11:42 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда ёшлар сиёсати билан шуғулланмоқчи

07.06.2011 05:34 msk

Фарғона

ЎХҲ логотипи

Аввал хабар берганимиздек, 23-24 май кунлари Берлинда “Эрк” Демократик партияси, Ўзбекистон Демократик кучлари форуми, “Андижон: Адолат ва Тикланиш”, ташкилоти, “Таянч” жамияти, “Уйғон, Ўзбекистон!” Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти каби бир неча мухолифат гуруҳларини ўз таркибига бирлаштирган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг биринчи Қурултойи бўлиб ўтди. Ҳаракат ўз олдига Ислом Каримов режимини ағдаришни мақсад қилиб олган кучларнинг орасида энг йирик ташкилот бўлиб қолди.

Қурултой ташкилотчиларидан бири – Муҳаммад Солиҳни Ҳаракатнинг бош органи – Муассислар кенгашининг раиси этиб сайладилар. Шу кунларда Муҳаммад Солиҳ жаноблари “Фарғона” агентлигининг саволларига жавоб берди.

- Жаноб Солиҳ, Сизнинг Ўзбекистон воқелигидан йироқлигингиз тўғрисида Сизга савол бераётган одамлар орасида биринчиси эмаслигимга ишончим комил. Сизни танқид қилаётганлар Сизнинг Ўзбекистонда 1993 йилдан бери яшамаётганингизни ва ватанингизни зиёрат қилишга имкониятингиз йўқлигини айтиб келадилар. Менинг ёшимдагилар Сизни номингизни ва Сизнинг партиянгиз номини эслашлари мумкин. Аммо Ўзбекистондаги кўпчилик ёшлар билан суҳбатларимга таяниб шуни айтишим лозимки, ҳозирги авлод Сизни танимайди. Хусусан, “Фарғона” сайти саҳифаларида қолдирилаётган шарҳларни ўқиб ҳам шундай хулосага келиш мумкин. Ушбу танқидга қандай жавоб бера оласиз?

Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистон ёшларининг бир қисми мени танимаслиги борасида гапирганда, Сиз ҳақсиз. Мамлакат ёшларининг аксар қисми бугунги кунда сиёсатга бефарқ, кўпчилик йигит ва қизлар сиёсатга қизиқмайди. Бироқ “ёшларнинг бари шундай”, дея таъкидлашга ўрин йўқ. Бизни ҳеч ким билмайди, дейиш ҳам нотўғри.

Турли сайтларда пайдо бўлаётган шарҳлар борасига гапирганда, ушбу “фикрлар” Каримов режими томонидан тайёрланган. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматида турли веб-сайтлардаги шарҳларни кузатиб бораётган ҳамда уларда ўзларининг провокацион – иғвогарона “фикрларини” қолдираётгани учун маош олаётган махсус ходимлар борлигини аниқ биламан. Бу одамлар ғаразгўй – улар ўз ишларини сидқидилдан бажариб келадилар.


ЎХҲ қурултойи иштирокчилари Берлинда. 2011 йил май

Воқеликдан йироқсиз деганингиз ҳақида. Бутун мамлакат бўйлаб тарафдорларимиз бор, улардан мунтазам ахборот олиб турамиз, шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги вазиятни, одамларнинг кайфиятини яхши биламиз.

- Ҳар ҳолда, ўйлашимча, Ўзбекистонда ўзингизга тарафдор топишда қийналсангиз керак. Каримовнинг пропаганда машинаси 20 йилдан бери тинмай ишлаб келади, шу давр мобайнида Каримов яратган тузум маҳсули бўлган янги авлод ўсиб етилди. Ўзбекистонда Сизни ким қўллаяпти?

- Сиёсий жиҳатдан пассив одамлар, шу жумладан, ёшлар ҳам ҳар бир жамиятда етарли. Шундай бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Одатда, одамларнинг 10 фоизи ўзгаришлар киритиб келган. Ҳатто урушларда ҳам бир жасоратли мард ўзининг ортидан ўнта одамни етаклаб юрган. Тунис, Миср, Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлардаги воқеаларни мисол қилиб кўрадиган бўлсак, у ерда ҳам аҳолининг 100 фоизи майдонларга чиқиб инқилобларни, туб ўзгартишларни амалга оширгани йўқ. Ўз ортидан бошқаларни етаклаган пассионарийлар дея аталувчи одамлар (пассионар деб луғатда фаол, илмга, ривожланишга интилганларни айтилади) бор. Ғояга ишонган бир ҳовуч одамлар доим бўлиб келган. Улар ўз ортидан бошқаларни етаклашга қодир. Ўзбекистонда ҳам шундай. Аксарият ёшлар сиёсатга лоқайдлиги рост, уларнинг баъзилари мухолифат деган сўзнинг маъносини ҳам тушунмайди. Аммо ўз ортидан бошқаларни етаклашга қобил одамлар бор.

Қайта қуриш йилларида бу ишларни қила олганмизку. Ҳолбуки, Ўзбекистонда айни пайтдаги аҳвол ўша даврлардан кескин фарқланишини қайд этиш жоиз. Авваламбор, Ислом Каримовнинг ҳозирги режими ўша пайтдаги совет ҳукуматига қараганда анча жиддий рақиб. Иттифоқдош республикаларида илк мухолифат ҳаракатлари пайдо бўлган 80-чи йилларда мамлакатда эркинлик руҳи уфирарди. Бугунги Ўзбекистонда бу каби либерализм йўқ.

Бироқ халқ орасида Каримов сиёсатидан норозилик жуда катта. Биз ушбу норозилик аҳолининг барча табақалари орасида ўсиб бораётгани ҳақида маълумот олиб турибмиз. Икки-уч йил аввалги вақт билан таққослаганда ҳам одамлар кўчаларда, бозорлорда норозиликларини очиқ-ойдин изҳор этишни бошлаганлар. Бунга сабаб – халқнинг сабр косаси тўлиб-тошганида.

Ёшлар борасида гапириладиган бўлса, улар билан ишлашимиз лозим, ёшлар барча ҳаракатларимиз ва фаолиятимиз марказида бўлиши зарур.


Ҳаракат мадҳиясининг икки варианти. Биринчиси қабул қилинди

- Жаноб Солиҳ, сиз ўтказган Қурултойга шарҳловчилар турлича баҳо бердилар. Кимдир унда Ўзбекистон президентига мухолиф кучларнинг салмоқли бирлашувини кўрди, баъзилар эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг муовини Владимир Норов Берлинга келиб Германиянинг расмийлари билан учрашиб юрган бир пайтда бирор-бир жиддий акция ўтказишга ҳам ярамаганингиз учун Ҳаракатни танқид қилдилар.

- Шундай шарҳлар билан танишман. Айтиш жоизки, биз ўз олдимизга Берлин кўчаларида қандайдир намойиш ўтказиш вазифасини қўймаганмиз. Норов билан адоватлашувга бориш ўта нoжиддий акция бўларди, бу сиёсий калтабинликни англатарди, негаки бу акциянинг умри бир кунлик, холос. Қурултой эса жиддий сиёсий масалаларни ҳал этди.

- Қурултой ўтди. Кейинги режалар қандай?

- Асосий мақсадимиз – Ўзбекистондаги режимни тинч йўл билан алмаштириш. Биз одамларнинг норозилигини фуқаролик итоатсизлик акциялари орқали изҳор этилишини таъминламоқчимиз. Агар халқ режимни қўлламаса, режим тез орада қулайди. Одамлар Каримовнинг режимини қўлламасликлари лозим. Кўмаксиз Каримов – ҳеч ким эмас. Биз иш ташлашлар, стачкалар, митинг ва намойишларни уюштиришни бошламоқчимиз. Шу иш билан шуғулланаётган одамларимиз бор. Бу каби бўйсунмаслик акциялари бутун мамлакат бўйлаб, барча вилоятларда ўтади. Шу билан бирга, бу ишларнинг барчаси тинч йўл билан, қон тўкилмай ўтади.

Каримовнинг ўзи даҳшатга тушиб қолган. У халқ норозилигидан ва бўйсунмаслигидан қўрқади. Биздаги мавжуд маълумотга кўра, мамлакатда гўё Ўзбекистон Мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Аслида эса у халқнинг сабр косаси тўлганини тушуниб етган.

- 2005 йилда Андижонда тинч намойиш иштирокчилари отиб ташланганидан сўнг одамлар кўчага чиқишдан қўрқиб қолгани ҳақида ўйламадингизми? Каримовни ҳеч нарса тўхтатмаслиги ва у яна ўт очишга буйруқ беражаги равшанку.

- Одамларда қўрқув борлиги рост. Аммо биз уларни қўрқмасликка чақирамиз, чунки Каримовнинг халқ ғазабидан қўрқуви кучлироқ. Биз қон тўкилишига йўл қўймаймиз. Албатта маълум маънода хавотирлик бор. Аммо қон тўкиладиган бўлса, бизда бу ҳолатга ҳам ҳаракат режаси бор. Бу ҳақда ҳозир очиқ гапиришнинг мавриди эмас, аммо Андижондаги каби кўламда фожиага йўл қўймаймиз, инша-Оллоҳи. Халқ бизни қўллаши керак.


Норозилик иштирокчилари учун агар Ўзбекистон расмийлари куч қўллайдиган бўлса, нима қилиш кераклиги тўғрисида эслатма

- Инқилоб учун салмоқли миқдорда молиявий харажатлар даркор. Сизга ким маблағ етказиб бераяпти?

- Яқинда ўтган Қурултой молиявий кўмак жиҳатидан мислсиз бўлди. Қувонч билан қайд этиш жоизки, сўнгги йиллар ичида бизнинг ўзимиз илк бор тарафдорларимизнинг молиявий кўмаги билан ушбу тадбирни уюштирдик. Харажатларнинг бир қисмини “Андижон: Адолат ва Тикланиш” ташкилоти кўтарди, бошқа қисмини эса бизга яқинда қўшилган янги тарафдорларимиз молиялаштирдилар.

Одамларнинг ўзлари биз билан алоқа ўрнатиб, бизга қандай кўмак бериш мумкинлиги ҳақида сўраяптилар. Улар биз билан Facebook, электрон почта орқали алоқа ўрнатаяптилар. Халқ ҳаракатининг ёшлар қаноти Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали одамларни бизнинг фаолиятимиз ҳақида хабардор этиш ва янги тарафдорларни жалб этиш устида иш олиб бораяпти. Чинакам ёрдам борлигидан хурсандмиз. Бу Каримов режимидан чарчаган одамлар сони кундан-кунга кўпая бораётганини кўрсатмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги