16:41 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўрта Осиёдаги руслар ҳақидаги телефильм ўзбекистонлик “ватанпарварлар”ни жунбушга келтирди

28.04.2011 09:10 msk

Алексей Волосевич

“Россия 1” телеканали ўзининг “Махсус мухбир” (“Специальный корреспондент”) теледастурида Ўрта Осиёдаги русларнинг тақдири ҳақидаги фильмни намойиш этганидан сўнг Ўзбекистон расмийлари ўзига ҳос “интиқом акцияси”ни амалга оширдилар. Эртаси куни оқшом пайтида фильмни суратга олишда қатнашган бир неча тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячилар қирғин қурбонига айланишига сал қолди.

Таниқли тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаевага кўра, жорий йилнинг март ойида Игорь исмли россиялик мухбир Тошкентда бўлиб, Владимир Хусаинов, Татьяна Довлатова, Виктория Баженова, Инга Баженова ва унинг ўзидан интервью ёзиб олган. Баъзи кадрлар фильмга кирган. Игорь бошқаларни ҳам тасвирга олган, бироқ бу сюжетлар фильмга кирмай қолган. Фильмда аёллар ҳуқуқ ҳимоячилар сифатида эмас, оддий тошкентликлар сифатида кўрсатилган.

“Жасур йигит экан, унинг ортидан эсенбечилар тинмай кузатиб юрдилар, - дейди Урлаева. – Игорь сезиб қолиб, камерасини ишга солди, уларнинг ортида қувлаб тасвирга олмоқчи бўлди, бироқ хуфиялар юзларини ўгириб қочиб кетдилар. Мен унга: “Бундай қилма, бу ер Ўзекистон, камерангни олиб қўйишлари мумкин”, дедим. Аммо ҳаммаси яхшилик билан тугади”.

Александр Рогаткиннинг Ўрта Осиёдаги руслар ҳақидаги фильми (“Без России”, қуйида кўришингиз мумкин) 24 апрель, якшанба куни эфирга чиқди. Шу куни православ насронийлари Пасха байрамини нишонлаётган эдилар. Фильм намойиш этилганидан сўнг студияга Россия Федерациясининг таниқли жамоатчилик намояндалари таклиф этилди, улар фильмни ва кўтарилган муаммони муҳокама этдилар. Дастурни Мария Ситтель олиб борди.

“Фильм портлатувчи бўлиб чиқди, - дея қайд этади Елена Урлаева. – Кўрсатув хали тугамай менга телефон қила бошладилар: “Елена, русларнинг муаммосини кўтариб яхши қилдингиз, тарафимизни олдингиз” дедилар. Россия телевидениесига шундай фильмни яратганлари учун раҳматлар айта бошладилар. Эртаси куни эса бошланди...

“25-чи куни соат 22:30 атрофида етти ёшли ўғлим ухлаб қолганди (Урлаеванинг асранди ўғли – муаллиф изоҳи), биз ҳам ётишга тараддуд кўра бошлагандик, қўққисдан эшикни қаттиқ таққиллата бошладилар, - дейди Урлаева. – Эшик туйнукчасидан қарасам, учта ёш аёл турган экан. Мен уларга ёрдам керак бўлса керак деб ўйладим. Ахир мен Ҳуқуқ ҳимоячилар альянсининг аъзосиман, одамлар олдимга келиб турадилар, вазиятга қараб улардан интервью олиб тураман. Эшикни очишим билан улар “Буёққа чиқ!” дея қичқира бошладилар ва хонадонимга бостириб кирдилар (Урлаеванинг уйи Тошкентдаги ТТЗ массивида – муаллиф изоҳи). “Сени ўлдирамиз!”, “Эртагаёқ ўликхонага жўнайсан!”, “Бундан кейин кўчага чиқиб кўрчи!”, “Нега Ўзбекистонни шарманда қиласан?” дея бақирдилар”.

Елена Урлаевага кўра, қўшни хонадан шовқинни эшитган эри Мансур чиқиб бостириб кирганларни ташқарига чиқармоқчи бўлди, бироқ кучи етмади. Аёллар эса бақиришдан ва ҳақоратлардан тинмадилар. Шунда Елена йўлакхонада яширин камера ўрнатилган ва уларнинг барча ҳаракатлари тасвирга олинаяпти деди. Бу гап бостириб кирган аёлларнинг шаҳдини анча босиб қўйди ва улар ташқарига чиқиб кетдилар.

“Қўшниларимиздан бирортаси қўрққанидан чиқа олмади, - дейди Елена Урлаева. – Улар ўн дақиқа давомида эшикни тепкиладилар, туйнукчасини, тортқичини синдирдилар. Кейин пастга тушиб кетдилар, уларга эркак кишиларнинг овозлари қўшилди, кейин бу тўда бекатга қараб йўл олди. Улар қандайдир топшириқни бажараётганлари сезилиб турарди”. Урлаева бостириб кирган аёлларни наркоманларга ўхшатди.

Участка нозири бир соатдан кейин келди. “Агар жиноятчини ушлаш керак бўлганида, улар уч дақиқадаёқ етиб келардилар”, дейди ҳуқуқ ҳимоячи аёл. Урлаева участка нозирига бўлиб ўтган ҳодисани сўзлаб берди ва бостириб келган аёллар уни ўлдиришга таҳдид қилганларини ва у ҳужум қилган аёлларни фотосуратга олишга муваффақ бўлганини маълум қилди. “Ҳа, сизни 10 йилдан бери ўлдирмоқчи бўлаяптилар...” дея минғирлади участкавой. Бироқ бўлиб ўтган воқеа ҳақида ариза ёзиб беришни илтимос қилди. Милиционер ҳозир кеч бўлгани боис ишнинг текширувини, хусусан, қўшниларни сўроққа тутишни эртага бошлашни ваъда қилиб жўнаб кетди.

Маълум бўлишича, бу каби ҳужумлар бошқа жойда ҳам бўлган экан. Аёлларнинг яна бир гуруҳи россиялик мухбир билан суҳбатлашган бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларга – Татьяна Довлатова, Людмила Кутепова, Виктория ва Инга Баженовага нисбатан провокация уюштиришга уринган.

“Тунгги соат 10 эшигимнинг қўнғироғи чалинди, - дейди Татьяна Довлатова. – Яккасарой туманида ўз уйим бор. Ташқарига чиқсам, беҳаё кўринишдаги тўртта аёл турган экан. Иккитаси қозоқми ёки корейсми, кўзлари қисиқ, сочларини малла рангга бўяган. Улар менга ташланиб “Ғаламислик қилаяпсиз, бизнинг номимиздан бундай баёнотларни беришга ким сизга ҳуқуқ бериб қўйди, раддия беришингиз керак” дейишди. Мен уларга “Сиз кўрсатувни кўрмаганга ўхшаяпсиз” дедим. Малласочлардан бири “Сизни деб ишхонамдагилар мени сўямиз деб айтдилар” деганди, “Қаерда ишлайсиз ўзи?” деб сўрадим. Индамайди. Ҳамма галаримизни телефонга ёзиб олишаяпти. Кейин мени ҳақорат қилаб ошладилар. “Адресимни қаердан олдингиз?” деб сўрасам, “маҳалладагилар берди” дедилар. “Ёлғон!” дедиму баланд овозда қичқира бошладим. Эрим уйдан отилиб чиқди, улар қочиб кетдилар, муюлишда иккита машина турган экан. Мен дарҳол Владимир Хусаиновга ва Людмила Кутеповага телефон қилдим. Улар Алгоритм даҳасида яшайдилар, уларни огоҳлантириб қўйдим”.

Бу борада ҳуқуқ ҳимоячи Виктория Баженованинг онаси Людмила Кутепова қуйидагиларни сўзлаб берди.

“Душанба куни кеч соат 11 да уйимга тўртта сочини бўяган малла аёллар келди. Кўринишидан бири қозоққа, қолганлари эса ўзбекка ўхшадилар. Бир оз олдинроқ менга Елена Урлаева кейин эса Татьяна Довлатова телефон қилиб провокация бўлиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантиргандилар. Улар келибоқ “Сизга давлатимизни ҳақорат қилишга ким ҳуқуқ берди? Ўзбекистонимиз ажойиб, ёқмаётган бўлса, кетмайсизми. Агар ҳозироқ эшикни очмасангиз йигитлар билан келиб бузиб очамиз” дея қичқира бошладилар. Мен милицияга телефон қилдим. Аммо ҳа деганда келавермади. Иккинчи марта телефон қилдим. Яна “ким, нега, адресингиз қанақа?” деб сўрай бошладилар. Бу ёғда бўлса эшикни тепишаяпти, шовқин-сурон. Шунда мен тўққиз қаватли уйнинг домкомига телефон қилдим. Ёшим 77 да, асабим чатоқ, давлениям кўтарилиб кетди, “скорий помошь” чақиришга тўғри келди...

Милицияга учинчи марта телефон қилдим. Улар билан уриша бошладим: “Бошимизни кесиб кетишганида керагингиз бўлмайди” дедим. Кейинроқ домком аёл тушиб бир амаллаб малласочларни ташқарига чиқариб юборди. Шунда ҳам улар кетмай деразам остида шовқин солишда давом этдилар. Кейин эркакларнинг овози пайдо бўлди. Яна 10 дақиқа тиб милиционер келди. У овозларни эшитиб деразадан пастга қаради, аммо тушмади. Шундан кейин овозлар тинди. Биз тўрт аёлни кўрдик, аммо қўшним эшигининг туйнукчасидан кўрган экан, аёллар бешта ёки олтита эди деб айтди”.

Ҳуқуқ ҳимоячларга кўра, бу ишларнинг бари юқоридан тушга кўрсатмага мувофиқ, Ўзбекистон каби мамлакатда яшаш нақадар яхшилиги тўғрисидаги тезисни шубҳа остига қўювчи интервью ва шарҳларни беришга бундан кейин ҳеч ким ботина олмаслиги учун махсус хизматлар томонидан уюштирилган. Боз устига, фуқаровий жамиятнинг фаолларидан иборат нобақбул шахсларга турли хилдаги провокациялар қўллаш амалиёти Ўзбекистонда янгилик эмас.

2006 йилда номаълум шахслар бир кечанинг ичида Тошкентнинг барча бурчакларига интим характердаги хизмат кўрсатиш бўйича эълон ёпиштириб чиққандилар. Эълонда “Немис тўлқини” мухбири Наталья Бушуеванинг телефон рақами кўрсатилганди. Наталья руҳий босимга дош бер а олди, бироқ бир йил ўтиб унга нисбатан жиноят иши қўзғадилар ва у зудлик билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди

Алексей Волосевич (Тошкент)