08:40 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов диктаторми?

17.05.2011 13:07 msk

\"Фарғона\"

Фотосуратда: Лола Каримова-Тиллаева – Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Париж суди 19 май куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи, 33 ёшли Лола Каримова-Тиллаеванинг даъвоси бўйича суд процессини бошлайди. Франциядаги мустақил Rue89.com сайти унинг отасини “диктатор” деб атагани Лолахонни қаттиқ ғазаблантирган экан. Француз нашри президент қизларининг Франциядаги хайрия фаолиятини иқтидордаги ўзбек репрессив режимини оқлашга уриниш деб атаган.

Ўтган йили май ойида онлайн нашр ўз саҳифасида журналист Огюст Скалбернинг (Augustin Scalbert) “ОИТС: Ўзбекистон ўз уйида репрессия қўллаяпти, аммо Каннда ўзини афиша қилаяпти” дея номланган мақолани жойлаштирганидан кейин Лола Каримовада Rue89 сайтига нисбатан эътироз пайдо бўлди. Мақола Канн шаҳрида ҳар йили ўтказилажак халқаро кинофестиваль доирасида “Кино ОИТСга қарши” хайрия кечаси ўтказилаётган куни пайдо бўлди. Ушбу кечада шоу-бизнес, мода ва кино дунёсининг қатор юлдузлари билан бирга Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора ҳам ҳомий ва раисдош сифатида сўзга чиққанди.

Каримова-Тиллаева журналист Августин Скалберни туҳматда айблади, , репортерга кўра, унинг адвокатлари маънавий зарар учун 30 минг евро талаб қилаяптилар.

Скалбернинг ўзи эса “Ўзбекистон ҳақида ҳақиқатни ёзаётганимиз, Андижонда минглаб намойишчилар ҳукумат қўшинлари томонидан отиб ўлдирилгани ҳақидаги вазиятни муҳокама этаётганимиз Каримова-Тиллаевага умуман ёқмаяпти”, деб ҳисобламоқда. “Франциядаги аксарият нашрлар бу ҳақда ёзмайдилар”, - дея қайд этдижурналист. Унга кўра, Франциядаги йирик TF1 телеканалининг Марказий Осиёда ўз тижорат манфаатлари бор, Bouygues француз саноат гуруҳи эса анча қийинчилаклар билан инсон ҳуқуқлари бузилаётган яна бир мамлакат – Туркманистонга катта сармояларни инвестиция қилган.

Американинг “Parade” журнали томонидан 2002 йилдан бери тузиб келинаётган “Сайёранинг энг ярамас диктаторлари” рўйхатида Ўзбекистон раҳбари 11 ўринни эгалламоқда. Каримов 2006 йилда, халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари ва ўз мухолифати томонидан Андижондаги ғалаёнларни ёвузлик билан бостиришда айбланганидан сўнг илк бор бу рўйхатга киритилган бўлиб, ўшанда у 5-чи ўринни эгаллаганди.

Ален Делон и Лола Каримова
Ален Делон ва Лола Каримова – хайрия кечаларидан бирида . Фото

“Диктатор”сўзи Қадимий Римдан келган (лотин тилидаги dictator– dicto сўзидан, яъни диктат қиламан, буюраман, кўрсатма бераман маънода). Катта хавф пайдо бўлганида сенат қарори билан консуллар томонидан тайинланган мансабдор шахсни шундай атаганлар. Диктатор бу мансабга олти ойдан зиёд бўлмаган муддатга тайинланган. Уруш олиб бориш ёки қўзғолонни бостириш мақсадида бутун республикани бир кишига ихтиёрий равишда бўйсуниш сабабли ушбу лавозим киритилган.

Милоддан аввал V-II асрларда диктатор тўлақонли ҳокимиятга эга бўлган, унга барча мулозим ва мутасаддилар, шу жумладан, консуллар ҳам бўйсунган. Диктатор нимани ихтиёр қилса, ҳаммасини қилишга ижозат берилган, ваколат муддати тамом бўлганидан сўнг эса уни жавобгарликка тортиш маън этилган. Рим республикасининг дастлабки босқичларида диктаторнинг ҳукми устидан апелляция шикояти беришга ижозат берилмаган.

“Айни пайтда диктатура номи остида мавжуд қонунга асосланмаган мутлақ ёки деярли чекланмаган ҳокимият назарда тутилади”, - дейилади Ф.А.Брокгауз ва И.А.Ефроннинг нуфузли энциклопедик луғатида.

“Диктаторлик режими” ёки “президент диктатураси” иборалари кўплаб оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет-блогларида кенг ёйилган. Мисол учун, Яндекс қидирув тизимига “диктатор каримов” иборасини киритсангиз, 51 мингдан зиёд натижа оласиз; Google тизими эса эътиборингизга 42 минг саҳифани тақдим этади. Ўша Яндекс маълумотига кўра, кам деганда 165 та расмий оммавий ахборот воситалари Ислом Каримовни “диктатор” деб атаган.

“Чегара билмас репортёрлар”нинг Париждаги тадқиқот бўлими директори Жил Лорденинг (Gilles Lordet) қайд этишича, президент қизи Каримовни диктатор деб атаган ҳамма газеталарни судга бермоқчи бўлса, бошигача қоғозга ботиб кетади.

Озодлик Радиоси хабар беришича, ўтган йили АҚШ Давлат департаменти, “Амнести Интернэшнл”, “Хьюман Райтс Вотч”, “Фридом Хаус” материалларида ҳамда “Экономист”, “Гардиан”, “Индепендент”, “Шпигел”, “Нью-Йорк Таймс” каби таниқли нашрларда Ислом Каримов диктатор сифатида номга олинган.

Албатта, юридик маънода Ислом Каримов диктатор эмас: на Ўзбекистонда ва на Францияда бундай мансабдор шахслар йўқ. Бироқ замонавий изоҳли луғатларнинг аксариятида айтилишича, бу сўз аксарият ҳолатларда кўчма маънода ишлатилади ҳамда битта маънони англатади: “одатда, фавқулодда сиёсий шароитларда давлат бошқарувида чекланмаган ҳокимиятга эга бўлган шахс”. Табиий, “Ўзбекистон раҳбари шундай одамми?” деган савол туғилади. Расман – йўқ. Мамлакатда ҳукумат фаолият юритмоқда, қонунларни халқ сайлаган икки палатали парламент қабул қилаяпти. Аммо аслидда, ўрта осиёча воқеликларидан йироқ бўлган одамгина шу чоққача мамлакатдаги ҳукумат қарорларига ва фармойишларига кўп ҳолларда президент шахсан имзо чекишини, қонун чиқарувчи мажлис эса амалда давлат раҳбарининг измидан бир қадам ҳам четга чиқа олмайдиган қўғирчоқ орган эканлигини билмайди, холос.

Рим даврида диктаторлар муайан муддатларга тайинланган бўлса (мисол учун, генерал Цинцинатий Римга бор-йўғи 16 кун диктатор бўлган), бугунги кунда бу сўзни ишлата туриб, биз чекланмаган муддат давомида ҳукумат бошқарувида турган шахсларни назарда тутамиз. Ислом Каримов мамлакатни 1989 йилдан бери бошқаради. Мухолифатчиларга кўра, у мамлакатдаги энг олий лавозимни қаторасига икки мартадан кўпроқ муддат давомида эгаллаб, ўз мамлакатининг конституциясини бир неча бор бузган.

“Каримовни диктаторлар қаторига қўйишга ундовчи яна бир тафсилот бор, - дея ёзади Лента.Ру. - 2003 йилда қабул қилинган қонунга кўра, президент ва унинг оиласи ҳар қандай қилмиши учун ҳар қандай жавобгарликдан озод этилади”.

Бунинг ўрнига узоқ Парижда Ислом Каримовнинг нисбатан мақтов ишлатилишига йўл қўймаган журналистларни суд қиладилар. Аммо фаранг газеталари айбловлардан мутлақо қўрқмайдилар. Улар Ўзбекистон лидери ушбу процесдан наф кўрмайди дея ишонадилар.

“Агар бизга нисбатан айблов ҳукми чиқмаса, унда француз қонунларига кўра, бундан бери Ислом Каримовни бемалол диктатор, унинг режимини эса диктатура деб аташ мумкин бўлади, - дейди журналист Огюстен Скалбер. – Акс ҳолда, биз барча имкониятли апелляция шикоятларини берамиз ва керак бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судигача мурожаат этамиз. Ўзбекистондаги муаммолар кўрилишининг ҳар бир босқичида кўпроқ ва кўпроқ эътибор жалб этилади”.

Отасини Европа матбуотининг танқидидан иҳоталамоқчи бўлган президент қизининг соддалиги кишини лол қолдиради. Ахир фаранг журналистлари ўзларининг ҳақ эканлигини исботлаш мақсадида Андижондаги қўзғолон қатнашчиларининг қатли-ом қилиниши, Ўзбекистоннинг халқаро текширувга рози бўлмагани, пахта далаларида болаларни қулларча ишлатилиши, ўзгача фикрловчиларнинг таъқиб этилиши, сиёсий мухолифатнинг таг-туги билан йўқ қилиниши, ёппасига цензура ва қийноқлар ҳақида гапирадилар.

Даъвогар – Каримовнинг кенжа қизи Лолага кўра, суд Ўзбекистон президентининг обрўсини ҳимоя қилши лозим. Аслида эса, процесс нима билан тугашидан қатъий назар суд текшируви Ўзбекистон раҳбарини янада обрўсизлантирадиган кўплаб фактларни ошкор этиши мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги