19:01 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Қишлоқ болалари пахта даласида овора

31.05.2011 18:18 msk

Алексей Волосевич

Ўзбекистонда – ягана. Болаларнинг баҳорги эксплуатация мавсуми. Ҳукумат болалар меҳнатини тақиқловчи фармонларни чиқариб, қарорларни имзолаганига қарамай, 10 майдан бошлаб мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари 40-45 кунга пахта далаларига олиб чиқилмоқда. Кўринишидан, ҳукуматнинг барча қарорлари хўжакўрсинга чиқарилганга ўхшаяпти, негаки Ўзбекистон расмийлари балоғатга етмаган болалар меҳнатидан воз кечмоқчи эмас: текин меҳнат пахта таннархини пайсайтиради ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги қошида тузилган экспорт билан шуғулланувчи тўртта компаниянинг даромадларини кўпайтиради.

Қишлоғлик болалар пахта далаларида деярли уч ҳафта давомида ишлаётганини таниқли тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева ҳам тасдиқлаяпти. У шу кунларда Қорақалпоғистонга бориб келиб, бўшаб ётган ўқув муассасаларини ўз кўзи билан кўриб келди: ўқувчиларнинг ҳаммаси яганага чиқарилган экан.

- Қорақалпоғистонда тўрт кун бўлдим, - дейди Урлаева. – Президент Каримовнинг ўтган йили ноябрь ойида сўзлаган катта ҳисобот нутқига қарамай, болалар меҳнатидан илгаригидек кенг кўламда фойдаланилмоқда. Бироқ расмийлар бу ишни яширишга уринаяптилар, ўқитувчилар болаларни қўрқитиб, бировнинг кўзи тушиб қолишидан асраяптилар. Аммо мен Хўжайли туманининг барча ҳудудларига кириб чиқдим, фермерлик хўжаликларида бўлдим, бўшаб ётган коллежларнинг фотосуратини олдим. Хўжайли туманининг барча ўқувчилари 10-13 май кунлари чекка-чеккадаги пахта далаларига чиқарилган, улар ўша ернинг ўзида, баъзилари фермерларнинг уйларида, бошқалари эса қандайдир бостирмаларда ётаяптилар.

Далага улар эрталаб соат 7 да чиқаяптилар, жуда иссиқ, ҳавонинг ҳарорати 40 даражагача кўтарилаяпти, 10-11 да болалар ишдан тўхтаб, кун қизиғи ўтишини кутаяпти. Соат 3-4 дан бошлаб яна далада ягана-чопиқ. Қўлга киядиган қўлқопларни ҳам болалар ўз пулларига сотиб олаяптилар. Иш ҳақи тўланмайди, қорин тўйғазилади, холос. Болаларга фақат пахта теримида пул тўланади.

Мен улардан: “Имитиҳонларни қандай қилиб топширасизлар?” деб сўрайман. “Бир амаллармиз”, - дея жавоб берадилар. Май ойида ўқиш тўхтайди, ягана 45 кунгача чўзилиши мумкин. Кейин ёзги таътил, шундан кейин сентябрь кириб келади, яна пахта даласига икки-уч ойга чиқиб кетилади. Кейин яна қишги таътил, аҳвол шунақа. Улар дала шароитида яшайдилар, на ҳаммом ва на тоза ичимлик суви бор, овқати эса - ёвғон шўрва.


Мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари май ойини пахта далаларида ўтказмоқдалар. Елена Урлаева фотоси

Аммо яганага чиқмасликнинг ҳам йўли бор. Бунинг учун Хўжайли туманида 120 минг сўм ($50). бериш керак. Нукус вилояти Чимбой туманидаги коллеж ўқувчилари билан йўлда ҳамроҳ бўлиб қолгандим, улар яганадан қолиш учун кўпроқ – 150 минг сўм ($60) беришар экан. Бу пуллар кураторга берилади, куратор эса директорга узатади, директор кимга узатиши борасида тахмин қилиш мумкин, холос.

Фақат бойлар пул тўлайди деб ўйламаслик керак. Мен жуда камбағал одамларни биламан: уларнинг ўғли бел оғриқ туфайли яганада ишлай олмайди. Ҳеч қандай тиббий справкалар ўтмагани боис, ота-она қарз эвазига бўлса ҳам болани яганадан олиб қолдилар.

Асосан коллеж ўқувчилари ҳақида маълумот йиғиб, улар билан суҳбатлашдим. Аммо ёш болаларнинг суратини ҳам олишга эришдим. Бешинчи синф ўқувчилари яганага чиқарилаётган экан. Ўқитувчиларга кўра, улар ота-оналарига ёрдам бераётган эмиш: аммо бу ёлғон: ота-она қилган иши эвазига ҳақ олмайди, бу Хўжайли тумани ҳокими Валижон Реимовнинг буйруғи. Мен бир неча бор ҳокимиятга бориб болаларни эксплуатация қилишларини тўхтатишларини талаб қилиб шикоят аризаси ёздим, аммо ҳокимни топа олмадим. Айтишларича, у хўжаликма-хўжалик юриб мажлис ўтказаётган экан.

Яна бир қайғули ҳолат – болалар ниқоб кийиб ишлашга мажбур. Қўшни далаларда селитра сочилаяпти, болалар эса заҳарланган ҳаводан нафас олаяпти. Яна улар ўқишлари керак дейишади. Қип-қизил ёлғон. Болалар ҳам ёлғонга ўрганаяптилар, пора бериб яшашга кўниктираяптилар, - дея афсусланади Елена Урлаева.


Мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари май ойини пахта далаларида ўтказмоқдалар. Елена Урлаева фотоси

Шунга ўхшаш маълумотларни Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги ҳуқуқ ҳимоячидан ҳам олдим. Унинг илтимоси бўйича номи келтирилмайди.

Айтишича, тумандаги “Тинчлик Жамол” фермер хўжалигида битта коллеж ва бир нечта мактаб №№1, 2, 3, 4, 17 жойлашган. 8-9 синф ўқувчилари 10 майдан бошлаб ягана ва чопиққа олиб чиқилаяпти. У ерда тўртта фермер – мелиорация вазирлигида ишлайдиган Бахтиёр, Оғабек Песенов, Илҳом Қозоқбаев ва Ғайрат Қоражонов пахта етиштирадилар. Уларнинг далаларида мазкур коллеж ва мактаблар ўқувчилари ишлаяпти.

Болаларни эрталаб автобусларда, участка милиция нозири, мактаб директори ва ўқитувчилари кузатувида далага келтирилади. Ейдиган овқат ва сувни болалар ўз ҳисобидан оладилар. Оғир қўл меҳнатига тўланадиган иш ҳақи эса қуйидагича: 10 гектар ерни ягана қилишга 35 минг сўм ($14).

“Шунча ерни ягана қилиш учун юзта одам тўрт-беш кун ишлаши керак, бу ғирт қулликнинг ўзгинаси, текин меҳнат, - дейди ҳуқуқ ҳимоячи. Бу пулга ҳатто ботинка ҳам сотиб олиб бўлмайди. Аммо бу пул ҳам ўқувчиларнинг қўлига берилмай, мактаб ҳисоб рақамига ўтказилади, кейин эса мактаб бу пулни ремонтга сарфлайди”.

Унга кўра, ҳукуматнинг болалар меҳнатини тақиқловчи қарорига қарамай, маҳаллий ҳокимият идоралари қишлоқ хўжалик ишларида барибир ҳам болалар меҳнатидан фойдаланадилар. Бу аҳвол ҳар йили кузатилмоқда, ҳеч қандай ўзгариш сезилгани йўқ.

Ҳудди шундай манзарани Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида кузатиш мумкин. Ангренлик ҳуқуқ ҳимоячи Дмитрий Тихоновнинг айтишича, унинг шаҳрида яганага бормаслик учун тўланадиган пора пули деярли машруълаштирилган: нақд пулингиз бўлмаса, пластик карточка орқали тўлашингиз мумкин.

- Ангренда одатда яганага олиб чиқилмасди, фақат кузда теримга чиқиларди, холос, – дейди у. – Аммо ўтган йилдан бошлаб Вазирлар маҳкамасининг қарорига зид равишда лицейлар маъмуриятлари ўқувчиларни далага чиқара бошлади. Онги йўқлар индамай боласини далага жўнатаяпти, қаршилик кўрсатганларга эса 200 минг (ўша пайтда - $85) тўлаб қўйинг дейишаяпти. Мен буни Ангрен лицейларидан билганман, кузда “ставка”лар шундай бўлган.

Кимдир олиб келаяпти. Пули йўқ бўлса, зачетний книжкасини олиб қўйишаяпти ва имтиҳонга қўйишмаяпти. Шундан кейин мажбур бўлишаяпти тўлагани. Нақд пул бўлмаса “пластик карточкангизни олиб келинг, ўшандан оламиз” дейишаяпти. Энди, ҳаммада ҳам карточкасида 200 минг сўми йўқку, шунда улар “барибир олиб келинг, борини оламиз”, дейишаяпти.

Мен шу чоққача шу пулни тўлаётган бир қизни биламан. Отаси йўқ, фақат онаси бор, ночор оиладан. Ўзи ўқишдан сўнг официант бўлиб ишлайди. Қарзини тўла узмагани учун ҳалигача қишги сессига қўйилмаяпти. Қандай қилиб имтиҳон топширган, билмайман, билишимча, ҳозиргача қарздор бўлиб юрибди. У лицейнинг иккинчи курсида ўқийди, энди 16-17 ёшга тўлган.

Ўтган йил кузда менга танишим мурожаат қилганди, унинг қизи Ангрендаги педколлежда ўқийди. Аҳвол яна ўша: ё 200 минг тўлаши ёки пахта тергани чиқиши керак. Мен Вазирлар маҳкамасининг қарорини олдим ва биз коллеж директори олдига йўл олдик. Қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди. Аввалига директор бизни ватапарвар бўлишга чақирди. Яъни, давлатга, мустақилликка ёрдам бериш учун пахта териш керак экан.

Биз унга ўзимизча қизимизни пахтадан олиб қолаётганимиз йўқ, бунга Вазирлар маҳкамасининг қарори борлигини тушунтирдик. Ўзини тутишидан, бундай қарор борлигини ҳам билмас экан. У биздан қарорни сўради, ўзига ксеронусхасини кўчириб олди. Кейин эса агар пахтага етарли миқдорда болаларни жўнатмаса, унга нисбатан қандайдир санкциялар қўлланиши мумкинлигини тушунтира бошлади. Бунга уни прокуратура ва милиция мажбур қилаётган экан, шунинг учун, яхшиси бу масалада уларга, яъни директорга эмас, балки милиция бошлиғига , шаҳар прокурорига ва ҳокимликка мурожаат қилишимиз керак экан.


Мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари май ойини пахта далаларида ўтказмоқдалар. Елена Урлаева фотоси

Биз агар масала ҳозир ҳал қилинмаса, шу қарорга таяниб милиция бошлиғига, прокурорга ва ушбу қарорнинг амалга оширилишига масъул бўлган барча инстанцияларга расмий ариза билан муржаат қилажагимизни айтдик. Шундан кейин директор қизимизни пахтага юбормаслигимиз тўғрисида тилхат ёзиб беришимизни сўради. Мен қизнинг отасига: “Тилхатни шундай қилиб ёзгинки, унда биз қизимизни ўз хоҳишимизча эмас, балки Вазирлар маҳкамасининг қарорига мувофиқ юбормаётганимизни кўрсатгин”, деб айтдим.

Пировардида, қизча пахтага бормади. Унга нисбатан ҳеч қандай чора ҳам кўрилмади, пул ҳам таъма қилинмади. Фақат қизнинг отасига қизча ҳар куни коллежга келиб, ҳеч бўлмаса хазонларни супуриб турсин дейишди. Мен “Яхши, гарчи у бу ишни қилишга мажбур бўлмаса ҳам у келиб айтилган ишни қилади. Бизга зиддиятни кучайтиришнинг ҳожати йўқ” деб айтдим. Бўлгани шу. Қизча хазонларни супуриб юрди, ҳеч қанақа пул ҳам тўламади, зачёткасини ҳам олиб қўймадилар, умуман олганда, уни тинч қўйдилар.

Ҳозирги шароитда Вазирлар маҳкамасининг 207-чи қарори болаларни пахта теримидан озод қилишга яроқли қурол бўлиб қолди, -дея хулоса қилади Дмитрий Тихонов.

Қайд этиш жоизки, яганага пахта терими сингари кўпам эътибор берилмайди. Бироқ юз минглаб ўзбекистонлик мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари учун бу икки мавсумий меҳнатнинг орасида фарқ йўқ. У ва бу ҳолатда ҳам улар мактабда дарс ўтиш ўрнига далада вақт ўтказадилар.

Алексей Волосевич

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги