11:26 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Таниқли мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ Ислом Каримовни тинч йўл билан сиёсий саҳнадан кетишга мажбур қилмоқчи

26.05.2011 13:42 msk

\"Фарғона\"

Яқинда “13 май иттифоқи” платформасида тузилган мухолифатдаги янги ташкилот - Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Қурултойи 23-24 май кунлари Берлинда бўлиб ўтди. Қурултойнинг биринчи куни ташкилий масалаларга бағишланди, Ҳаракатнинг Низоми ва Дастури қабул қилинди. Муассислар кенгашининг (Ҳаракатнинг бош органи) раиси этиб таниқли мухолифатчи, “Эрк” партиясининг лидери, ватанида сиртдан 15,5 йилга озодликдан маҳрум этилган Муҳаммад Солиҳ сайланди.

Европадаги баъзи сиёсий кучлар янги тузилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг фаоллигини маъқулламоқда. Мисол учун, Германия Бундестаги Яшиллар партиясининг депутати Виола Ван Крамон 2011 йил 11 май куни ББС радиоси (ўзбек тили хизмати) орқали чиқишида Германия ҳукумати Тунис, ливия, Миср мухолифатини қўллаганидек, ўзбек мухолифатини ҳам қўллаши лозимлигини билдирди. Германиянинг Ўзбекистондаги авиабаза ижараси бунга монелик қилмаслиги керак.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати – мухолифатдаги энг йирик бирлашма бўлиб, “Эрк” Демократик партияси, Ўзбекистон демократик кучлари форуми, “Андижон: Адолат ва Тикланиш” ташкилоти, “Таянч” жамияти, “Уйғон Ўзбекистон” Ёшлар ташкилоти, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти каби олтита ташкилот унинг таркибига кирган.

Қурултойнинг иккинчи куни халқаро конференция бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон муаммолари ва Марказий Осиёдаги сиёсий вазият муҳокама этилди. Мажлисларда таҳлилчилар ва ээкспертлар қатнашдилар, қурултойга турли мамлакатлардан кузатувчилар ва меҳмонлар келдилар.

Қурултойда Муҳаммад Солиҳ нутқ сўзлади. Биз бу нутқнинг матнини тўлиқ ҳолда келтирамиз. Тез кунлар ичида “Фарғона” ўқувчиларига М.Солиҳ билан интервьюни тақдим этамиз.

***

Автопилотга топширилган давлат. Муҳаммад Солиҳнинг қурултойда сўзлаган нутқи

Ўзбекистон раҳбари Каримов мен юртда барқарорлик ўрнатдим, деб 20 йил тинмай мақтанди. Ҳолбуки, у ўрнатган барқарорлик қабристон барқарорлигидир. Каримов мен юртда тинчлик барпо қилдим дея кўкрагига уради. Ҳолбуки, у барпо этган тинчлик энг даҳшатли урушдан баттардир. Акс ҳолда, миллионлаб одамлар - фақат сиёсий сабаблардан эмас, иқтисодий ночорликка чора истаб ўлкамиздан қочмаган бўларди.

Каримовнинг турмаларида 20 мингга яқин сиёсий маҳбус бор, унинг аксарий кўпчилигини диндор кишилар ва мухолифат вакиллари ташкил этади. 20 минг сиёсий маҳбус - ўлка аҳолисининг пассионар (фаол) қисмининг айнан акс тасвиридир.

Зотан, Ўзбекистон Совет давлати йиқилиш арафасида - Болтиқбуйи жумҳуриятларидан кейин сиёсий жиҳатдан энг актив жумҳурият эди. Ўз.ССР ўзининг Мустақиллик Декларациясини биринчилардан бўлиб (20 июн 1990 йил) қабул қилганди. Ва бу Декларацияни Москванинг, Ўзбекистон Компартияси МКнинг ва унинг бошида турган Ислом Каримовнинг қаттиқ қаршиликларига қарамай қабул қилди.

Майдонларни тўлдирган юзминглаб кишилар айнан сиёсий талаблар билан чиққандилар. Бугун биз жамиятимизда ўша норозилик потенциалининг ажиб трансформациясини кузатмоқдамиз.

Бу потенциал, йиллар ўтганига қарамай, кичраймади, аксинча, каттайиб борди. Шунинг учун ҳам ўзбек диктатори ҳар 5-6 йилда бир марта улгуржи репрессиялар ўтказиб, ижтимоий қатламлардан "режимга хавф солган" энг актив шахсларни териб олиб, турмага ташлади ёки ўлдириб турди. Бу шахсларнинг жазо колонияларида рўйхатга олинганларининг сони 20 минг бўлса, рўйхатга олинмаганлар, яъни хозирча қамалмаганлар сони миллионларчадир.

"Инсон ҳуқуқлари" деган нарса Ўзбекистонда энг кулгили нарсадир. Каримов собиқ Ўзбекистон ССР ҳудудида Мустақил Концентрацион Лагер (МКЛ) қурди. МКЛни Ўзбекистон Республикаси деб аташингиз ҳам мумкин, аммо вазиятни ўзгартирмайди. Каримов иншо этган бу режимни классик диктатура деб атасак янглишган бўлмаймиз. Каримов ва унинг ҳамтовоқлари бу диктаторлик режимида вазият оғирлашётганини кўриб, уни назорат қилиш илинжида шоша-пиша янги механизмлар ахтара бошладилар. Аммо уларнинг лойқаланган тафаккури яна доғда қолдирмоқда. Уларнинг парламент ва президентлик бошқарувида таклиф этиб, тасдиқлатган "ислоҳот"лари аянчли ва кулгилидир.Бу чириб битган рамақижон режимнинг ўлим олди талвасасидан бошқа нарса эмас.

Биз кундан-кунга амин бўлаётганимиз нарса шудирки, токи халқ мустабидни елкасидан куч билан ерга итқитмагунча, мустабид унинг елкасидан асло инмайди. Араб дунёсида бўлиб ўтаётган инқилоблар бу ҳақиқатнинг энг гўзал тафсири бўлиши мумкин.

Бизни Берлинга тўплаган бу Қурултой айнан шу масалаларни муҳокама этиши лозим деб ўйлайман.

Биз бундан буёғига иш услубимизни ўзгартиришимиз керак. Биз хукумат хуружларига унга муносиб шаклларда жавоб бериш салоҳиятига эга бўлишимиз лозим. Бунинг баробарида биз бўйсунмасликнинг турли шаклларини тобора кенгроқ жабҳаларга ташимоғимиз, сафларимизни кенгайтирмоғимиз шарт.

Юрт ичкариси ва ташқарисида Ҳаракатимизга кўрсатилаётган буюк таважжуҳ бошлаган ишимизнинг хайрли бўлажагига умидимизни мустаҳкамламоқда. Ўзларининг беғараз ёрдамларини таклиф этаётган кўнгиллилар сони кун сайин ортмоқда.

Бугунгача Ўзбекистон жамоатчилиги бизни режим билан курашда ортиқча юмшоқликда, либерализмда ҳақли равишда танқид этиб келди. Чиндан ҳам Оврупа стандартлари чорчўпидан чиқмасдан ҳаракат этган мухолифат сиёсий вазиятни сайлов воситасида ўзгартириш учун сайъ ҳаракатлар қилди. Аммо бу келажаги порлоқ бўлмаган бир ҳолат эди. Чунки сайлов дегани Ўзбекистонда масхарабозликка айланган бир давлат тадбири эди. Миршаблик тизими ҳоким бўлган ерда Каримовни сайловда енгиш - саробдир. Шунинг учун биз мустабид режим табиатига қарши тура оладиган, уни сиёсий саҳнадан тушишга мажбур қилаоладиган бир кураш тизими тузишга қарор қилдик.

13 май Андижон фожиаси бизни режим фитналари қаршисда ҳушёр бўлишга чақиради. ИншоОллоҳ, бу сафар бу фитналарга йўл қўймаймиз.

2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари режасиз, стихияли равишда юз берганди. Уларни мухолифат бошқармади.Бундан фойдаланган Каримов ҳеч қаршликсиз юзларча инсонни отиб ташлади.

Энди биз диктаторнинг қаршисида ҳимоясиз хотин-халажни кўриб, уларга нималар қила олишини биламиз. Аммо бу сафар мухолифатнинг яхши ташкилланган ва ўз мавзеларини сўнггигача ҳимоя қилишга тайёр тизимларини кўрганда диктаторнинг нима қилишини ҳам кўрамиз, иншооллоҳ.

Давлат террори сиёсати ўзини оқламади. Буни юқорида айтганимдек, Каримов ва унинг амрини бажо келтирадиган қувват тизимлари ҳам тушуниб етди.

Қувват тизимларининг (МХХ,ИИВ) ўрта табақасида режимдан норозилар сони кун сайин ортмоқда. Давлат тизимларида ишлаш имтиёзининг жозибаси ўз кучини йўқота бошлади. Энг тепада янги вазиятда пайдо бўлган янги мавзеларни қўлга киритиш учун қизғин кураш бошланган.

Бу орада давлат террори машинаси ўз бошига ишлашда давом этаяпти. У автопилотга қўйилган.

Манзара Франц Кафканинг "Жазо колониясида" деган ҳикоясини эслатади. Эсингизда бўлса, бу ҳикояда жазо машинасини ижод қилган бир муҳандис ўша машина тиғи остида ҳалок бўлади. Ўзбекистондаги сиёсий режимни иншо этган диктатор-муҳандис Кафка қаҳрамони тақдирини такрорлайдими-йўқми, буни вақт кўрсатади.

Ҳар ҳолда, ҳамма нарса яхшиликка қараб кетаётганидан умид қилмоқдамиз.

Зулмга қаршилик (нутқнинг иккинчи қисми)

Балки нутқ учун бундай бир сарлаҳва бугунги кунда ўринсиз туюлиши мумкин. Чунки бугун дунё сиёсат фалсафасида Зулмга қаршилик эмас, айнан тескариси, яъни "Ёмонликка яхшилик қил", "Зулмга қаршилик қилма" каби тушунчаларнинг устунлиги ҳали ҳам кўриниб турибди.

Тўғрироғи, бу тамойил дунё сиёсат фалсафасининг ташқи ниқобидир. Бу тамойил замонга мослашиш қобилиятини ҳали ҳам йўқотмаган, турли характердаги сиёсий режимлар билан ҳайратланарли даражда уйғун яшашда давом этмоқда.

Бу тамойилнинг таъмали насронийликда бўлгани каби, бошқа динларда у ва ё бу шаклда мавжуддир.

Ўз халқларининг кушандалари бўлган ҳукмдорлар "миллий манфаатлар" ниқоби остида айнан шу тамойилдан асрлар давомида фойдаланиб келдилар.

Энди бу тамойилдан Шарқ деспотлари ҳам ўз фуқороларини эзиш воситаси сифатида фойдалана бошладилар. Улар ўз урф-одатлари, дини ва аньаналари билан мазкур тамойилдаги уйқаш нуқталарни топиб, олтин топган қулдай севиниб кетишади.

Масалан, ўзбек диктатори Ислом Каримов сўфий тариқатларининг "ёмонликка яхшилик билан жавоб бер" ақидасини ниҳоятда севиб қолди. Ва бу ақида шарафига сўфийлар жамоатидан бошқа бутун жамоатларнинг лидерларини қатл этди, турмага ташлади ёки сургунга кетишга мажбур этди.

Аммо мўғулларга карши Кўхна Урганч мудофаасида, зулмга қарши курашиб, ҳалок бўлган Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ҳам сўфий тариқати лидери эканлигини Каримовга ҳеч айтиб бермаганга ўхшайди.

Сиёсатчи учун эса, “Зулмга қаршилик қилма” ақидаси - кўпгина таниқли мутаффакирлар, жумладан, Макс Вебернинг ҳам фикрига кўра бажариб бўлмайдиган вазифадир

Аслида, “Зулмга қаршилик қилма” фалсафаси чуқурроқ мутолаа этилганида, ундаги мазмуннинг ҳам биз тасаввур этгандан бошқача эканлигини кўрамиз.

Масалан, яҳудийлар Бобил асорати даврида бу ақидани энг кўп қўллаганини кўрамиз.

Улар бор кучи билан душманга яхшиликни тараннум этадилар. Аммо бу тараннум фақат душманни енгиш воситаси сифатида ишлатилади: душманни яхшилик билан шарманда килиш, камситиш воситасидир. Душманга жазони эса Оллоҳ беради ва жазо муқаррардир. Яъни инсон душман билан жангдан қочмайди, аксинча, душманига ўзи бераолмайдиган даҳшатли жазони беришни Оллоҳдан сўрайди, нола этади.

Инсон Душманига яхшилик қиларкан, унинг гуноҳини янада чуқурлаштиради “ Сен буни (яхшиликни) қилсанг, унинг бошига ёнаёган чўғларни таёрлайсан ва Яратган сенга мукофотини беради"(Инжил.25:22).

Конфуций бу масалага бошқа бир нуқтадан ёндошганини кўрамиз: “Ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш тўғрими?" деган саволга "Яхшиликка яхшилик билан, ёмонликка адолат билан жавоб берилади", дея жавоб берган (“Лун Юй”, 14,34);

Яъни адолат инсонга ёмонликка адолатли шаклда жавоб бериш ҳаққини беради.

Бу масалада “Инжил” мезон сифатида адолатни олд планга чиқаради. Яратган Парвардигор “ марҳаматли инсонларга марҳамат билан, айёрларга эса уларнинг айёрлигига мос муносaтбатда бўлади. Чунки У мазлумларни қутқарган, кибрли кўзларни ҳақир этган Зотдир" (Инжил. 17:26-28).

Ислом динининг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом саллалоҳу алайҳи вассаллам бу мавзуда энг аниқ, энг шаффоф фикрни айтганлар: "Ёмонликка амал билан қаршилик кил, амал билан қаршилик этолмасанг сўз билан қаршилик қил. Сўз билан ҳам қаршилик қилолмасанг ичингда қаршилик қил. Сўнггиси иймоннинг энг заиф ҳолидир".

“Зулмга қаршилик қилма” ақидаси замонавий сиёсатда "нозўровонлик кураши" деган ном билан танилган кураш услубининг тамалини ташкил қилади. "Нозўровонлик" шиорини энг эффектив қўлланётганлар нозўравонлар эмас, диктаторлардир. Улар бу шиорни озодлик ва адолат тарафдорларини пассивлаштириш учун қўлламокда.

Дунё сиёсати арбобларининг иккиюзлилиги шундаки, улар диктаторлар тарафидан қилинаётган зўровонлик ва террорни машруъ ҳисоблаб, уларга қарши бўлган машруъ ва адолатли харакатларни экстремизм ҳисобламоқдалар.

Араб дунёсида бошланган золимларга қарши мазлумларнинг исёни - келиб чиқиши фитна бўлиши эҳтимолларидан қатьий назар - нодир, феноменал ҳодисадир. Бу феномен жуда ҳам яшовчан бўлган "нозўравон кураш"сафсатасини кутилмаганда шубҳа остига қўйди.

Агар бугун Ғарб кучга куч билан жавоб бераётган Ливия исёнкорларига ёрдам кўрсатаётга бўлса, бунинг сабаби фақат нефть ва геосиёсий манфаат эмас, бу айни пайтда дунёда мафкуравий, сиёсий ва ижтимоий стандартларнинг алмашинув соати келганидан ҳам мужда бераётир.

Бизнинг дунёмиз бу ўзгаришларга тайёрми?

Ислом фундаментализми ва маданиятлар уруши каби ваҳималар бошланган бу катарсис, бу глобал тозаланиш жараёнини соғлом ақл билан тадқиқ этишга ҳалал бермоқда.

“Ҳодисалар Вақт тарафидан гаровга олингандир. Ҳодисаларнинг соати келганида Вақт уларни гаровдан озод қилади ва улар юз беради”.

Бу мегаметафора ойдинлигида шуни айтиш мумкин-ки, Ўзбекистоннинг 22 йиллик гаровга олиниш, раҳина муддати битаяпти.

Ўзбекистон ертўладан чиқишга шайланмоқда. Биз бу ҳайбатли, маҳобатли ҳодисага, бу улуғ озодликка шай турмоғимиз керак.

Биз ушбу буюк Ҳодисанинг бoш қаҳромони Ўзбекистон халқи билан бирга бўлишга тайёр туришимиз лозим. У билан бирга бўлмоқ - унинг дарди билан яшамоқдир, унинг ярасига малҳам бўлмоқдир.

Кулоғи бўлган ҳар ким Вақт қобиғининг чатнаётганини эшитмоқдадир. Кўзи бўлган ҳар бир инсон туннелнинг охирида бир нур кўрмоқда.

Юраги бўлган ҳар ким бизнинг сафимизга қўшилсин. Ки у гаровга олинган Ватанимизнинг озодликка чиқиш манзарасини ўз кўзи билан кўрсин, унга ёрдам берсин.

Муҳаммад Солиҳ



 

Реклама