08:41 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон чегарачилари 2011 йил июнь ойида Фарғона вилоятида 13 кишини отиб ўлдирдилар

23.06.2011 20:22 msk

Фарғона

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги контрабандистлар. . Фото © Улуғбек Бобоқулов

Озодлик Радиоси хабар беришича, 2011 йил июнь ойининг ўзида Фарғона туманида 13 киши ўзбек чегарачилари ўқидан ўлган. Фарғона туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ўринбосари Хуршидбек Турсунов радиога бу маълумотни тасдиқлади.

Отиб ўлдирилган фуқаролардан бири Музаффар Шодмоновнинг отаси Шарофжон Шодмоновнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон чегарачилари Фарғона туманининг қўшни Қирғизистондаги Боткен вилояти, Қадамжой туманига чегарадош бир неча аҳоли пунктида Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантиришсиз ўққа тутмоқда.

Шодмоновга кўра, унинг 1989 йилда туғилган ўғли Музаффар Шодмонов 16 июн куни қирғиз-ўзбек чегарасидан 15 километр олисликдаги аҳоли пункти ичида ўзбек чегара қўшинлари томонидан отилган. Йигит воқеа содир бўлган жойда ҳалок бўлган. У билан бир автомобилда келаётган яна икки шериги ҳам чегарачилар ўқидан жароҳатланган. “Уларга ким ҳуқуқ берган отишга бизнинг хабаримиз йўқ. Ҳарбийларнинг заставасига борсак, “Биз умуман фуқаролар билан гаплашмаймиз” деб ҳеч кимни қабул қилмаяпти”, - дейди Шароф Шодмонов.

Одатдагидек, Ўзбекистон аҳолиси ўртасидаги қурбонлар ҳақида маҳаллий газеталар ёзмайди, радио ва телевидение гапирмайди. Ҳамма умид хорижий оммавий ахборот воситаларининг стрингерларига қолаяпти, айнан улар туфайли фожиавий воқеалар ҳақидаги ахборот матбуотда ёритилаяпти.

Шодмоновга кўра, бундай бахтсиз ҳодисаларнинг сўнггиси якшанба куни оқшом содир бўлган ва унда чегарачилар томонидан таъқиб қилинган тўрт фуқародан икки нафари ўқотар қуролдан отиб ўлдирилган. Яна икки нафари эса Фарғона вилояти Шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб келинган. Ушбу марказнинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, келтирилган икки фуқародан бири икки кундан буён марказнинг реанимация бўлимида жуда оғир аҳволда ётибди.

Озодлик радиосига одамларнинг чегарачилар қўлидан ҳалок бўлаётганини тасдиқлаган Фарғона тумани расмийси “айб чегарачиларда эмас, уларни шундай ҳаракатга мажбур қилаётган аҳолида”, дея билдирди. Турсуновга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 154-сонли қарорига зид равишда ҳаракат қилаётган фуқаролар сони ошиб кетаяпти.

Одамларни ўз ҳаётини хатарга қўйишга мажбур қилган бу қарор қандай қарор ўзи? 2002 йил 6 май куни эълон қилинган ушбу қарорнинг тўлиқ номи – “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни олиб киришни тартибга солиш тўғрисида” деб аталади. Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда 2002 йил 1 июндан бошлаб жисмоний шахслар томонидан тижорат мақсадида, шу жумладан, ишлаб чиқариш учун товар олиб киришга ягона бож тўлови киритилган. Ўша йили 27 сентябрь куни респубулика ҳукмати №335 қарорини чиқарди. Мазкур қарорга кўра, ягона бож тўлови товарнинг қийматидан 70 фоизини ташкил этган бўлиб, уларга нисбатан бож тўловисиз меъёрларни қўлламаслик кўзда тутилган.

Бу қарорлар Ўзбекистондаги тижоратчилар ва хусусий тадбиркорликга қаттиқ зарба бўлди. Улар иккиланиб қолдилар: агар ҳукумат қарорларига амал қилинадиган бўлса, нарх кўтарилиб кетади ва савдогарчиликдан бўладиган фойданинг ҳузурини фақат давлат кўради. Аҳоли ҳам нарх кўтарилишидан жабрланади. Баъзилар учун товарларни контрабанда йўли билан олиб киришдан бошқа чора қолмади ва кўпчилик шу йўлни танлади. Боз устига, 2004 йила ҳукумат товарларни мамлакатга шахсан олиб кирмаган фуқароларга импорт моллар савдосини тақиқлаб қўйди, бозордаги ҳар бир тижоратчига касса аппарати сотиб олиш ҳамда банкда ҳисоб рақамини очиш ва ҳар куни тушган нақд пулни шу ҳисоб рақамига ўтказиш мажбуриятини юклади. 2009 йилда мамлакатга 10 долларга тенг товарни бож тўловисиз олиб киришга рухсат берувчи фармойиш кучга кирди, 2010 йилда эса олиб кирилган товарни божхонада расмийлаштирилган вақтдан бошлаб бир йил давомида сотишни талаб қила бошладилар.

Савдо қоидаларини бунчалик тор доирага киритилиши республика аҳолисининг норозилигини уйғотди. Мисол учун, 2004 йил 1 ноябрь куни Қўқон шаҳрида оммавий ғалаён бўлиб ўтди. Янги қонунларнинг ижроси учун масъул солиқ назоратининг мутасаддилари майда савдогарлардан лицензия ва уларнинг молларини Янги Бозордаги воситачилар сотмаётганига далил талаб қилганларидан сўнг тартибсизликлар кўтарилди. Натижада, қатор тижоратчиларнинг моллари мусодара этилди. Фарғона вилоятининг бошқа ерларида лицензиядан ўтмаган моллар сотилмаслиги учун бозорлар ёпилди.

300 нафар қўқонлик савдогарлар солиқ инспекторлари мусодара қилган молларини қайтариб берилишини талаб қилиш билан исён бошланиди. Ўзаро торттишувлар ортидан учта солиқ инспектори ва милиционер қаттиқ калтакланди. Уларнинг тўрттови ҳам турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди. Савдогарлар омборнинг қулфини бузиб тортиб олинган молларини қайтариб олдилар ва етмаганига ГАИ ва милицияга қарашли иккита машинани ёқиб юбордилар. Мазкур воқеаларда турли баҳоларга кўра беш-ўн минг киши иштирок этди.

“Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя жамиятининг маълумотига кўра, савдо қоидаларига киритилган чекловлар натижасида битта Қўқоннинг ўзида патент асосида давлат ғазнасига солиқ тўлаб қонуний савдо қилаётган тадбиркорлар сони 2001 йилдаги беш минг кишидан 2003 йилда бир минг икки юз кишига тушди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, яқин импорт оқимини монополиялаштирган ҳукумат доираларига бир гуруҳ корчалонларга мисли йўқ шароитлар яратишга қаратилган ушбу чекловларнинг киритилиши билан қўшни Қирғизистондан айланма йўллар орқали мол олиб кираётган контрабандистлар сони ўсди (батафсил – “Фарғона” галереясида фоторепортажда, 2004 йил). Ўзбекистон тарафидан чегараларга жиддий тўсиқлар қўйилганига қарамай, шунча йиллар давомида Хитойда ишлаб чиқарилган молларни Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб кириш заррача ҳам камаймади. Маҳаллий аҳолига кўра, 2010 йил июнь ойида Қирғизистон жанубида қонли тўқнашувлар бўлиб ўтган кунлари ҳам чегаралараро савдо тўхтамаган.

Демак, контрабандага қарши кураш натижаларидан қониқмаган Ўзбекистон ҳукумати амалда чегарачиларга контрабандистларни отишга “лицензия” берган бўлиб чиқаяпти. Ҳолбуки, бу контрабандистларнинг пайдо бўлишига расмийларнинг ўзи сабабчи бўлиб, ўзлари улардан фойдаланиб келган. Шубҳасиз, расмийлар буни Ўзбекистонга интилаётган террористлар ва экстремистларга қарши кураш зарурати билан изоҳлайдилар.

Қайд этиш жоизки, ўзбек чегарачилар ўзбек фуқароларини отиш билан чекланиб қолаётгани йўқ. “Фарғона” аввал ҳам бир неча бор отиб ўлдирилган қўшни қирғизистонликлар ҳақида хабар бериб келган. Мисол учун, ўзбекистонлик ҳарбийлар 27 май куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида истиқомат қилувчи от ўғрисини чегарачиларнинг талабига бўйсунмагани боис отиб қўйганлари ҳақида хабар берилганди. Ҳар ҳолда, қирғизистонлик чегарачилар ҳам ўзбек ҳамкасбларидан қолишмасликка ҳаракат қилаяптилар. Мисол учун, 4 март куни қирғиз чегарачиси Ўзбекистон фуқароси бошқараётган автомашинани ўққа тутган ва натижада ҳайдовчи ўша ернинг ўзида жон берган, йўловчи эса яраланган.

Ўзбекистон расмийларининг ва уларнинг буйруқларини сўзсиз бажариб ўз юртдошларини шавқатсиз қираётган чегарачиларнинг ҳаракатлари кишини лол қолдирмоқда. Номашруъ тижоратчиларни, наркотик ёки қурол эмас, балки тирикчилигини бир амаллаб ўтказмоқчи бўлиб, оддий латта-путта кўтариб юрган “курьер”ларнинг ҳалок бўлаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматининг вакилларидан ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олмоқчи эмаслиги ҳам ҳайрон қолдирадиган ҳол.

Озодлик мухбирининг “Отиш мумкин эмаску, нима бўлган тақдирда ҳам. Улар қурол олиб келмаяптику, латта-путта олиб келаяптику?” деган саволига, Фарғона тумани ҳокимининг муовини: “Энди бу ҳарбийларни муаммоси. Отиш, бошқа нарсалар билан мен шуғулланмайман. Бу ишга оид фактларни ҳаммасини тўплаб, 154-сонли қарорнинг моҳияти, давлат чегаралари тўғрисидаги қонунни моҳиятини бир неча бор огоҳлантиришлар билан, йиғилишлар билан одамларга жуда кўп марта тушунтирганмиз”, - дея жавоб берди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги