13:28 msk, 21 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жануби бугун: Зирҳли техника, паспорт режими, телефон террористлари

01.06.2011 10:34 msk

\"Фарғона\"

Шу кунларда Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўшни таниб бўлмайди: июнь фожиасига бир йил тўлиши арафасида барча кучишлатар ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари (ИИВ, ички қўшинлар, Мудофаа вазирлиги, чегара, солиқ ва божхона хизматлари, ФВВ) кучайтирилган хизмат тартибига ўтдилар, шаҳар милиция ва ҳарбийларга тўлиб-тошган.

Патрул-пост хизмати ходимлари қуролланиб зирҳли камзулларни (бронежилет) кийб олишган, шаҳар бўйлаб ИИВ ходимлари ўтирган автомашиналар айланиб юрибди. Ҳарбий хизматчиларни ва милиционерларни эрта тонгда тревога билан кўтараяптилар, шаҳар марказидаги етти аскар ўтирган БМП ҳеч кимни ҳайрон қолдираётгани йўқ. Ўшда паспорт режими жорий қилинган, шаҳарга кираётган машиналарда қурол ва ўқ-дори бор-йўқлиги текширилмоқда.

2010 йил июн фожиаси қайтарилиши таҳдиди чинми? Ўтган йилнинг қайноқ ёзида Ўшда ҳарбий коммендантлик қилган ва айни пайтда ички ишлар вазирининг жанубий вилоятлар бўйича муовини бўлиб ишлаётган Қурсан Асанов “Фарғона” агентлигининг шу саволига жавоб берди.

“2010 йил июнь воқеаларининг қайта такрорланиши учун қандай шарт-шароитлар мавжуд? Фақат миш-мишлар савиясида. Шаҳарда шундай гап айланиб юрибди: ўтган йили июнь тартибсизликлари давомида яқинларидан айрилган 200 киши чет элга чиқиб кетган-у, у ерда тайёргарликдан ўтган, энди бўлса гўё қайтиб интиқом акциясини ўтказиши мумкин. Шунингдек, жанубда “Час шакала” китобини дисклари билан тарқатиб юрилибди. Бу ишлар билан вазиятни издан чиқаришга уринаётган экстремистик кучлар машғул”, - деди Қурсан Асанов.


Тартиб сақлашми ёки куч намойишими? Ўш, 2011 йил май. Фото “Фарғона” АА

Вазир муовинига кўра, миш-мишларни текшириш билан оператив кучлар шуғулланаяпти, “МХДҚ ўз йўналиши бўйича ишлаяпти”.

ТАҲРИРИЯТДАН:

Тоғларга чиқиб кетган ҳамда қасос олишни режалаштираётган террорчилар ҳақидаги миш-мишларни ёйинлаётганлардан бири –Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси К. Дуйшебаев бўлади. 29 апрель куни парламент мажлисида сўзга чиққанида у “июнь воқеаларидан сўнг алоҳида тоифадаги фуқароларда” бўлгинчилик кайфиятинининг пайдо бўлиши мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган омил, дея билдирган. У қатъий ишонч билан “июнь ойи фожиавий воқеаларидан сўнг асосан ўзбек миллатига мансуб 300-400 та ўзбек ёшлари Афғонистон ва Покистоннинг террористлар тайёрлайдиган лагерларида тайёргарлик кўраяптилар” , дея билдирганди. Қайд этиш жоизки, бирорта муқобил манбалардан ушбу ахборотни тасдиқловчи маълумот ололганимиз йўқ.

“2010 йил июнь воқеаларининг қайтарилишини олдини олиш учун Қирғизистон жанубига қўшимча кучлар жалб этилади, дея билдирди Асанов. – ИИВ марказий аппаратидан жанубий вилоятларга ИИВнинг 300 га яқин ходими сафарбар қилинади: 100-150 та ходим Ўшга, 100 та Жалолободга ва 50 та Баткенга. Мамлакат жанубидан 500 кишидан иборат ППС полки тузилди”.

Асанова кўра, Ўш атрофида олтита блок-пост фаолият кўрсатмоқда, зарурат туғилганида яна учта тузилиши мумкин (шу жумладан, Ўш аэропорти йўлида). Давлат чегараларида ҳам хизмат тартиби кучайтирилган.

Мамлакат жанубида куч ва маблағлар етарлигига Асановнинг ишончи комил, кучишлатар тузилмалари ўтган йилги ҳодисаларнинг қайтарилишига йўл қўймайди.

Ўш ИИБ бошлиғи Марат Ўрўзбаевга кўра, Қирғизистон жанубидаги вазият ҳозир барқарор, бироқ июнь воқеаларининг бир йиллиги арафасида вилоятда турли миш-мишлар тарқалаётгани рост. Мисол учун, ИИБга бир неча бор шаҳарнинг муайян ҳудудларида терактлар содир этилиши тўғрисида маълумотлар келиб тушган.

“Бирорта факт тасдиқланмади, шунга қарамай, кучишлатар тузилмаларнинг жангаворлик тайёргарлиги юқори”, - деди Ўрўзбаев ва блокпостлар шаҳарнинг криминоген участкаларига – “Олой” меҳмонхонаси, Ўнадирга олиб борувчи Гагарин кўчасига, Юго-Восток даҳасига ҳамда шаҳардан чиқадиган йўлларга қўйилганини қўшиб қўйди. Блокпостларда машиналарда қурол ва ўқ-дори бор-йўқлиги, шубҳали шахслар текширилмоқда, - деди ИИБ бошлиғи.


“Олой” меҳмонхонаси ёнидаги БТР. Айтишларича, ўтган йили жанжал шу ерда бошланган экан. Фото “Фарғона” АА

“Биз “Час шакала” китобини тарқатаётган кишини қўлга олдик, уни МХДҚ ходимларига топширдик. Бундан аввал телефон террорчисини қўлга олгандик, у навбатчи қисмга телефон қилиб Ўш аэропортида бомба борлиги ҳақида айтганди. Бахтимизга, бу ёлғон бўлиб чиқди”, - дея хулоса қилади М. Ўрозбаев.

27 май куни хавфсизлик чораларини кучайтириш доирасида Ўшда барча кучишлатар тузилмалари иштирокида оммавий тартибсизликларни бостириш бўйича ўқув машғулоти ўтказилди. Сценарий бўйича ХБК даҳасида тартибсизликлар бошланган. 05:00 да милиционерлар тревога бўйича сафарбар этилдилар, қолган барча хизматлар режа бўйича ҳаракатга келтирилди. Қуролланган ҳарбийлар зирҳли техникада барча блокпостларга қараб йўл олдилар. Шаҳарнинг турли маҳаллаларида зудлик билан олтита коммендатура тузилди ва техника билан таъминланди.

Ўш ИИБ матбуот хизматининг катта инспектори Замирбек Сидиқовга кўра, 2010 йил июнь воқеалари кучишлатар тузилмаларининг биргаликда жуда ёмон ишлаганини кўрсатган, шунинг учун ўқув машғулотлари воситасида ишдаги барча камчиликларни бартараф этишга қарор қилинган. Бироқ у “ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш бу сафар ҳам етарли даражага кўтарилмаганини” тан олди. Боз устига, унга кўра, ўқув машғулотлари оммавий тартибсизликларни бостириш учун техника ва алоқа воситалари етарли эмаслигини кўрсатди.

Жалолобод шаҳри Ўшга нисбатан анча тинчга ўхшади. У ерда милиционерларни камдан-кам ҳолларда учратиш мумкин, ҳарбийлар эса умуман йўқ. Айтгандек, Ўш-Жалолобод трассасида бирорта блокпост қўйилмаган экан. Бироқ жалолободлик кучишлатар тузилмалари кучайтирилган хизмат тартибига ўтган. Бу ҳақда бизга Жалолобод вилояти ИИБ бошлиғи Станбек Бакиров маълум қилди.

Ўшлик ҳамксблари каби Бакиров вилоятда айланиб юрган миш-мишлар ҳақида айтиб берди ҳамда вазият тўла назорат остида дея ишонтирди.

“Областдаги ижтимоий-сиёсий вазият назорат остида. Шу билан бирга, ҳаммаси мутлақо тинч дея олмайман. Ҳар-хил миш-мишлар юрибди: гўё бир томон иккинчисидан ўч олмоқчи деган. Ҳозирча реал таҳдидлар йўқ. Барча ички ишлар бўлимларида туну-кун ишонч телефонлари ишлаяпти. Барча қўнғироқларни текшираяпмиз, уларни муҳим ёки муҳим эмас деб ажратмаяпмиз. Ҳозирча бирорта ҳам миш-миш тасдиқлангани йўқ”, - деди Бакиров.

Жалолобод вилояти энг катта ва сиёсий жиҳатдан энг фаол бўлгани боис, бу ерда 25 дан зиёд блок-постлар ўрнатилган, уларнинг учтаси шаҳарда жойлаштирилган. Вилоятни 1200 дан зиёд одам патрул қилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўрилаётган барча чоралар балки ҳаққонийдир ва тартибсизликларнинг олдини ҳам олар. Прогноз қилинаётган тартибсизликлар “ўша ернинг ўзида ва ўша соатда” бошланади дея ишонишлик соддалик бўларди. Жанубий вилоятларда вазиятни мунтазам равишда мониторинг қилиш ва ҳар бир зиддиятли ҳолатларни адолатли тарзда ҳал этиш кўпроқ фойда келтирган бўларди. Ўт ёқилмаса, уни ўчиришнинг ҳам кераги йўқ.

Екатерина Иващенко (Ўш - Жалолобод)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги