ушбу тақиқни олиб ташлашни сўраб ариза билан мурожаат қилганидан кейин стикерни паспортига ёпиштириб бердилар.

Журналист “Фарғона” агентлигига маълум қилишича, у Германияда бир йил бўлишни ва шундан кейин Ўзбекистонга қайтишни режалаштираяпти.

Сафар олдилан у агентлигимизга мўъжаз интервью берди.

***

- Абдумалик, суд процесслари, апелляция нима билан тугади?

- Процесс ҳали тугагани йўқ. Олий суд ишни Тошкент шаҳар судига қўшимча текширувга жўнатди, уларга тақдим этилган далил ва исботларни қайта ўрганиб чиқиш учун.

- Узоқ вақт давом этган тақиқдан сўнг йўлга чиқадиган бўлдингиз. Умуман, Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми?

- Албатта.

- Яъни, сафарингиз бир йилга чўзилар экан-да?

- Ҳа.

- Умида Ниёзова ҳам ортга қайтишни режалаштирганди, бошқалар ҳам, аммо охир-оқибат, ўша ерда қолишга қарор қилишди. Сизда ҳам шундай бўлиб қолмайдими?

- Агар ортга қайтишни режалаштирмаганимда, ОВИРдан тўрт ой виза беришларини кутиб ўтирмасдан мамлакатдан чиқиб кетардим.

- Сизни чиқаришармиди?

- Чегарадан ўтсам бўлди, шу билан иш битарди.

- Қонунга хилоф тарзда чегарани кесиб ўтармидингиз?

- Ҳа.

- Унақада чиндан ҳам сиз учун ортга йўл ёпиларди... Гамбург фондида стипендияни сизга ким таклиф этди?

- Директор Мартина менга мактуб йўллаб, стипендия тақдим этишга тайёрлигини ёзибди. Мен рози бўлдим.

- Икки йил аввалги материалларингиздан бирида Ўзбекистон ва Миср ўртасида ўхшашлик келтиргандингиз эсимда...

- Ўша материалда сиёсий шарҳловчилар Миср ва Ўзбекистон сиёсий системалари ўртасида параллеллар ўтказгандилар.

- Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида “зарғалдоқ” инқилоблари содир бўлиши эҳтимолига муносабатингиз қандай?

- Ўйлашимча, вазият аста-аста оғирлашиб бораяпти, расмийлар бу нарсани тушуниб, муайан чоралар кўраяптилар. Улар қўрқиб кетган дея олмайман, аммо асабийлашганлари рост.

- Қандай чора?

- Матбуотга кўпроқ босим ўтказа бошладилар, Интернет қаттиқроқ назорат остига олинди. Эсингиздами, қўзғолон эҳтимолини олиш бўйича милиция ўқув машғулотлари ўтказгани тўғрисида хабар берилганди. Бу ҳам бир ишора.

- Бу расмийларнинг ўзлари хушёр тортиб қолганини англатади. Аммо халқнинг бунгача ҳам ҳеч нарса билан иши йўқдек кўринганди менга...

- Йўғ-э, менимча халқ ҳам расмийлар нега бунақа иш қила бошлагани борасида ўйланиб қолганга ўхшаяпти. Умуман олганда эса – шаҳарда ҳаммаёқ тинч.

-Одамлар нега қўрқадилар: шундай ҳолларда алғов-далғов, зўравонликлар бошланишидан, жиноятчилик авж олишиданми? Бу инқилобларга қарши энг асосий далил саналади.

- Ҳа, уларни ҳокимият бошига радикаллар келиши қўрқитмоқда. Гражданлар урушими? Йўқ, бунчаликка бормаса керак деб ўйлайман. Мана, қаранг: 90-чи йилларда чиндан ҳам қандайдир маиший савияда маҳаллийчилик бўлган. Ҳозир эса бу нарса йўқ ёки даражаси пасайган. Одамлар қандайдир универсалликка ўтиб олдилар.

- Яъни, қандайдир маданий савия кўтарилган деб ҳисоблайсизми?

Ҳа. Тасаввур қилинг: бир домда бир неча вилоятдан – Қашқадарёдан, Қорақалпоғистондан ва бошқа вилоятлардан келган одамлар яшайдилар. Аммо улар бир жойдан бўлганлари учун эмас, балки қизиқишларига қараб улфат бўлаяптилар.

- Яъни, назарий жиҳатдан олиб қараганда ҳам бу каби инқилоблар бўлиш эҳтимоли йўқ эканда?

- Энди, “гражданлар уруши” деганда, қандайдир далил ва дастаклар, кимнингдир манфаатлари бўлиш керак. Мисол учун, агар Тошкентга қарши Самарқанд уруш очадиган бўлса, уларни бунга ундовчи қандайдир дастак бўлиши керак.

***

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги